Бухорода карвонсаройлар хароб бўлмоқда

09:30 12.10.2018 814

Бухоро вилояти ҳудудида сақланиб қолган 14 та карвонсарой Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақалараро давлат инспекцияси рўйхатига киритилган. Туристик маршрутда жойлашган мазкур карвонсаройлар ҳозир реконструкция ва капитал таъмирга муҳтож. Turon24 мухбири объектлар ҳолатини бориб ўрганди.

Аниқланишича, карвонсаройларнинг аксарияти қаровсизликдан нурай бошлаган. Айримларининг ён-атрофи, ҳовлиси чиқиндихонага айлантирилган. Деворларига ҳар хил кимёвий бўёқлар билан хорижий сўзлар ёзиб ташланган. Бошқа техноген таъсирлар сабаб, асл кўринишини йўқотаётган карвонсаройлар ҳам бор. Мисол тариқасида “Рашид”, “Фатҳуллахон”, “Жўрабек” ва “Нўғай” карвонсаройларини тилга олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, XX аср бошигача Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Бухорода 67 та карвонсарой бўлиб, улар йирик савдо-сотиқ ва тижорат маркази сифатида хизмат кўрсатган. 1920 йили, Михаил Фрунзе босқини даврида, уларнинг кўпи бузиб ташланган ва бизгача етиб келмаган.

Маълумот учун: Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақалараро давлат инспекцияси томонидан Бухоро вилоятида 660 та моддий-маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Шундан 231 таси археология объекти, 364 таси архитектура ёдгорлиги, 19 таси монументал санъат асари, 22 таси архитектура ансамбли ва 24 таси диққатга сазовор жойлардир. Ҳозир ҳудудда 8 та мақбара, 47 та масжид, 14 та карвонсарой, 39 та мадраса сақланиб қолган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!