Чеченистонда Европадаги энг катта масжид очилди

09:40 24.08.2019 971

Кеча, жума куни Чеченистонда Европадаги энг катта масжид – «Фахрул муслимин» очилди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар бермоқда.

Масжид очилишига Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Юсуф Усаймин, Чеченистон президенти Рамазон Қодиров ва турли мусулмон ўлкаларидан делегациялар ташриф буюрди.

Юсуф Усаймин очилиш маросимида нутқ сўзлади ва ташкилот ушбу масжидда мусулмонлар ибодатларини хотиржам адо этишлари учун қўлидан келган ёрдамни аямаслигини айтди.

У сўзи давомида шу каби масжидлар адолат ва ҳикматнинг овози, экстремизм ва террорга қарши курашувчи бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти баёнотига кўра, «Фахрул муслимин» масжиди Европадаги энг катта масжид саналади.

 

Масжид исломий меъморчиликнинг энг кўзга кўринган асарларидан бири деса муболаға бўлмас. У икки қаватдан иборат бўлиб, ички қисмига 20 минг намозхонни сиғдиради, ҳовлисида яна 100 минг киши ибодат қилиши мумкин.

Ушбу масжид қурилиши 2012 йили бошланган. Дастлаб 10 минг намозхонга мўлжалланган масжидни 2015 йилда очиш мўлжалланган эди. Бироқ кейинроқ қурилиш режасига ўзгартириш киритилган, уни фойдаланишга топшириш муддати ҳам узайтирилган.

Мухбирларнинг хабар қилишларича, янги масжид "Шали-сити" мажмуаси таркибига киради. Бу мажмуада Шали шаҳри учун хос бўлмаган олти кўп қаватли турар-жой бинолари ҳам жойлашган. Бинолар 12 ва 16 қаватга эга. Шунингдек, мажмуада қўриқлаш минораси шаклидаги 21 қаватли бино ҳам бор, унинг ичида ресторан, офислар ва меҳмонхона жойлашган.

2017 йили янги мажмуа барпо этилаётган ҳудуд атрофидаги юзга яқин уй бузиб ташланган, бу ерда мажмуага элтувчи махсус йўл барпо этилган. 2018 йили Шалидаги уйлари бузилган 92 оилага янги уйлардан иборат посёлка қуриб берилган.

Европадаги энг йирик масжид Самарқанд ва Бухоро мумтоз меъморчилиги услубида Ўзбек меъморлари томонидан барпо этилди. Бош архитектор Абдуқаҳҳор Турдиевнинг айтишича, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров таклиф ва мулоҳазалари асосида лойиҳага ўзгартиришлар киритилган.

"Қурилишда фойдаланилган оқ мармар фақат Грециянинг Тасос оролидан қазиб олинади. Қоялардан кесиб олинган улкан бўлакларни қайта ишлаш учун материкка юборилади. Завод шароитида эса мармарга зарур шакл берилади", - дея тушунтириб берган бош архитектор РИА Новости агентлиги билан суҳбатда.

Масжиднинг асосий хонасида лотос шаклидаги саккиз метрли, оғирлиги уч тоннали қандил ўрнатилган. Чеченистон президентининг масжид қурилишини назорат қилган маслаҳатчиси Амрудди Эдилгириевнинг сўзларига кўра, ушбу қандил махсус буюртма бўйича Туркияда ясалган. У 400 лампочка, Swarovski биллурлари ва олтин билан безатилган.

Масжид атрофида ҳар хил турдаги қарийб 2000 дарахт, 28 хил атиргул ўтқазилган.

Чечен расмийлари масжид барпо этилишига қанча маблағ сарфланганини очиқламайдилар. "Свобода" радиоси хабарига кўра, сармоядор ўз исми ошкор этилишини истамаган, инвестиция ҳажми сир қолишини хоҳлаган. "Масжид қурилишига ҳисса қўшишни истаган инсонлар ўз исм-шарифларини эълон қилмасликлари ҳам мумкин", - дея Шали шаҳри маъмурияти раҳбари ўринбосари Илёс Масаевдан иқтибос келтирган матбуот.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!