Илм

Буюк ўтмиш саҳифалари. Салоҳиддин Айюбий Қуддусни қандай озод этганди?

2544

“Мен учун барчаси амаким билан бўлган юришлардан бошланди. У Мисрни қўлга киритгач, вафот этди. Шундан сўнг, Аллоҳ менга ўзим кутмаган ҳокимиятни берди”, – деб ёзади  машҳур саркарда Салоҳиддин Айюбий ўз қайдномаларида.   

Салоҳиддинда диний ва дунёвий илмларга бўлган қизиқиш жуда юқори бўлган ва у ўз келажагини ҳеч қачон ҳарб (уруш) ишларида кўрмаган. Бироқ, тақдири илоҳий у учун айнан шундай қадарни битган эди. Ҳокимиятни қўлига олар экан, у ўзининг асосий душманлари бўлган салбчиларга қарши мусулмон ўлкаларини ўз атрофида бирлаштира олди.

Аслида, Миср ва Шом ерлари султони бўлган саркарданинг асл исми Салоҳиддин бўлмаган. Бу ном унга берилган куня бўлиб, “Динни ислоҳ этувчи” маъносини англатади. Қайд этиш керак, Салоҳиддин ўз ҳаёти орқали бу номга муносиб эканини исботлай олди. Султоннинг асл исми Юсуф ибн Айюб эди. Унинг аждодлари жангчи ўтган бўлиб, оҳир-оқибат бу қаҳрамонимизнинг тақдирида ҳам ўз аксни топди. У ўз уруғи бўлган айюбийлар билан фахрланар ва Аллоҳ аждодларига кўплаб ғалабаларни бергани ҳақида сўзлашни ёқтирарди.

Шундай бўлса-да, Салоҳиддин ёшлигида фалсафага ўзгача қизиқарди. Евклид ва Птоломей асарлари билан яхши таниш, риёзиёт илми билан (математика) ошно эди. Бундан ташқари, Ислом фиқҳини ҳам пухта ўзлаштирган эди. Унинг диний илмларга ва Ислом тарихига бўлган қизиқиши ортишига ўша вақтда Қуддуснинг салбчилар томонидан эгалланиши ҳам сабаб бўлди. Салоҳиддин араб сулолалари тарихига ҳам қаттиқ қизиқарди. У Абу Таммам ат Таувсий қаламига мансуб машҳур ўн жилдлик араб шеъриятига оид силсилани ёддан биларди. Ҳуллас, ёш Салоҳиддиннинг қизиқишларига қараб ундан саркарда чиқишини кутиш қийин эди. Илло, у ўз амакиси Асад ад Дин Ширкуҳ ибн Шози қўл остида ҳарб ишларини ўргана бошлади ҳамда милодий 1169 йилга келиб улар биргаликда Мисрни забт этишди.

Ўша йилнинг ўзида Салоҳиддиннинг амакиси вафот этди. Дамашқнинг у вақтдаги амири Нуриддин Мисрда ҳокимиятни шийъа эътиқодидаги Ал Адидга топширди. Бироқ, кутилмаганда Ал Адид бу рутбадан Салоҳиддин фойдасига воз кечди. Баъзи тахминларга кўра, бу қарорга келишига унинг Салоҳиддинни заиф ва ўзига ишончи бўлмаган саркарда сифатида билгани сабаб бўлган. Адид бу орқали кейинчалик ёш ва тажрибасиз Салоҳиддинни бошқаришни, аста-секин унинг қўл остидаги жангчиларни ўзига бўйсундириб олишни кўзлаган бўлиши мумкин. Аммо, Салоҳиддин ҳокимиятни ўз қўлига олгач, ўзини қатъиятли саркарда сифатида кўрсата олди. Илк кунларданоқ салбчиларга қарши юриш бошлади ва мусулмон кемалари учун хавф бўлиб турган Эйлат қалъасини қўлга киритди.

1171 йил Ал Адид вафот этди ва Салоҳиддин Мисрда тўлиқ ҳокимиятни қўлга киритиб, юртда аҳли сунна эътиқодни бирламчи ўринга кўтарди. Гарчи тўлиқ ҳокимлик қаҳрамонимизнинг қўлида бўлса-да, у расман Нуриддиннинг минтақадаги волийси бўлиб қолмоқда эди. Шундай бўлишига қарамай, Салоҳиддин Қуддус шаҳар қўрғонига ҳужум қилишга қарор қилди. Бундан хабар топган Нуриддин ўз норозилигини билдиради. Салоҳиддин эса ўз қўшинини ортга қайтаришга мажбур бўлади. Шом амири кейинчалик ўтган иш учун узр сўраган бўлса-да, икки саркарда ўртасидаги муносабатга путур етиб бўлганди. 1173 йили Салоҳиддинг отаси вафот этгач, Нуриддин Миср томон ҳарбий юришни бошлайди. Миср қўмондони эса зудлик билан Қоҳирада аскар тўплай бошлади. Бироқ, Мисрга яқинлашиб қолган амир Нуриддиннинг йўлда вафот этиши Салоҳиддинга тўлиқ мустақилликни олиб келади. Энди унинг олдида икки йўл турганди. Шомга юриш қилиб, Сурия ва унинг атрофидаги ерларни бўйсундириш ёки салбчилар қўл остида қолган Қуддусга отланиш.

Салоҳиддин Шомга юриш қилиб, собиқ амирнинг ворислари ўртасида кечаётган низога чек қўйиши ва осонлик билан ҳокимиятни ўз қўлига олиши мумкин эди. Бироқ унинг тақвоси, Ислом тарихидан ўқиб билганлари сабаб мусулмонлар устига юриш қилишга ҳаё қилди. Саркарда шуни ҳам билардики, агар у Шомга юриш қилса, ҳақиқий душманлари бўлган салбчилар нигоҳида шарафсизга айланарди. Шунда у Нуриддиннинг меросхўри бўлган 11 ёшли Солиҳ ибн Нуриддинга мактуб йўллайди. Номада Салоҳиддин ёш амирнинг “қиличи” бўлишга ваъда бериб, унга ўз ҳимоясини таклиф этади. Айни вақтда Ҳалаб шаҳрига душманларнинг ҳужуми юз беради. Бу вақтда Солиҳ ибн Нуриддин Ҳалабда бўлиб турганди. Салоҳиддин зудлик билан ўзининг энг ишонган, хос 700 нафар отлиқ жангчисини Ҳалабнинг асосий қисмига бошлаб борди ва ғалабага эришди. У шаҳарни душманлардан озод қилгач, аввал Нуриддиннинг қўл остида бўлган Ҳомс аҳли ҳам Салоҳиддинга содиқлик изҳор қилади. Унинг бу муваффақиятларига қўшинидаги мамлуклардан ташкил топган отлиқ-камончи қисмнинг ҳиссаси катта эди. Шомда аста-секинлик билан Салоҳиддиннинг нуфузи орта бошлади. 1176 йил Дамашқдан Қоҳирага қайтар экан, буюк саркарда ўз қўл остида минтақадаги мусулмон султон, амир ва бошқа катта-кичик қўмондонларни жамлаб бўлганди. Эндиликда у мавқеи ва нуфуз борасида Қуддус қироллиги билан тенг ҳолатга етиб келганди.

Шу тариқа Салоҳиддин мусулмонларни салбчиларга қарши бирлаштира олди. Шом узра ҳокимият ўрнатгач, у фақатгина Қуддусни ислом душманларидан озод қилиш ҳақида фикр юрита бошлади. Бу борадаги ҳаракатларнинг тезлашиб кетишига қачонлардир Салоҳиддиннинг ўзи асирликдан озод этиб, қўйиб юборган Арнаут шаҳзодаси Рено де Шатилионнинг қилмиши сабаб бўлди.

Салоҳиддин салбчилар кучини қирқиш учун иқтисодий қуршов йўлидан унумли фойдаланарди. Саркарда денгиз бўйлаб самарадор тижорат тизимини ярата олганди. 1187 йили Арнаут шаҳзодаси бағрида Салоҳиддиннинг синглиси бўлган кемалар карвонига ҳужум қилади. Бироқ, анчайин узоқни кўра олувчи инсон саналадиган қаҳрамонимиз тажоввузга тажжовуз билан жавоб бергиси келмайди. У Қуддус қироли Гидо де Люзенянга айбдорларни жазолашни ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилиб, нома йўллайди. Бироқ, унинг талаблари жавобсиз қолдирилгач Салоҳиддин Қуддусга юриш эълон қилади.

Ҳал қилувчи жанг Ҳиттин тепалигида бўлиб ўтди. Салбчилар сув ва соясиз саҳрода қийин аҳволда қолганди. Бундан унумли фойдаланган қўшин душманга қақшатқич зарба берди ва Қуддусни фатҳ этилди. Қирол ва унинг кўплаб содиқ рицарлари асирга олинди. Эътиборли жиҳати, Салоҳиддин асирларнинг аксарига яхши муомала қилди. Фақатгина исломнинг ашаддий душманлари бўлган тамплиерлар ва ионитларга шафқат қилиб ўтирмади. Улар қатл қилинди.

Қирол ва Арнаут шаҳзодаси Салоҳиддин қошига олиб келинди. Қиролни яхши кутиб олган Салоҳиддин Рено де Шатилион билан кескин муносабатда бўлди. Аввал ундан Исломни қабул қилиши сўралди. Аммо у Исломни инкор этди. Шундан сўнг, унинг боши танасидан жудо этилди. Асирларнинг сони жуда кўп эди. Салоҳиддин уларга шафқат қилди ва ўзларини асирликдан сотиб олишга имкон берди.

Шу тариқа, Салоҳиддин Қуддусни салбчилардан озод этди ва бутун Фаластин устидан назоратни ўрнатди.

Муаллиф: Надежда Чекасина

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тарихда бугун: Салоҳиддин Айюбий Қуддусни қайтариб олди

2015 17:00 02.10.2019

Шарқий Қуддусда тўқнашув юз берди

1250 16:00 17.08.2019

Улар биздан шунчалик қўрқишади...

1763 23:00 16.08.2019

Ақсо бизники! Фақат бизники! Бизнинг чегарадан йўқолинг!

1473 21:36 14.08.2019

Ақсо бизники, уни ҳеч кимга бермаймиз!

2126 23:33 08.08.2019
« Орқага