Бу уммат жамоатни канда қилмаслиги билан қудратли, шавкатли эди.

23:00 15.01.2019 1167

Ота-боболаримиз жамоатга чиқмай намозларини уйида ўқийдиган кишиларни “хонасаллот” (уйда намоз ўқувчи) деб атар, бу ном бора-бора одам уяладиган ҳақоратли сўзга айланиб кетган экан. (Адҳам Атажанов)

*

VII ҳижрий асрда (милодий ХIII аср) Мағриблик олимларга “Намоз ўқимайдиган мусулмоннинг ҳукми нима?” – деб савол беришганида улар: “Шундай мусулмон ҳам бўладими?” – деб бу ҳолатни тасаввур қила олишмаган экан.

*

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимни эртага мусулмон бўлган ҳолида Аллоҳга йўлиқиш (Унинг олдига бориш) хурсанд қилса, азон айтиб чақириладиган мана бу беш вақт намозни муҳофаза қилсин-ўқисин. Чунки Аллоҳ пайғамбарингизга ҳидоят суннатларини (бажаришни) жорий қилди. Бу намозлар эса ҳидоят суннатларидандир.

Агар сизлар жамоатдан қолиб, уйида намоз ўқиётган кишидек намозларни (масжидда эмас) уйда ўқисанглар, пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилибсизлар. Пайғамбарингиз суннатини тарк қилган бўлсангиз, аниқ адашибсизлар! Бирон киши чиройли ҳолатда таҳорат қилиб, масжидлардан бирини қасд қилиб уйидан чиқар экан, Аллоҳ унинг ҳар бир босган қадамига бир яхшилик ёзади, даражасини кўтаради ва ҳар бир қадами учун битта хатосини ўчиради.

Биз (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида) “Бу намозларга (жамоат намозига) мунофиқлиги аниқ бўлган кишигина келмайди”, деб ҳисоблардик. (Касаллик ёки бошқа сабабли юра олмай қолган) киши икки ёнидан суяб олиб келинар ва сафга турғазиб қўйилар эди". Муслим (654/1373). Абу Довуд (550) ва Насоий (849) жумлаларнинг ўрнини алмаштириб ривоят қилган.

*

Бу уммат намози билан, жамоатни канда қилмаслиги билан қудратли, шавкатли эди.

Айни шу қудрат билан шарқда Уйғуристон, жануби-шарқда Синд (Покистон) ва Ҳинд минтақаларига, ғарбда Гибралтарни кечиб, Андалус (Испания) орқали Пиренейдан ошиб, Карл Мартелнинг Галлиясига (Франция) қадар етиб борган эдик.

Кейин ибодатларда сустлашгандик, биздан бу қудрат олиб қўйилди: салбчилар ва мўғуллар қаршисида қақшатқич мағлубиятга учрадик.

Яна ўзимизни тиклаш учун намозга қайтдик: бошқа йўл йўқ экан. Аввал салбчилардан Қуддусни қайтариб олдик, кейин мўғулларни Ислом юртларидан ҳайдадик ёки мусулмон қилдик. Мулла Фонарийлар етишиб чиққач, Константинополни эгаллаб, Вена остонасигача бордик.

Сўнгра илгариги ҳолатимиз такрорланди: тўқлик бизни Роббимизнинг ибодатидан чалғитди. Натижа кўп куттирмади, кетма-кет уч аср ютқазишдан бошимиз чиқмади. Унинг чўққиси Қуддусни йўқотиш бўлди.

*

Бугун умматнинг қудратини билмоқчи бўлсангиз, дунёнинг қайси бурчагида бўлманг, бомдод намозини масжидда ўқиб кўринг, бошқа тафсилотга ҳожат қолмайди... (Икки ҳарам бундан мустасно.)

Аллоҳ ҳолатимизни ислоҳ қилсин. Лекин ўзгаришни истасак, аввал ўзимизни ўнглашимиз лозим.

*

“Ҳамма муаммоларимизга намозни сабаб қилиб кўрсатаверма!” – десангиз, балки, бир томондан ҳақсиз. Лекин “Аллоҳга иймон келтирдим, Унинг буйруқларига бўйсундим”, деган киши аҳдида турмаса, динидаги энг катта устунлардан бирини зое қилса, дунёвий тараққиёт учун қиладиган ҳаракатида ростгўй бўлармикан?..

Адҳам ОЛИМОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!