Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Бухоронинг айрим обидалари Ислом олами мероси рўйхатига киритилди

546

Маданият вазирлиги, Маданий мерос агентлиги ва Бухоро вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда Ислом оламининг таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO)нинг Ислом Олами Мероси рўйхатига киритиш мақсадида Бухородаги 7 та маданий мерос объектларнинг тегишли номзоднома ҳужжатлари тайёрланиб Ислом Олами Мероси Қўмитасига тақдим этилган эди.

Бир неча кун аввал Ислом Олами Мероси Қўмитасининг тўққизинчи онлайн мажлиси бўлиб ўтган. Учрашувда Бухоро 2020 йилда «Ислом олами маданияти пойтахти» деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси номидан тақдим этилган номзоднома ҳужжатлари кўриб чиқилиб, Бухородаги 7 та: Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Бакр, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Aттор масжиди, Пои-Калон ансамбли, Қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари ва Тошсарой мадрасалари ICESCOнинг Ислом Олами Мероси рўйхатига киритилган. Бу ҳақда Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Онлайн тарзда ўтказилган мажлисда шунингдек, Иордания (1 та), Эрон (5 та), Бангладеш (3 та), Жазоир (1), Ироқ (5 та), Фаластин (7 та), Қатар (3 та), Камерун (1 та), Ливия (16 та), Миср (3 та), Марокаш (6 та) давлатларида жойлашган обидалар ҳам Ислом Олами Мероси рўйхатига киритилди.

«Шунингдек, келажакда ушбу маданий мерос объектларини реставрация қилиш, уларни ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш бўйича ICESCO ва Ислом Олами Мероси Қўмитаси билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш юзасидан келишиб олинди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага