«Бундан 1430 йил аввал, айни шу кунда...»

17:35 10.08.2019 1118

Бундан айнан 1430 йил олдин оламлар сарвари, башарнинг афзали, Аллохнинг энг суйган бандаси Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун энг керакли сўзларни Арафотда туриб айтиб, биз умматга шундай васият қилдилар:

“Аллоҳ таолога ҳамду сано айтамиз. Унга қайтамиз. Нафсларимизнинг ёмонликларидан ва ёмон амалларимиздан Унинг паноҳига қочамиз. Аллоҳ ҳидоятга бошлаган кишини ҳеч ким йўлдан чиқаролмайди. Аллоҳ адаштирган бандани ҳеч кимса йўлга сололмас. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Бирдир, тенги ва шериги йўқдир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг қули ва элчисидир. Эй Аллоҳнинг қуллари! Аллоҳдан қўрқишингизни, Унга итоат этишингизни васият қиламан.

Эй инсонлар! Сўзларимни диққат билан эшитингиз. Билмайман, балки бу санадан кейин сиз билан бу ерда яна бир бор бирга бўлолмасман.

Эй инсонлар! Бу куннинг қандай кун эканини биласизми? Бугун Явмуннаҳрдир (қурбон куни). Бу ойнинг қайси ойлигини биласизми? Бу ой Шаҳри ҳаромдир (муқаддас ой). Бу жойнинг қандай жойлигини биласизми? Бу ер Балдаи ҳарамдир (муқаддас шаҳар). Бу кунингиз қандай муқаддас бўлса, бу ойингиз қандай муқаддас бир ой бўлса, бу шаҳрингиз қандай муқаддас бир шаҳар бўлса, билингизки, жонларингиз, молларингиз, ирсларингиз ҳам то Аллоҳнинг ҳузурига чиққунга қадар бир-бирларингизга бу муқаддас кун, бу муқаддас ой, бу муборак шаҳар каби муқаддасдир. Буларга қилинган ҳар қандай тажовуз ҳаромдир.

Асҳобим! Ҳушингизни йиғиб олинг! Билингизки, эртага Аллоҳингизга қовушажаксиз. Бугунги ҳар турли ҳол ва хатти-ҳаракатларингиздан муҳаққақ сўроққа тутиласиз. Зинҳор-базинҳор мендан кейин эски залолатларга (адашувга) қайтиб, бир-бирларингизнинг бўйнингизни кесманг! Ушбу васиятимни бу ерда бўлганлар бўлмаганларга билдирсин. Балки билдирилган киши бу ерда туриб эшитгандан янада яхши тушунар ва муҳофаза этар.

Асҳобим! Эски жоҳилият давридан қолган ҳамма қон даъволари батамом бекор қилинди. Бекор қилганим илк қон даъвоси эса Абдулмутталиб невараси Робианинг қон даъвосидир.

Асҳобим! Жоҳилият даврининг ҳар турли рибоси (фоиз, судхўрлик) бекор қилинди. Илк бекор қилганим рибо Абдулмутталиб ўғли Аббоснинг фоизидир. Аллоҳнинг ажри ила бундан кейин фоизчилик тақиқлангандир. Эски даврлардан қолган бу чиркин одатнинг ҳар турлиси оёғим остидадир. Қарздорлар қарз берган кишиларга фақат улардан олганлари пулнигина тўлайдилар. Зулм ҳам қилмангиз, зулмга ҳам учрамангиз.

Асҳобим! Кимнинг ёнида бир омонат бўлса, уни эгасига қайтариб берсин. Ҳадяларга ҳадя ила жавоб берилур. Бошқаларга кафил бўлганлар кафолатнинг масъулиятини устига олган ҳисобланади.

Эй инсонлар! Бугун шайтон сизнинг шу юртингизда қайтадан нуфуз ва салтанат қуриш қудратини бундан кейин абадий йўқотган. Бироқ сиз бу бекор қилганларим нарсалардан бошқа кўзингизга кичик кўринган ишларда шайтонга эргашсангиз, уни севинтирган бўласиз. Динингизни муҳофаза қилмоқ учун булардан ҳам сақланингиз!

Эй инсонлар! Хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан шафқат, меҳр ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан кўрқингиз! Хотинлар сизга Аллоҳнинг омонатидир. Уларни Аллоҳ номига сўз бериб олдингиз, улар амри илоҳий ила сизга ҳалол бўлди. Сизнинг хотинлар устида ҳақларингиз бўлгани каби хотинларнинг ҳам сизда ҳақлари бордир. Сизнинг хотинлардаги ҳақларингиз − хотинларнинг оила шарафини сиз ёқтирмайдиган ҳеч бир кимсага оёқ ости қилдирмасликларидир. Хотинларингизнинг ҳар турли ейиш ва кийиш эҳтиёжларини таъминлашингиз эса уларнинг сизнинг устингиздаги ҳақларидир. Улар сизнинг ҳақларингизга риоя этмоқлари керак. Сиз ҳам уларга назокат билан муомала этишингиз лозим. Бир хотин эрининг рухсатисиз унинг молидан бирор нарсани бировга бериши ҳалол эмас.

Эй мўминлар! Сўзларимни яхшилаб эшитингиз, яхши англангиз ва яхши муҳофаза этингиз. Муҳаққақки, Раббингиз бирдир. Отангиз бирдир. Барчангиз Одамдансиз. Одам эса тупроқдандир. Ҳеч кимнинг бошқалардан устунлиги йўқдир. Шараф ва устунлик фақат фазилат биландир. Шуни яхши билингки, ҳар мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Бутун мусулмонлар бир-бирларининг биродаридир. Айни (тенг) ҳақларга эгадирлар. Дин биродарингизга оид бўлган ҳар қандай бир ҳаққа тажовуз этиш кўнгил ризоси бўлмагунча бошқа биров учун ҳалол бўлмас. Ҳақсизлик қилманг! Ҳақсизликка бўйин ҳам эгманг! Одамларнинг ҳақларини еманг! Зинҳор мендан кейин кофирларга ўхшаб бир-бирингиз билан бўғишманг!

Асҳобим! Нафсларингизга ҳам зулм қилманг! Нафсларингизнинг ҳам сизда ҳақлари бор.

Эй инсонлар! Аллоҳ ҳар кимга тушган ҳақ соҳибининг мерос ҳақини Қуръонда билдирган. (Бинобарин), меросчилар учун васиятнинг кераги йўқ.

Эй инсонлар! Ҳар бир жиноятчи ўз айбига фақат ўзи жавобгардир. Ҳеч бир жиноятчининг гуноҳи учун авлоди жазо тортмайди. Ҳеч бир фарзанднинг гуноҳидан отаси ҳам масъул бўлмас.

Эй мўминлар! Сизга бир омонат қолдиряпман. Унга маҳкам боғланганингиз сари йўлингизда ҳеч адашмайсиз. Бу омонат Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг суннатидир.

Эй инсонлар! Аллоҳга ибодат қилинг! Беш вақт (намоз)ингизни адо этинг −  Раббингизнинг жаннатига кирасиз.

Эй инсонлар! Ифротдан (ҳаддан ошишдан) сақланинг! Сиздан олдин ўтганларнинг ҳалокатга учрашларига диндаги ифротлари сабаб бўлган эди.

Ҳаж амалларини мендан ўрганинг! Аниқ билмайман, балки бу йилдан сўнг қайта бор сиз билан бу ерда учрашолмасман. Бу насиҳатларимни бу ерда бўлганлар бўлмаганларга етказсин. Балки ўзига билдирилганлар ичида бу ерда бўлганлардан ҳам яхши англаганлар, бу (насиҳат)ларни янада кўпроқ муҳофаза этиб эслайдиганлар чиқиб қолар”.

“Эй инсонлар! Эрта мен ҳақимда сиздан сўрашади. Нима дейсиз? Рисолатимни таблиғ этдимми? Илоҳий вазифамни адо этдимми?!” − дея сўрадилар.

Бутун асҳоб бир овоздан:

“Ҳа, қасамки, Аллоҳнинг рисолатини таблиғ этдингиз. Вазифангизни бажардингиз. Бизга васият ва насиҳат қилдингиз. Айнан гувоҳлик келтирамиз!” – дедилар.

Ўшанда Расули акрам шаҳодат бармоқларини юқорига кўтардилар. Уч марта:

“Шоҳид бўл, ё Раббий! Шоҳид бўл, ё Раббий! Шоҳид бўл, ё Раббий!” − дедилар ва сўзларини битирдилар."

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!