Бухоро зиёрати давом этмоқда...

09:42 24.09.2018 737

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Ислом дунёсининг машҳур олими шайх Муҳаммад Аввома ва улар бошчилигида делегация Бухорои шарифнинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилдилар.

Илк зиёратгоҳ Абу Ҳафс Кабир (Имом Ҳожатбарор) қадамжолари бўлди. У ерда шайх ҳазрат ва зиёратчиларни республикамиздаги диний таълим йўналишида сабоқ бераётган ўқитувчи-домлалар катта эҳтиром ила кутиб олдилар.

Шу ўринда, Абу Ҳафс Кабир (767-832) ҳақида икки оғиз сўз.

Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс аз-Зиракон Абдуллоҳ ал-Бухорий милодий 767 йилда Бухорода туғилганлар. Ўз исмлари Саййид Аҳмад.

Юксак илми туфайли "Кабир" (Буюк), соҳиби каромат сифатлари сабаб "Ҳожатбарор" дея эъзозланган. Хожа Абу Ҳафс Кабир шарофатларидан Бухорои шариф "Қуббатул Ислом" унвонига эришган.

Қуръон тиловатидан сўнг, шайх ҳазрат Абу Ҳафс Кабирнинг қабрларини ҳурмат ила зиёрат қилдилар. У ердаги ҳужралар, ҳовуз, минорани томоша қилдилар.

Шу ернинг ўзида шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари ташриф буюрганларга шаръий илмларни ўз соҳа эгасидан таълим олиш зарурлиги билан боғлиқ мавзуда суҳбат қилдилар. Суҳбат давомида шайх ҳазрат тингловчиларга мавзу билан боғлиқ бир қанча қиссаларни ҳам келтириб ўтдилар.

Сўнгра Чашмаи Айюб (“Айюб булоғи”) қадамжосига қараб йўл олинди. Зиёратчилар қадамжо ичида жойлашган Имом Бухорийнинг устозлари Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муснадий қабрларини зиёрат қилишди, Қуръони Каримдан оятлар ўқилди. Дуои фотиҳадан сўнг ҳадис илми, ҳадис илмининг фазилатлари, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муснадийнинг ҳадис илми ривожи учун қилган хизматлари шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари томонидан алоҳида эътироф этилди.

Шундай кейин Абу Бакр Исҳоқ ал-Гулабодийнинг қабрлари зиёрат қилинди. У киши ҳижрий 380 йилда вафот этганлар. Машҳур асарлари “Тасаввуф аҳлини мазҳаби билан танишиш” деб номланади. Абу Бакр Исҳоқ ал-Гулабодий тасаввуф намоёндаларидан бўлганлар. Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари у кишининг қабрлари устида тиловат қилиб, дуои хайрлар қилганларидан сўнг, қисқача у киши ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, тасаввуф ва шаръий илмлар фазилатлари борасида, мазкур илмларга бўлган эҳтиёжимиз ҳақида ҳам сўз юритдилар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!