Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Назм

Бузилган деворлар

800

Қадимда

мевалар етилган пайтда

савоб деб яшаган комил аждодим

мусофир чанқоғин боссин деб атай

 бузиб қўяр экан боғлар деворин.

Эрон даштларидан Хитойга қадар

девори бузилиб ётган боғ эди,

бу боққа мусофир кирган дафъада

 астойдил севинган элим бор эди.

Бор эди бу элнинг худо безаган,

камолга туташган олтин чоғлари,

қарғишлар қарғадай қўнган ерлардан

 қалтираб ахтардим ўшал боғларни.

Ахир, ер ютдими... комил инсонлар

қолдими сарғайган афсоналарда?

Метин деворларда — чақиртиконлар,

қулфлар шодаси — дарвозаларда.

Бир қўлимни бердим, есин чаёнлар,

бошқасин узатдим каламушларга,

юрагим гулларин отдим аямай

кўзлари қотирма падаркушларга.

Битта гул юзига юзимни босиб,

оғринган чоғимни тоғлар кўрмасин.

Энди бу ҳолимни мозийдан тошиб,

девори бузилган боғлар кўрмасин.

Гирватдай айланар зулм дунёси...

қаъридан анқирди қора тер ҳиди,

гўёки бу қадим йўллар худосиз,

гўёки бутун бир элим берк эди.

Берк эди, берк эди, чексиз деворлар

ичида инграрди чексиз бир шўрлик,

тинимсиз муштладим дарвозаларни,

ошиқ қўлларимни қонатиб бўлдим.

Ошиқ кўзларим ҳам....

ёвуз чақнаган,

кимнидир сўкаман, бандаи ғофил,

ахир ўз еримда дайдиб, чанқаган

шўрлик мусофирман,

улуғ мусофир.

Шавкат РАҲМОН

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қаддингни ростла!

1521 22:00 15.05.2021

Дил аро ёдинг мужассам...

829 07:00 06.05.2021

Рамазонда рўза тутганлар

758 20:00 03.05.2021

Адолат нелигин Умардан сўранг...

1771 22:00 23.04.2021

Абдулла Қодирий: “Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз...”

2265 18:00 23.04.2021

Умр ҳисоби

861 08:30 22.04.2021
« Орқага