Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Черков «раддия»сига жавоб

8493

«Azon.uz» сайтида «Боламни черковга бераман...» мақоласи эълон қилинганидан сўнг юртимиз мусулмонлари орасида кўп ўқилиб, кўпчилик унга ўз муносабатини билдирди. Бевосита сўз кетган черков томонидан жавоб бугун рус православ черковининг Тошкент ва Ўзбекистон епархияси сайтида эълон қилинди.

Қизиғи, уларнинг мақолани “провокацион” деб атагани бизни таажжубда қолдирди (Ажаб, охирги пайтда таклиф ва таҳлилларимизга провакация деб оғзимизга уриш урфга кирди). Мақола таҳлилий нуқтаи назарда ёзилгани кўриниб турибди. Унда рус православ черкови ҳақида бирор ёмон фикр билдирилмаган, уларга берилган эркинликларни чеклаш ҳам талаб қилинмаган. 
Энди мақолада бизга билдирилган эътирозларга тўхталсак.

Биринчидан черковнинг Авлиё Ота кўчасида жойлашгани ахборот мазмунида берилган, холос. Ҳеч қандай бошқа ният кўзда тутилмаган.
Шунингдек, мобил телефонда суратга олингани, фуқаролар билан суҳбат олиб борилганига эътироз бўлган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга...” деб ёзиб қўйилган. Журналистнинг ахборот учун бошқа фуқаролар билан гаплашиши, бирор бинони суратга олиши тақиқланган иш эмас, агар ўша бино стратегик аҳамиятга эга бўлмаса. Қолаверса, журналист черков ходимасининг “Суратга олманг”, деганидан кейин олмаган. 

Учинчи эътироз сифатида, мусулмон кишининг черковга келиб, у ердаги одамлар билан суҳбатлашиши учун олдиндан огоҳлантириш кераклиги айтилади. “...православ черковининг бирор вакили масжидга келади ва олдиндан огоҳлантирмасдан у ерда видео-фототасвирларни олишни бошлайди, у ердаги диндорларни тўхтатиб, улардан қандайдир ахборот олади. Бунга қандай муносабатда бўлар эдингиз?” дейилади. Шунингдек вояга етмаган боладан савол сўралгани раддияда “хавотирга соладиган факт” деб аталган. Ваҳоланки, сўралган боланинг на исми, на сурати мақолада берилган. Яъни журналистик этикага риоя қилинган. Бу эътироз ҳам ўринли эмас деб ҳисоблаймиз. 

Узоққа бормайлик, ҳар куни юзлаб сайёҳлар юртимизга келишади. Улар орасида бошқа диндагилари кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг масжидларга кириши, олдиндан мулоқот қилиш учун огоҳлантириш белгилаб қўйилмаган-ку! Нафақат тарихий масжидлар, балки йўлларда жойлашган масжидларга ҳам кириб, қизиқиб юрган чет элликларга ҳаммамизнинг кўзимиз тушган. Биз мусулмонлар ўзга дин вакилларининг масжидларга киришини чекламаймиз. 

Мақолада виждон эркинлигига дахл қилинадиган бирорта сўз ёзилмаган. Черков ҳудудида маҳаллий миллатга мансуб кишиларнинг борлиги фақат маълумот ўрнида келтирилган. У одам ҳам христиан эканлиги номаълум, хотинини олиб келгани айтилган, холос.

Раддиянинг охирида епархия мақоламизда ёзилган семинария ва “якшанба мактаблари”да болаларнинг диний таълими ҳақидаги гапларни тасдиқлаган. 

“... ҳар бир православ черковида қавмдагилар ва уларнинг фарзандлари учун ибодатдан ташқари суҳбатлар мавжуд. Халқ тилида бу суҳбатлар "якшанба мактаблари" деб номланади... .
Якшанба суҳбатлари турли ёш гуруҳлари учун ўтказилади, мазмунан бу ибодатхонадаги ваъзнинг давомидир, шунингдек, рус православ черковининг диний таълимотлари, урфлари, одатлари ва маросимларига оид тушунтиришлар берилади. Қоидага кўра, суҳбатлар руҳонийлар ёки тўлиқ диний маълумотга эга шахслар (кўпинча Тошкент диний семинариясининг битирувчилари) томонидан ўтказилади.
Кичик ёш гуруҳлари учун "якшанба мактаби" ўзига хос "болалар боғчаси" вазифасини бажаради, бу ерда мактабгача ёшдагилар ва бошланғич мактаб ёшидаги болалар расм чизиш, қўшиқлар ўрганиш, театрлаштирилган саҳналар қўйиш билан шуғулланишади ёки шунчаки ўйинлар ўйнашади. Болалар "якшанба мактаби"да бўлган пайтда уларнинг ота-оналари якшанба ибодатида бемалол қатнашиш имкониятига эга”, дейилади раддияда.

Сўнгги сўз сифатида шуни айтишимиз лозимки, биз мусулмонлар диний таълимни жуда чиройли йўлга қўйиб олгани учун христиан биродарларимизга ҳавас қиламиз. Бунга ҳеч қанақа эътирозимиз йўқ. Чунки бу Сизларнинг фуқаролик ва инсонийлик ҳақ-ҳуқуқингиздир. Бундан кейин Сизлар билан дўстона алоқаларимизда давом этамиз.

 

Ҳурмат билан, 
Ёқуб Умар,
Azon.uz сайти бош муҳаррири ўринбосари

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Истанбул сафари таассуротлари: “Отатурк жон берган сарой Усмонлига қимматга тушган...”

4036 20:25 19.11.2021

Миср: черков исломни ҳақорат қилган руҳонийдан воз кечди

2095 19:30 16.11.2021

Черковдаги педофилия: Рим папаси журналистларга раҳмат айтди

840 09:30 15.11.2021

Франция католик черкови педофилия қурбонларига товон тўлаш ҳақида ўйлаяпти

828 11:58 09.11.2021

Франция: черковдаги педофилия қурбонлари сони эълон қилинди

1435 19:35 05.10.2021

Франция черковларида минглаб педофиллар ишлаган

1562 09:35 04.10.2021
« Орқага