Раҳматли бувимнинг дугоналари бўларди. Фарзандлари вафот этиб кетганми ё бола кўрмаганмиди, эсимда йўқ, кунда-кунора бизникига келардилар. Бир куни ўша аёл бизни мақтаб қолдилар:
- Ўртоқ, невараларингга кўз тегмасин, бир-биридан ақлли, бир-биридан доно-я! Қандоғам бахтли экансан!
Мен ғурурланиб бувимга қарадим. Ичимда: "Ҳозир бувимам бизни мақтайдилар, айниқса, мени!" - деб маҳтал турибман. Лекин бувим...
- Э, қўй, мақтама буларни! Бола-чақанинг фитна эканини билмайсан-да! Сен шукрингни кўпайтир. Бу невараларам бор бўлсин-у, лекин... - у ёғига аллақанча менга ёқмаган гапларни айтдилар. Болалигимга бориб, бувимдан хафа бўлдим. Кечгача тўсрайиб юрдим. Кечки пайт бувим мени ёнларига чақирдилар.
– Бояги гапларимга хафа бўлдинг-а? – дедилар. Мен баттар тумтайдим.
– Ҳали ақлинг тўлишмаган-да, қизим, шунга хафа бўлдинг. Қулоғингда бўлсин, улғайиб, фарзанд кўрсанг, фарзанди йўқ аёлларнинг олдида болаларинг билан зинҳор мақтанма! Уйи йўқнинг олдида уйингни мақтама! Пули йўқ, ночорнинг олдида тўкинлигинг билан мақтанма! Пиёда қолганларнинг олдида уловингни мақтама! Айб бўлади!
– Нимаси айб бўлади?
– Унинг ношукрлиги кўпаяди, ичида ҳасад уйғониши мумкин, ўксиши мумкин, бир дардига ўн дард қўшилиши мумкин... Буларга сабаб бўлиб қолмаслик керак. Бировнинг ўкинчдан бўйни букилишига сабабчи бўлиш айб... йўқ, гуноҳ бўлади, қизим...
Бу ўгитлар хаётимда шунчалар кўп асқотдики...
Мана, сизларга ҳам илиндим...
Дилфуза Комил