Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Бу 400 йилда бир марта гуллайдиган Пайғамбар гулими?

10866

Менга бир неча киши тарафидан мана шу гул ва унинг остига ёзилган изоҳни юбориб шунга изоҳ беришимни сўрашмоқда. У ерда ёзилишича, бу гул пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гули бўлиб, Ҳимолай тоғида ўсар экан, 400 йилда бир марта гуллар эмиш ва илгари бунинг гулини ҳеч ким кўрмаган ва кейинги гуллаши 2419 йилда содир бўлар экан. Хўш, ростдан ҳам шундайми?

Бу гул аслида кактусдошлар оиласи мансуб карнегия (Carnegiea) туркумининг ягона вакили бўлган гигант карнегия (Carnegiea gigantea) дир. Унинг сагуаро деган номи ҳам бор. Бу кактус Шимолий Америкадаги Сонора чўли эндемик, реликт тури бўлиб, АҚШ нинг Калифорния, Аризона штатлари ҳудудида учрайди.

Бу кактуснинг Ҳимолайга ёки Муҳаммад алайҳиссаломга ҳеч қандай боғлиқлик жойи йўқ. Аслида бу миш-миш 2019 йилнинг сентябрь ойида урчий бошлаган эди. Ўшанда бу расм тарқатилиб, унга «бу ўсимлик Ҳимолайдаги 400 йилда бир гуллайдиган тинчлик гули» деган изоҳ бириктирилган эди.

Дастлабки миш-миш манбасида Муҳаммад с.а.в. ҳақида ҳеч қандай гап йўқ эди. Бу гап кейинроқ расм мусулмон ўлкаларида тарқай бошлагач қўшилган бўлса керак. Сизлар кўрган расм эса дастлаб Аризона табиати ҳақида хабар берадиган сайтлардан бирида чоп этилган эди.

Гигант карнегия дунё бўйича фақат Сонора чўлида дарахт кўринишида ўсадиган кактуслар бўлиб, жуда ҳам ноёб ўсимлик ҳисобланади. Уларни қўриқлаш бўйича махсус қонунлар мавжуд бўлиб, уларга зарар етказган одам катта жарима тўлаши ва ҳатто қамалиши ҳам мумкин. Халқаро Қизил китобга киритилган.

Сагуаро бўйи 3-16 метрга етадиган дарахт кўринишида ўсади, 150 йил атрофида яшайди. Поясининг диаметри 75 см гача борадиган даражада қалин бўлади.

Гуллари сиз расмда кўрганингиздек оқ рангда бўлади. Улар 400 йилда бир эмас, аксинча, ҳар йили апрелдан июнь ойигача бўлган муддат оралиғида гуллайди. Одатда қуёш ботгандан сўнг очилиб, эртасига кун ярмигача туради. Гуллари бошқа кактусларники каби бир сутка давомида очилиб туради, холос.

Дунёдаги энг қиммат доривор гул   

«Қизил гул битиги...»

Гуллари 8-12 см атрофида бўлади, Сиз кўрган расмда улар жуда каттадек таассурот қолдирган бўлса, бу фақатгина расмга олишдаги фотоаппаратнинг шундай ракурсда суратга туширганидан, холос.

Эътибор берсангиз гул ерда эмас, айнан кактус пояси учида турибди, унинг тиканлари ҳам кўриниб турибди. Гуллари асалшира, нектарга бой бўлгани учун кўплаб чанглатувчилар унинг гуллашини кутиб туришади.

Хулоса ўрнида шуни айтишим мумкинки, ушбу гул ҳам бошқа ўсимликлар каби оддий ўсимлик. Ўз миянгизни ўзингиз асранг, турли ёлғон ва миш-мишларга ишониб, алданиб қолманг.

Бахтиёр Шералиев, биолог

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага