Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Бугунги мусулмонларда йўқолиб бораётган хислат...

1123

Динимиз – Ислом фақат ташқи кўриниш ва зоҳирий амаллардан ташкил топмаган. Балки ботин поклиги, руҳий тарбия, олийжаноблик ва мардлик унда биринчи ўринда туради. 

Охирги вақтларда исломнинг маълум қисмига амал қилиб, қолган қисмини ташлаб юбориш ҳолатлари кўп кузатиляпти. Шулардан бири муслималарнинг ирзи ва обрўсига нисбатан рашкнинг йўқолиб бораётгани. Олижаноблик, карам ва иффат ўрнини пасткашлик, шарафсизлик ва ҳаромдан сақланмаслик каби иллатлар эгаллаб олаётгани.

Рашк деганда баъзилар фақат илк бора уйланган ва яшаб келаётган аёлига нисбатан рашкни тушунади. Бу тушунчанинг барча муслималарга нисбатан бўлиши лозимлигини билмайди. Қайсидир сабаб билан бир муслима билан танишиб, ҳамсуҳбат бўлиб қолса, унга яхши гапириб, меҳр кўрсатиб, секин-аста яқинлашишга ҳаракат қилади ва ўзи ҳам билмаган ҳолда зинога етаклайди. Кейинчалик тавба қилиб оламан, Аллоҳ кечиради деган ўй билан ўзини овутади.  

Бу ишлар динимиз исломга катта маънавий зарар етказади. Шу билан бирга динни тўлиқ тушунмасликдан келиб чиқади бу каби балою мусибатлар.

Бу янги жоҳилият кўринишларидан бўлса керак. Эски жоҳилият, гарчи куфрда бўлса ҳам, унда ружулат, олийжаноблик, рашк ва ҳамият каби тушунчалар кучли эди. Ислом келгач, жоҳилиятдаги мазкур гўзал хислатларни мақтаб, жойида қолдирди. 

Умму Салама онамиз Абу Саламанинг никоҳида бўлган вақтларида эрлари Мадинага ҳижрат қилиб, ўзлари гўдаклари билан Маккада қолиб кетадилар. Қариндошлари эрининг ҳузурига кетишга йўл қўймайди. Узоқ вақт оиласидан мажбурий жудоликда қолиб, ҳар куни йиғлаб, эзилиб кетгач, атрофдаги мард кишилар унинг қариндошларига аёлни ўз ҳолига қўйишни талаб қилиб, зулмдан озод қиладилар.

Маккадан Мадинага бориш учун у вақтларда уч-тўрт ҳафталик йўл босиш керак эди. Йўлда йиртқич ҳайвонлар, илонлар ёхуд қароқчиларга учраб ўлиб кетиш ҳеч гап эмас эди. 

Умма Саламани Мадинага олиб боришни Усмон ибн Талҳа исмли шахс ўз зиммасига олади. У Исломда эмас эди. Балки мусулмонлар билан ўртасида нафрат ва адоват ҳамда уруш мавжуд бўлган қавм вакили эди. 

Шу инсон Умму Салама онамизни уч ҳафта йўл юриб, то Қубогача кузатиб қўяди. Йўлда бирор марта у кишига нозарурий сўз қотмайди. Юзига боқмайди. Ҳар қандай хавф-хатардан ҳимоя қилади. Қисқаси, катта хизмат кўрсатади у киши учун. Агар пасткашлик қилса, нафсининг сўзига кирса, ўз мақсадига осонлик билан етишиши мумкин эди. Лекин, ундай қилмайди. Иффат ва эҳтиром намунасини кўрсатади. 

Ҳатто Умму Салама онамиз мазкур воқеани айтиб берар эканлар: "Аллоҳга қасамки, араблар ичида бу инсондан ҳам карамлироқ бўлган бирор кимсани учратмадим", дедилар. Бу сўз унинг мадҳу эътирофида гўёки, камлик қилди ва кетидан унинг номини ҳам тилга олиб "Усмон ибн Талҳадан-да карамлироқ бир ҳамроҳ кўрмадим", дедилар.

Бир вақтлар бир инсон диний сабаблар туфайли қамалган эди. Унинг жуда қалин биродарларидан бўлган бир дўсти уйидан хабар олиб турарди. Аллоҳ йўлида дўстлашган дўстининг аёлига бозордан нарсалар харид қилиб келар, турли яхшиликлар қиларди. Атрофдагилар бундан заррача шубҳа ва гумонга тушмадилар. Чунки, булар ўлса ўладики, бундай пасткашликка бормайди деб ўйлардилар. 

Бояги инсон бир-икки марта қамалган дўстининг аёли ва кичик болаларини олиб, қамоққа ҳам бориб келадиган бўлди. Кейин... Кейин нима бўлди, дейсизми?.. 

Бир куни қариндошларга, уйидаги қайнона ва қайнотасига эримни кўриб келамиз деб чиқиб кетган пайти эди. Ёз пайти. Иттифоқо, мазкур аёлнинг эрига қариндош бўлганлардан бири чорвоқда дам олаётганди. Тасодифан қариндошининг аёли билан бояги инсонни бирга чўмилаётган ҳолида кўриб қолади. Уйидагиларга телефон қилса, келин қамоққа "передача"га кетган. Аслида эса бошқача передача учун кетишган экан. 

Бу ёзаётганларимнинг бирортасини ўзимдан тўқимаяпман. Ҳаммаси бўлган ва эҳтимол қаердадир бўлиб турган воқеалар.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "ўзимдан кейин эркаклар учун аёллардан-да ёмонроқ фитна қолдирмадим" (Бухорий ва Муслим ривоятлари), дер эканлар, мусулмон киши аёллар масаласида фитналаниб қолиши, йўлдан чалғиб қолиши нақадар осон эканлигига ишора қилган эдилар.

Юқорида келтирилган аянчли воқеа шунга далолат қиладики, Аллоҳ ўрнатган чегараларни бузиш яхшиликка олиб келмайди. Ўзига бегона ва номаҳрам бўлган аёл билан зарурат бўлмаса ҳам гаплашиб, кўришиб юриш кўп ҳолатларда ҳаром ва жирканч иш бўлган зинога олиб боради.   

"Рашк"ни биз ниҳоятда тор тасаввур қиламиз. Ҳолбуки, у кенг тушунчадир. Жумладан муслима аёлларнинг обрў ва номусини муҳофаза қилишга ҳарис бўлиш ҳам рашкдир. 

Баъзи ҳадиси шарифларда Аллоҳга нисбатан рашк сўзи ишлатилган. "Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Унинг рашки мўмин кишининг ўзига ҳаром қилинган нарсаларни содир этишидир" (Термизий ривояти), дейилган. 

Ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган "ғайрат" (рашк) сўзи албатта бизнинг тушунчамиздаги рашкни англатмайди. Уларни тўғридан-тўғри тушуниб олмаслигимиз керак. 

Аллоҳ таолонинг улуғлигига тўғри келмайдиган сифатлар ё таъвил қилинади ёхуд ҳақиқий маъноси Унинг ўзига ҳавола (тафвиз) қилинади. Махлуқотларга ўхшатилмайди. 

Аммо ояти карима ва ҳадиси шарифларнинг қалбга таъсири кучли бўлиши учун инсонлар ишлатадиган сўзлар ва тушунчаларга мурожаат қилинган. Уларнинг баён услубида ворид бўлган. 

Мазкур ҳадиси шарифга кўра мўмин киши ўзига ҳаром қилинган ишларни содир этганда Аллоҳ бундан "рашк" яъни ғазаб қилади. Мўминни ўша ҳаром ишлардан "қизғанади".

Машҳур муфассир Ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ) шундай дейдилар: "Ифк аҳли у (Оиша разияллоҳу анҳо) ҳақида бўҳтон тарқатгач, Аллоҳ унинг учун рашк қилди ва замонлар оша тинмай тиловат қилинадиган ўнта оятда унинг айбсизлигининг исботини нозил қилди" (ал-Бидоя ва-н-ниҳоя: 8-жилд, 99-бет;).

Алишер Султонхўжаев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўз фарзандларига қарши жиҳод эълон қилаётганларга мурожаат

214 18:30 07.03.2021

Сабр бўлмаса, иймон ҳалокатга юз тутади

134 17:23 07.03.2021

Отасига муносиб бўлган имом Қушайрий

257 14:00 07.03.2021

Хитой ва Литва Тайван туфайли тортишиб қолишди

611 11:00 07.03.2021

Аёл кишини “бузуқ” деб айблашнинг гуноҳи (давоми)

333 09:26 07.03.2021

Яқин Шарқ ва Хитой: АҚШ хатоси, Эрдоғаннинг сукути ва валиаҳднинг ташрифи  

1593 08:00 07.03.2021
« Орқага