Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи

540

Ўқувчиларда солиштириш имконияти бўлиши учун юқорида берилган Алихонтўра Соғуний таржимасига мутаносиб равишда “ҳашар” таржимадан ўша жойларини келтиришни лозим топдик:

“Ўз салтанатимни тузиш йўлидаги қилган учинчи кенгашим

...Ўша вақтда давлатимнинг кучи кетиб, салтанатимнинг асоси емирила бошлади. Чунонки менга эргашган йўлдошларим ўн кишидан ортиқ эмас эди. Улардан еттитаси отлиқ, уч киши эса пиёда эди. Улардан бошқа мен билан ҳеч ким қолмаганди. Муҳтарама жуфти ҳалолим бўлмиш Амир Ҳусайннинг синглисини  ўзимнинг отимга миндириб олган эдим. Шу алфозда Хоразм чўлларида бир неча кун саргардон бўлиб юрдим. Кунларнинг бирида кеч тушгач, қандайдир қудуқ бошига келиб тушдим. Ўша кечаси пиёда юрган уч нафар хуросонлиқ бевафолик қилиб, отларимизни миниб қочдилар. Етти киши тўрт от билан қолдик. Аҳволим жуда оғирлашди. Лекин кўнгил тўқ эди. 

Бу ишни чакки қилган эканман деб ҳеч ўкинмас эдим. Сўнгра бу қудуқ бошидан ҳам кўчдим. Шу вақт Алибек Чўнг Ғурбоний  ёпирилиб тепамга келди. Мени (ўз элига) элтиб, бургаси кўп бир қоронғу уйга қамаб қўйди. Бир неча кишини менга соқчи этиб тайинлади. Олтмиш икки кун мени тутқинликда ушлади. Ундан қутулиш чорасини излаб, ўз- ўзим билан кенгашдим ва тангримнинг инояти етиб баҳодирлигим тутди. Кучли ва чаққон билакларим иш бериб, соқчилардан бирининг қўлидан қиличини тортиб олдим-да, уларга ҳамла қилган эдим, бариси қочиб қолди.

(Қилич кўтарганимча), тўғри Алибекнинг устига бос тириб кирдим. Мени кўргач, (ҳуши бошидан учди). Қилган номуносиб ишидан пушаймон бўлиб, мендан узр сўради. Отларимни, эгар-жабдуқларимни ҳозирлатиб, менга бир ориқ от ва бир қари туя тортиқ қилган бўлди...”.

Синчиклаб қаралса, “ҳашар” таржима ҳам ўзбек халқининг тарихини ўрганиш ва уни ўз эгасига етказишда жуда катта меҳнатлари сингган олим, раҳматли Бўрибой Аҳмедовнинг изоҳлари ва гап тузишдаги айрим ўзгаришларни айтмаса “Гулистон” журналида чоп этилган таржима билан деярли бир хил. Раҳматлик Бўрибой ака билан бир неча марта суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман. Жуда оқил инсон эдилар. Унинг тасаввуримдаги табиатидан келиб чиқиб айтаманки, ўзига қолса, 1991 йилда “Темур тузуклари”ни китоб ҳолида чоп этиш зарурати туғилган пайтда Алихонтўра Соғуний таржимасидаги “аниқланган бир қатор жу зъий камчиликларни” бартараф этиб, мазкур таржимани чоп этиш керак, деган бўлар эди. Аммо шўро мафкурасининг қатағон машинасидан хавфсираш шу даражада қон-қонимизга сингиб кетган эдики, раҳматли Бўрибой Аҳмедовдек йирик олим ҳам ўша “қандай бўлар экан”, деган ҳадикка дош беролмайди. Бу қўрқувнинг “шарпаси” ҳали-ҳамон кезиб юрибди...

Алихонтўра Соғуний ўз ҳаётининг зим-зиё кунларида нима сабабдан таржима қилиш учун айнан “Темур Тузуклари” ва “Наводирул вақое”, Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовороуннаҳр тарихи” ёки Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”ни танлади? Ахир у нафақат жангчи, қўмондон, айни пайтда диний уламо ҳам эди-ку! Ўз замонасида қанча-қанча диний китобларни ўқимади, дейсиз. Шарқ оламининг мана ман деган олимларининг иншоларини тинчгина таржима қилиб, диний идора кутубхонасига “эсдалик” учун топшириб қўйиб, эл-юртнинг зиёфатларида, тўй-ҳашамларида мазза қилиб, даврини суриб юраверса бўлмасмиди? Йўқ! Бўлмас эди, деб жавоб беришади Алихонтўра Соғунийнинг ҳаёти ва ижоди билан озгина бўлса ҳам таниш одамлар! Чунки Алихонтўра Соғуний фаолият одами эди. 

У   дунёнинг   янгиланишини,   ўз   ватанига илм-фаннинг кириб келишини, халқнинг билимдон ва тадбирли бўлишини жуда-жуда истаган одам эди. Ўзи мутаржимлик қилган асарлар унинг истакларига ҳамоҳанг эди. Амир Темур қўрқмас, билимдон ва тадбирли киши бўлган. Шу боис ҳам  ўз юртини мўғул босқинчиларидан озод қила билди. Керак бўлса, бу таржиманинг замирида “Эй ботирлар, қани ким бор, шўролар истибдодидан қутқарувчи яна бир Амир Темур топиладими?” деган юрак-юракларни пора қилувчи ҳайқириқ бор эди...

У инсоннинг нафақат жисман, аввало, руҳан озод бўлиши учун бутун ҳаёти ва ижодини бахшида қилиб, қалбини “мана кўринглар, унда муҳаббатдан бошқа нарса йўқ”, деб кафтида тутиб турган жангчи аллома эди.“Жангчи” сўзи билан “аллома” сўзи бир қарашда қовушмагандай. Аммо начора, бор гапни айтишимиз керак. Унинг ана шундай “жангчи аллома” эканини тарихий ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди. Шарқий Туркистон инқилобчиларига ёрдамга борган йигирма бир совет ҳарбий нишонлари кавалери, ҳарбий мутахассис, тошкентлик Толибжон ака Обидов бир пайтлар шундай деган эди: “Алихонтўра жаноблари жанг бошланишидан аввал аскарлар олдида нутқ сўзлаганларида, йигитлар кўзларидан ўт чақнар, нутқ тезроқ тугаса-ю, жангга отлансалар. Ҳужумга қўмонда бўлгунча уларни зўрға тўхтатиб турардик. Унинг сўзларидан жанговар руҳ ва ғалабага ишонч жуда кўтарилиб кетарди. Тўра отам окоп кўрган ҳақиқий аскарбоши эдилар ва мен ҳавас қилган томони – бундай раҳбарларнинг бахтлиси эдилар. Чунки ҳар бир аскар у кишини чексиз севарди, ҳурматларди ҳатто илоҳий қувват эгаси деб чинакамига ихлос қўйиб эъзозларди”.

Алихонтўра Соғуний юқоридаги икки асардан ташқари яна Ҳерман Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” ҳамда Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”ни ҳам таржима этгани айтилади. Аммо бу таржималар ҳалигача топилгани йўқ. Бироқ уларнинг тўлиқ таржима қилингани ҳақида ишончли маълумотлар бор. Жумладан, раҳматли Рустам Раҳмон бу ҳақда “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг 1992 йил 1 февраль сонида чоп этилган “Алихонтўра Соғуний” сарлавҳали давомли мақоласида шундай ёзади: “Алихонтўра Соғуний... Ҳерман Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” номли асарини ҳам таржима қилиб, хаттотларга кўчиртириб, Ўрта Осиё ва Қозоғис тон Мусулмонлари (ҳозирги Ўзбекистон Мусулмонлари диний назорати ўша пайтда шундай аталар эди – Ё.Х.). диний бошқармасининг кутубхонасига сақлаш учун топшириб қўйдилар. Бу сафар ҳузурларига борганимда айтдилар:

“Вамберининг китобида юртимизда қабила ва давлатчилик бошланганидан то чор  ҳукумати бос тириб келгунга қадар бўлган тарихлар бобма-боб баён қилинган. Вамбери Бухорога қаландар ниқобида келиб, амир даргоҳига етиб шуҳрат топган. Унга мол-мулк, ер-сув инъом қилишганида уларни қабул қилмай, “хазинангиздаги тарих китобларини ўқишимга ижозат берсангиз, менга бундан ортиқ мукофот йўқ”, деб бу тилагига эришган. Китобда ўн беш тарихчининг асарлари давр -давр билан баён қилинган. Менинг ҳам кўнглимда Туркистон тарихини ёзиш истаги бор эди, аммо мен Вамбери ўқиган эски тарих китобларининг саккизтасинигина ўқиганман. Қолган еттитасини топиб ўқишга имконим йўқ, умрим ҳам етмаса керак. Шунинг учун Вамбери жанобларининг китобини таржима қилиб қўя қолдим”.

(давоми бор)

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мусиқа рисоласи

296 20:20 07.08.2022

Катталар ўрнак бўлса, бола намунали бўлади

437 19:30 07.08.2022

Мактаб формасига сиёсатшунослар фикри

671 18:30 07.08.2022

Афғон (Афғон диёрида қачон тинчлик бўлади?)

464 16:30 07.08.2022

Тавозе билан хорлик орасидаги фарқ

313 14:35 07.08.2022

Қодиров ва Шойгу норасмий учрашув ўтказди

728 13:07 07.08.2022
« Орқага