Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

10:37 31.05.2019 1071

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтида бугунги жума мавъизасининг мавзуси эълон қилинди. Порталда таъкидланишича, бугун юртимиз масжидларида “Тавба эшиклари доимо очиқ” мавзусида мавъиза қилинади.

Тезис матнида жумладан шундай дейилади: Ҳурматли жамоат! Инсон – ўзига хос яратилишга эга бўлган борлиқдир. Аллоҳ таоло унга ҳам ақл, ҳам нафс истакларини берган. Нафси ақлидан устун келганда инсон билиб-билмай хатоларга йўл қўяди, гуноҳ ишларга қўл уради. Ислом динида шу ҳолатга қандай қаралади, у қандай муолажа қилинади? Гуноҳкор бандага раҳмат эшиклари бутунлай ёпиладими ёки унда яна Аллоҳ таолонинг марҳаматига эришиш имконияти борми?!

Ислом дининг асосий қоидаларидан бири – модомики банда тирик экан, унга тавба эшиклари ёпилмаслигидир. Аллоҳ таоло тавба қилувчи бандаларини яхши кўришини баён қилиб, шундай дейди:

 إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ

яъни: “...Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

Сарвари Олам, барча пайғамбарларнинг афзали бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ўтган ва келажак гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамасдан, ҳар куни тавба қилар эдилар.

يَا أَيُّهَا النَّاسُ ، تُوبُوا إِلى اللهِ واسْتَغْفِرُوهُ ، فإنِّي أتُوبُ في اليَومِ مئةَ مَرَّةٍ

(رَوَاهُ الْاِمَامِ الْبُخَارِيُّ عَنْ الأَغَرِّ بنِ يَسَارٍ رضي الله عنه)

яъни: “Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Унга истиғфор айтинглар! Зеро мен бир кунда юз марта тавба қиламан” (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамасдан, Аллоҳга тавба қилишлари – биз каби гуноҳкор умматлар учун катта бир кўрсатмадир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан яна қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

" كُلُّ بَنِي آدَمَ خَطَّاءٌ وَخَيْرُ الْخَطَّائِينَ اَلتَّوَابُونَ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه)

яъни: “Одам болаларининг ҳаммаси – хатокор. Хато қилувчиларнинг яхшиси – тавба қилувчилардир” (Имом Термизий ривояти).    

“Тавба” арабча сўз бўлиб, луғатда “қайтиш” маъносини англатади.

Истилоҳда эса тавба – “гуноҳидан пушаймон бўлиш ва уни (бадани ёки молига зарар бўлганидан эмас, балки) гуноҳ бўлгани учун тарк қилиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, солиҳ амалларга киришиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилиш”дир.

Кичик гуноҳлар турли савобли ишлар билан ювилиб кетади. Лекин катта гуноҳларга, албатта, тавба қилиш шарт бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Тавба эшиклари доимо очиқ” мавзусидаги жума тезисига илова

Шариатимизда бағрикенглик ва афв этишга кўп даъват қилинган. Чунки, афв қилиш Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларидан биридир. Парвардигоримиз ояти каримада: “...Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир”, деган (Тағобун сураси, 14-оят).

Муҳтарам юртбошимизнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилди. Улар 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди. Муборак Рамазон ойида амалга оширилган ушбу эзгу ва оқилона тадбир Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардаги илоҳий кўрсатмаларга ҳамоҳанг ва таҳсинга сазовордир.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!