Янгиликлар

«Charlie Hebdo» журналининг ҳақоратларига қандай жавоб беришимиз керак?

4220

Фрацияда чоп этиладиган «Charlie Hebdo» журналида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни карикатура қилинганига машҳур воиз Нўъмон Алихон ўз муносабатини билдирган. Унинг фикрлари ўзбек тилига ўгирилиб, улашилган видеоси остига бир кимса қуйидагича изоҳ қолдирибди: «Домла, сизда зарра бўлса ҳам уят борми? Онангизни сўкишса ҳам индамайсизми шунақа? Бу кунингиздан ўлганингиз яхшимасми?»

Афсуски, бундай маърифат ва одоб йўқсиллари ҳар доим динимизга фақат зарар келтиришган, холос. Фақат бақир-чақир, сўкиш ва лаънатлаш билан бир иш битадими? Шу билан бугунги хорлигимиз азизликка айланадими? Агар шунинг ўзи билан ҳамма нарса яхши бўлганда ҳозир умматларнинг энг пешқадами бўлган бўлмасмидик?! Ахир, бугун шундан бошқа иш қўлимиздан келмаяпти. Даҳанаки жанг ёки кимнидир ўлдириш ва отиб ташлаш билан Ислом юксалиб, уммат азиз бўлиб қолмайди. Аксинча, бу ишлар динимизга зарар етказади, унга қора чапланишига сабаб бўлади. Шуни тушуниб етиш керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима қилдилар? 23 йил давомида тинмай ҳаракатда бўлиб, Аллоҳнинг инояти билан ғолиб бўлмадиларми? Ўз даврида бир уммат вужудга келиб, яшаб қолиши учун керак бўлган барча ишни қилдилар.

Фақат душманларни сўкиш ва ҳақоратлаш орқали иш битганда, Маккаи мукаррамадан чиқмай, шу иш билан шуғуллансалар бўлмасмиди?

Бугун уммат дунё соҳасида пешқадам эмас. Ислом динига мансуб кўплаб якка шахслар турли соҳаларда ўз қобилиятларини намойиш қилаётган бўлсалар ҳам умумий маънода Ғарб ва ғайримусулмон ўлкалар биздан илгарилаб кетган. Бу пешқадамликни улардан олиб, ўзиб кетиб, ўзгаларни ўзига эргаштирмагунча мусулмон уммати қолоқликда бардавом бўлаверади. 

Тағйирул мункар (ёмонликни яхшиликка ўзгартириш) ва "дафъул ғурба" (умматдан ғарибликни кетказиш) мавзусида ёзилган исталган китобларни мутолаа қилинг, бу ҳақдаги исталган Ислом олими ва мутафаккирининг фикрларига қулоқ тутинг нима дейишади?! Уларнинг барчаси илгари сурган ғоянинг моҳияти қуйидаги нарсаларда ўз аксини топишига гувоҳ бўласиз: «Аввал дунёвий соҳада биздан пешқадам бўлганларга эргашиб, уларнинг илми ўзлаштирилади, кейин улардан ўзиб кетилади. Сўнгра ўзгалар эргашади сизга. Кўпроқ ҳисоблашади сиз билан». Бу босқичдан ўтмасдан туриб, жуда кўп жиҳатдан ўзга маданият вакилларига қарам бўлган ҳолимизда, ҳатто тутаётган телефонимизнинг ғилофигача ғайридинларники бўлгани ҳолда ким сиз билан ҳисоблашади? 

Бу сўзларим билан мусулмонларни ерга урмоқчи эмасман. Айни дамда дунё майдонида биз эргаштирувчи эмас, эргашувчи эканлигимизни эслатмоқдаман, холос. Араб жазирасида нефт конлари аввалдан бор эди. Лекин уларни излаш, қазиб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича технология бўлмаган. Шу нарсаларни ҳам ғарбдан олганмиз. Улар чиқариб берган. Ундан кейин бойиб кетганмиз кўрфаз давлатлари мисолида.

Жуда кўп соҳада биз ўзимиздан бошқа дин ва маданият вакилларининг ортидан эргашамиз. Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Кувайт, Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва бошқа бой ва пешқадам мусулмон мамлакатлари ҳам шу ҳолатга келиш учун кўп нарсани Ғарбдан ўзлаштириб, ўзида тадбиқ қилган. Ва бунинг ёмон жойи ҳам йўқ. Шаръий жиҳатдан маҳзурлиги йўқ. Маҳзурлик фақат рибоий банк тизими каби айрим нарсаларгагина тааллуқлидир. 

Айтмоқчи бўлганим, динимизга нисбатан қилинаётган ҳурматсизликка нисбатан раддия сўкиш ва бақир-чақир ёки ўлдириб кетиш билан бўлмайди. Бу уларга таъсир қилмайди. Раддия улардан ўзиб кетишга ҳаракат қилиш билан амалга оширилади. Ҳайбатга эга бўлиш билан ҳосил бўлади. Ана ундан кейин мабодо бу ишлар такрорланса ҳам, кучли ва ривожланиб кетган мусулмон давлатлари босқичма-босқич равишда тегишли каналлар орқали эътироз билдиришдан бошлаб, керакли бўлган санкцияларни қўллашгача борадиган дипломатик услубда муаммо ҳал қилинади. Акс ҳолда, оломон бўлган ҳолда бақир-чақирлар ва тўс-тўполонлар уюштиришнинг заррача таъсири бўлмайди. Аксинча, уларга айнан шу керак: мусулмонларни подага ўхшатиб кўрсатиш ва Исломга бегона бўлган дунё аҳлини улардан нафратлантириш. Мана шу эски мусиқага ўйнаб бермаслик керак. Ишонинг, дин фақат кимдир унинг устидан кулганда даҳанаки жанг қилиш, ҳақоратлаш, лаънатлаш ва истерика қилиш билан ҳимоя қилинмайди. 

Уммат ва халқ сифатида жаҳон ҳам жамиятида ўз муносиб ўрнига эга бўлиш йўлида зарра қадар ҳаракатда бўлган инсон дин ходимидир. Қайси соҳа бўлишидан қатъий назар ўқиб, илм олиб, олим бўлган мусулмонлар сафини кўпайтираётган кимса дин ходимидир. Ҳалол тижоратни йўлга қўйиб, ўзи ва ўзгаларга манфаат етказаётган мусулмон ҳам дин ходимидир. Дунёга турли хил ихтиролар, кашфиётлар тақдим этаётган ва шу билан мусулмонларга нисбатан жаҳон афкори оммасини ижобий тарафга ўзгаришига сабаб бўлаётган инсон ҳам албатта-ки, дин ходимидир. Исломни ўрганиб, шаръий билимларга эга бўлиб, уни тўғри тушуниб ва ўзгаларга ҳам мусаффо ҳолида етказаётган, унинг гўзал моҳиятини ўзгалар онгига улашаётган ислом олими ҳам шак-шубҳасиз дин ходимидир.

Алишер Султонхўжаев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ал-Азҳар шайхи: «Пайғамбаримиз биз учун жонимиздан кўра қийматлироқ”

1102 15:30 07.09.2020

Диний идора “Шарли Эбдо” бўйича расмий муносабат билдирди

3422 16:17 04.09.2020

Ал-Азҳар “Шарли Эбдо”нинг ишини қоралади

1202 14:03 03.09.2020

«Charlie Hebdo, Пайғамбаримизни тинч қўй!»

2209 09:29 03.09.2020

“Шарли Эбдо” аҳмоқона ишини яна такрорламоқчи

2236 18:10 01.09.2020
« Орқага