Назм

БУ ИШҚ МЕНИ ҚЎЙМАЙДИ ОМОН…

1049

Қаландарман… ҳажрингда ёниб
Эс-ҳушимдан айрилдим тамом!
Бораяпман ўзимдан тониб,
Бу ишқ мени қўймайди омон!

Кемиради ёшимни йиллар,
Руҳим хаста, вужудим бежон.
Умр бунча секин симиллар,
Висолингга етаман қачон?!

Чорлайверар мени бетиним,
Сени десам кўнглим ўсади.
Дунёлардан кечаман десам,
Йўлларимни гуноҳ тўсади.

Мен – Ўзингга тегишли ижод,
Юрагимга ишқинг кўчиргин,
Меҳринг билан этгансан бунёд,
Хатоларим Ўзинг кечиргин.

Муҳаббатим фақат Сенга хос,
Томиримда ишқ оқар жўшиб.
Феълим учун қилма эътироз,
Яратгансан лойимга қўшиб:

Сув – кўнглимдан оққан томчилар,
Ҳаво – кўкка талпинар руҳдир
Тупроқ – ерга боғланган таним ,
Олов – қалбим ёқгувчи чўғдир

Кечам - сабоқ, эртам - таваккал,
Бугун Ҳаққа интилган бахтман.
Таним фақат дилнинг масжиди,
Мен вужудга ўралган қалбман.

Сени топсам ўзимдан кечиб
Висолингга етганим – қадр.
Кўнглимдаги тилимга кўчиб
Руҳинг дилни сўзлатар дадил:

Самандарман! Ҳажрингда ёниб
Айрилиққа қолмади тоқат.
Кетаяпман дунёдан тониб,
Мен ошиқман Ўзингга фақат!

Соҳиба Ҳаёт

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Султон ва жория

1935 07:00 28.03.2020

Ким бу? (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

1460 16:05 12.07.2019
« Орқага