Буюк мутафаккирларимиз: Абу Зайд Дабусий

15:30 08.01.2018 509

Ислом  манбашунослари “Ўрта асрларда Марказий Осиёда мусулмон оламида ҳанафия мазҳабининг иккита катта илмий маркази вужудга келди. Бу илмий марказлардан бири 9-10-асрларда Бухорода, иккинчиси 10-11-асрларда Самарқандда юксак даражада ривож топди”, деб маълумот берадилар. Қадимшунослар маълумотларига кўра, Бухоро ҳанафия мазҳаби илмий марказининг вужудга келиши мусулмон оламида улуғ аллома саналган Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг шогирди, буюк фақиҳ Абу Ҳафс Кабир ва у тарбиялаб етиштирган олимлар билан боғлиқ бўлса, Самарқанд илмий марказининг асос солинишида Имом Бухорий, Имом Доримий, Абу Мансур Мотуридий каби алломаларнинг хизматлари катта бўлди.

Бу иккита илмий марказдан Ислом  оламида машҳур бўлган минглаб алломалар етишиб чиқдилар. Улар орасида Абу Ҳафс Кабир Ўрта Осиёда фиқҳ илмига асос солди, Имом Бухорий ҳадис илмининг султони даражасига етишди. Абу Мансур Мотуридий суннийликда калом мактабини яратди. Бурҳокиддин Марғиноний фиқҳ илмининг қонунларини ҳужжатлаштириб берди. Абу Бакр Колободий тасаввуфнинг илмий асосларини ишлаб чиқди. Буларнинг бари Ислом  илмининг тараққий этишига хизмат қилди. Шу даврда ҳар икки илмий марказнинг энг яхши анъаналарини давом эттирган улуғ алломалардан бири, буюк фақиҳ, ватандошимиз Абу Зайд Дабусий бўлади.

Унинг номи тарихий асарларда Абу Зайд Убайдулло ибн Умар ибн Исо ал Қозий Дабусий деб келтирилади. Исмидаги Абу Зайд Убайдулло алломанинг куняси ва номини англатса, Дабусий нисбаси унинг туғилган жойи билдиради. Муаррихлар қадимий битикларида у туғилган жой Дабусияни гоҳ қишлоқ, гоҳ қалъа, шаҳар деб зикр этадилар. Абу Бакр Муҳаммад Наршахий “Бухоро тарихи” асарида “Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган, лекин қишлоқлардан баъзилари пайдо бўлган эди. Нур, Ҳарқонруд, Вардона, Таровга, Сафна ва Исвона ўша қишлоқлар жумласидандир. Подшоҳ турадиган катта қишлоқ Бойканд эди. Дабусий катта қалъа бўлиб, шаҳар деб шуни атар эдилар” деб маълумот беради. Бошқа бир муаррих Ийсо ибн Мусо Абу Аҳмад Бухорий Ғунжор “Бухоро тарихи” асарида “Дабусия ўз аркига, шаҳристони ва рабодларига эга, ўнлаб мадрасалари мавжуд илм шаҳри эди”, деб ёзади. Ҳақиқатан ҳам, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари оралиғида, Пахтачи тумани ҳудудида, Зарафшон дарёси соҳилида жойлашган Дабусиянинг 160 гектардан ошиқ харобалари унинг қадимда улуғвор шаҳар бўлганлигини кўрсатади. Бўлғувси аллома ана шу шаҳарда ҳижрий 367, милодий 978 йилда дунёга келади. Дастлабки таълимни Дабусиядаги илм даргоҳларида олади. Кейин таълимни Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида давом эттиради. Фиқҳ илмини мукаммал ўрганади. Бу борада у икки буюк фақиҳ – Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ва Абу Жаъфар ибн Абдулло Уструшоний ўзига устозлик қилганини алоҳида эҳтиром билан эътироф этади.

Абу Зайд Дабусий Ислом  оламида фиқҳ, усул, хилоф, жадал ва тасаввуф илмлари бўйича иқтидорли аллома сифатида улуғланган. У илмнинг мазкур соҳаларида кўплаб асарлар яратиш билан чекланиб қолмади. Фаннинг янги тармоқларини, йўналишларини кашф қилди, фиқҳ илмини янада юксак даражага кўтарди, янги ҳаётий хулосалар билан бойитди. Шунинг учун унинг илмий иқтидори, салоҳияти барча даврларда кўплаб олимлар томонидан тан олинган. Муаррихларнинг “Вафоёт ул-аъён”, “Тож ут-тарожим”, “Жавоҳир ул-музия”, “Фавоид ул-баҳия” каби асарларида келтирилишича, у ҳар доим Бухоро, Самарқанд, Дабусия шаҳарларида машҳур ва таниқли олимлар билан фаннинг турли соҳаларида мунозаралар олиб борган. Бу мунозараларда, баҳсларда янги фикрларни, ғояларни ўртага ташлаган. У фиқҳ соҳасида илмий йўналишдан ташқари амалий фаолият билан ҳам шуғулланган. Бухорода қозилик қилган. Мусулмон оламида машҳур бўлган Бухоронинг етти қозиси – қуззоти сабъадан бири ҳисобланган. Ҳанафия мазҳабидаги фақиҳлар Дабусийни нафақат қуззоти сабъанинг вакили деб, балки унинг раиси деб улуғлаганлар. Шу сабабли алломанинг номига “ал Қозий” нисбаси доимо қўшиб айтилган. Бу ном унинг шахсига нисбатан эҳтиромни билдирган.

Илм-фан оламида алломанинг ўнта асари ҳақида маълумот етиб келган. Уларнинг аксарияти фиқҳ илмига – Ислом  қонуншунослигига бағишлаб ёзилган. Булар орасида “Таъсис ун-назар” (“Қарашларни асослаш”),  “Тақвим ул-адилла” (“Далилларни баҳолаш”), “Китоб ул-асрор фил-усул вал фуруъ” (“Фиқҳ илми асослари ва тармоқлари сирлари ҳақида китоб”), “Ал амад ул-ақсо” (“Энг олис мақсад”) деб номланган асарлари алоҳида ажралиб туради. Бу асарларнинг нодир қўлёзмалари дунёнинг турли кутубхоналари хазиналарида сақланиб қолган. Улардан иккитаси “Таъсис ун-назар” ва “Тақвим ул-адилла” бугунги кунда мукаммал ҳолда нашр қилинган. Қолган икки асарининг айрим қисмлари чоп этилган. Булардан ташқари алломанинг “Хизонат ал ҳудо” (“Ҳидоят хазинаси”), “Шарҳ ал Жомиъ ал Кабийр” (“Жомиъ ал кабир”нинг шарҳи”), “Ал анвор фи усул ил-фиқҳ” (“Фиқҳ асаосларини очувчи нурлар”), “Ан-нузум фил-фатово” (“Фатволардаги тартиб-қоидалар”), “Тажнис уд-Дабусий” (“Дабусийнинг тартиб ва таснифи”), “Ат-таълиқа” (“Ҳошия”) каби асарлари номлари турли манбаларда кўрсатилган, лекин қўлёзмалари шу пайтгача топилмаган. Шу билан бирга унинг мунозара ва тасаввуф илмига оид асарлари бўлганлиги ҳақида маълумотлар ҳам бор. Аммо ҳозирча бу асарларнинг номи ҳам, ўзи ҳам мавжуд эмас. Шунга қарамай, мавжуд асарларининг ўзи алломанинг илм-фан оламидаги нуфузи юксак бўлганлигини кўрсатади.

Абу Зайд Дабусий Ўрта Осиё фақиҳлари орасида ўзига хос янги илмий асослари ва теран фалсафий тафаккури билан шуҳрат қозонган аллома. У асарлари орқали фаннинг усул ул-фиқҳ (ҳуқуқшунослик асослари), илм ул-хилоф (қиёсий ҳуқуқшунослик), фуруъ ул-фиқҳ (ҳуқуқшунослик йўналишлари) ва тасаввур илми соҳаларида катта янгиликлар яратди. Аллома “Таъсис ун-назар” (“Қарашларни асослаш”) асарида ҳуқуқшуносликнинг ўзига қадар ўрганилмаган “илм ул-хилоф” (қиёсий ҳуқуқшунослик) деб аталган қисми хусусида сўз юритади. Асарида бир ҳуқуқий масала ёки муаммони ўртага ташлайди. Уни ҳал қилишда фақиҳлар турли фикрлар, ғояларга асосланганликларини кўрсатиб беради. Натижада бир ҳуқуқий муаммони ҳал қилишда кўплаб фақиҳлар, турли фиқҳий мактаблар вакиллари, ҳар хил мазҳаблар алломалари ўртасида бир-биридан фарқ қилувчи қарашлар, ихтилофлар юзага келганлигини аниқлайди. У ихтилофли масалаларни 8 қисмга ажратади. Фиқҳий масалалар юзасидан келиб чиққан ихтилофларни, қарама-қаршиликларни 84 умумий қоида асосида тартибга солади. Ҳар бир қоидани амалий масалалар билан изоҳлайди. Бошқача айтганда, у илм ул-хилоф – қиёсий ҳуқуқшуносликнинг илмий назариясини ишлаб чиқади ва бу фаннинг асосчисига айланди. Абу Зайд Дабусийдан кейин фиқҳ соҳасида хилоф илмидан алломалар кўп фойдаланишган. Буюк фақиҳ Бурхониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарини яратишда уни ўзига асос қилиб олганлигини эҳтиром билан ёзади. Қиёсий ҳуқуқшунослик дунё илмида 20-асрнинг иккинчи ярмига келганда алоҳида фан сифатида ривож топди. Буларнинг бари ватандошимиз улуғ алломанинг минг йиллар илгари яратган илмий назариясининг ҳаётбахшлигини кўрсатади.

Алломанинг фиқҳ илмидаги яна бир муҳим кашфиёти “усул ул-фиқҳ” (ҳуқуқшунослик асослари) соҳасида ишлаб чиққан янги илмий йўналиш билан боғлиқ эди. Маълумки, шариатда қонунлар Исломнинг асоси бўлган Қуръони карим, ҳадислар, фатволар ва бошқа манбаалардан мантиқий ҳукмлар чиқариб олиш натижасида белгиланган. Бу фиқҳ илмида нақлий ривоятлар асосида ҳукм чиқариш деб аталган. Усул илми ана шундай ҳукмлар чиқариш учун асос, метод вазифасини бажарган. Абу Зайд Дабусий эса ҳукм чиқаришда нақлий ривоятлар билан бирга ақлий ривоятлардан ҳам фойдаланиш йўлларини яратган. Яъни ҳар бир ҳукмни Исломий манбалардан ташқари ҳаётда рўй берган воқеа-ҳодисалар, муаммолар моҳиятини чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш орқали чиқаришга эришган. Бу усул илмини, ҳуқуқшунослик асосларини бойитишга, уни янгилашга, Ислом  қонунларини эса ҳаётий асосда мукаммаллаштиришга хизмат қилган. Шу билан бирга аллома фиқҳ илмига қиёс усулини, қонунларни ва қонунлар учун асос бўлган воқеликларни қиёсий ўрганиш жараёнини ҳам олиб кирган. Натижада илм ул-хилоф – қиёсий ҳуқуқшуносликни усул ул-фиқҳ – ҳуқуқшунослик асосларининг бир қисми деб белгилади. “Тақвим ул-адилла” асарида қиёс усулининг имкониятларини, унга оид барча муҳим ва мураккаб атамалар, қонун-қоидаларни изоҳлаб берди. Бу борада аллома ўзидан олдин ўтган фақиҳларнинг фикрларини илмий жиҳатдан исботлади ёки рад қилди. Алломанинг бу илмий фикри нафақат усул илми ривожида туб бурилиш ясади, балки ўз даври учун илмий жасорат ҳам эди. Шу боис араб алломаси Ибн Халдун “ҳанафий имомларидан Абу Зайд Дабусий қиёс бўйича барчадан кўра кенг кўламли асарлар яратди, бу илмга тегишли бўлган барча баҳс-мунозараларга якун ясади. Шу йўсинда усул ул-фиқҳ илми мукаммал даражага кўтарилди, унга тегишли масалалар ечимини топди, қоидалар тартибга келтирилди. Аллома мусулмон оламида фиқҳ илмининг пешқадамларидан бирига айланди” деб ёзган эди. Кейинги давр алломаларининг барчаси Дабусийнинг усул илмидан фойдаланган ҳолда асарлар яратдилар. 20-аср тадқиқотчиси Броккельманнинг фикрича, эндиликда дунё ҳуқуқшунослиги ривожи асосида ҳам аллома кашф этган усул илми қоидалари муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Тарихдан маълумки, даврлар ўтиши билан Ислом  динида турли фирқалар, мазҳаблар юзага келган. Бу фирқалар, мазҳаблар вакилларининг қарашларида ҳар хилликлар, ҳатто ўзаро зиддиятлар, ихтилофлар пайдо бўлган. Жумладан, Исломий илмлар – ҳадис, калом, тафсир, усул ул-хилоф, усул ул-фиқҳ ва бошқа шу каби соҳаларда яратилган асарларга фирқалар, мазҳаблар нуқтаи назаридан баҳо берилган. Яъни, бирор аллома ҳанафия мазҳаби вакили бўлса, унинг асари ҳанафийлар томонидан улуғланган, шофеъийлар, моликийлар томонидан эса тан олинмаган ёки бу асар танқид қилинган. Ислом  оламида камдан-кам алломаларнинг асарлари барча мазҳаблар вакилларининг эътирофига сазовор бўлган. Ана шулардан бири Абу Зайд Дабусийдир.

Аллома меросининг тадқиқотчилари, унинг асарлари барча мазҳаб вакиллари учун доимий қўлланма вазифасини ўтаганини таъкидлайдилар. Хусусан, шофеъий мазҳаби вакили аллома Абдулкарим Самъоний Дабусийни ўзига устоз деб қарайди. Унинг “Тақвим ул-адилла” асаридан фойдаланиб “Қавотиъ ул-адилла” (“Қатъий далиллар”) асарини яратади. Ёки алломанинг “Китоб ул-асрор фил-усул вал фуруъ” асари Испаниянинг Андалусия ҳудудларигача етиб борган, андалусиялик тасаввуф олими Ибн Арабий Бағдод шаҳрига келиб, Дабусийнинг асарларидан нусха кўчириб Шимолий Африка – Мағриб мамлакатларига олиб бориб тарқатганлиги унинг Ислом  оламида машҳурлигидан далолат беради. Ёхуд араб файласуфи Ибн Рушд асарларида Дабусийнинг илмий ғоялари таъсири яққол намоён бўлади. Унинг асарлари деярли барча мазҳаблар вакиллари томонидан шарҳланган. Буларнинг бари улуғ аждодимизнинг мусулмон дунёсида улуғ аллома сифатидаги нуфузини кўрсатади.

Тарихий битикларда улуғ алломанинг 1039 йилда ҳаётдан кўз юмганлиги ва Бухорода имом Абу Бакр Тархон мақбараси яқинида дафн этилганлиги ҳақида маълумот берилади. Ўша даврда алломанинг вафоти илм аҳли ўртасида ғоят катта йўқотиш деб баҳоланган. Тадқиқотчи Халил Малиснинг ёзишича, Абу Зайд Дабусийнинг “Тақвим ул-адилла” асари қўлёзмаларидан бирининг ҳошиясида аллома вафоти муносабати билан Абу Али ибн Синонинг унга бағишлаб битган марсияси сақланиб қолган. Араб тилида битилган мазкур марсияда “Агар бутун коинот кўксини йиртиб, қўллари билан юзига уриб, қон йиғлаб мотам тутган кишидек тасаввур қилинса ҳам Қози Абу Зайдга муносиб аза тутиш ҳаққи адо қилинмаган бўларди”, деган фикр билдирилган. Марсияда алломага бундай юксак эҳтиром кўрсатилиши ва бу эҳтиром буюк мутафаккир Абу Али ибн Сино томонидан билдирилиши улуғ ватандошимиз, фиқҳ илмининг забардаст олими Абу Зайд Дабусийнинг Ислом оламидаги хизматлари беқиёс эканлигидан далолатдир.

 

Камол МАТЁҚУБОВ.

Манба: pv.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!