Буюк муҳаббат (2-қисм)

00:00 13.03.2019 543

Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эришиш омилларининг иккичиси, дунёга берилмаслик, ундан зуҳд қилишдир.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, мени шундай амалга далолат қилингки, мен уни бажарсам, Аллоҳ таоло ҳам, инсонлар ҳам мени яхши кўрсин ”, деди. У зот алайҳиссалом: “Дунёдан зуҳд қил, Аллоҳ таоло сени яхши кўради, инсонларнинг қўлидаги нарсалардан зуҳд қил, инсонлар сени яхши кўради”, дедилар[1].  

Демак, инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган ва У Зотнинг муҳаббатига эриштирадиган омиллардан бири банданинг қалбидан дунё муҳаббати жой олмаслигидир. Қачон дунё муҳаббати банда қалбидан чиқса ва унинг ўрнини Аллоҳ таоло бўлган муҳаббат эгалласа, шундагина Аллоҳ таоло уни яхши кўради.

Салафи солиҳларнинг бу борада биздан афзаллик томонлари – улар дунёдан юз ўгирган эдилар, молу дунё уларнинг қолбларига кирмаган, балки қўлларида эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло улардан рози бўлди, уларни яхши кўрди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ҳам, бизларни ҳам дунёга муҳаббат қўйишдан, унга қул бўлишдан огоҳлантиргандилар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Динор, дирҳам, либос, кийим қуллари ҳалок бўлсин. Агар (шулардан бирортаси) берилса рози бўлади, агар берилмаса рози бўлмайди”, дедилар[2]

Чунки молу дунёга берилиб, уни қулига айланган инсон ўз хоҳиш-истакларини ўзига “илоҳ” тутган ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

(Эй, Муҳаммад!) Ҳавойи нафсини ўзига “илоҳ” қилиб олган ва Аллоҳ уни (азалдан гумроҳ бўлишини) билган ҳолда адаштириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрдингизми? Бас, уни Аллоҳ (адаштиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир, (бундан) эслатма олмайсизларми?! (“Жосия“ сураси, 23-оят).

Ислом оламида машҳур саркардалардан бўлган Қутайба ибн Муслимнинг аскарлари орасида ўзининг зоҳидлиги билан танилган Муҳаммад ибн Восиъ билан бўлган бир воқеани келитириб ўтсак:

Қутайба ибн Муслим ўз қўмондонлари ва вазирлари олдида Муҳаммад ибн Восиъни синаб кўрмоқчи бўлиб, ўз ҳузурида турган катта олтин бўлагига ишора қилиб шундай деди: “Мана шу катта олтин бўлагини берилса ҳам, уни олмайдиган кишини танийсизларми?”, деди. Вазирлар: “Бундай одам бўлмаса керак”, дейишди. Қутайба: “Мен сизларга Муҳаммад алайҳисссалом умматларидан бўлган бир кишини кўрсатаман, ҳар қандай олтин унинг учун худди тупроқдек”, деб, менга: “Муҳаммад ибн Восиънинг чақиринглар”, деди. Муҳаммад ибн Восиънинг олдига боришганида, у тасбеҳ, истиғфор ва ҳамдлар айтиш билан банд эканига гувоҳ бўлишди. Муҳаммад ибн Восиъ Қутайбанинг ҳузурига келди. Қутайба унга ҳўкизнинг калласидай келадиган олтинни берди. Ҳамманинг гувоҳлигида, Муҳаммад ибн Восиъ уни олди. Бу ҳолатдан Қутайба вазирлари, қўмондонлари олдида хижолат бўлиб қолди, унинг юзлари ўзгарди. Муҳаммад ибн Восиъ эса бамайлихотир олтинни олиб чиқиб кетди. Қутайба бир аскарига Муҳаммад ибн Восиънинг ортидан бориб кузатиб юришини тайинлади ва: “Эй Аллоҳ, мен унинг тўғрисида ўйлаган гумонимни пучга чиқарма”, дея дуо қилди. Муҳаммад ибн Восиъ олтинни олиб кетаётганида, аскарлар орасида тиланчилик қилиб юрган бир кишини кўриб, унга олтинни борича бериб юборди. Бу ҳолатни кузатиб бораётган аскар дарҳол Қутайба ҳузурига келиб, бўлган воқеъани айтиб берди. Бу ҳолатдан Қутайба хурсанд бўлиб, атрофидагиларга: “Мен сизларга Муҳаммад алайҳисссалом умматларидан бўлган бир киши бор, ҳар қандай олтин унинг учун худди тупроқдек”, деб айтмаганмидим”, деди.  

Муҳаммад ибн Восиъга тегишли мазкур воқеа дунёдан зуҳд қилишнинг бир намунасидир. Биз, Аллоҳ таолога қайтишимиз учун бунга ўхшаш қиссаларни кўпроқ ўқишимиз лозим бўлади. Зеро, инсон дунёдан зуҳд қилмас экан, унинг учун зарур бўлган илм мажлисларига қатнаша олмайди, зикр, Қуръони Карим тиловати, китоблар ўқишга вақт топа олмайди.

Инсон қалби уйқу, ғафлатдан уйғониши учун зуҳд мавзусидаги маърузалар, бу борадаги китоблар ўқишга доимий муҳтож бўлади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам елкамдан ушлаб: “Дунёда мусофир каби ёки йўловчи каби бўл”, дедилар”. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур насиҳатларига амал қилиб, умрларининг охиригача саҳобалар ичида энг зоҳиди бўлиб ҳаёт кечирдилар. Дунёда худди мусофир каби яшадилар. Амирлик, бошлиқлик, халифаликка энг ҳақлилардан бўлсалар ҳам, доимо ўзларини четга олиб юрдилар.      

Шуни таъкидлаш лозимки, зуҳд тушунчаси баъзи инсонлар ўйлаганларидек таркидунёлик дегани эмас. Балки “зуҳд” – инсон дунёдан ўзига манфаатли бўладиганини олиши, дунё уни ибодатлардан чалғитмаслиги, балки Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишига ёрдам бўлишидир.

Баъзи олимлар: “зуҳд” – ҳаромдан тийилишдир, десалар, яна баъзилари: “зуҳд” – охиратда фойда бермайдиган нарсаларни тарк қилишдир. Охиратга фойда берадиган нарсалардан тийилиш эса зуҳд ҳисобланмайди”, дейишади.      

Давоми бор ...

Доктор Оиз Қарний ҳафизаҳуллоҳнинг “Аллоҳни муҳофаза қил, Ул Зот сени муҳофаза қилади” номли китобларидан

Фаррух Абдулкарим, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.


[1] Имом Ибн Можжа ўз “Сунан”ларида келтирганлар.

[2] Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!