Янгиликлар

Бугун – маърифатпарвар шоир Аъзам Ўктам таваллуд топган кун

450

Аъзам Ўктам 42 ёшида оламдан ўтган эди. Фарғона водийси таваллуд топган шоирнинг шеърларидан замондошларидан бири айтмиш “самимий ибодат” насими келарди. У ҳақиқий мўмин, ихлосли мусулмон шоир эди. Устозу шогирдлари Аъзам аканинг иймону эътиқодига ҳавас қиларди. У 2002 йил ҳаётдан кўз юмди. Ундан «Кузда кулган чечаклар» (1989), «Кузатиш» (1990), «Зиёрат» (1992), «Тараддуд» (1993), «Икки дунё саодати» (1998), «Қирқинчи баҳор» (2000), “Саҳар вақти юрак йиғлар” каби шеърий тўпламлар адабиёт мухлисларига мерос бўлиб қолди.

Ўз вақтида  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари шоир Аъзам Ўктамнинг ижоди ҳақида гўзал тақриз ёзиб, жудаям ибратли фикрларни билдирганлар:

“Ҳаммага маълумки, бизнинг юртимиз Мовароуннаҳр - Туркистон бутун дунё шеъриятида ўзига хос ўрин тутган буюк шоирлари билан фахрланса арзийдиган, жаҳон халқлари шеърият хазинасига ўзининг олтин саҳифаларини, олтин байтларини бошини баланд кўтарган ҳолда тақдим этган бир юртдир. Албатта ана шу мақтовга сазовор шеърият, шеърий асарлар, шоирлар, уларнинг фаолияти, савияси, ҳамма-ҳаммаси шу диёрнинг қадимдан муқаддас дини бўлиб келаётган Ислом дини билан чамбарчас боғлиқ эканлиги ҳам хеч кимга сир эмас. Улуғ шоирларимизнинг пур ҳикмат байтлари, Қуръони Карим оятлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, мусулмон уламолардан чиққан ҳикматларга йўғрилган эканлиги ҳам ҳаммамизга очиқ ойдин равшан.

Ўйлаб қарайдиган бўлсак, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийдан бошлаб мавлоно Лутфий ёки бошқа улуғ шоирларимизнинг номларини айтиш ўтишнинг ўзи ҳам жуда кўп вақт олади. Уларнинг ҳаммалари диний илмлардан етарли маълумотга эга бўлган ва кўплари тасаввуф тариқатларидан бирини маҳкам тутган, ҳатто баъзилари тариқатларга шайх бўлган улуғ инсонлар эдилар. Шунингдек шоираларимиз, ўтган буюк заковат эгаси бўлган момоларимиз ҳам ана шундоқ диний маълумотдан, Исломий маърифатдан ва шариат таълимотларидан ниҳоятда ажойиб бир услуб билан фойдаланиб шеър ёзганларидан, уларнинг шеърлари пурҳикмат ва доимо ичида собит бир ўринни тутиб келадиган даражада чиққан. Мазкур шоирларимизнинг шеърлари йиллар ўтиб, асрлар ўтиб тилма-тил кишиларнинг, халқимизнинг қалбида, ёдида китобларида келиши ҳам асосан ана шу боисдан, шариатга боғлиқ эканлигидан, ҳикматга бой эканлигидан ва халқчил эканлигидандир. Яна бир ҳақиқатким, шундай инсонпарвар, маърифатпарвар ва олий инсоний қадриятларни мадҳ этган ва ўз ўринларини ажойиб бир шаклда тутган шоирларимиз билан бирга, манфаат шоирлари, баъзи шахсларнинг маддоҳлари ҳам бўлган. Лекин ўша шоирлар ҳам, уларнинг шеърлари ҳам тезда унутилган. Чунки улар халқ учун эмас, ҳақ учун эмас, ҳақиқат учун эмас, бошқа нарса учун шеър айтган эдилар.

Юртимизда шараф билан ўтган шоирларнинг ҳикмат тўла шеърлари доимо қадрланиб келган. Улар ўз ўз шеърларининг ҳикматга бой бўлишига Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Инна минаш шеъри лаҳикматан», ҳадисини шиор қилиб олганлар. Яъни, албатта, шеърда ҳикмат бордир деган маънодаги ҳадисларини. Лекин вақт ўтиши билан, халқ диндан, Исломдан узоклашиши, бидъат-хурофот ботқоғига ботиши оқибатида аста-секин шеърият савияси ҳам пасайиб, айниқса диний илмлар, шариат ва Қуръон таълимотларига яқинлашишлари озайиб, қисқариб, сусайиб борган. Ниҳоят коммунистик даврга келгандаги шоирлар, ёзувчилар тузум мафкурасига эргашган ҳолда ўзларининг ҳозирги вакилларини бирининг тили билан айтганимизда, диндан, диёнатдан биринчи чиққан тоифа бўлдилар. Улар ана шу янги тузум, коммунистик тузумнинг югурдакларига, хизматкорларига айландилар. Уларнинг барчалари мазкур тузумнинг, коммунистик партиянинг хормас, чарчамас маддоҳларига айландилар. Уларнинг ўша пайтдаги ҳолатлари Қуръони Каримнинг “Шуаро” сурасида келтирилган ва шоирларни васф қилган оятларга ғоят тўғри келадиган бўлди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло “Шуаро” сурасида шундоқ деган эди: «Ва шоирларга гумроҳларгина эргашур. Уларни ҳар водийда дайдишларини ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишларини кўрмадингми?» Ҳақиқатдан, коммунистик партиянинг содиқ хизматкорлари бўлган шоирлар ҳар хил водийларда, компартия кўрсатган водийларда дайдийдиган ва ўзлари айтган, яъни қилмайдиган гапларини айтадиган ҳолга ўтдилар. Бу ҳақиқатни 1985 йилда бошланган, қайта қуриш, ошкоралик ва демократия пайтида ҳаммалари бир оғиздан, муҳтарам шоирларимизнинг ўзлари ҳам тан олдилар. Улардан кўзга кўринган бирларини айтишича, у киши улуғ ёшдаги шоирлардан бирини зиёратига бориб фалончи ака бу қандоқ бўлди? Шунча ёзганларимизни бир ғалвирга солиб кўрсам, ғалвирда турдигани йуқ-ку, дебди. Шунда улуғ ёшдаги шоир, ҳа сен ҳали ёшсан, бундан буёққа ҳам ишни тўғирлаб юборишинг мумкин. Лекин биз қариб қолдик. Биз нима қиламиз?! Мен шахсий кутубхонамда юраётганимда ўзимнинг китобларим тўғрисига келганда кўзимни юмиб ўтаман деган эканлар. Бу аччиқ ҳақиқат эди.

Лекин уларга ташаккурлар бўлсинким, шу аччиқ ҳақиқатни тан олишлари, бир-бирларига айтишларига қудратлари етди. Ана шу вақтдан бошлаб шоирларимизда ўтган бесамар даврларнинг ўрнига ҳам яхшироқ бир шеърлар ёзиш, Ҳаққа, халққа, ҳақиқатга хизмат қилиш, ҳикматли нарсаларни тақдим қилиш истаги туғилди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Кўплари Исломий мавзуларда ҳам баъзи бир шеърлар айтиб, қалам тебратишга уриниб кўрдилар. Бу уринишларнинг кўплари маълум бир ҳадиси шарифларни, оятларнинг маъносини шеърий йўл билан вазнгга солиш, баъзи бир Исломий ҳикматларни ва фикр-мулоҳазаларни шеърга солиш каби ишлар билан бўлди. Албатта, вақт ўтган пайтдан қалам соҳиблари бўлмиш муҳтарам шоирларимиз дину диёнатимиздан узоқлашган, Қуръону ҳадисдан мутлақо йироқда бўлганликлари туфайли кўпгина хатоларга ҳам йўл қўйдилар. Ёзган нарсалари саёз, баъзи бир енгилроқ нарсалар чиққан десак ҳам хато қилмаган бўламиз. Албатта, буларни ичида яхши, салмоқли, ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган шеърлар ҳам бор эди. Лекин булар оз эди. Ўтган баъзи бир суҳбатларимизда ана шу шеърларда содир бўлган баъзи бир хатолар, янглишишлар тўғрисида суҳбатлар ҳам қилган эдик. Жумладан, «Сулаймоннома» қасидаси тўғрисида батафсилроқ гаплашиб ўтган эдик.

Мана энди Аъзам Ўктам жанобларининг «Тараддуд» китобларини ўқиганда камина ходимингизда мутлоқ бошқа бир фикр пайдо бўлди. Кўпдан бери ўйлаб, излаб юрган шеърият мана шу даражага чиқса эди деган хоҳиш, истакни айнан «Тараддуд» китобида кўрдим. Аввало тан олиб айтишим керакки, мен Аъзам Ўктамни яхши танимас эканман. Бу эҳтимол камчилигимиздир. Лекин шунчалик шеър битишга иқтидори бор шоир, ҳам ватандошни танимаслик албатта биз учун обру ҳам бўлмас. Менга бу китоб кимдир тарафидан ҳадя тариқасида бир неча китоблар орасида юборилибди. Баъзи бир китобларни олиб биринчи саҳифасини ўқигандан сўнг, иккинчисини очишга инсон ўйланиб қолади. Лекин «Тараддуд» китобининг биринчи саҳифасидаги шеърни ўқиб бўлган инсон эса сергакланиши, тезроқ иккинчи саҳифани очишга уриниши, менимча, турган бир гапдир. Шунинг учун «Тараддуд» китобидаги келган шеърлар тўғрисида айтиладиган камтарона мулоҳазалар шоир шахсини мутлақо танимаган инсоннинг мулоҳазалари бўлади.

Албатта, камина ходимингизда шоирлик йўқ. Адабий танқидчилик малакаси йўқ. Шеърларга баҳо бериш даъвоси ҳам йўқ. Лекин келгувси гаплар оддий бир шеърхоннинг фикр-мулоҳазалари ва сизлар билан ўртоқлашиш учун айтиладиган фикрлар бўлади десам хато қилмаган бўламан. «Тараддуд» китобидаги шеърлар бошқа шеърлардан фарқли ўлароқ баъзи бир оятларнинг, ҳадисларнинг ёки Исломий ҳикматларни таржимаси эмас, балки мусулмон инсоннинг ҳаёт жараёнида қоришиб кетган фикрлари, ўзининг айтадиган ўйлари, фикр-мулоҳазалари ва халқи учун, дини учун куюниши, иймон-эътиқоди учун ёниб яшаши акс эттирилганлиги билан ажралиб туради. Ана шу нарсаларни «Тараддуд» китобини саҳифалаб шеърларни ўқиганимизда яққол кўрамиз. Бу шеърларда мусулмон инсон, динини худди чўғни тутгандек тутиб, диндан ажраб қолган бир жамиятда яшаб келган инсоннинг фикрлари, унинг қийналишлари, ўртанишлари ва халқи учун куюниши ўз ифодасини топгандир... “

ИБОДАТ

Тоғлар сомеъ бўлиб ўтиришар жим,

Такбир айтган чоғи гулдураб само.

У янглиғ муножот қила олур ким,

Ёмғир бу пичирлаб қилинган дуо.

Ел йиғлар ер тирнаб. тупроқ сесканар,

Майсалар қалтираб қилурлар сажда.

Дуолар ижобат бўлган саначар,

Кун нурлари бундан келтирар мужда.

СЎРОҚ

Талпиндинг, йиғладинг - елдинг дунёга,

Сўйлагил, сен нечун келдинг дунёга,

Бузилди, айт, нима қилдинг дунёга,

Ўзингни ким дея билдинг дунёга?

Тилингни тиймайсан - бешарм сўйлар,

Кўзингни тиймайсан - бузукқа бўйлар,

Ўзингни тиймайсан - неларни ўйлар,

Ҳеч жазо йўқмикан бундай зинога?

Маломатнинг тоши тегмаган бошинг,

Мағрур тутмоқликдан тиймаган бошинг,

Ҳаттоки онангга эгмаган бошинг –

Бердинг бу ҳавойи, пучак сафога.

Тенгсиз таърифларни ўқиган кўзинг,

Улуғ тарихларни ўқиган кўзинг,

Қутлуғ ҳарфларни ўқиган кўзинг –

Не учун тикдинг бу юзи қарога?

Қишда қушларга дон сочган қўлингни,

Нопок луқмалардан қочган қўлингни,

Оллоҳ, деб дуога очган қўлингни –

Узатдинг ейиши, иши ҳаромга.

Тўйдириб ўт, қонга тўйган юракни,

Ўлдириб ҳақ дея тўлган юракни,

Сўлдириб ишқ ила кулган юракни,

Сен қандоқ сиғяпсан ёруғ дунёга?

Аъзам Ўктам

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ибодат

142 07:00 04.11.2019

Ҳайрат

595 09:23 17.10.2019

Ҳижоб ояти

2797 07:00 14.10.2019

Далил

724 18:40 09.05.2019

Тақвим учун сўнгги мақола

721 14:00 06.02.2019
« Орқага