"Бу уммат устига душман ҳукмрон бўлолмас"

22:00 26.05.2019 957

Имом Муслим ўз саҳиҳида Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Набий алайҳиссалом бундай дедилар: “Аллоҳ таоло менга ер юзини йиғиштириб кўрсатди. Машриқ ва Мағриб ҳаммасини кўрдим. Умматим тезда менга кўрсатилган жойларга эришади. Яна менга икки қизил ва оқ хазиналар берилди. Мен Раббимдан умматларимни умумий қаҳатчилик билан ҳалок этмаслигини ва уларнинг устига наслларини қуритадиган душманни ҳукмрон қилмаслигини сўрадим. Раббим айтди: “Мен бир нарсани ҳукм қилсам, у қайтарилмас. Мен умматларингни умумий қаҳатчилик билан ҳалок қилмайман ва уларнинг устига ўзларидан бошқа агар уларга қарши бутун ер юзидагилар йиғилишиб курашсалар ҳам, наслларини қуритадиган душманни ҳукмрон қилмайман. Уларнинг ўзлари бир-бирларини ҳалок қиладилар ва асир оладилар”.

Бу ҳадисдан далил чиқадики, бу умматнинг устига ўзларидан бошқа бирор душман ҳукмрон бўлолмас. Лекин улар бир-бирига ҳукмронлик ва зўравонлик қилиши мумкин.

Мазкур ҳадисни Имом Барқоний ҳам ривоят қилиб, бир қанча зиёда этган: Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳадиснинг давомида шундай дедилар: “Мен фақат умматларимни адаштирувчи имомлардан қўрқаман. Агар умматим устига бир қилич қўйилса, то қиёматгача асло кўтарилмас. Токи умматимдан бир тўдаси мушрикларга қўшилиб ва яна бир жамоаси бутларга ибодат қилиб кетмагунича қиёмат қойим бўлмас. Ва, албатта, умматим ичидан ўттизта ёлғончи даъвогар чиқурки, барчалари ўзини пайғамбар деб даъво қилурлар. Ваҳоланки, мен охирги пайғамбарман, мендан кейин пайғамбар йўқ. Яна умматимдан бир тоифаси ҳамиша ҳақиқат устида бўлурлар ва ғолиб булурлар. Уларни хорламоқчи бўлганлар, то Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунича зарар беролмаслар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам куфр ва катта ширкдан қўрқмадилар, балки адаштирувчи имомлардан қўрқдилар. Агар уммат шу имомлардан кейин кофир бўладиган бўлсалар эди, Расулуллоҳ алайҳиссалом уларни янчиб ташловчи душманни улар устига ҳукмрон қилмаслигини дуо қилиб сўрамасдилар. Яна Расулуллоҳ умматлари устига қилич қўйилиши ва у то қиёматгача кўтарилмаслигидан қўрқдилар.

Манбалар асосида «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Махтумқули ТОШҚУЛОВ тайёрлади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!