«Бу Муҳаммад Солиҳ деганлари шунчалик ҳам ёлғончимикан?!»  

22:00 08.10.2018 5708

Болаликдан Шайбонийхонни ёмон кўрамиз. Бобур - яхши, Шайбонийхон - ёмон. Болаликдан Амир Насруллоҳни (лақабни қаранг!) ёмон кўрамиз. У - ёмон, Нодирабегим ва унинг она ҳукмидаги аёлга уйланган аҳмоқ ўғли ва оиласи - яхшилар. Ҳиндларнинг кинолари ва ўзбекларнинг эртаклари орқали онгимизга сингдирилган нарса - дунё оқ-қорадан иборат. Унда иккита тоифа бор, бири - оқ, иккинчиси- қора (мен буни "оқ-қора синдроми" деб номлайман, афсуски, ҳаётда учратган кишиларимнинг аксари мана шу синдромга чалинган).

Тахминан 2002 йил "Жаҳон адабиёти" журналида Франсуа Берненинг “Бобурийларнинг сўнгги авлодлари тарихи" деган асари таржима қилинганди. Ўша пайтлар бу асарни ўқиб, Аврангзебдан қаттиқ нафратлангандим. Муаллиф уни ақлидан озган ёвуз ва шафқатсиз ҳайвондек тасвирлайди.

Яна эслайманки, болаликда оқ-қора синдроми менда ҳам бор эди. Бу синдромни қаттиқ савол остига қўйишимга ва муолажа қилишимга сабаб бўлган асарлардан бири Муҳаммад Солиҳнинг (XV-XVI асрларда яшаган шоир) "Шайбонийнома" достони бўлган. Мен "Бобурнома"ни севиб ўқирдим. "Юлдузли тунлар"ни ўқигандим. Бу ва бошқа асарлар сабаб юқорида айтганимдек, Шайбонийхонни ёмон кўрар, Бобурни эса яхши кўрардим. 10 ёшларимда чамаси қўлимга "Шайбонийнома" тушиб қолди. Достонни ўқиганлар биладиларки, унда муаллиф Шайбонийхонни кўкка кўтаради ва Темурийларни қаттиқ танқид қилади. "Қандай қилиб Шайбонийни мақташ мумкин? Бу Муҳаммад Солиҳ деганлари шунчалик ҳам ёлғончимикан?!" - ўйлаб ўйимга етолмасдим. Ўшанда менинг бола ақлим ўзи учун оқ ва қорадан бошқа рангни кашф этди. Бобур ва бошқа темурийларни, кейинроқ бошқа "кумир"ларим (қаҳрамонларим)ни танқидий назар билан қайта ўрганиб чиқа бошладим.

Кейинроқ яна бир ҳақиқатни кашф қилдим: Шайбонийхон, Хўжа Аҳрор Валий, Аврангзеб, Амир Насруллоҳ - барчаларини бирлаштириб турадиган хусусиятлардан бор экан:  барчалари озми-кўпми исломга хизмат қилишни истаган диндор кишилар экан. Тарих эса пластелиндан ўйинчоқ ясашга ўхшаркан. Ким томонидан ва кимнинг буюртмаси билан ёзилаётганига қараб бир воқеага минг хил тус берса бўларкан.

Ватанда талабалик йилларим мактабда ўқитувчилик қилганман, ўқувчиларга доим уқтирардим:

"Бировни яхши ёки ёмон десалар, нега ундай деяпти, деган савол қўйинглар. Доимо қарама-қарши томоннинг манбалари билан ҳам танишинглар. Одамлардан тайёр овқатни эмас, масаллиқларни олиб, овқатни ўзларингиз тайёрланглар. Маълумотларни олиб, хулосани ўзларингиз чиқаринглар. Сизлар учун бировлар хулоса чиқариб бермаслиги учун таҳлилий фикрлайдиган бўлишга ҳаракат қилинглар. Охирги сўз доимо ўзларингизда қолсин!"

Қуйидаги масжидни Ғарб ва миллатчи ҳиндлар томонидан нафрат билан ёдга олинадиган бобомиз Аврангзеб Баҳодир қурдирган эканлар.

Маҳмуд УСМОН,
Мадина Ислом университети талабаси​

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!