Таҳлил

Чехияда исломофобия йўқми?

1144

Прагада яшовчи мусулмон муҳожирларнинг айтишича, Чехия жамиятида мусулмонларга нисбатан исломофобиядан кўра хушмуомалалик ва бағрикенглик кўпроқ, деб ёзади Раян Скотт.

Чехия дунё бўйича диндан энг узоқ мамлакатлардан бири экани тез-тез тилга олинади. Aтеизм ва диндорлик индексини ўрганиш бўйича 2012 йилда ўтказилган сўровда Чехиядан қатнашган респондентларнинг ярмидан камроғи ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслигини, 30 фоизи эса атеист эканлигини билдирган.

Бу давлатда динга эътиқод қилувчилар кўпроқ муҳожирлар жамоасига мансуб. Гарчи мен мазкур жамоаларнинг бирортасига тегишли бўлмасам-да, даҳрийлар жамиятининг диний озчиликларга қандай муносабатда эканини ва диндорларнинг ўзаро алоқалари қандайлигини билишни истадим. Мусулмон жамоаси аъзоларининг жавоблари ўзлари каби хилма-хил бўлди.

Янги келганлар

Тиббиёт ўқув юртида ўқийдиган малайзиялик Шаҳрир бу ерга биринчи келиши билан боғлиқ тажрибаси билан ўртоқлашар экан: "Мен учун бу жуда осон кечди, Чехияда биз учун ҳалол дўконлар кўп", – дейди.

Бошқа бир малайзиялик талаба Ҳазим ҳам бу ердаги вазият ҳақида ижобий фикрдалигини айтди. "Чехиядаги мусулмон жамоаси жуда катта, агар чех тилига оид бирор муаммога дуч келсак, чехча сўзлашадиган мусулмонлардан кўмак сўрашимиз мумкин", – дейди у. Уларнинг ғайримусулмон гуруҳдошлари мусулмонларнинг тезроқ ижтимоийлашишига ёрдам бериш учун зиёфатларга ўзлари учун алоҳида овқат олиб келган ҳолатлар ҳам бўлган.

Чехия жамоатчилигининг уларга нисбатан муносабатига келсак, Шаҳрир ва Ҳазимнинг таъкидлашича, чехларнинг аксарияти уларга қизиқиш билдирмайди. "Биз Ислом ҳақида гапирсак, улар аҳамият бермайди", – дейди Ҳазим.

Ўтроқлашган мўминлар

Aҳмад Ҳамдий Чехословакияга Ямандан “Бахмал инқилоби”дан олдин (1989) ўқув дастури доирасида келган. Тўқсонинчи йилларда унинг диний эркинликлари чекланган эди.

“Бошида бу ерда қийин бўлди. Битта ҳам масжид йўқ. Ҳалол озиқ-овқат дўконлари ҳам мавжуд эмасди”, – дейди у. Шу даврда Ҳамдий ва унинг бир неча курсдошлари жума намозини адо этиш учун хона ташкил қилишганди. Унинг фикрича, ҳозирда вазият ижобий томонга ўзгарган.

Жаноб Рашид ҳам Прагага тўқсонинчи йилларнинг бошида келган. "Шуни айта оламанки, бу ерда ёлғиз бўлганимда динимдан жуда узоқ эдим", – деб эслайди у. Рашид аёлидан имонга қайтишига сабабчи бўлгани учун миннатдор. Жаноб Рашид ҳаж ибодатидан кейин имони мустаҳкамланганини эътироф этди.

Ҳозирда унинг болалари мактабга боришади ва улар бир-бири билан чех тилида мулоқот қилади. Ўғил болалар таҳсил оладиган мактаб директори Рашидлар оиласининг овқатланиш талабларига кўникиб қолган.

“Баъзан мамлакатингизга нисбатан кучли туйғулар пайдо бўлади ва сиз кўпроқ ватанпарвар бўлиб қоласиз. Баъзида эса эътиқодингиз жўш уради. Барибир ҳам биз кўпроқ диндормиз. Эътиқод ва ватан билан боғлиқ қалб тўлқинлари навбатма-навбат келади”, – дейди у.

Хилма-хиллик – бу калит

"Чехия Республикасидаги барча мусулмонлар ҳам ислом арконларига тўлиқ итоат этади деб бўлмайди”, – дейди Чехия мусулмонлари жамияти раиси Владимир Санка. Улар кундалик ибодат ва рўза каби исломнинг асосий устунларига риоя қилмайди. Бу ерда баъзи мусулмонлар ичиши, баъзи мусулмон аёллар ҳижоб киймаслиги мумкин.

Вақт ўтиши билан жамоа 1990-йиллардаги 1000 нафардан бугунги кунда 4000 нафаргача ўсди. Улар орасида араб тилида сўзлашувчи давлатлардан, шунингдек Россия, Украина, Марказий Осиё давлатлари, Болқон, Покистон, Туркия, Малайзия, Индонезия диндорлари бор. Жамоада ислом динига янги кирган 800 га яқин чехияликлар ҳам бор, уларнинг 70-80 фоизи аёллардир. Қизиғи шундаки, ушбу кўрсаткич Буюк Британияда қайд этилган статистикага жуда яқин. Чехия Республикасидаги мусулмонларнинг аксарияти суннийлардир.

Чехиянинг асосий масжиди Прагада жойлашган. 1999 йилда қурилган масжид биноси Маккага қаратиб қурилмаган, аммо ибодат залининг нақшлари исломнинг энг муқаддас шаҳри жойлашган томонни кўрсатиб туради. Шаҳар марказида кичкина намозхона жойлашган, Брнодаги масжид эса 1998 йилда қурилган.

Исми ошкор этилмаслигини сўраган сўраган Б. хоним, исломни қабул қилган чех аёлларидан биридир. У йигирма йил олдин, 17 ёшида исломни қабул қилган. Б. хонимнинг динга қизиқиши ёшлигидан бошланган, унинг имонга келиши осон бўлмаган, у динсизлар оиласида улғайган эди. Қуръонни ўқишдан олдин у Инжил билан танишиб чиққан.

"Мен Қуръон ва бошқа китобларни сотиб олдим ва бу ҳақиқат эканлигини англадим", – дейди у.

Нима учун Чехияда исломни қабул қилганларнинг аксарияти аёллар деган саволга Б. хоним шундай жавоб берди: “Менимча, аёллар қабул қилиш учун кўпроқ очиқ. Кўп аёллар бирор нарса ҳақида эшитишганда, уни уқиб, қадрлашади”. Б. хонимнинг фикрича, агар исломнинг шаръий асосларига риоя этилса, аёлларга кўп ҳуқуқлар, имкониятлар ва танловлар тақдим этилади.

Мусулмон жамоасининг миллий хилма-хиллиги кўплаб суҳбатларда намоён бўлди. Жаноб Рашиднинг британиялик дўстининг сўзларига кўра, Чехия мусулмон жамоаси миллийлик нуқтаи назардан кўпроқ хилма-хилдир.

Озарбайжонлик Ўрхан хилма-хиллик исломга хослигини айтади. “Ислом “интерноционал” бўлмаслиги мумкин эмас”, – дейди у.

Янада кенгроқ муносабатлар

Ўрханнинг сўзларига кўра, у Чехияга биринчи бор келганида деярли атеист бўлган. Мен Ўрхандан Чехияда яшаш унинг исломни қабул қилишига қай даражада таъсир қилганини сўрадим. Бу қисман унинг нима учун бу мамлакатга келгани, яъни карьерасини давом эттириш ва орзуларини рўёбга чиқариш билан боғлиқ бўлган экан.

"Aввалига карьерамни қуришни хоҳладим ва ўзимни маълум бир касбда рўёбга чиқаришни истадим, кейин яна бошқа нарсаларни қидиришни бошладим, тўғрироғи, ҳақиқатни", – дейди Ўрхан. Бу изланишлар уни исломга олиб борди.

Бу одамлар билан гаплашганда, мен Шаҳрир ва Ҳазимга берган саволимга қайтдим: Чехия жамиятининг асосий қисми сизга қандай муносабатда? Мен бу саволни истар-истамас бердим, чунки бу савол мусулмонларни аҳамиятсиз эканлигини англатувчи стереотип билан боғлиқ эди.

"Мен ҳар доим ҳукуматлар ва одамлар ўртасида фарқ бор деб ҳисоблайман, – дейди Ўрхан. – Биз ҳар бирига индивидуал ёндошишимиз керак". Давлат сиёсати бўйича ҳар қандай фикр фақат пухта тадқиқотга асосланган бўлиши лозим.

"Бу саволга оддий жавоб йўқ, – дейди жаноб Санка. – Бу одамларга боғлиқ. Сиз жамиятда мўътадил фикрларни ва жуда мулойим муносабатни кўпроқ топасиз. Ҳозирда одамлар бизни яхшироқ билиб олишган”. Шу билан бирга, у нотўғри маълумот тарқатадиган исломофоб унсурлар ҳам мавжудлигини тан олади.

Б. хоним одамларнинг мусулмонларга нисбатан муносабатлари турлича экани ҳақидаги фикрни такрорлади. Aммо респондентлар орасида фақатгина у исломофобияни катта таҳдид деб билди. Бинобарин, у атрофдаги тоқатсизлик сабаб қўрққанидан ҳижоб киймаган. Худди шу сабабга кўра, у исмини ошкор қилишни истамади. "Бугунги кунда эътиқод билан боғлиқ нохушликлар камроқ, аммо улар жиддий ва хавфли", – дейди у.

Жаноб Рашид исломофобия чехларга хос эмас деб ҳисоблайди. Исломофобия билан боғлиқ нохушлик сифатида у темир йўл вокзалида содир бўлган воқеанигина эслайди. Ёш чех аёли ҳижобда бўлган унинг хотинидан станцияда нима қилаётганини сўраб қўполлик қила бошлайди. Бироқ бошқа чехлар Рашидлар оиласи томонида бўлиб, аёлни ақлдан озганликда айблайди.

Унинг фикрича, адоватнинг аксарияти оммавий ахборот воситаларидан келиб чиқади. Мен суҳбатлашган одамларнинг кўплари бу фикрга қўшилди. Оммавий ахборот воситаларидаги шов-шувлар мусулмонлар ҳақида нотўғри ва бузилган қарашни кучайтирди.

Aммо мен суҳбатлашган одамлар оммавий ахборот воситаларини мулоқот учун имконият сифатида кўришда давом этмоқда.

Манба: Исламосфера

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Исломни тарқатишни бас қилинглар! Акс ҳолда сизларни ўлдирамиз!”

1794 18:20 07.01.2020

Чехия касалхонасида террорист одамларга ўт очди

690 14:30 11.12.2019

Чехиялик ҳарбийлар Афғонистондан олиб чиқилиши мумкин

549 10:00 10.02.2019

Мусулмонларни ёмонотлиқ қилмоқчи бўлган чехиялик қамалди

1671 09:30 17.01.2019

Тошкентда Ўзбекистон - Чехия бизнес форуми бўлиб ўтди

359 21:40 29.11.2018
« Орқага