Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

“Бунақа видеони тарқатиш инсофдан эмас!”

5014

Ҳозир бир видеога кўзим тушди, сарлавҳасида "Усмон Хамис Али розияллоҳу анҳуни адашган деяпти" деган. 

Видеони очиб кўрсам, унда шайх Усмон Хамисдан савол сўралган: “Шайх Ибн Таймийя Али розияллоҳу анҳуни 16 та масалада Қуръон ва суннатга хилоф қилган деганми?”

Шайх Усмон Хамис жавоб берган: "Хилоф қилган" деганда қадимгилар "атайлаб қасддан хилоф қилган", деган маънони тушунишмайди, бироқ "хато қилган" деган маънони тушунишади. Али розияллоҳу анҳу 16 та масалада хато қилган бўлишлари мумкин. У зот маъсум эмас ва ҳоказо...”

Шу видеони олиб, “Усмон Хамис Алини адашган деяпти” деган сарлавҳа билан тарқатиш инсофдан эмас!

Мен шайх Усмон Хамиснинг мазҳабларга муносабатини ва даъват услубини хато деб биламан. У кишининг жуда кўп фикрларига мухолифман. 

Шу билан биргаликда у кишининг шиаларга қарши мунозараларини ислом учун катта хизмат ҳисоблайман. Аслида менга у кишининг мусулмон экани кифоя. Шунинг ўзи учун у кишига бўҳтон, ҳақорат ёғдиришдан ўзимни тияман ва бошқани қайтараман.

Энди видеодаги гапга келсак, бугунги кунимиздаги нодон рофиза шиалари Аллоҳнинг энг қабиҳ, жирканч махлуқларидан. Улар саййидимиз Абу Бакр, саййидимиз Умар, онамиз Ойша розияллоҳу анҳумларни ҳақорат қилиб, у зотларга туҳмат қилиб, саййидимиз Али розияллоҳу анҳуни илоҳ даражасига чиқариб қўйишади. Али хато қилмайди, дейишади. 

Биз – аҳли сунна ҳеч бир саҳоба ёки валийни хатодан маъсум демаймиз, фалон имом ёки олим ҳеч қачон хато қилмайди деб асло айтмаймиз. 

Усмон Хамис видеода бир мисол зикр қилган.

Аёл киши эри ўлса 4 ой 10 кун идда ўтириши Қуръонда келган. Яна ҳомиладор аёлнинг иддаси туғиши (ёки ҳомиласини тушириши) билан тугаши ҳам Қуръонда келган. Энди агар ҳомиладор аёлнинг эри ўлса, 4 ой 10 кун идда ўтирадими ё туққунча/ҳомиласи тушгунчами? 

Али розияллоҳу анҳу айтганларки, қайси бири узоқроқ бўлса, ўшанча ўтиради. Масалан, 8 ойлик  ҳомиласи бўлса, 1-2 ойда туғади, демак, туққанидан кейин ҳам эри ўлгандан бошлаб 4 ой 10 кун ўтмагунча идда ўтиради. Энди агар 2 ойлик ҳомиласи билан бева қолса, 4 ой 10 кундан кейин ҳали ҳомиласи энди 6 ой атрофида бўлади, то туққунча идда ўтиради, деганлар. 

Аксар саҳобалар ва улардан кейингилардан жумҳур уламолар бу фатвони хато деганлар. Улар "иддаси боласини туғиши билангина тугайди, агар бир ойдан кейин туғса, ўшанда иддадан чиқади, 4 ой 10 кун деган оятнинг унга алоқаси бўлмайди", деганлар.

Энг муҳими, Усмон Хамис шу жойда айтиб ўтган: Алининг  фатвоси тўғри бўлиб чиқиши ҳам мумкин, бироқ аксар уламолар наздида иккинчи қавл тўғрироқ.

Бизнинг ҳанафийларнинг мазҳабимиз ҳам шу! Биз имомимиз Ибн Масъуд ва бошқа саҳобаларга эргашиб, иккинчи қавлни тўғри деймиз. Али розияллоҳу анҳунинг қавллари хато, тўғри бўлиши ҳам мумкин, деймиз. Сабаби, бу – ижтиҳодий масала.

Шундай экан, ўша видео билан Усмон Хамисга бўҳтон қилган одам тавба қилсин ва видеосини ўчириб ташласин. У: "Хато қилган, бироқ балки қавли тўғридир, бизники хатодир" деса, сиз "Усмон Хамис Али адашган деяпти" дейсизми?!

Бир одамни обрўсизлантиришга қарор қилиб, кейин ундан хато қидиришнинг ўзи ниятнинг бузуқлигидан бўлади. Бундай манҳаж мутассиблар манҳажи. 

Ҳақда бўлган одам хатони кўрса, айтади. Бўлмаса, уни қидириб юрмайди. 

Аллоҳ таоло бизларни инсоф ва адолат сифатидан маҳрум қилиб қўймасин! Салафийликка ҳам, ҳанафий-шофеийликка ҳам таассуб қилишдан асрасин!

Таассуб – ўзининг тарафдори хато қилса, кўз юмиб, бошқа томон хато қилса, уни танқид қилиш, ўзининг тарафдори билангина дўст тутиниб, бошқа томонни душман билишдир. 

Аллоҳ таоло Қиёматда банданинг барча гуноҳлари тарозининг бир палласига қўйилишини буюради. Қўйилади, улар жуда кўп бўлади, ҳатто банда ҳалок бўлдим, энди нажот йўқ деб ўйлаб қолади. Шунда бошқа паллага тавҳид калимаси қўйилади ва тавҳид оғир келади. 
Адолат кунида чин адолат тарозисида тавҳид барча гуноҳлардан оғир келаркан, бизнинг тарози - ўлчовларимизда ҳам тавҳид бошқа хилофлардан оғир келиши, бинобарин, бизга мухолиф кимсаларни ҳам, модомики улар мўминлар экан, "лаа илааҳа иллаллоҳ" калимаси эгалари экан, кечириб, яхши кўра олишимиз керак эмасми?!
 
Бу дегани, ҳеч қандай танқид қилмаймиз, деганими? Асло ундай эмас. Танқид ёки мунозаралар қилаверамиз. Бироқ одоб, инсоф ва адолат билан қиламиз. Сўнгра, мунозара ва танқидлар ортидан биродар бўлиб қола оламиз. 
Мана шу энг яхши йўлдир. Валлоҳу аълам!

Маҳмуд Усмон

УЛАШИНГ:

« Орқага