Бухорода реконструкция жараёнида Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний онасининг дахмаси топилди

22:20 08.10.2018 1312

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида жойлашган Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳида реконструкция, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганида алломанинг онасининг дахмаси топилди. Бу ҳақда туман ҳокимлигига таяниб, Turon24 маълум қилди.

Собиқ иттифоқ давридан ҳозирга қадар Ғиждувоний қабри бир неча бор таъмирланган. Узоқ йиллар давомида маҳаллий аҳоли улуғ пир қабри яқинида онасининг ҳам дахмаси мавжудлигини айтиб келган. Аниқланишича, она дахмаси кўмилиб, тошлар остида қолиб кетган.

Ҳозир она дахмасини алломанинг қабри ёнига келтириш ва у ерни ободонлаштириш ишлари бажарилмоқда. Бунда пир қабри устидаги айвон олиб ташланиб, тўрт томонида нақшинкор дарвозаси бўлган мақбара тикланмоқда.

Мақбара олдида икки минг кишилик жоме масжиди қад ростламоқда. Қадамжо атрофида 4 гектарлик хиёбон барпо этилди, суғориш тизимини ўрнатиш ишлари давом этмоқда. 12 минг квадрат метрлик йўлакларга тош терилди. Зиёратгоҳнинг орт томони 285 метрлик ғиштин девор билан, олд томони эса 440 метрлик темир панжара билан ўраб олинди.

Пудратчи ташкилот – “Тошғози қурилиш” МЧЖ раҳбари Ботир Тошевнинг сўзларига кўра, зиёратгоҳда ҳозирга қадар тўрт миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!