Буюк муҳаббат (1-қисм)

14:14 13.03.2019 733

Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эришишдаги омиллар бир нечтадир Уларнинг муҳаббатига эришишдаги омилларнинг биринчиси – Қуръони Каримдир.

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эришиш омилларининг энг афзалидир. Умматнинг нажоти ва муваффақияти Қуръони Каримни тиловат қилиш, унинг маъноларини англаб, тадаббур ва тафаккур ила ўқиш ва унга амал қилишдадир. Қайси бир даврда, бир уммат Қуръони Каримнинг тиловати, уни маъноларини тушуниб, тадаббур-тафаккур қилиш ва унга амал қилишни тарк эта бошласа, Аллоҳ таоло у умматни турли хил тортишувлар, ўзаро зиддият ва келишмовчиликлар ҳамда парокандалик билан балолайди. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўғри йўлдаги қавм ичида фақат ўзаро тортишувчиларгина адашади”, дедилар .   

Демак, уммат Қуръони Каримдан узоқлашгани сари турли хил бемаъни ва бекорчи ишлар билан машғул бўлади, арзимаган нарсалар устида тортишади, турли зиддиятлар келтириб чиқаради, охир-оқибат улар тўғри йўлдан адашади.

Маданиятни Қуръони Карим ва суннатдан бошқа нарсалардан излайдиган уммат ривожланиш, тараққий этиш, улуғлик ва шарафда қолоқ бўлади.

Уммат Қуръони Карим ва суннатдан юз ўгирган кунидан бошлаб  мазмунсиз ҳаёт кечира бошлайди, кунини, бебаҳо вақтини беҳуда нарсалар билан кўкка суворади. Дунё ва охиратига фойдаси бўлмаган ишларга шўнғиб кетади.  

Ўтмишда саҳобалар, тобеъинлар ва табъа тобеъинлар ҳаётини яхшилаб ўрганган киши у зотларнинг Қуръон ва суннатни маҳкам тутганларига гувоҳ бўлади. Уларнинг замони ибодат, зуҳд ва тақво, Аллоҳ таолога юзланишда энг яхши давр бўлганига ишончи ортади..

Биз Қуръони Каримдан юз ўгирганимиз, уни тарк қилганимиз сабаб қалбларимиз ўлди, ўша энг яхши замондаги нур, ибодат, зуҳд ва тақво ҳамда Аллоҳ таолога юзланишдан маҳрум бўлдик. Қуръони Карим ва суннатга амал қилинган замонда инсонлар дин йўлида кўрган қийинчиликлари, пешқадам бўлганлари ва қилган хизматлари билан фахрланишган. Ҳақиқий мусулмон банда мана шундоқ бўлмоғи лозим.

Бироқ, Қуръони Карим ва суннатга амал қилишни тарк қилган замонда инсонлар насаби, аслзодалиги, оиласи, мансаби, обрўси билан фахрланишган. Бундай нарсалар билан Фиръавн ва унга ўхшаган кимсаларгина фахрланади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом мусулмон умматларига Қуръони Карим билан қандай муомала қилишни доимо ўзлари ўрнак бўлиб ўргатганлар. Ойша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида сўралганида: “У зотнинг хулқлари Қуръон эди”, дея жавоб берганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бамисоли ер юзида юрадиган тирик Қуръон эдилар. Қачон Қуръони Карим ўқисангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳақида ўқигандай бўласиз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз! (“Қалам” сураси, 4-оят).

Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар (“Оли Имрон” сураси, 159-оят).

Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг! (“Аъроф” сураси, 199-оят).

(Эй, Макка аҳли!) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди (“Тавба” сураси, 128-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаларга ҳадислар айтиб, Қуръони Карим билан қандай ҳаёт кечириш кераклигини таълим берардилар. Бу ҳадиси шарифларни ўқиган ҳар қандай мусулмон кишининг қалби Қуръони Каримни ўқишга ошиқади.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қуръони Каримни ўқинглар, албатта, у қиёмат куни ўз соҳибини шафоат қилувчи бўлган ҳолида келади”, дедилар .

Қуръони Карим ўз эгасини шафоат қилар экан, Каломи Шарифни ўқувчи нақадар бахтли инсондир.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни ўргатганларингиздир”, дедилар .

Бундай мақтовлар оламлар Раббиси Аллоҳ таоло томонидан бўляпти, бошқа бировнинг ўйлаб топгани эмас. Бундай мақтовларга сазовор бўлишнинг бирдан бир йўли Қуръони Каримни ўрганиб, уни ўзгаларга ўргатишдир. 

Ҳақиқатан ҳам Қуръони Карим билан ҳаёт кечирувчи инсон ичимизда энг бахтли, энг шарафли ва энг улуғимиз ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларни, уларнинг Қуръони Каримга қанчалик боғланганлари, ундан қанча ёд олгани ва уни қанча миқдорда тиловат қилганига қараб иззат-икром қилардилар.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир гуруҳ саҳобаларни Аллоҳ таолонинг йўлида жанг қилишга жўнатиш олдидан улардан қайсилари Қуръони Каримни (тўлиқ) ёд олганини сўрадилар. Саҳобалар жим туришди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қуръондан бироз бўлса ҳам ёдлаганларингиз борми?” деб қайта сўрадилар. Улардан бир киши: “Мен ёд олганман”, деди. У зот: “Қайси сураларни ёд олгансан”, дедилар. Саҳобий: “Бақара сурасини”, деб жавоб беради. Шунда Сарвари коинот: “Сен уларнинг бошлиғи бўласан”, дедилар .

Сиз мадомики, “Бақара” сурасини ёд олиб, қалбингизда сақлаб, у билан ҳаёт кечириб ундаги буйруқ ва қайтариқларга амал қилар экансиз, сиз мусулмонлар орасида уларнинг етакчиси, пешқадами бўласиз.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом Уҳуд куни шаҳид бўлган мусулмонлар ҳақида сўрадилар. Сўнгра қай бири Қуръондан кўпроқ ёд олган бўлса, улар аввал қабрга қўйилишини буюрдилар.

Саҳобалар розияллоҳу анҳумларнинг доимий суҳбатдоши Қуръони Карим бўлган. Ундан ҳеч ҳам ажралмаганлар. Муҳожир ёки ансорий саҳобийларнинг қай бирининг уйига кирилса, албатта, олдиларида Қуръони Карим турарди.

Саҳобалар одамларнинг қалбларини Қуръони Карим ила забт этардилар. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қироатларини эшитдилар. Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг овозлари ширали эди. Овозлари инсонларнинг қалбларидан жой олиб, тўғридан тўғри руҳлари билан сўзлашарди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳужраларидан чиқиб масжид айвонига келдилар. У зотнинг масжидлари ҳужраларига яқин эди. Сўнг Абу Мусонинг қироатини тинглай бошладилар. Эртаси куни У зот алайҳиссалом Абу Мусога: “Батаҳқиқ, оли Довуднинг мизмор (най)ларидан бир мизмор (най) сенга берилган-да”, дедилар . Шунда Абу Мусо: “Ё Расулуллоҳ, сиз мени тинглаётганмидингиз?”, деди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳга қасамки, ҳа”, дедилар. Абу Мусо: “Нафсим измида бўлган Зотга қасамки, агар сизнинг тинглаётганингизни билганимда эди, янада чиройлироқ, гўзалроқ ўқиган бўлардим”, деди .

Қуръони Карим оламлар Раббиси бўлган Зот Аллоҳ таолонинг каломи бўлгани учун уни эшитган ҳар қандай инсонлару жинларни ҳам лол қолдиради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (тиловатимни) эшитиб, (ўз қавмларига бориб) дедилар: «Дарҳақиқат, бизлар ажиб бир Қуръонни эшитдик. (“Жин” сураси, 1-оят).

29. (Эй, Муҳаммад!) Эсланг, ҳузурингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик*. Бас, қачонки, улар ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим бўлингиз!» – дедилар. Бас, қачонки, (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантирувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар. 30. Улар дедилар: «Эй, қавмимиз! Дарҳақиқат, биз Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (илоҳий китоб)ларни тасдиқ қилувчи ҳақ (дин)га ва тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китобни (Қуръонни) тингладик. 31. Эй, қавмимиз! Аллоҳнинг даъватчиси (Муҳаммад)ни қабул қилингиз ва унга имон келтирингиз! (Шунда Аллоҳ) гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур. 32. Ким Аллоҳнинг даъватчисини қабул қилмаса, бас, у ер юзида қочиб қутулувчи эмасдир ва унинг учун (Аллоҳдан) ўзга «дўстлар» ҳам йўқдир. Ана ўшалар аниқ залолатдадирлар» (“Аҳқоф” сураси, 29-32-оятлар).

Жинларнинг Қуръони Каримни эшитиб қолганлари, уни тинглаб мусулмон бўлганлари ва қавмларига қайтиб уларни бундан хабардор қилишгани воқеаси – Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Тоифдан қайтаётганларида содир бўлди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ичида Қуръони Каримдан ҳеч нарсаси бўлмаган кишининг мисоли хароба уй кабидир”, дедилар.

Одатда хароба, ташландиқ уйнинг ичида қарғалар, илонлар ва чаёнлар яшагани каби, Қуръони Карим жой олмаган қалбларни мунофиқлик, васвасалар, ваҳима, бемаъни ўй-хаёллар, саросима, ахлоқсиз ашуллалар эгаллайди.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон Каримни кўп ёд олган, кўпроқ вақтини у билан ўтказадиган саҳобаларни хурсанд қилардилар.

Қорилар саййиди Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом у зотга қараб: “Аллоҳ таоло сенга “Баййинаҳ” сурасини ўқиб беришимни буюрди”, дедилар. Шунда Убай ибн Каъб: “Аллоҳ таоло менинг исмимни сизга айтдими?”, деди. У Зот: “Аллоҳга қасамки, ҳа”, дедилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг икки кўзлари ёшланди. Сўнг Пайғамбаримиз алайҳиссалом сурани ўқиб бердилар”.

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг ривоятида келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбнинг Қуръонга қанчалик яқин эканини, ундан қанча ёдлаганини ва у ҳақида қай даражада илмга эга эканини ва зийраклигини имтиҳон қилиб кўриш мақсадида: “Эй Абул Мунзир, Аллоҳ таолонинг китоби Қуръонда энг буюк оят қайси”, деб савол бердилар. Убай: “Аллоҳ ва расули билувчи”, дедилар. Яна такрор сўраганларида, Убай: “Оятал курсий” деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кафтларини у кишининг кўксига қўйиб: “Илм сенга фойдали бўлсин, эй Абу Мунзир”, дедилар.     

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча жабҳада мусулмонларга ўрнак бўлганлари каби Қуръони Карим тинглаб, ундан таъсирланиш, унга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги борасида ҳам ўрнакдирлар.

Абу Ҳотим ўзларининг тафсир китобларида “Ғошия” сурасини тафсир қилиб қуйидаги воқеъани келтирган: “Бир куни туннинг ярмида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ғошия” сурасини ўқиётган аёлнинг уйи олдидан ўтиб қолдилар. Кейин эшикка бошларини қўйиб тингладилар. Аёл эса “(Эй, Муҳаммад!) Сизга (даҳшати билан) қоплаб олувчининг (қиёматнинг) қиссаси дарҳақиқат (етиб) келдими?” маъносидаги оятни такрор-такрор ўқиб йиғлар эди. Эшик олдида У Зотнинг тинглаб турганларини билмас эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам йиғлай бошладилар ва: “Ҳа, менга унинг хабари келди, ҳа менга унинг хабари келди”, дедилар”.

Саҳобайи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръонда зикр қилинган воқеъаларни худди кўриб тургандай таъсирланишларига кўп маротаба гувоҳи бўлишган. Ўзлари ҳам Қуръони Карим ўқиганларида худди шундай таъсирланишарди.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг “Ал-Бидоя ван-ниҳоя” китобида ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг бир оятни эшитиб, ундан қаттиқ таъсирланганлари сабабли бетоб бўлиб қолганлари, ҳатто саҳобалар у кишининг зиёратига келганларини зикр қилганлар. Айрим ривоятларда у оятлар “Соффот” сурасидаги қуйидаги оятлардир:

24.(Аммо фармоним келгунича) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) турингиз! Чунки улар (қилмишлари тўғрисида) сўралувчидирлар. 25. (Уларга айтилур:) «Нега бир-бирларингизга ёрдам бермаяпсиз?!». 26. Йўқ, улар бу Кунда таслим бўлувчидирлар! (“Соффот” сураси, 24-26-оятлар).

Шундай экан, инсон Қуръони Каримни яхши кўриб, унга яқин бўлиб, тиловат қилиб, унинг ҳукмларига амал қилмагунича Аллоҳ таоло асло ундай бандани яхши кўрмайди.

Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Бир-бирларингиздан: “Аллоҳ таолони қанчалик яхши кўрасан”, деб сўраб ўтирманглар, балки ўзларингиздан Қуръони Каримни қанчалик яхши кўришингизни сўранглар. Чунки ҳар қачон Қуръонни севсангиз, Аллоҳ таолони ҳам севган бўласиз. Қай миқдорда Қуръонни севсангиз, шунчалик даражада Аллоҳ таолони севган бўласиз”, дедилар.

Усайд ибн Хузайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Тунда “Бақара” сурасини ўқий бошлаганида, отлари безовталаниб ўз арқони ва сояси атрофида айланиб қолди. Шунда Усайд ибн Хузайр намозларини тўхтатдилар. Чунки от ўғилларини туёқлари билан босиб қўяй деганди. Отларини олдига борганларида бошларигача тушиб турган сояни кўрдилар. Эртаси куни бунинг хабарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бердилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ростдан ҳам сояни кўрдингми”, деб сўрадилар. Усайд: “Ҳа”, деб жавоб бердилар. У Зот: “Нафсим Унинг измида бўлган Зотга қасамки, албатта, фаришталар сенинг қироатингни эшитиш учун тушганлар. Агар қироатингни давом эттириб, тонггача ўқиганингда эди, инсонлар фаришталарни кўришган бўларди, фаришталар улардан ўзларин олиб қочмасдилар”.

Гувоҳи бўлганингиздек, саҳобалар кечаларини Қуръони Каримни тиловат қилиш билан ўтказишган.

Бизчи? Бизнинг кечаларимиз Қуръони Карим билан эмас, балки  Аллоҳ таолога яқинлаштирмайдиган, дунё ва охиратга фойдаси бўлмаган бедорлик, бекорчи гап-сўзлар, тортишувлар билан ўтмоқда. Шу сабабдан Аллоҳ таолога яқин бўлишдек бахтдан маҳрум бўляпмиз, салафи солиҳларимиз эришган улуғ даражалардан анча узоқлашиб бормоқдамиз.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни холам Маймуна розияллоҳу анҳоникида тунаб қолдим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом хуфтон намозидан кейин уйга кирдилар. У пайтда мен ёстиққа бошимни қўйиб ухлаб қолгандим. Шунда У зот: “Болача ухладими?”, деб сўрадилар. (Ҳолбуки Абдуллоҳ ҳали қотиб ухламаган эдилар). Маймуна розияллоҳу анҳо: “Ухлади”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўшакларига келиб, Аллоҳ таолони зикр қилдилар. Аллоҳга дуо қилдилар, сўнгра ухладилар. Ҳатто мен У Зотнинг хурракларини эшитдим. Бироз вақт ўтиб У Зот уйғондилар ва кўзларини уйқуни кетказиш учун ишқаладилар ва ушбу ояти калимани ўқидилар:

190. Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. 191. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) «Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин! (“Оли Имрон” сураси, 190-191-оятлар). Ҳатто ўн оятни охиригача ўқидилар. Сўнг уйдан ташқарига чиқдилар, мен ортларидан идишда сув билан чиқдим ва эшик олдига қўйдим. У зот қайтиб келиб, сувни кўрганларида: “Бу сувни ким қўйди экан-а?”, дедилар. У Зот сувни мен қўйганимни билгач: “Ё Аллоҳ, динда уни фақиҳ қил, унга таъвилни ўргат”, дея дуо қилдилар” .

Демак, бандани Аллоҳ таолога маҳбубли қиладиган, У Зотга яқинлаштирадиган омиллардан биринчиси – Қуръони Каримни тиловат қилиш, унинг сояси остида ҳаёт кечириш, унинг маъноларини англаб тадаббур қилиш, уни доимий такрор қилиб юриш ва албатта, энг муҳими унда буюрилган нарсаларга амал қилиб, қайтарганларидан ўзни тийишдир.

(Давоми бор ...)

Доктор Оиз Қарний ҳафизаҳуллоҳнинг “Аллоҳни муҳофаза қил, У Зот сени муҳофаза қилади” номли китобларидан

Фарруҳ Абдулкарим, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!