«Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзосидан энергетика соҳасида жорий қилиш мумкин бўлган таклифлар

22:00 15.05.2019 219

2017-2018 йилларда «Ўзбекистоннинг муқобил энергия манбаларининг истиқболлари» лойиҳаси раҳбари, Германиянинг «Қуёш энергияси ассоциацияси» аъзоси ва «Александер Гумбольдт» жамғармаси аъзоси, Карлсруэ Технология институтида «ThinkTank» лойиҳаси раҳбари, «Буюк келажак» эксперт кенгаши аъзоси Равшан Хўжанов энергетика соҳасида жорий қилиш мумкин бўлган таклифлари билан ўртоқлашди.

Исроф деганда кўпчилик маълум бир шаклдаги ёки турдаги нарсаларни тушунади. Исроф дегани нима ўзи? Исроф сўзи луғатда “чегарадан чиқиш” ва “бир нарсани қасддан унутиш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса моддий ва маънавий маънода ишлатилса-да, кўпроқ моддий сарф харажатларда ўз ифодасини топади. Роғиб Асфиҳоний: “Ҳар қандай ишда чегарадан чиқиш исрофдир”, деганлар. Динимизда ҳам исроф қаттиқ қораланган. Агар эсласак, ёшлигимизда нон ушоғи ерга тушиб кетса, дарров териб олиб юзимизга суртар эдик. Шундай эмасми.

Демак, электр энергияни исрофи ҳам увол бўлади. Уйда ёки ҳовлида ёхуд кўча чироқларини бекорга ёниб туриши исрофга киради ва увол ҳисобланади. Чунки 1 квт электр энергияни ишлаб чиқариш учун қанча қазилма бойлигимиз ва қанча заҳматкаш мутахассис инсонларни меҳнати ётибди. Ҳозирда 1 квт электр энергия 3 сентдан бўлгани билан унинг таннархи ундан ошиқ бўлиши мумкин. Ёки бу нархни Европа мамлакатларидан анча арзонлиги бу биз ўз ёқилғиларимиздан газ нефтни ишлатаётганлимиздандир. Агар бизда шу қазилма бойликлар бўлмаганда ҳозир бу нархга электр энергияни сотиб ололмасдик. Туркия каби 13 сент ёки Германия каби 28 сентдан бўлар эди. Қани бизда шукроналик... Кўпчилик қиш мавсумида электр ва иссиқлик энергия танқислигидан азият чекади. Айбни эса фақат давлатга қўйишади. Қарс икки қўлдан чиқади. Сизу биз тежамкор электр қурилмалардан ва лампочкачалардан фойдаланаяпмизми?! Қиш келди, совуқ, дея ҳамма электр иситиш ускуналарини ёқамиз. Ўша ускуналар ҳам тежамкор ускуналармас, одатда қўлбола ускуналар. Европада ҳам электр иситиш ускуналари билан иситилади. Аммо улар тежамкор ва давлат стандартига мос ускуналардир. Ёки кундалик ҳаётимизда табиий газ исрофини учратишимиз мумкин. Уйда, нонвойхонада ва тўй-ҳашамларда газни бекорга ёниб турганини кўрамиз. Бу ҳам исроф ва уволдир. Ёшлигимизда бувиларимиз айтишарди: “Ҳар нарсани уволи ёмон”. Демак, ҳар қандай нарсани исроф , уволи бўлади. Хусусан, электр энергияни тежаб тергаб ишлатсак, нафақат оиламиз ғазнасига, балки давлат ғазнасига ҳам фойда.

Сиз тежамкорлигингиз, юртимиз қазилма бойликларини тежалишига олиб келади. Демак, ҳар биримиз озми кўпми Ватан равнақига ҳисса қўшган бўламиз.

Ватанга хизмат: Ҳар бир инсон туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган жойни ўз Ватани деб ҳисоблайди. Шу юртнинг гуллаб яшнаганини кўриш инсонга айниқса хориждаги ватандошларга улкан бахт ато этади. Шу Ватан, шу юртга дахлдорлик ҳисси ҳар бир ватанпарвар, садоқатли инсонга куч қувват ва мадад бериб туради.

Соҳам – энергетика. Орзуларимдан бири юртимизда қуёш станцияларини қуриб, мамлакатимиз равнақи ва халкимизнинг фаровон турмуш тарзини янада гўзаллаштиришдан иборатдир. Тан олиш керакки, юртимизнинг узоқ шаҳар ва қишлоқларида оддий бўлган электр, иссиқлик ва тоза сув ичимлиги долзарб муаммолардан бирига айланган. Ваҳоланки, юртимизда Менделеевнинг барча кимёвий моддалари мавжуд. Хусусан, газ, нефть, олтин ва уран ватанимиз учун энг керакли бўлган муҳим қазилма бойликлардан ҳисобланади. Уни эса асраб-авайлаб, исроф қилмасдан келажак авлодга етказиб бериш биз мусулмонларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бунинг учун ўлкамиздаги Аллоҳ бизга неъмат қилиб берган қуёшдан текин фойдаланиб, қазилма бойликларимизни тежашимиз ёки экспорт қилиб валюта тушумини оширишимиз мумкин. Шундай экан, мамлакатимиздаги энергетика ҳолатини қисқача таҳлил қилиб, муқобил энергиянинг юртимиз энергетикасида ролинининг муҳимлигини баён этмоққа жазм қилдим. Ундан ташқари, элимиз равнақи йўлида соҳавий ҳамда умумий таклифларимни баён этмоқчиман.

Барчамизга маълумки мустақил ватанимиз тобора ривожланиб, тараққий этиб бормоқда. Бунинг замирида эса ҳар бир ватанпарвар ва жонкуяр юртдошимизнинг машаққатли холис меҳнати ётибди. Бундай дорул омон кунлар ўз ўзидан бўлиб қолмади, десак адашмаган бўламиз. Яратганнинг бизга берган энг катта неъматлари, албатта мустақиллик ва тинчлик-хотиржамликдир. Бу неъматларнинг қадрига етиш,  уни асраб авайлаш ватанга бўлган энг улкан хизматдир.

Ватан равнақи ва таққиётига дахлдорлик ҳисси нафақат шу элда хизмат қилаётган ҳар бир шахсда балки хорижда ўқиб яшаб ишлаётган юртдошларимизда ҳам шаклланган бўлиши лозим. Ҳар биримиз қилаётган ишимизни сидқидилдан садоқат билан бажарсак ва “ватанга ҳизмат олий саодат”, эканлигини доимо эсда тутсак ватанимиз бундан-да гуллаб яшнайди.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон иқтисодиётида электр энергия ишлаб чикариш муҳим роль ўйнайди. Уни ишлаб чиқариш учун энг кўп ёқиладиган табиий газдир  ва бу кўрсаткич қарийб 87%ни ташкил қилади. Жумладан, мамлакатимизда табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича тақсимот қуйидагича:

Кўмир

Табиий газ

Нефть

Газ маҳсулотлари

Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 86%  қисми республикамиздаги иссиқлик электр станциялари ҳисобига тўғри келади. Бу бўйича ўзаро улушлар тақсимоти қуйидаги кўринишда:

ИЭС

ГЭС

Бошқа корхоналар

Ортиқча кўрсаткич ва мулоҳазаларга тўхталмай, бугунги кундаги энергетика соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида ўз таклифларимни билдирмоқчи эдим. Бу таклифларим Президентимизнинг Германияга сафари чоғида ОАВ воситаларининг юзини кўриши икки ҳисса мақсадга мувофиқдир.

Муаммолар

Юртимизда электр энергия ишлаб чиқарувчи станцияларда 42 та энергоблок мавжуд бўлиб, уларнинг деярли -  50% маънан ва жисмонан эскирган. 28 йил ичида нафақат бу станциялар балки саноат корхоналарида ҳам электр энергияни истеъмол қилувчи ускуна ва қурилмалар эскирди. Уларни янгисига ва тежамкорига алмаштириш баъзиларимизни хаёлимизга ҳам келмайди ёки қурбимиз етмайди. Тахминан бундан 4 йил муқаддам Ўзбекистон ҳукумати Сирдарё ИЭСининг 2 та блогини модернизация қилиш вазифасини Россиянинг “Силовые машины” ташкилотига топширди. Бу ташкилот бу ишни уддалади. Тежамкор замонавий асбоб ускуналар билан 2 та блокни таъминлади. Баъзи тежамкор ускуналардан таъминот насосидан 2 тасини Германиянинг KSB компаниясиники ўрнатишди. Жудаям самарали қурилма. Бу насоснинг нархи тахминан 600 минг доллар туради. Агар биз бу таъминот насосини юртимиздаги ҳар битта блокларга қўйиб чиқсак, улкан тежамкорликка эришамиз. Агар бу насосларни “Силовые машины” орқали эмас, балки, Германиядан тўғридан тўғри сотиб олсак, валютамизни қарийб 50% гача тежалиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ўзимиз қила оладиган ишларни бировга бериб қўймаслигимиз керак. Бу каби энергияни кўп истеъмол қиладиган корхона ва ташкилотларнинг ҳисоби йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “валюта ёқиб электр энергия ишлаб чиқармоқдамиз”, деган мазмундаги танқидий сўзларидан шуни англаса бўладики, бундан бу ёғига уни тежаб- тергаб ишлатиш ва Ўзбекистон ҳукуматининг газ турбиналардан воз кечиш сиёсатини юргизиш эҳтимоли юқори бўлиши мумкин.

Қўшимча маълумот сифатида таъкидлаб ўтиш керакки, бу ишларни табиий қазилма ресурсларни қазиб олиш соҳаси  – яъни, газ ва нефт саноатида (Шўртангаз, Газли, Муборак ва х.к) ҳам қўллаш мумкин. Бу соҳада ҳам мазкур муаммолар мавжудлиги эҳтимолдан ҳоли эмас.

Таклифлар

  1. Мавжуд эскирган буғ турбиналар ўрнини юқори ҳароратли мужассамланган парабалоцилиндрик қуёш коллекторлари қисман ёки тўлиқ эгаллаши мумкин. Уларнинг иссиқлик ҳарорати 200-950 градусни ташкил этади.

Гелиостатлар

Ишчи ва иссиқлик сақлаш цикли

Буғ цикли

  1. Ундан ташқари иссиқлик электр марказлари ҳамда туман иссиқлик қозонхоналарида паст ҳароратли қуёш абсорберларини қўллаш мумкин. 10 градусли сув ҳароратини қозонхоналарни 40-200 градусгача бу абсорберлар ёрдамида кўтарилса, қолган юқори ҳароратни олиш учун ёқилғи ишлатиш мумкин. Бунинг нархи анча арзон тушади.

Иссиқлик электр маркази

Совуқ сув идиши

Ер ости суви

Иссиқ сув идиши

(ёзда)

қишда

Бошланғич иситиш

Аҳоли уй истеъмолидаги ёритиш мосламарни тежамкор мосламаларга, хусусан LED лампаларга давлат тарафидан ўтказиш

  1. Шамол бор ҳудудларда шамол генераторларидан унумли фойдаланиш. Дала ва даштларда ерни ости сувлари билан суғоришда муқобил энергия манбаларидан автоном тарзда фойдаланиш. Чунки у жойларга сув таъминотини етказиш қийин. Ер ости сувларини насос билан ҳайдаб чиқариш учун электр энергия керак. Бу энергияни қуёш панелларидан ёки шамол генераторларидан олиш мумкин.
  2. Юртимизда қурилаётган ҳар қандай янги бино ва турар жойларнинг энергия самарадорлиги стандартларига мос равишда қуриш ва буни қонун ва қарор билан белгилаб қўйиш.
  3. Германия ва Ўзбекистон ўртасида қуёш энергетикасини Ўзбекистонда ривожлантириш меморандум тузилади. Бу меморандум асосида Германия ҳукумати Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантириш учун беғараз молиявий ёрдам беришга ва ҳамкорлик қилишга тайёр. Буни Германиянинг аэрокосмик ва энергетика марказининг Африка ва Араб мамлакатларига амалга ошираётган лойиҳалари мисолида кўришимиз мумкин.
  4. Мазкур меморандум асосида Ўзбекистондаги соҳа вакилларини қуёш энергетикаси бўйича, мамлакат ичида ҳамда Германияда билим ва малакалари ошириб бориш. 
  5. Турли қуёш коллекторлари ва ўлчаш асбоблари ёрдамида жойларда илмий - амалий тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда аҳолини қуёш энергетикасини ўз хонадонларида ўрнатишга бўлган қизиқишларини ошириш юзасидан тегишли тарғибот ишларини кучайтириб борилади. Бу ишларни амалга ошириш учун турли илмий тадқиқот институтлари ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда боғча-мактаблар асосий пойдевор -асос бўлади. 
  6. Ўзбекистонда икки давлат ҳамкорлигида техника университетини ташкил этиш. Бунга хорижда илм олаётган ва ишлаётган ватандошларимизни жалб қилиш ҳамда иш билан таъминлаш.  Университетларни ҳам ҳадеб пойтахтда ташкил этмасдан, балки вилоятларда ҳам асос солиш керак.
  7. Қуёш иссиқлик коллекторларини Германия тажрибаси ва технологияси асосида маҳаллий хом-ашё асосида ишлаб чиқариш. Бунга бизда салоҳият етарлича бор. Дастлабки босқичдаги ишларда немис мутахассислари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилади. Кейинчалик бу ишлар бевосита маҳаллий соҳа мутахассислар томонидан амалга ошириб бориш.
  8. Турли сабаблар билан – хизмат сафари бўйича ёки меҳнат ва ўқув таътили давомида Ўзбекистонга келаётган хориждаги ватандошларимиздан унумли фойдаланиб,  улар билан соҳасига оид турли учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар ташкил этиш, пресс  клубларга таклиф қилган ҳолда, уларнинг билим ва тажрибаларини соҳа йўналишида таълим олувчи талабаларга етказиб бориш.
  9. Ҳар ой камида бир марта, Ўзбекистондаги марказий телерадиоканаллар орқали муқобил энергияни иқтисодимизнинг турли жабҳаларида самарали қўллаш бўйича телерадиолойиҳалар ташкил қилиш лозим. Бундай тарғибот ишларини мунтазамлигини таъминлаб, ушбу соҳа вакиллари билан узвий боғланган ҳолда ташвиқот ишлари олиб бориш.
  10. Интернет тармоқларида фаолият кўрсатувчи муқобил энергия порталини яратиш керак, унда маҳаллий олимлар билан бирга, хорижий мутахассислар билан ҳамкорликдаги ишлар таҳилили кенг ёритиб бориш.
  11. Энергетика соҳасида, жумладан қуёш, шамол биогаз, геотермал соҳаларда Германия Университетларида докторантура, магистратура ва бакалавр босқичларида ўзбек ёшлари учун мақсадли ўқиш ташкил этиш.
  12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида энергетика соҳасини такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича бўлим ёки таркибида етакчи олим ва мутахассислардан иборат Маслаҳат Кенгашини ташкил қилиш лозим. Мазкур бўлим ёки Кенгашнинг асосий вазифалари этиб, энергетика соҳасига инвестициялар жалб қилиш билан бирга, бу борада таълим ва илмий соҳаларни ривожлантириш ва тўғридан- тўғри хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш белгиланади.

Юқоридаги амалий таклифларни лойиҳалаштириб, тадбиқ этиш учун алоҳида Дастур ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Президентимиз: “Икки йилдан кейин ҳукумат бошқарувига ёшлар келади, “деганларини ҳисобга олиб, лойиҳанинг асосий иштирокчилар аввало ёшлар бўлса, мамлакатнинг келажакда тараққий этган, дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторига олиб чиқиш учун ўзларининг муносиб ҳиссасаларини қўшишдан иборат деб ҳисоблайман.

ravshan.khujanov@hs-rm.de

Телеграм: +49 157 5608 5608

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!