Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Черковдаги педофиллар: Ватикан нега узоқ сукут сақлади?..

2513

Ирландия 1990-йиллардан бери католик черковидаги педофилия жанжалларини бошидан ўтказяпти. Бу ерда Папа Францискнинг узрини ҳамма ҳам бирдек қабул қилгани йўқ...  

“Бизнинг ҳаётимиз тажовуз нималигини билмайдиган одамларнинг ҳаётидек эмас. Тажовуз бизнинг нарсаларга қарашимизни, одамларга муносабатимизни ўзгартириб юборди. Мен шафқатсиз муносабатнинг қурбони сифатида бугун буларнинг бари ошкор бўлганидан, ҳамманинг хабар топганидан хурсандман, – дейди ирландиялик Мартин Галахер “Евроньюс” билан суҳбатда. – Бутун дунё энди буни билади, католик черкови ҳам. Аслида улар аллақачондан бери биларди. Ҳозир улар буни аввалгидек инкор қилолмайди. Улар узоқ йиллар оғиз очишмади. Ваҳоланки, хабар топишлари билан чора кўришлари, юзлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишлари, оилалар ва болаларни азоблардан асрашлари мумкин эди. Уларнинг сукути тасаввур қилинганидан кўпроқ инсоннинг ҳаётини издан чиқарди”.  

Черковнинг сукути 2018 йилнинг ёзида ниҳоясига етди. Ўшанда, август ойида Дублинда папа Францискни кутиб олишди. Понтифик биринчи марта католик черкови руҳонийлари томонидан амалга оширилган жиноятлар учун омма олдида узр сўраши кутилаётган эди. Ташкилотчилар папани тинглаш учун ярим миллион одам келишини кутишганди, бироқ бойкот туфайли келганларнинг сони беш баравар кам бўлди. 

Ватикан раҳбари католиклар жамоасига катта зарба бўлганини тан олди. “Черков раҳбарияти, епископлар ва руҳонийларнинг болаларга қарши қабиҳ жиноятларга муносиб жавоб қайтармагани ҳақли равишда эътирозларга сабаб бўлди. Католиклар жамоаси учун бу уят ва оғриқ манбаидир”, – деди Франциск.    

Ирландия католиклар сони бўйича Европа давлатлари орасида етакчилардан бири ҳисобланади. Черковнинг мустаҳкамдек туюлган обрўси, унинг ҳокимият органлари билан яқиндан алоқасига йигирма йилча аввал дарз кета бошлади. Ўшанда аниқланган маълумотларга кўра, 1970 ва 1990 йиллар оррасида 15 мингдан ортиқ бола жинсий зўрланган. Папа Францискнинг сўзларини кўпчилик кечиккан деб ҳисоблади. Бу бежиз эмас: қурбонларнинг бир қисми юз берган ҳодисани кўта олмади ва вафот этди. Тажовузнинг юкини кўтара олганларни эса Ирландияда ҳарбийча атама билан номлашади – “омон қолганлар”

Мартин Галлахер 12 ёшида Донегал шаҳрида Южин Грин исмли руҳоний томонидан зўрланган. Мартиннинг ҳикоясига биринчи бўлиб унинг адаши – нафақадаги полициячи Мартин Риж қулоқ тутди. 

“Зўравонликка учраганимизда, бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очолмас, ҳеч кимга ишона олмас эдик. Руҳонийлар томон йўл ёпилганди, улар шунчаки бизнинг устимиздан кулишар ва бизни ёлғончи деб аташарди. Ота-оналаримизга ҳам ҳеч нарса деёлмадик. Чунки улар руҳонийга мурожаат қилишар ва айни жавобни олган бўлишарди. Полицияга ҳам айтолмаганмиз, ўшанда полиция, руҳонийлар ва ўқитувчилар қаршилик кўрсатишган, демак, бир-бирларига ёрдам беришган. Биз мутлақо ёлғиз эдик. Лекин кейин Мартин келди ва Южин Грин ишини текшира бошлади. Бу бизнинг ҳаётимизда янги саҳифа очди, биз босим ва хавотирдан, йиллар давомида йиғилган даҳшатдан халос бўлдик. Мартин билан биринчи кундаги суҳбатдан кейин елкамдан тоғ ағанади, тушундимки, ниҳоят кимдир менга ёрдам беради”, – дейди Галлахер.   

Риж 2008 йилда Южин Грин 60- ва 90-йиллар орасида қўл урган жиноятлар устидан текширувга бағишланган китобини чоп эттирди. Муаллиф католик черковини шикоятларга қарамай узоқ вақт ҳеч нарса қилмаганликда айблаган.

Европа мамлакатлари ичида педофил руҳонийлардан энг кўп азият чеккани айнан Ирландия бўлди. Педофилияга қарши курашиш учун епархия 2002 йилда давлатнинг қўллови билан Болаларни ҳимоялаш хизматини ишга туширди. Эндрю Фэган 2010 йилдан бери ушбу хизматга бошчилик қилиб келмоқда. “Руҳонийларнинг жиноятлари ҳақида маълум бўлгач, кўпчилик буни болаларнинг эмас, балки черков ходимларининг муаммоси сифатида қабул қилди, – дея тушунтиради у. – Епархия ёки давлат узоқ вақт давомида руҳонийларнинг ҳаракатларини тузатишга уринди, улар болаларга алоҳида эътибор қаратмади. Черковнинг хавфсизлиги устувор эди. Ўшандан бери кўп нарса ўзгарди, бироқ муаммо ҳал бўлганига ишоним комил эмас. Ўйлашимча, ҳозир ҳам кўпчилик черков маросимларига болаларни олиб бориш хатарли деб ҳисоблайди. Айтиш мумкинки, кўпгина ота-оналар черковдан узоқлашди”

2014 йилда Италиянинг “Реппублика” газетасига интервью берган папа Франциск католик черковидаги руҳонийларнинг 2 фоизи педофил эканлигини айтган эди. Бироқ психиатр ва собиқ руҳоний Ричард Сайп Бостонда ўтказилган тадқиқотга таянган ҳолда бу кўрсаткич аслида 6 фоиз эканлигини айтади. Унинг сўзларига, бир руҳоний умри давомида ўртача 250 кишини жароҳатлайди. Ирландияда 280 нафар педофил руҳонийга 75 минг қурбон тўғри келган, бутун Европа бўйлаб эса 11 минг педофил руҳонийга – 3 миллион қурбон! 

Кузатувчиларнинг саволи шундай: черков айнан мана шу статистика туфайли узоқ вақт жинсий тажовузлар ҳақида сукут сақлаб келдими?.. 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Улардан бўлишни истайман!

61 19:30 07.03.2021

Ўз фарзандларига қарши жиҳод эълон қилаётганларга мурожаат

324 18:30 07.03.2021

Сабр бўлмаса, иймон ҳалокатга юз тутади

152 17:23 07.03.2021

Отасига муносиб бўлган имом Қушайрий

269 14:00 07.03.2021

Хитой ва Литва Тайван туфайли тортишиб қолишди

640 11:00 07.03.2021

Аёл кишини “бузуқ” деб айблашнинг гуноҳи (давоми)

336 09:26 07.03.2021
« Орқага