“Буюк усмоний сиймо”  – Сулаймон Кануний

19:00 27.02.2019 1449

«Албатта у Сулаймондандир ва у Меҳрибон ва Раҳмдил Аллоҳ номи биландир». ("Намл" сураси, 30-оят).

«Ушбу султон биз учун Салоҳиддиндан ҳам хавфли эди»

Немис тарихшунос олими Хамлер

Ҳижрий 1432 йил, милодий 2011 йил бошида Франциянинг ўша даврдаги президенти Николя Саркози Туркияга атиги 6 соатга ташриф буюрди. Бунда у, Франция давлати раҳбари сифатида эмас, таркибига Туркия билан Франция ҳам кирадиган «катта йигирмалик» раиси сифатида келди. Турк раҳбарияти ўта қисқа муддатга режалаштирилган бундай ташрифдан бироз ранжиди. Ўша даврда Туркия Бош вазири бўлмиш Ражаб Тоййиб Эрдўғон буюк халқ билан қандай муносабатда бўлиш кераклиги борасида Саркозига сабоқ бериб қўйди. Хусусан, Эрдўғон французлар етакчисини Анқарада кутиб олар экан, Саркозини танг аҳволга солиб, Туркиянинг Франция олдида кўрсатган хизматини эсига солиб қўйиш мақсадида унга бир эсдалик совғасини туҳфа қилди. Ушбу совға усмоний халифа Сулаймон Канунийнинг испанлар тутқунлигида ўтирган Франция қироли Франциск Биринчи томонидан йўлланган хатга жавоб эди. Испанлар асир олган Франция қироли ўша хатида ўзини асоратдан, Францияни эса испан босқинидан озод қилиш учун қўшин йўллашини илтимос қилиб, мусулмонлар халифасига ялиниб-ёлворган.

«Албатта у Сулаймондандир ва у Меҳрибон ва Раҳмдил Аллоҳ номи биландир», - дея бошланган эди Сулаймон Канунийнинг жавоб хати.

«Мен – ғалаба сари олиб борадиган қиличим воситасида ўз Ҳазрати Олийларимнинг қўли ила забт этилган Оқ[1], Қора ва Қизил денгизлар, Анатолия, Румелия[2], Қорамон, Зул-Қодир вилояти, Диёрбоқир, Курдистон, Озарбайжон, Ажам[3], Шом, Миср, Макка, Мадина, Қуддус, бутун Арабистон, Форс, Венгрия, Цезар юртлари ва кўплаб бошқа ўлкалар ҳукмдориман. Султон Боязиднинг набираси, султон Селимнинг ўғли султон Сулаймондан Франция қироли Францискка салом. Табаангиз бўлмиш Франкобан томонидан етказилган номангиз ҳукмдорлар паноҳ сўраб келадиган остонамга келиб тушди. Номадан англашимизча, душман юртингизни босиб олиб, ўзингизни асир олибди ва шу сабабдан Сиз тутқунликдан халос бўлишингиз учун ёрдам сўрабсиз. Йўллаган ҳар бир сўзингиз подшолик тахтимиз супасига етиб келди ва мен улар билан батафсил танишиб чиқишга ярлақадим. Қироллар асир олиниб, ғаним зулми остида қолишларининг ажабланарли ери йўқ. Қувониб, бошинг кўкка етсин-ки, бу ҳақда ташвиш тортма. Биз – қудратли давлатлар ва мустаҳкам истеҳкомларнинг мард истилочилари, душманларни яксон қилгувчилармиз. Отларимиз кун-у тун эгарланган, қиличларимиз ҳамиша яланғочланган ҳолатда туради. Ҳақ Аллоҳ хоҳласа, Унга чексиз ҳамд-санолар бўлсинким, яхшилик қилишимизни Ўзи осон қилгай. Қолган гапларни эса Сизга юқорида тилга олинган табаангиз айтиб бергай».

Пайғамбар ҳижратининг 932 йили Рабиус соний ойининг бошида, Исо алайҳиссалом таваллудининг 1525 йилида, султоннинг асосий қасрида битилган.

Усмонийлар халифалиги султон Сулаймон Кануний даврида қудрат чўққисига чиқди. Отаси – биринчи усмоний халифа Селим Биринчи вафот топгач, халифаликнинг ҳокимият жиловини ўз қўлига олди. У пайтда Сулаймон эндигина йигирма беш ёшга тўлган эди. Тахтга ўтирган ёш султон илк синовга рўбару келди: айрим вилоят ҳокимлари султоннинг ёшлиги – салтанатнинг заифлашиб кетишига сабаб бўлишини баҳона қилиб, исён кўтаришди. Аммо исёнчилар мутлақо кутмаган ҳолат юз берди: халифанинг обрўсини синаб кўришдек ёвуз фикрда юрган шахсларни ёш султон қаттиқ қўллик-ла янчиб ташлади. Қисқа муддат ичида у эндигина бошланаётган исённи таг-томири билан йўқ қилди. Исёнчилар орасида кўпроқ Шом ҳукмдорининг бузғунчилик ҳаракати кўзга ташланган эди. Исённи бошлаган ушбу ҳукмдор қўлга олиниб, қаттиқ қўл халифа тасарруфидаги исломий давлат хавфсизлигига тажовуз қилишни хаёлига келтирганларнинг барига ибрат бўлиши учун ҳамманинг кўз ўнгида қатл қилинди.

Тахтга ўтирган кундан буён бир неча ой ўтиб-ўтмай ёш халифа Сулаймон Кануний курраи заминдаги энг буюк ҳукмдорга айланишга улгурди. Иш шу даражага бориб етдики, нома орқали мурожаат қилган Франция қироли Франциск Биринчи мусулмонлар халифасидан нажот кутиб, юртини испан босқинчиларидан халос қилишини ўтиниб сўради. Қиролнинг илтимосига жавобан исломий ҳарбий-денгиз кучлари Франция учун Ницца шаҳри ва Корсика оролини испанлардан тозалаб берди. Натижада Испанияга қарши ниҳоятда қудратли усмоний-француз ҳарбий иттифоқ вужудга келди, французларнинг ҳарбий-денгиз флоти ушбу операция манфаатларида ҳарбий-денгиз базаси Франциянинг Тулон шаҳрида жойлаштирилган исломий флотнинг бош қўмондони Ҳайриддин Барбароссага бўйсундирилди.

Ҳукмдорлик даврида халифа Сулаймон Кануний Аллоҳ йўлидаги жиҳодини тўхтатмади. Тақводорлар султони Ўрта денгизда юрган исломий кемаларга мунтазам ҳамла қилиб бораётган, қароргоҳи Родос оролида жойлашган, ўзига «Авлиё Иоан ордени» дея ном қўйиб олган денгиз қароқчилигини тугатишга бел боғлади.

«Авлиё Иоан ордени» деганлари нима бўлди?

«Авлиё Иоан ордени» – Ўрта денгизда қароқчилик билан шуғулланиб, мусулмонларнинг савдо кемаларига мунтазам ҳамла қилиб борган салиб юришчиларининг энг хавфли террорчи тўдаларидан биридир. Фаластинга қарши салиб юриши даврида асос солинган ушбу орден аъзолари госпитальерлар дея аталиб, Ислом дини ва мусулмонларга нисбатан кучли нафрати ила машҳур бўлиб, Фаластиндаги тинч аҳоли орасидаги мусулмонларни мутаассибларча оммавий равишда йўқ қилиш билан тез-тез шуғулланиб боришган.

(Католик режиссёр Юзеф Шахин ўзининг тарихий чалкашликларга тўлиб-тошган «Музаффар Салоҳиддин» фильмида ўша террорчи госпитальерларни ниҳоятда марҳаматли, беозор одамлар образида кўрсатгани кўпчиликнинг эсида бўлса керак).

Курд халқи қаҳрамони Салоҳиддин ал-Аюбий (р.а.) томонидан қувиб солинмагунча госпитальерлар Фаластин заминидаги террористик фаолиятини қўйишмади. Шундан сўнг токи буюк Сулаймон Кануний уларнинг жиноий фаолиятига чек қўйишга аҳд қилгунча, мусулмонларнинг савдо кемаларига ҳамла қилиб, талаш мақсадида Ўрта денгиздаги Родос оролидан қўним топишди. Султон Сулаймон Кануний улкан исломий флотни шахсан ўзи бошқариб, Родос ороли томон йўл олди. «Авлиё Иоан ордени» қароқчилари оролдаги қасрга бекиниб олишди. Исломий артиллерия қуроллари уларнинг истеҳкомларини роса тўпга тутди-ю, аммо бу иш наф бермади. Шунда Сулаймон Кануний муқаддам дунёнинг бирорта армияси тутмаган йўлни тутди: у қароқчилар қасрига лаҳим қазиб кирадиган бўлди. Мусулмон жангчилар душманга сездирмай сингиб кириб, дафъатан ҳужум қилишлари учун Сулаймон Кануний қароқчилар қасри атрофида 50 та туннель қазишни буюрди. Ишлар султон Сулаймон қандай кўзлаган бўлса, шундай амалга ошди. Ҳукмдор, агар қаршилик кўрсатишмаса, «Авлиё Иоан ордени» қароқчиларига Родос оролини хавфсиз тарк этишларини кафолатлади. Ушбу орол кейинчалик мусулмонлар флотининг истеҳкомлари пухта мустаҳкамланган ҳарбий-денгиз базасига айланди.

(Эслатиб ўтмоқ жоизки, Сулаймон Кануний тор-мор келтирган «Авлиё Иоан ордени» қароқчилари Мальта оролига кўчиб ўтиб, энди ўзларига «Мальта рицарлари» деган ном қўйиб олишди. Мальта оролини улар қароқчилик фаолиятининг янги марказига айлантириб, насроний кемалар ҳам, исломий кемалар ҳам уларнинг қурбонига айланди. Бу ҳолат 1798 йилгача, яъни энди уларни Наполеон Бонапарт қувиб солмагунча давом этди. Мураккаб аҳволга тушиб қолишганига қарамай, ушбу қароқчилар гўё инсонпарварлик билан шуғулланадиган жамияти хайрия фаолияти ниқоби остида Европада қўним топишга муваффақ бўлишди. Халқаро жиноятчилар қарийб 100 та давлат (шу жумладан, 4 та араб давлати) томонидан эътироф этилган давлатсимон тузилмага асос солиб, унга «Мальта ордени» деган ном беришди. Ўша орден бугунги кунда Қўшма Штатларнинг ишбилармон ва сиёсий доираларига катта таъсир ўтказадиган кучга эга тамплиерлар[4] билан тарихан чамбарчас боғлиқдир. Ва бу ҳолат Ироқда инсон ҳуқуқига қарши кўплаб жиноятлар содир этган «Блэкуотер» (Blackwater) хусусий ҳарбий компанияси «Мальта рицарлари»нинг янги қиёфасидан ўзга нарса эмаслигига исбот тариқасида хизмат қилиши мумкин. Ушбу компаниянинг Ироқдаги мусулмонларга нисбатан содир этган даҳшатли жиноятларининг сабаби шунинг замирида бекинган бўлса, ажаб эмас).

Родос оролига бекинган қароқчиларни қувиб солгач, Сулаймон Кануний (р.а.) Шимолий Африкадаги бошқа шаҳарларни ҳам салиб юришчиларидан озод қилишга киришди. Хусусан у, Тунис, Жазоир ва Ливияни ушбу қабоҳатдан тозалашга муваффақ бўлди. Бу билан чекланмаган халифа Сулаймон Кануний Форс кўрфазида ҳукмронлик қилишни кўзлаган португалиялик салиб юришчиларига қарши Қизил денгизда кураш олиб бориб, кўрфазни улардан ҳимоя қилишни давом этди. Яман, Омон, Эл-Хаса ва Қатардаги араб мужоҳидлари салиб юришчиларининг Форс кўрфази ва Арабистон яриморолидаги ҳарбий базаларига ҳужум қилиш мақсадида усмоний мужоҳидлар билан иттифоқ тузишди. Ушбу иттифоққа Сомали мужоҳидлари ҳам қўшилиб, ўз зиммаларига Сомали яримороли ҳавзасидан ўтадиган босқинчи кемаларга ҳужум қилиш масъулиятини олишди. Шу тариқа тақводорлар султони Сулаймон Кануний Макка ва Мадинадек муқаддас ерни, ушбу ҳудудга бостириб киришни режалаштирган салиб юришчиларидан ҳимоя қила билди. Яманнинг Аден бандаргоҳи ушбу муҳофазанинг марказига айланиб, уни халифа Сулаймон Кануний Қизил денгизга яқинлашган кемаларга таҳдид соладиган юзлаб артиллерия тўплари билан мустаҳкамлади!

Шундан сўнг, ҳинд мусулмонларидан Сулаймон Кануний номига ёрдам сўраб йўлланган хат келди. Унда ёзилишича португалиялик салиб юришчилари ҳинд тақводорларига ҳужум қилиб, зулм ўтказмоқда. Сулаймон Кануний уларни ҳимоя қилиш учун флот йўллади. Шунингдек у, Индонезиянинг Ачех вилояти мусулмонларига ҳам ҳарбий ёрдам кўрсатди. Исломий ҳарбий-денгиз кучлари Сулаймон Кануний даврида Исломни Шарқий Осиё, Ғарбий Европа ва Шимолий Африкада ҳимоя қилган. Айни вақтда халифа Сулаймон ўз тасарруфидаги йирик флот таркибидаги кемаларига Андалусия томон йўл олиб, католик насронийлар томонидан Испания инквизициясининг қийноққа солиш зиндонларида азоб берилаётган маҳаллий мусулмон ва яҳудийларни озод қилишни буюрди.

Венгр қиролининг душманлик билан қилган ишидан сўнг Сулаймон Кануний шимолга, Венгрия пойтахти Буда томон йўл олди. Узил-кесил ҳал қиладиган ушбу тарихий фурсатда Рим Папаси Климент Еттинчи бутун католик Европа бўйича Сулаймон Канунийга қарши уруш олиб бориш учун умумий сафарбарлик эълон қилди. У Сулаймон Канунийга қарши олиб борилган жангда иштирок этган ҳар бир жангчи номига индулгенция расмийлаштирилиши тўғрисида фармон чиқарди. Индулгенция – католикларнинг диний эътиқодига кўра кишининг гуноҳи кечирилиб, Жаннатда унга алоҳида жой кафолатлангани ва бу факт Рим Папаси томонидан шахсан имзоланиб тасдиқлангани ҳақидаги черков ёрлиғидир. Натижада ўша даврнинг энг йирик ҳарбий иттифоқи вужудга келиб, таркибига қуйидагилар кирди:

- Испания, Италия, Германия, Австрия, Голландия, Бельгия, Швецария, Люксембург, Франциянинг йирик ҳудуди ва бошқа Европа ерларини ўз ичига мужассам этган Муқаддас Рим империяси;

- Венгрия, Словакия, Трансильвания (бугунги Руминиянинг муайян қисми) ва Сербия шимолини қамраб олган Венгрия  қироллиги;

- Богемия қироллиги – бугунги Чехия Республикаси;

- Хорватия қироллиги – бугунги Хорватия Республикаси;

- Польша қироллиги – бугунги Польша Республикаси;

- Бавария немис герцоглиги – бугунги Германиядаги Бавария ери;

- Папа давлати қўшинлари – Ватикандан олдинги давлат;

- Европанинг узоқ-яқин бурчакларидан келиб ёлланганлар.

Вужудга келган қўшинлар туркуми бугунги Венгриянинг жанубидаги Мохач шаҳри бўсағасидаги текисликда жойлашди. Бу ерда ўтган жанг кейинчалик Мохач бўсағасидаги муҳораба деган ном олди.

Салиб юриши қўшинлари ўз даврининг замонавий қурол-яроғи билан қуролланган энг сара Европа рицарларидан ташкил топди. Дарҳақиқат, европаликлар ёки румликлар (араблар европаликларнинг аксарият қисмини румликлар деб аташган) кучли жангчилар бўлишган. Румлик ёки европалик рицарь ҳамиша муқаррар ажал кутаётган жангга дадил кириб бораверган. Бундай ҳолатга ўша даврдаги европаликларнинг қалбидан мустаҳкам жой олган христианлик эътиқоди ёки гуноҳи кечирилиб, Жаннатда алоҳида жой кафолатланганини тасдиқлайдиган индулгенция сабаб бўлмаган. Бундай ҳолатга Европа халқлари ҳаётидаги бугунги кунгача сақланиб келаётган ажиб бир анъана сабабдир. Гап шундаки, биз ўзимизнинг тарихий қаҳрамонларимизни баъзан унутамиз, аксарият ҳолларда эса ички ёки ташқи душманга қўшилиб уларни бадном ҳам қиламиз, аммо европаликлар, биздан фарқли ўлароқ, ўз қаҳрамонларини унутмай, ҳамиша мадҳ қилиб келишган. Бунга амин бўлиш учун Европа шаҳарларига бориб, кўчаларига эътибор қилинг: у ерларда тарихий қаҳрамонларининг тасвири ва ҳайкалларини албатта учратасиз. Бинобарин, ҳар қандай европалик рицарь жангга комил ишонч-ла кирган-ки, тарих уни унутмайди. Ўлимидан сўнг, ҳатто авлиё-анбиёлар жумласига киритилиши мумкинлигини ҳам билади. Шунинг учун ҳам европалик рицарь муқаррар ажал кутаётган жангга дадил кириб бораверган, чунки у Ватикан кафолатлагандай тиккасига Жаннатга кириб кетмаган тақдирда ҳам, ўз халқининг хотирасида мангу сақланиб қолишини аниқ билган.

Мохач бўсағасидаги муҳорабада салиб юриши қўшинларига умумий қўмондонликни Венгрия қироли Лайош Иккинчи ҳамда жангчиларнинг диний жаҳди жадалини қўллаб-қувватлаб борганча қўшин қанотларидан бирини шахсан ўзи бошқарган кашиш Пал Томори бошчилигидаги буюк венгр саркардалари амалга оширишган.

Уларга артиллерия тўплари билан қуролланган, аммо асосий қуроли якка худолик бўлган усмоний мужоҳидлардан ташкил топган Ислом армияси қарши чиқди. Ушбу армиянинг асосини махсус жанговар тайёргарликдан ўтган сара исломий қўшин – яничарилар ташкил этган. Мусулмонлар қўшинига тақводорлар султони Сулаймон Кануний қўмондонлик қилиб, қўл остидаги ҳарбий раҳбарият олдига қуйидагича жанговар вазифа қўйди:

«Душман устидан батамом ғалаба қозониш, армиясини битта қўймай йўқ қилиб ташлаш ва ғаним пойтахти Будани эгаллаш».

Султон Сулаймон Кануний жанг арафасидаги тунни одатига кўра намоз ўқиб, Аллоҳни зикр этганча, мусулмонлар душман устидан ғалаба қозониши учун Ўзидан ёрдам сўраб чиқди. Тонг отар маҳалда эса халифа тумонат қўшини олдига чиқиб бомдод намозини ўқиди. Ибодатини якунлагач кўзи ёшга тўлган олий бош қўмондон исломий қўшинларга кулиб боққанча: «Назаримда ҳозир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзи бизга қараб тургандай бўляпти!» - деди.

Буни эшитган жангчилар йиғлаб юбориб, Аллоҳ йўлида шаҳид кетишга умид қилганча, бир-бирини бағрига босиб видолашишди.

Мана ниҳоят ҳақиқат қарор топадиган фурсат етди... Дўстлар, ушбу санани яхшилаб эслаб қолинг – ҳижрий 932 йилнинг 21 зулқаъда, милодий 1526 йил 29 август куни. Шу куни унутилмас Мохач муҳорабаси бўлиб ўтди.

Жанг салиб юришчиларининг ҳужуми билан бошланди. Халифа Сулаймон Канунийнинг режаси айнан шундан, яъни: душманни алдаб, қўшинини олдинга чиқариш ва исломий қўшиннинг артиллерия қуроллари ғаним бўлинмаларига талафот етказадиган масофагача чекинишдан иборат эди. Бунда султон ўша даврда камдан-кам қўлланилган «қуршаб олиш» ёки «чангал» дея номланган тактик манёврни амалга оширди. Қуйида ушбу манёрнинг мазмун-моҳиятини батафсил кўриб чиқамиз.

Христианлар иттифоқининг қўшинлари исломий армия устига бостириб келар экан, мусулмонлар кутилмаганда ортга чекиниб қолишди. Афтидан, салиб юришчилари мусулмонлар орасида саросима кўтарилиб, жанг майдонини ошиғич равишда ташлаб кетишяпти деган хаёлга боришган кўринади, фронт ортини ҳимоясиз, очиқ қолдирганча шиддатли оқим сингари мусулмонлар бўлинмаларини қува кетишди. Кутилмаганда улар мусулмонлар ортида пайдо бўлган артиллерия тўпларига рўбару келиб қолишди. Шундагина салиб юришчилари мусулмонларнинг ошиғич равишда чекиниши чалғитиш манёври бўлганини англаб етишди. Англаб етишди-ю... анча кеч бўлди. Мусулмонлар артиллерияси душман устига вулқон чўғи сингари ўқ ёғдира кетди. Жангнинг илк дақиқаларидаёқ минг-минглаб салиб юришчилари ер тишлади. Исломий армиянинг марказида туриб қўмондонлик қилаётган султон Сулаймон Кануний қўшин қанотларини бошқараётган командирларга душман қўшинларининг марказий қисмини қуршаб олишни буюрди. Қисқа муддат ичида душман батамом қуршовда қолди. Боши оққан томон қоча бошлаган минглаб салиб юришчилари Дунай дарёсига чўкиб ажал топди. Венгрия қироли Лайош Иккинчи ҳам Дунай балиқларига ем бўлди. Душман қўшинининг қанотларидан бирига қўмондонлик қилган донгдор кашиш Пал Томори ҳам Рим Папаси кафолатлаган жой томон равона бўлди. Ушбу муҳорабада христианлар иттифоқи жами 20 мингдан зиёд жангчисини йўқотган бўлса, мусулмонлардан 1500 нафари қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Биз уларни дин йўлида шаҳид кетди деб ҳисоблаймиз-у, бирортасини Аллоҳнинг олдида улуғламаймиз.

Ушбу улуғ муҳораба қанча вақт давом этди?

Жанг тахминан бир ярим соат давом этди... Тўқсон дақиқа... Ҳатто футбол ўйини ҳам бироз узоққа чўзилади! Мусулмонларнинг ғалабага қанчалик тез эришганидан ҳайратга тушган бўлсангиз, ушбу асарнинг кейинги ўринларида сиз учун янада ҳайратланарли ҳикояларни тайёрлаб қўйганман, ўқийсиз. Атиги бир неча дақиқа давом этиб, мусулмонлар ғолиб чиққан муҳорабалар ҳақида билиб оласиз. Муҳими шундаки, аслида бундай ғалабалар мусулмонлар тарихида тез-тез қўлга киритиб борилган. Ўша ғалабаларни қўлга киритишда пухта тайёргарлик ва тўғри қабул қилинган қарор жиддий аҳамиятга эгадир. Ғалаба эса – Аллоҳдан. Мусулмонларнинг нияти соф, тайёргарлиги пухта эканлигини кўрса бас, бир неча сонияда эришиладиган ғалабани Ўзи беради.

Мохач жангида ғалаба қозонган мусулмонлар такбир айтганча Венгрия пойтахти Будага кириб боришди. Буда – бугунги Венгриянинг қўшни Пешт шаҳри билан бирикиб ҳосил бўлган пойтахти Будапешт шаҳрининг тегишли қисмидир. Будага кириб борилган кун мусулмонларнинг катта байрами – Қурбон ҳайитга тўғри келди. Сулаймон Кануний бундан бир мунча вақт олдин Белградда эришилган ғалаба куни Рўза ҳайит муносабати билан табриклар олгандай, Будага кирган куни ҳам қутлов ва олқишлар ила қарши олинди.

Мусулмонлар улкан ғалабага эришишди. Аммо ўзини Исломга дахлдор дея баёнот қилаётган бир давлат мусулмонларга қарши уруш олиб бораётган салиб юришчиларига хуфиёна ёрдам бериб боргани фош бўлиб қолди. Бу давлат Сафовийлар давлати эди. Халифа Сулаймон Канунийнинг отаси халифа Селим Биринчи жиноятчи Исмоил шоҳ ас-Сафовийни унутилмас Чалдиран муҳорабасида тор-мор келтирган эди ва бу билан салиб юришчиларининг сафовийлар ҳамкорлигидаги лойиҳаси – Мадинага бостириб кириб, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қабрини бузиб, жасадини ўғирлаб кетиш режасини барбод қилган эди. Шундан кейин ҳам сафовийлар уммати Исломга нисбатан хоинлик қилишни давом этишди, юқорида айтилгандек, халифа Сулаймон Кануний даврида мусулмонларга қарши уруш олиб бораётган салиб юришчиларига хуфиёна мадад бериб боришди. Шу сабабдан Усмоний халифалик билан энди Тахмасп шоҳ Биринчи бошқараётган Сафовийлар давлати ўртасида ҳижрий 940 – 963 йиллар, милодий 1532 – 1555 йиллар давомида урушлар кечиб, мусулмонлар ғалаба қозониб бораверишди. Сафовийлар ўз табиатига хос малъунликлари ила инсоний ахлоқнинг тасаввурга сиғадиган ҳар қандай чегарасидан ўтиб, имом Абу Ханифа[5] (р.а.)нинг қабрини таҳқирлашганча, одамларга ушбу мақбарадан умумий ҳожатхона сифатида фойдаланишлари мумкинлигини эълон қилишди. Бундан хабар топган халифа Сулаймон Канунийнинг ғазаби қайнаб, Боғдодни сафовий ифлослардан тозалаш учун кўп сонли армия юборди. Кейинчалик Амасья шаҳрида Усмонийлар халифалиги билан Сафовийлар давлати ўртасида тинчлик сулҳи имзоланиб, ушбу ҳужжатга мувофиқ Ироқнинг бутун ҳудуди ва сафовийлар пойтахти Табриз шаҳри халифа Сулаймон Канунийнинг тасарруфига ўтди.

Султон Сулаймон Кануний даврида исломий қўшинлар сон-саноқсиз ғалабаларни қўлга киритишди. Чунончи, Ислом тарихида энг йирик денгиз муҳорабаси саналадиган Превеза шаҳри яқинидаги унутилмас денгиз муҳорабаси шулар жумласидандир. Ушбу шонли ғалаба ва улкан ютуқлар шарофати ила исломий халифалик ҳудуди жанубда Сомали ва Эритреядан тортиб, шимолдаги Вена дарвозасигача чўзилган улкан майдонни эгаллади. Европанинг аксарият ўлкалари ўшанда илк бор азонни эшитишди. Халифанинг амрига биноан қудратли исломий флот Андалусияда қийноққа солинаётган европалик мусулмонларни халос этгани йўл олди. Ўшанда халифа Сулаймон Канунийнинг жангчилари католик Испания томонидан олиб борилаётган террорчилик сиёсатидан нафақат мусулмонларни, балки мусулмонлар билан баравар қийноққа солинган яҳудийларни ҳам азоб-уқубатлардан халос этишди. Султон Сулаймон Канунийнинг жангчиларини бундай халоскорлик қилишга уларнинг дини, жумлаи жаҳон онгига инсонпарварлик ва тинч-тотув яшаш тушунчаларини сингдирган – Ислом ундаган!

Халифа Сулаймон Канунийнинг улуғворлиги ҳарбий соҳадагина намоён бўлмади. Айримлар ушбу буюк жангчи шоир ва ёзувчи бўлганини эшитса ҳайрон бўлса ҳам керак. У ўз қасидаларида «Муҳиббий» тахаллусини қўллаган. Султон Сулаймон Кануний шунингдек дурустгина хаттот ҳам бўлган. Маданият, илм-фан, адабиёт ва меъморчилик санъатининг равнақ топишига ҳомийлик қилган. У идора қилган давр Усмонийлар империяси учун олтин аср даври ҳисобланади. Ушбу турк баҳодири шарқ халқларининг бир нечта тилларида, шу жумладан, араб тилида бемалол гаплаша билган. Бундан ташқари, у, яхшигина заргар ҳам бўлган. Тарихимизга тажовуз қилаётганлар Сулаймон Канунийнинг сиймосини дунёвий ҳузр-ҳаловатга берилган шахс сифатида кўрсатишга уринишларига қарамай, айтиш жоизки, у Худодан қўрқадиган, намозхон, айниқса тунги вақтда кўп ибодат қиладиган мусулмон бўлган. Тақводорлар султони Сулаймон Кануний Қуръони каримнинг саккизта нусхасини ўз қўли билан кўчирганини эслатиб ўтишнинг ўзи кифоядир!

Меъморчилик санъатида ҳам у ўзини намоён эта билди. Сулаймон Кануний Масжидул Ҳаромни таъмирдан чиқарган биринчи усмоний халифа ҳисобланади. Таъмир жараёнида минора барпо этилган бўлиб, унга Сулаймон Кануний минораси дея ном берилди. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг мақбаралари – Мадинадаги «Масжиди набавий» ва Қуддусдаги Масжидул-Ақсо ҳам таъмирдан чиқарилди. Унинг амрига биноан Синан исмли ўз даврининг машҳур меъмори ва муҳандиси халифалик пойтахти Истамбул шаҳрида масжид қурди. Ушбу истеъдодли муҳандис бунёд этган улуғ Сулаймоний масжиди ҳақиқий меъморчилик мўъжизаси бўлиб, бунақаси бу ёруғ оламда ҳали бўлмаган. Синан (р.а.) унинг лойиҳасини шундай ажойиб тарзда ишлаб чиққан-ки, бинонинг ўзига хос акустикаси туфайли минбарда ваъзхонлик қилаётган имомнинг овози масжиднинг энг узоқ бурчагигача етиб боради. Сулаймон Канунийнинг бинокорлик ишларига қизиқиши унинг давлатида сезиларли из қолдирди. Унинг амрига биноан Родос ороли, Белград ва Буда шаҳарларида қасрлар-у, саройлар қурилди.

Усмонийлар империясининг ҳудуди кенгайиб, турли-туман маданиятларга мансуб халқлар империя табаалари жумласига киргач, одамларнинг янги шароитлардаги турмуш тарзини йўлга соладиган янги қонунларни қабул қилишга эҳтиёж туғилди. Бинобарин, халифа Сулаймон Кануний халифаликнинг олий муфтиси Абу ас-Сауд эфендининг ёрдами билан давлатнинг соф исломий шариатга асосланган асосий қонунлар тўпламини ишлаб чиқишга киришди. «Кануни Усмоний» (Усмонийлар қонунлари) номи берилган ушбу қонунлар мажмуаси ўз ичига суд тизими, халқ таълимоти, солиқ солиш ва жиноят ҳуқуқига тааллуқли асосий қоидаларни мужассам этиб, муаллифининг ўлимидан сўнг бир неча аср давомида Усмонийлар империясининг асосий қонуни бўлганча қолди. Усмонийларнинг ушбу қонунларидаги асосий қоидалар Европа давлатларида кўпдан-кўп миллий қонунлар қабул қилиниши учун асосий манбага айланди. Сулаймон Канунийнинг инсоният тарихидаги энг машҳур қонун чиқарувчи арбоблардан бири сифатидаги роли ўз биносининг деворига буюк халифанинг барельефини маҳкамлаб қўйган АҚШ конгресси томонидан ҳам эътироф этилган.

Тақводорлар султони Сулаймон Кануний бунёдкорлик, жаҳонгирлик, муҳорабаларда зафар қозониш ишларини 46 йил давом этди. Ва у мусулмон халифалар орасида энг узоқ муддат идора қилган подшо бўлди. Ўз ичига жаҳоннинг азим шаҳарлари-ю, пойтахтларини мужассам этган Ислом халифалигининг умумий майдони унинг ҳукмдорлиги даврида 6 миллиондан 19 миллион километр квадратгача кенгайди. Европа қиролларига йўллаган хатларини у:

«Император ҳазрати олийлари Султон Сулаймон Биринчи, Усмонийлар хонадони Ҳукмдори, Султонлар султони, Хонлар хони, Тақводорлар султони, Аллоҳ юборган элчининг ердаги ноиби, Учта муқаддас қадамжо шаҳар – Макка, Мадина ва Қуддус ҳимоячиси, Учта шаҳар – Констанстинополь, Андрианополь ва Бусра, Дамашқ, Қоҳира, бутун Арманистон, ал-Маъарис, Барк, Кайруан, Халаб, араб ва форс Ироқи, Басра, Эл-Хас, Дилан, Ракка, Мосул, Парфия, Диёрбакир, Киликия, Арзурум вилояти, Сивас, Адан, Караман, Фан, берберлар ери, Эфиопия, Тунис, Триполи, Дамашқ, Кипр, Родос, Кандия, Муриа вилояти, Мармара денгизи, Қора денгиз ва унинг соҳиллари, Анатолия, Румелия, Бағдод, Курдистон, Юнонистон, Туркистон, Татаристон, Черкесия, Кабард, Гуржистон, қипчоқ дашти, бутун татар юрти, Киффа ва унга туташ ўлкалар, Босния, Белград шаҳри ва қасрлари, Сербия ва унинг шаҳарлари-ю, қасрлари, бутун Албания, Молдавия ва кўплаб бошқа ўлка ва шаҳарлар императори» - дея имзолаган.

74 ёшга тўлган халифа Сулаймон Кануний мусулмонлар армиясини яна шахсан ўзи бошқаришга, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учун сафарга чиқишга аҳд қилди. Шифокорлар касаллиги туфайли жони оғриб турадиган халифага бундай ниятдан қайтишни маслаҳат беришди, аммо кекса халифа уларга:

«Аллоҳ менга, Унинг йўлида курашиб, жанг майдонида жон таслим қилишга ижозат беради дея умид қиламан», - дея жавоб қайтарди.

Жангчилар касаллиги туфайли мустақил ҳаракатланишга мадори қолмаган кекса халифани кўтариб, эгарга ўтқазишди. Шундай қилиб тақводорлар султони Сулаймон Кануний қўмондонлиги остидаги Усмонийлар халифалигининг армияси Сигетаврдаги мустаҳкам венгр қалъасига етиб борди. Мусулмонлар ҳарчанд уринишмасин, енгилмас қалъани ишғол қила олишмади. Қамал беш ой давом этаётганига қарамай, муваффақиятдан дарак бўлмади. Бу вақт давомида олий бош қўмондоннинг аҳволи янада оғирлашди. Қалъани забт этиш борасида айрим жангчилар орасида шубҳа ҳам туғилди. Бир пайт жангчилар султоннинг чодиридан чиқаётган паст овозни эшитиб қолишди. Бу хаста Сулаймоннинг Аллоҳга ёлвориб, Ундан ғалаба сўраётган овози экан:

«Ё Аллоҳ... Мусулмон бандаларингга ўзинг кўмак бер... Уларга зафар инъом этиб... кофирларни оловда ёндир».

Султон Сулаймон Канунийнинг илтижоси якунига етиши ҳамоно, самодан жавоб келди. Мусулмонлар тўпидан отилган ўқлардан бири тикка бориб, қалъанинг порох сақлаш омборига тегиб портлади.  Сигетаврнинг тунги осмони ёришиб, ёнғин қалъани батамом қамради. Мусулмон бўлинмалари ҳужумга кўтарилиб, ҳилол тасвири солинган байроқни қалъа деворига ўрнатишди. Қалъа ҳимоячилари таслим бўлгач, чопарлар суюнчи олгани хаста халифа ҳузурига югуришди. Хушхабарни эшитган султон Сулаймоннинг юзи табассумдан ёришди. Кўзини юқорига кўтарган кекса халифа калима қайтариб, Аллоҳни зикр этди:

«Аллоҳга ҳамд-у санолар бўлсин... Ана эни ўлсам бўлади... Энди ўлсам бўлаверади...»

Шундан сўнг ул зоти шарифнинг овози тиниб... юрак уриши тўхтади...

Курраи замин қироллари бир вақтлар жиддий эътибор қилмаган, умри буюк ишлар-у, фидойилик-ла ўтган ўша йигитчанинг юраги мана энди тўхтади.

«Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас уларнинг айримлари ўз аҳдига вафо қилди, айримлари эса интизордир. Улар ўз аҳдларини ўзгартиришмаган» ("Аҳзоб" сураси, 23-оят).

Султон Сулаймон Канунийнинг вафот топгани ҳақидаги хабар тарқагач, курраи заминда борки мусулмон аза тутди. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шайхларининг кўзи ёшга тўлди. Қуддусдаги болалар йиғлади. Жазоир ва Тунис ўспиринлари кўз ёш тўкди. Испан салиб юришчиларининг қамоқхоналаридан халос қилган халифа учун Андалусиянинг хотин-қизлари аза тутди. Салиб юришчилари эса унинг ўлимидан мисли кўрилмаган даражада қувонишди. Кекса баҳодирнинг ўлимидан хабар топган Ватиканнинг қўнғироқлари тантанавор жаранглади. Раҳматли ҳукмдор ҳақида немис тарихшунос олими Хамлер: «Ушбу султон биз учун Салоҳиддиндан ҳам хавфли эди», - дея фикр билдириб ўтди. Инглиз тарихшунос олими Ҳаролд Лэмб эса: «Христианларнинг байрами кўп. Агар мендан ўша байрамларнинг қайси бири ниҳоятда жиддий аҳамиятга эга бўлганини сўрасангиз, ҳеч иккианмай, султон Сулаймон Кануний ўлган кунни айтаман», - дея таъкидлаб ўтган эди.

Сулаймон Канунийни дафн қилиш чоғида кутилмаган бир ҳолат юзага келди. Марҳумнинг васиятига кўра қулфланган бир қутини ҳам лаҳадга қўйиш керак экан. Уламолар ушбу қутида йўқ қилиниши Ислом шариатида ман этилган бебаҳо буюмлар бўлиши мумкинлигидан хавотирланиб, уни очиб кўришга қарор қилишди. Аниқланишича, ушбу қути уламоларнинг халифа Сулаймон Кануний олган фатволарга тўла экан. Зеро у, давлатнинг олий муфтиси шайхулислом Абу ас-Сауд эфендининг тегишли масала борасида Исломнинг меъёрий-ҳуқуқий қоидалари шарҳлаб ўтилган фатвосини олдиндан олмай туриб жиддий аҳамиятга эга бирорта ҳам қарор қабул қилмаган. Бундай фатволар орасида масалан, чумолиларнинг подшо саройида ҳаддан ортиқ кўпайиб кетишига йўл қўймаслик учун қаср атрофида ўсаётган дарахтларни, гарчи бу чумолиларнинг маълум қисми нобуд бўлишига олиб келса-да, оҳак билан оқлаш мумкинлиги борасида халифанинг саволига берилган ижозат ҳам бор эди. Шайх Абу Сауд эфенди ушбу ҳужжатларни кўриб ҳўнграб юборди. Ёнидаги одамларнинг ҳам кўзига ёш келди.

«Сен-у, Сулаймон ўзингни сақлаб қолибсан! - деди муфти йиғлаб. - Бизлар-чи, қайси фалак ҳимоя қилади бизни, қайси ер кўтаради бизни, агар берган фатволаримизда янглишган бўлсак?!»

Аллоҳ Сулаймон Канунийни Ўз раҳматига олиб, Жаннати Фирдавснинг чексиз боғларидан жой берсин. Аллоҳ ҳаммамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузи олдида йиғилишни насиби рўзи айласин.

Мазкур асаримда мен Сулаймон исмли буюк мусулмоннинг таржимаи ҳолидан қисқагина лавҳалар келтирдим холос. Аллоҳ шоҳид, бунда мен имкон қадар қисқа ёзишга уриндим. Айтганларимдан айта олмаганларим кўп қолди. Бироқ умид қиламан-ки, муқаддас динимиз бизгача етиб келиши учун ўз ҳаётини аямаган уммати Ислом қаҳрамонларини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу арзимас меҳнатим Аллоҳнинг марҳамати ила зое кетмайди. Тарих – мароқли ҳикоялардангина эмас, балки уммат тарихига тажовуз қиладиганларга қаршилик кўрсатиш учун қўлланиладиган қурол ҳамдир. Уммати Ислом қаҳрамонларининг бой тарихи туфайли сиз-у биз бошимизни ғурур-ла кўтариб юрамиз. Зеро, биз заиф эмасмиз, биз – уларнинг авлодимиз!

Султон Сулаймон Кануний даврида Ислом тарихида унутилмас, ўз кўламига кўра ниҳоятда йирик денгиз муҳорабаси бўлиб ўтди. Ўша жанг тарихи қандай бўлган? Денгиз муҳорабасида ғолиб чиққан буюк исломий денгиз саркардаси ким бўлган? Нима учун унинг исми америкаликларнинг Голливуддаги киностудиялари учун илҳом манбаига айланди? Ва қандай қилиб у ўз укаси билан Андалусиядаги христиан католиклари қийноққа солган минглаб одамларни қутқариб қолди?

Жиҳод Турбанийнинг
“Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси” китобидан
Шокир ДОЛИМОВ таржимаси

 


[1]   Оқ денгиз (турк. Akdeniz) – Ўрта денгизнинг туркча номи.

[2]   Румелия – бугунги Болқоннинг тарихий номи.

[3]   Ажам – форс тилли мусулмон халқлар.

[4]  Тамплиерлар (фр. templiers «бутхоначилар»), шунингдек, «Исонинг бечораҳол рицарлари ордени» (фр. L’Ordre des Pauvres Chevaliers du Christ) деган расмий ном билан танилган, салиб юришлари даврида Фаластинда асос солинган диний-рицарлик ордени. Ҳарбий-диний орденлар орасида (госпитальерлардан кейин) иккинчи бўлиб асос солинган орден.

[5]   Абу Ханифа ан-Нўмон ибн Собит ал-Куфий (699 – 767 йй.) – исломий уламо, Аҳли сунна вал жамоа фирқасига мансуб, исломий ҳуқуқ соҳасидаги тўртта диний-ҳуқуқий мактабдан бири – ханафий мазҳабининг асосчиси.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!