Cаҳобалар ҳаётидан: Абу Дардо розияллоҳу анҳу (2-қисм)

22:00 07.12.2018 387

Абу Дардо розияллоҳу анҳу фақат тижоратни тарк этиш билан кифояланмадилар. Балки у киши дунёни тарк қилдилар ва унинг зийнатларидан юз ўгирдилар. Дунё молидан қоматни тутиб туришга кифоя қиладиган биргина луқмага, жасадларини ёпиб турадиган бир дағал матога ҳам қаноат қилардилар.

Бир куни у кишининг ҳузурларига бир қанча одамлар меҳмон бўлиб келишди. Ўта совуқ кеча эди. Абу Дардо розияллоҳу анҳа уларни оддий таом билан меҳмон қилдилар. Ухлайдиган вақт бўлганида Абу Дардо розияллоҳу анҳу меҳмонларга ёпинчиқ бермадилар. Меҳмонлар ухламоқчи бўлишди, аммо, мезбон уларга ёпинчиқ бермагани ҳақида ўзаро гаплашишди. Шунда ичларидан бири туриб: “Мен хозир бориб Абу Дардога айтаман” деди. Бошқаси: “Йўқ, йўқ, қўй бу гапни қандай айтасан, биз уяламиз” деб уни қайтарди. Лекин ҳалиги киши гапга кирмасдан Абу Дардо розияллоҳу анҳу ётган ҳужранинг эшиги олдига борди. Қараса Абу Дардо ёнбошлаб ётибди. Аёллари эса ёнларида ўтирган экан. Устиларига ёпишга иссиқдан ҳам, совуқдан ҳам тўса олмайдиган оддий юпқагина матодан бўлак ҳеч вақо йўқ экан. Ҳалиги киши бу ҳолатдан ажабланиб: “Эй Абу Дардо, сизларга нима бўлди, қани уй анжомларингиз?” деб сўради. Шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Биз уй анжомларимизни, дунё матоҳларимизни кетма-кет нариги дунёга жўнатаяпмиз. Агар мана шу ҳовлида бизнинг бирор нарсамиз бўлса эди, уни албатта сизларга берган бўлар эдик. Биз охират сари борар йўлимизда катта ва ўтиш қийин бўлган бир тепалик борлигини кўрдик. Билдикки, юки енгил киши ўша тепаликдан юки оғир кишидан кўра осонроқ ўтар экан. Биз ўз юкларимизни енгиллатиб ўша тепаликдан осон ўтишни истадик”, деб жавоб бердилар. Сўнгра ҳалиги кишига қараб туриб: “Энди нима учун матоҳларимиз йўқлигини тушундингми?” дедилар. Ҳалиги киши “Ҳа тушундим, Аллоҳ сени мукофотласин” деди.

Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлган вақтларида Абу Дардо розияллоҳу анҳуни Шомга волий этиб тайинламоқчи бўлдилар. Лекин Абу Дардо розияллоҳу бундан бош тортдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу жуда қаттиқ туриб олганларидан кейин Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Агар сиз мени уларнинг олдига Аллоҳнинг китобини ва Набийларининг суннатини таълим беришим ҳамда уларга намоз ўқиб беришим (яъни, намозда имомлари бўлишим) учун боришимни хоҳласангиз, майли бораман” дедилар. Умар розияллоҳу анҳу бу гапга рози бўлдилар ва Абу Дардо розияллоҳу анҳуни Дамашққа жўнатдилар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу Дамашққа борганларида инсонларни дунё дабдабаларига берилган, ўткинчи неъматларга шўнғиган ҳолатда кўрдилар ва даҳшатга тушдилар. Чунки Мадинадаги ҳолат бутунлай бошқача эди. Кейин барчани масжидга чақирдилар. Одамлар масжидга тўплангач, Абу Дардо розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб шундай хутба қилдилар:

“Эй Дамашқ аҳли, сизлар динда биродарларимиз, мамлакат борасида қўшниларимиз, душманларга қарши ёрдамчиларимизсизлар! Эй Дамашқ аҳли, менга ёрдам беришдан ва насиҳатимга амал қилишдан сизларни нима тўсади? Ваҳоланки, мен сизлардан бунинг эвазига ҳеч нарсани сўрамайман, насиҳатимнинг фойдаси сизлар учун бўлади. Ажрини эса сизлар эмас Аллоҳ беради.

Сизларга нима бўлдики, уламоларингиз вафот этиб кетишяпти, лекин, илмсизларингиз улардан таълим олишмаяпти, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ таоло сизларнинг устингизда ўз зиммасига олган нарсага (яъни, ризққа) қараб юзланасизлар, ва лекин Аллоҳ таоло сизларга буюрган нарсага бепарво бўласизлар! Сизларга нима бўлдики, емайдиган нарсаларингизни йиғиб қўясизлар, яшамайдиган нарсаларингизни (яъни уйларни) қурасизлар, етолмайдиган нарсаларни орзу қиласизлар! Сизлардан олдин шундай қавмлар ўтдики, улар мол дунёни тўпладилар ва кўп орзулар қилдилар. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан уларнинг тўплаган нарсалари йўқ бўлиб кетди. Уларнинг орзулари хом ҳаёлдан бошқа нарса бўлмай қолди. Уларнинг уйлари қабрларга айланди! Эй Дамашқ аҳли, мана Од қавми! Бутун ерни молу дунёга, бола-чақага тўлдиришди. Мана улардан ҳеч нарса қолмади… Ҳозир ким мендан Од қавмининг қолдирган нарсаларини икки дирҳамга сотиб олади! (Яъни, улардан 2 дирҳамга арзийдиган нарса ҳам қолмади, ҳаммаси йўқ бўлиб кетди!)”.

Инсонлар бу гапларни эшитиб қаттиқ таъсирланишди ва кўзларига ёш олишди. Масжидни тўлдириб юборган оломон шундай йиғлардики, уларнинг йиғиси ҳаттоки масжиднинг ташқарисидан ҳам эшитилиб турарди. Мана шу кундан бошлаб Абу Дардо розияллоҳу анҳу Дамашқ аҳлининг мажлисларида сўзлари тингланадиган, бозорларини айланиб назорат қиладиган, сўровчиларга жавоб берадиган, билмайдиган кишига билмаган нарсасини ўргатадиган, ғофилларни огоҳлантирадиган кишисига айландилар. Ҳар бир фурсатни ғанимат билардилар, ҳар бир муносабат, ҳар бир ҳолатдан манфаат олардилар.

Кунларнинг бирида Абу Дардо розияллоҳу анҳу бир жамоатнинг олдидан ўтиб қолдилар. Қарасалар, инсонлар бир кишини ўраб олиб, турткилаб, ҳақорат қилишаётган экан. Олдиларига яқинроқ бориб: “Нима бўляпти?” деб сўрадилар. Улар “Бу киши катта гуноҳ иш килибди!” деб жавоб беришди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Агар бу киши бир қудуққа тушиб кетса, уни қудуқдан чиқариб олишга ҳаракат қилармидинглар?!” дедилар. “Ҳа албатта ёрдам берардик” дейишди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Бас, шундай экан, уни урманглар, сўкманглар, балки унга маъруза қилинглар, тўғри йўлни тушунтиринглар ва сизларни бу киши килган гуноҳдан офиятда сақлаган Аллоҳ таолога ҳамд айтинглар!” деб уларга насиҳат қилдилар. Инсонлар: “Сиз бу гуноҳи кабира килган кишини ёмон кўрмайсизми?” деб сўрашганида Абу Дардо розияллоҳу анҳу бағрикенглик билан: “Мен фақатгина унинг феълини ёмон кўраман. Агар у ушбу гуноҳи кабирани тарк қиладиган бўлса, у менинг биродаримдир” дедилар. Ҳалиги гуноҳи кабира қилган киши бу гапларни эшитиб ҳўнграб йиғлаб юборди ва ўша заҳоти тавба қилганини маълум қилди.

Яна бошқа сафар Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бир ёш йигит келиб: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, менга насиҳат қилинг” деди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга шундай насиҳат қилдилар:

“Эй ўғилчам, хурсандчилик кунларда Аллоҳни эсла, Аллоҳ сени қийинчилик кунларда эслайди. Эй ўғилчам, ё олим бўл, ёки таълим олувчи бўл, ёки шу иккаловини эшитувчи бўлгин, зинҳор тўртинчиси бўлмагин, акс ҳолда ҳалок бўласан!

Эй ўғилчам, масжид сенинг уйинг бўлсин. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Масжидлар ҳар бир тақводор кишининг уйидир” деганларини эшитганман. Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла масжидларни уйи қилиб олган кишига ёрдам бериш, унга кенгчилик қилишни ва унинг сирот кўпригидан жаннат сари ўтиб кетишини ўз зиммасига олади”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу Дамашқда яшаб турган вақтларида Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўз ўғиллари Язидга олиб бериш истагида Абу Дардонинг қизлари Дардога совчи жўнатдилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу эса…

Давоми бор… 1-қисм.

“Кўкалдош” ўрта-махсус 
Ислом билим юрти талабаси 
Абдулбасир КАМОЛОВ

Манба: Kukaldosh.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!