«Бу қавм охират ишларида ақли расодирлар, аммо...»

07:05 09.09.2019 919

“Бу қавм охират ишларида ақли расодирлар. Аммо дунёга нисбатан телбалардек. Улар қалблари билан ақлли, нафсларига нисбатан эса девонадеклар. Уларни таҳқирламанг, уларга азият берманг, зулм қилманг. Шубҳасиз, уларнинг Мададкори бор! Мўминга, кеч бўлса ҳам, албатта, ёрдам келади. У золимдан интиқом олиб ундан устун бўлмагунча, золимнинг жанозасини кўриб, унинг моли мулки талон-тарож бўлганига гувоҳ бўлмагунча, ўзидаги хорлик унинг душманига ўтиб, аҳли оиласининг номуси топталганини кўрмагунча ўлмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳдан бошқа ёрдамчиси бўлмаган инсон зулм кўрса, Аллоҳ таоло унга: “Менинг иззатим ва буюклигимга қасамки, сенга бироз муддатдан кейин бўлса ҳам, албатта, ёрдам бераман”, дейди”.

(Абдулқодир Жийлоний қ.с.)

Ҳозирги яшаб турган давримизда бўлаётган ишларни, зулмларни кўриб, буни таҳлил қилиб, кўпчилик мусулмонлар умидсизликка тушишади. Дунёнинг ҳар ерида мусулмон зулм кўрмоқда, ҳар ерда Ислом динидек инсонпарвар ва адолатли динни қувиб чиқаришга ҳаракатлар тобора кучаймоқда. Бу дин ўз вакиллари ичида ҳам ғариб-бегона бўлиб қолган. Ундан ўзларининг хоҳишларига уйғун жойларини олиб, нафсларига ёқмаган жойини ҳар хил баҳоналар билан тарк қилмоқдалар ва аллақачон унга қарши кураш эълон қилишган. Бу ва бунга ўхшаш воқеаларни зимдан кузатган мусулмон инсон беихтиёр “Аллоҳнинг нусрати қани? Нега бизга Аллоҳ ёрдам бермаяпти?” деб ўзига ўзи савол беради.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга ёрдам бериши, уларни бошқалардан устун қилиши ва уларга нажот бериши ҳақида ваъда берган. Лекин Аллоҳнинг ёрдамига лойиқ бўлган, У зотнинг мададини жалб қила оладиган амалларга соҳиб бўлган мўмин-мусулмонларга берилади у мадад ва ёрдамлар. Улар Аллоҳни яхши кўрадиган, ҳар бир амалини Аллоҳнинг розилиги учун холис қиладиган, дунё муҳаббатини қалбларидан суғуриб ташлаб, Раббилари муҳаббати билан яшайдиган, У зотнинг каломини ҳар қандай сўздан устун қўя оладиган, Унинг каломини эшитганда қалблари титраб, кўзлари ёшланиб, иймонлари зиёда бўладиган ва барча ибодатларини имкон қадар бажариб, унинг ортидан ҳар қандай синов келса ҳам Аллоҳга таваккал қилиб собитликларини намоён қиладиган мўминлардир. Улар одамлар олдида тақводор кўриниб, оламлар Раббиси билан ёлғиз қолганда маъсиятга ботадиганлар эмас. Улар намозини оғриниб ўқиб ёки рўзани зўрға тутиб, бу ибодатлардан холи бўлганда сувга тушган балиқдек ўзини енгил ва хуррам ҳис қиладиганлар эмас. Улар ҳамма мусулмонни яхши кўраман деб тилда вайсаб, унинг нафсониятига тегиб кетган мусулмон биродарининг ортидан умрининг охиригача ёмон гаплар тарқатиб юрадиган, ёки бир-бири билан зоҳиран чиройли муомалада кўриниб, қалби эса бир-бирига нисбатан ғиллу ғашга тўла “мусулмонлар” эмас. Улар қўшниси оч бўла туриб, ўзи данғиллама уйларда яшаётган, бугун бир ҳамкасбининг жанозасида иштирок этиб, эртага пора олишда давом этаётган, динга хизмат қилишни ўзининг қаричи билан ўлчаб олган ва бошқаларни бутунлай рад қилаётган, ўзининг шахсий манфаати ва хотиржамчилиги учун дўстини ҳам, бошқаларни ҳам қурбон қилишдан тап тортмайдиган одамлар эмас. Улар фақатгина исми мусулмону, амаллари Исломдан узоқ инсонлар эмас.

Аллоҳнинг ёрдами келадиган мўмин-мусулмонлар – қалби синиқ, ўзларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларни ўрнак қилиб олган, Аллоҳни чин маънода яхши кўрадиган гўзал хулқли инсонлардир. Уларга зулм қилганлар ўз қаршисида Аллоҳни топади. Ана уларга Аллоҳ ёрдам беради. Бундай бандаларга Аллоҳ ёрдам бериб ҳам келмоқда. Раббиларини яхши кўрадиган ва Раббилари муҳаббатига ҳам ноил бўлган бу қавм қаторига киришга ҳаракат қилайлик.

Қалбимизни ислоҳ қилиб, динимиз аҳкомларига қайтсак, ҳeч ким қаршимизда туролмайди. Биздан ҳеч ким боболаримизнинг ҳам, момоларимизнинг ҳам сиймосини тортиб ололмайди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!