“Бўйрачи”

11:00 07.02.2019 1198

Халил бўйра тўқиш билан шуғулланар эди. Бўйрасиз намозхонни кўриб қолса ёки намоз ўқиш учун ҳеч қандай тўшамасиз намозхонни кўрса дарҳол унга бўйра тўқиб совға қилар эди. Бир куни ажиб бир туш кўрди. Тушида умуртқасидан ток новдаси ўсиб чиқиб бир бош узум солибди. Кишилар келиб у бош узумдан ейишаётган эмиш. Аммо бир бош узум ҳеч тугамас эмиш. Туш бир неча бор такрорлангач бир шайхнинг ҳузурига бориб таъбирини сўради. 

Шайх ундан: 
- Фарзандинг борми? - деб сўради.

Халил:
- Ҳа, ўғлим бор. Ёши иккида, - деди.

Шайх:
- Уни Азҳарда ўқитгин. Диний билимларни ўргансин. Иншааллоҳ буюк инсон бўлади,-деди. 
Шундай ҳам бўлди. Отаси уни Азҳарда ўқитди. Саккиз ёшида қуръонни ёд олди. Дунёда биринчи бўлиб мусҳафи шарифни магнит тасмасига Имом Осимдан Ҳафснинг ривояти асосида ёздирди. Унга молиявий ҳақ олмади. Шу сабабми Аллоҳ унинг бу меҳнатига машҳурлик ато қилди. У бутун дунёга тарқалди.

Кейинчалик бошқа қироатларни ҳам магнит тасмасига туширди. У "Ўргатувчи" услубида Қуръонни биринчи бўлиб магнит тасмасига ёздирди. У биринчи бўлиб Бирлашган миллатлар ташкилотида Қуръон ўқиди ва пешин вақтида азон айтди. У биринчи бўлиб Америка конгрессида Қуръон ўқиди. У Қуръон қироатига бағишланган бир қанча асарлар битди. Унинг қарийб эллик беш йиллик Қуръон билан қилган сафари 1980 йил 23 ноябрда ниҳоясига етди. Бу улуғ қироат соҳиби Маҳмуд Халил Ҳусорий раҳимаҳуллоҳдир. Биз ҳали ҳам ўша бир бош узумдан баҳраманд бўлаяпмиз. У ҳали ҳам тугагани йўқ.

Отаси Халил намозхонларга бўйра тўшаб яхши иш қилди. Аллоҳ унинг ўғлининг овозини бутун дунёга "Ҳусорий" (бўйрачи) номи ила таратди.

Аллоҳ учун қиладиган амалимизни кичкина санамайлик!

Абдулқодир ПОЛВОНОВ
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!