Иймон

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

1459

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтида бугунги жума мавъизасининг мавзуси эълон қилинди. Порталда таъкидланишича, бугун юртимиз масжидларида "Мусулмонлар фитналардан сақланиши лозим" мавзусида мавъиза қилинади.

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي قَالَ: "الْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ"، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي قَالَ: "سَتَكُونُ فِتَنٌ الْقَاعِدُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْقَائِمِ"، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

“Фитна” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғатда “синаш”, “имтиҳон қилиш”, “оловда тоблаш” маъноларини билдиради.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда эса “фитна” сўзи бир неча маъноларда келган. Масалан, “синов, имтиҳон”, “ҳақ йўлдан тўсиш”, “оловда азоблаш”, “ширк, куфр келтириш”, “ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш”, “залолатга кетказиш”, “одамларни қатл қилиш ва асир олиш”, “одамлар ўртасидаги келишмовчилик” маъноларини учратиш мумкин.

Ҳозирги кунда мусулмонлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, уларни бир-бирига гиж-гижлаш, мусулмон юртларда уруш чиқариб, одамларни қатл ва қувғин қилиш ҳам катта фитна ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ

яъни: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (Бақара сураси, 217-оят).

Диний манбаларда фитнанинг одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ деб ҳисобланиши унинг хатарлари бир кишининг ўлдирилишидан кўра анча кенг кўламга эга эканлиги билан изоҳланади. Албатта, мол илинжида, ғазаб сабабли ёки бошқа ҳар қандай омил туфайли бир жоннинг ҳаётига нуқта қўйиш катта жиноят. Бироқ, жамият аъзолари орасида фитна чиқариш одамларни бир-бирларига қарши қайраш, низо чиқариш орқали биродаркушлик урушларига, бутун бошли миллатни тараққиётда ўнлаб йиллар ортга суриб юборувчи вайронагарчиликларга сабаб бўлишини инобатга олсак, жамият учун бундан ҳам катта талофат бўлмаслигини англаймиз.

Фитнанинг энг кўп ишлатиладиган маъноси бузғунчилик, фисқу-фасод қўзғаш, жамиятда турли асоссиз миш-мишлар тарқатиш, халқни ўз давлатига қарши қўйишдир. Фитнанинг ёмон томони шундаки, кўпчилик унинг асл моҳиятини англамайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ، لَا تَذْهَبُ الدُّنْيَا حَتَّى يَأْتِيَ عَلَى النَّاسِ يَوْمٌ لَا يَدْرِي الْقَاتِلُ فِيمَ قَتَلَ، وَلَا الْمَقْتُولُ فِيمَ قُتِلَ، فَقِيلَ: كَيْفَ يَكُونُ ذَلِكَ؟ قَالَ: الْهَرْجُ، الْقَاتِلُ وَالْمَقْتُولُ فِي النَّارِ

(رواه الامام مسلم عنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, бу дунё, токи қотил нима учун ўлдираётганини, мақтул нима учун ўлдирилаётганини билмайдиган кун келмагунча, йўқ бўлмайди”. “Бу қандай рўй беради?” – дейилди. “Ҳарж (фитна аралашган уруш бўлади), ўлдирган ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахда!” – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Афсуски, дунёдаги нотинч ҳудудлар ҳақида фикр қилган киши бу ҳудудлар аксар ҳолларда мусулмон диёрлари эканини англайди. Маълумотларга кўра, ўтган йилларда терроризм балосидан энг кўп азият чеккан дунёнинг 10 та мамлакатидан 8 таси мусулмон диёрлар экани аниқланган. Бу ерларда мусулмон мусулмоннинг қонини тўкмоқда, ўлдирмоқда. Ўлдираётган нима учун ўлдирмоқда, ўлдирилган нима учун қатл қилингани сўралса, тайинли жавоб йўқ, ҳеч бири билмайди.

“Жиҳод”, “Ислом давлати қуриш” каби ниқоблардаги урушлар, хунрезликлар қанчадан-қанча одамларни ўз домига тортиб кетди. Ўзининг мустақил фикрига эга бўлмаган кишилар бундай ҳолларда чет элдаги гумашталарининг “фатво”лари билан фитнани оқламоқчи бўладилар.

Мусулмонларнинг бошига турли кулфатларни ёғдирган “ИШИД” террорчи ташкилоти ҳам замонамизнинг ана шундай фитналаридан биридир. Бинобарин, бу машъум ташкилот сабаб 13 миллиондан ошиқ тинч аҳоли ўз уйини ташлаб, қочоқликка маҳкум бўлди. Миллионлаб ёшлар мактабга боролмай қолди. Қанчадан-қанча аёллар бева, норасида гўдаклар эса етим қолди. Обод юртлар хонавайрон бўлди... Фикр, мушоҳада қилган киши борки, бу фитналар мусулмонлар бошига фақат кулфат ва аччиқ азоб келтиришини англаб етади. Шундан кейин ҳам баъзи ёшларнинг “жиҳод” қиламан деб, ўзини олов домига ташлаши, мусулмонларга қарши қурол кўтаришини қандай тушуниш мумкин?!

Абу Идрис ал-Хавалоний Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “... жаҳаннам дарвозасига даъват қилувчилар пайдо бўлади, кимки уларнинг даъватига жавоб қилса, уни жаҳаннам қаърига улоқтирадилар”, ­­- дедилар. Мен: “Эй, Аллоҳнинг Расули, ўша кишиларни бизга тавсифлаб беринг!” - дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар ўз уруғимиздан бўлиб, бизнинг тилимизда сўйлайдилар”, - дедилар. Мен: “Агар мен ўша даврда ҳаёт бўлсам, нима қилишимни буюрасиз?” - дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонлар жамоасидан айрилмагин, уларнинг имомларига эргашгин!”, - дедилар. Мен: “Башарти, ўша замонда на мусулмонлар жамоаси на имомлари бўлмаса-чи?” - дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гарчи дарахт томирини кемириб кун кўришингга тўғри келса ҳам сени сабр қилишга даъват қилувчи Аллоҳни қалбингга маҳкам тугиб олгин-да, ўла-ўлгунингча ўша замон фитначиларидан йироқ бўлгин!” -  деб айтдилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай марҳамат қилганлар:

"سَتَكُونُ فِتَنٌ الْقَاعِدُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْقَائِمِ وَالْقَائِمُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْمَاشِي وَالْمَاشِي فِيهَا خَيْرٌ مِنْ السَّاعِي وَمَنْ يُشْرِفْ لَهَا تَسْتَشْرِفْهُ وَمَنْ وَجَدَ مَلْجَأً أَوْ مَعَاذًا فَلْيَعُذْ بِهِ"

(رواه الامامُ البخاري عن ابي هريرة رضي الله عنه )

яъни:  “Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи югурувчидан яхшидир. Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига жалб қилади. Демак, ким бошпана ёки паноҳ бўладиган жой топса, ўшани лозим тутсин!” – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Диққат қилинса, фитна ҳақидаги ҳадисларда унга аралашмаслик, ўзини четга олиш тавсия қилинади. Ҳадиси шарифдаги “Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига тортади” жумласининг тасдиғини ҳам ҳаётда кўрдик. “ИШИД” террорчи ташкилоти ёки жиҳодий жамоалар даъватчиларининг тарғиботини мунтазам эшитиб юрган кўпчилик ёшлар, минг афсуски, унинг тўрига илиниб қолдилар.

Жамиятнинг ҳар бир аъзоси фитна урчимаслигига ҳаракат қилиши, фитначиларнинг кирдикорларига қарши туриши керак. Имом Доримий ривоят қиладилар: Субайғ ал-Ироқий номли бир киши мусулмон аскарлар орасида Қуръондаги турли нарсалардан сўраб, аскарлар орасида фитна қўзғаб юрарди. У Мисрга келганида Миср ҳокими Амр ибн Ос уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди. Умар розияллоҳу анҳу Субайғдан “Одамлардан нималар ҳақида сўрайсан?” – деди. У айтиб берди. Сўнг Умар ибн Хаттоб хурмо шохини келтириб, Субайғнинг орқасига яра бўлгунча урдирди. Яраси битгач яна урдирди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Шунда Субайғ: “Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар таъзир бермоқчи бўлсангиз, ақлим кирди”, - деди. Умар ибн Хаттоб Субайғни ўз юртига жўнатиб юборди ва ўша юрт волийсига ҳеч ким у билан суҳбатлашмаслигини қаттиқ тайинлади. Субайғ авваллари ўз қавмининг саййиди эди. Бу воқеадан кейин эса ҳақир бўлди. Сабаби, у Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли масала чиқаришга уринар эди.

Кўриниб турганидек, ҳазрати Умардек зот фитна урчимаслиги учун одамлар орасида фитна-фасод қўзғайдиган кимсаларга қарши мана шундай қаттиқ чораларни кўрган эдилар.

Яна бир катта фитна мусулмонлар орасида эътиқодий ва фиқҳий масалаларда ихтилофлар чиқаришдир. Қуръони каримда баъзи кишилар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига кўра маъно бериш учун муташобеҳ оятларни ўзларига дастак қилиб олиши хабар берилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:  

فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ...

яъни: “Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур...” (Оли Имрон сураси, 7-оят).

Ҳозирги кунимизда ҳам одамлар орасига турли ихтилоф уруғларни сочаётган кишилар асосан муташобеҳ оятларни ўзларига далил қиладилар. Минг йиллардан бери амал қилинаётган мазҳабларни ташлаб, мазҳабсизликка даъват этадилар.

Бундай фитнадан сақланишнинг йўли, ислом уммати қабул қилган, тўғрилигига ижмо қилган фиқҳий мазҳабларга амал қилишдир. Фирқаланишни қўйиб, иттифоқ бўлишга қизиқтирувчи далиллар жуда кўп. Ихтилоф чиққанда кўпчиликка эргашиш тўғрисида Пайғамабаримиз алайҳиссаломдан шундай буйруқ келган:

فإذَا رَأَيْتُمْ اِخْتِلاَفًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ

(رواه الامام  ابن ماجه عن أنس بن مالك رضي الله عنه)

яъни: “Қачон ихтилофни кўрсангиз, катта жамоатни маҳкам тутинглар” (Имом Ибн Можа ривояти).

Ихтилоф ва фитнадан қочишнинг яна бир чораси, билмаган нарсаларини ишончли, мазҳабни маҳкам тутган аҳли сунна олимларидан сўраб олишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

...فَإِنَّمَا شِفَاءُ الْعِيِّ السُّؤَالُ...

(رواه الامام ابو داود عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه )

 

яъни: “...Билимсизликнинг давоси сўрашдир”, – дедилар.

Аллоҳ таоло фитна ва қийинчиликда қолган инсонларга ҳам хотиржамликни қайтарсин!  Жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётини бардавом қилсин! Омин!

УЛАШИНГ:

« Орқага