Бугун дунё яна бир Умаридан айрилди

10:44 18.06.2019 5933

У Қуръон ҳофизи эди.

У дунёвий олим, академик, профессор, ўз соҳасида етук мутахассис эди.

У подшоҳлар учун қурилган саройдан воз кечиб, ўзининг кичиккина уйида яшар эди.

У омонатдор эди. Ўлим тўшагида ётган синглисини фақат ўзи фойдаланиши мумкин бўлган раҳбарлар касалхонасида эмас, оддий халқнинг шифохонасида даволатди. Синглиси вафот этди. Аммо у халқнинг ҳаққига синглиси учун хиёнат қилмади.

У муаззин эди. Расмий минбарларда намоз вақти кириши билан азон айтарди, азон товушини эшитса қайтарар эди.

У халқининг холидан хабар олар эди. Тунда шаҳар айланиб, кўчада қолган беваларга нафақа ажратар, уй билан таъминлар эди.

У раҳмдил эди. Индонезияда сув босқинида жабр кўрганларга шахсан ўзи бориб, инсонийлик ёрдамини кўрсатар эди.

У тўғрисўз эди. Башар Асаднинг ўзига йўллаган табригига жавобан унга, “Мен сизни Суриянинг ҳақиқий вакили сифатида билмайман” деган эди.

У имкони бўла туриб, фақирона ҳаётни танлади. Энг паст маош оладиган раҳбарликни танлади. Ижара уйда яшади. Кўп ишлай олмай, қамалгани учун тўлиқ йиллик маош олишга ҳам улгурмади.

У намозхон эди, Бомдод намозини жамоат билан ўқишга ҳарис эди.

У ўзининг ҳаддини билар эди. Давлат ишхоналарига ўзининг суратини эмас, Аллоҳ лафзини илишни йўлга қўйган эди.

У Аллоҳдан қўрққан, Исломни олий қилишга уринган, халқига Аллоҳни эслатган, умри зиндонда якунига етган, одил раҳбар Муҳаммад Мурсий эди.

Бугун дунё яна бир Умаридан айрилди.

Саодат асрига энг яқин умматлар Умар ибн Абдулазиз даврини кўтара олмай, бор йўғи икки йил одил подшоҳга итоат қилишган экан. Муҳаммад Мурсийнинг бугунги ҳолига ҳайратланмаса ҳам бўлади.

Биз уни солиҳлардан деб билар эдик. Аллоҳ Муҳаммад Мурсийни Ўз раҳматига олсин.

Қудратуллоҳ Аҳмад

“Зиндондаги хонамга мусҳаф киритишга йўл қўйишмади.. Қуръонни ўттиз йилдан бери ёд олганимни, қалбимда сақлашимни унутишди чоғи.. Фақат... мусҳафни қўлим тутиб тиловат қилишни истаган эдим..”

Муҳаммад Мурсий...

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун..

Бугун бу камтар инсон зулм панжараси ортида омонатини топширибди..

Оллоҳ таоло ғариқи раҳмат қилсин.

Олий Ҳакам қаршисида қиёматда чинакам маҳкама бўлажак...

“Эй мадфани инсоният, эй мақтали аҳрор,

Эй маркази ваҳшоният, эй макмани ашрор.

Мингларча йигитлар бошини тандан айирдинг,

Мингларча асоратзада ўғлонлари қирдинг.

Қон тўк, яна қон тўк, яна қон тўк, яна қон тўк,

Қон сели бирла оқибатул амр ёрилу чўк.

Қон тўк-да, чўмил қонга йиқил, қонга бўғил, ўл,

То қонига буланмасин озода бирон қул.

Эй деви жаҳолатўй, эй қонла тўлан ғор,

Шод ўл бу кун, аммо бу кунинг эртаси ҳам бор.

Бир дасти ёр, дасти жафо, дасти хиёнат,

Мумкинми сени айласа кетдикча сиёнат.

Йўқ, йўқ, келар албат, келар албат, келар албат,

Золимлари тард этмага, маҳв этмага навбат....“..

Сайфуллоҳ Носир

У: “Халқимни меҳр билан, муҳаббат билан бошқараман”, деди. Бу йўлни кўпчилик мусулмон сиёсатчилар хато, дейишди. Балки хатодир, лекин у миллионлаб мусулмонлар қалбига меҳр ва муҳаббат ташлаб кетди.

Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!