Cаҳобалар ҳаётидан: Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг шижоатлари

07:00 07.12.2018 402

Имом Баззор ўзларининг “Муснад”ларида қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Алий розияллоҳу анҳу айтдилар: “Менга инсонларнинг энг шижоатлиси ким эканлигини хабар берингларчи?” Одамлар айтишди: “Сиз”. У киши айтдилар: “Мен ҳаммага қарши чиқа олсам ҳам, уни олдида жим тураман. Менга инсонларнинг энг шижоатлисини хабарини беринглар”. Айтдилар: “Билмаймиз. Ким экан у киши?” Айтдилар: “Абу Бакр. Бадр куни эди. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чодир қад қўтардик. Орамиздан ўзаро “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдида мушриклардан ҳимоя қилиш учун ким қолади?” деган гап чиқди. Аллоҳга қасамки, орамиздан бирор киши бу ишни қилишга яқинлаша олмади. Орамиздан фақатгина Абу Бакр розияллоҳу анҳу чиқдилар ва у зотни ҳимоя қила бошладилар”.

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўртага олиб, бири туртар, бошқаси эса мазаҳ қилар эди. Улар боз устига “Бизнинг илоҳларимизни битта илоҳ қилган ҳали сенми?” дейишар эди. Аллоҳга қасамки, орамиздан Абу Бакр розияллоҳу анҳугина чиқиб, бирини нари кетказдилар, бошқасини урдилар ва шундай дедилар: “Ҳор бўлгурлар. Роббим Аллоҳ деган кишини ўлдирасизларми?”. Шу гапларни айтаётган Алий розияллоҳу анҳу ёнларида турган бурдани кўтариб йиғлай бошлади. Ҳатто уларнинг соқоллари ҳўл бўлди. Сўнг шундай дедилар: “Фиръавннинг оиласи иймон келтиргани яхшими ё Абу Бакрми?”. Одамлар жим бўлиб қолишди. Шунда у киши: “Жавоб бермайсизларми?” дедилар. “Албатта, Абу Бакр розияллоҳу анҳудек киши бир муддат бўлишлиги, Фиръавннинг оиласидан мўмин бўлганларнинг бир умр бўлишидан кўра яхшироқдир” дедилар. “Чунки, у киши аввал иймонини яширдилар. Сўнг ошкора қилдилар”.

Имом Бухорий ривоят қиладилар Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қиланади: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган энг қаттиқ ишлари ҳақида сўрадим. У киши: “Уқба ибн Абу Муайт бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида ортидан келиб ридоси билан буғди. Шунда уни Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқлаштирдилар ва “Роббим Аллоҳ деган кишини ўлдирасизларми? Дарҳиқақат, у сизларга Аллоҳ таолодан очиқ-ойдин далилларни олиб келган бўлса?!” дедилар.

Аллоҳ таоло шижоатли бандалари қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!

Абдуссами ЭРГАШЕВ

Манба: Kukaldosh.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!