Чин муҳаббат соҳиблари

20:00 10.08.2019 1300

Қалбни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларига чорлайдиган бир ибратли воқеани, ундаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган соғинчни ва муҳаббат ҳисларини ҳаракатга келтирадиган айрим кўринишларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг қийналаётганларини кўрсалар, у зотнинг ўзлари биринчи навбатда улардан кўпроқ қийналар эдилар. Хандақ муҳорабаси куни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобалари тинмай хандақ қазир эдилар. Бу гоҳо мусобақа шаклида ҳам давом этарди. Уларнинг айримлари вақти-вақти билан уйга бориб, бирор нарса еб олишга ва бироз дам олиб келишга рухсат сўраб кетган чоғларида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазишда давом этиб, тупроқ ташир эдилар. Ўзлари очлик сабаб муборак қоринларига тош боғлаб олган эдилар.

Жобир розияллоҳу анҳу бу ҳолни кўриб, қайғу ичра қолдилар ва у зот алайҳиссаломни ва айрим саҳобаларни улоқча гўштидан таом тайёрлаб, бироз овқатланиб олишлари учун ўз уйларига таклиф қилдилар. 

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жобир розияллоҳу анҳунинг уйларига ҳамма ансорий ва муҳожир саҳобалар борсаларгина, боришларини билдирдилар. Барча саҳобалар келганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам келдилар. Шунда ҳам овқатланиш учун эмас, балки уларга хизмат қилиш учун келган эдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом ўчоқ олдига бориб, асҳоблари учун овқат улаша бошладилар.

Ўзлари очликнинг кучидан қоринларига тош боғлаб олган эдилар. Ёғоч товоқ келтиришларини айтиб, унга шўрва ва гўшт солиб, нон билан бир нечта саҳобаларга беришни буюрдилар. Қолганини бошқа бир ёғочдан ишланган товоққа солиб, қолган саҳобаларга беришларини айтдилар.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзлари эса уларнинг таомланаётганларини кўриб, завқланардилар. Нима учун бундай қилдилар? Ҳаммага таом етмай қолиб, айримлар оч ҳолларида туриб кетишларини хоҳламадилар. Бирор таом қолмай, ўзлари оч қолсалар ҳам, уларга бўлган меҳрлари сабаб овқатланишни истамадилар.

Лекин Аллоҳ таоло барча Набий ва Расуллардан ҳам сахийроқдир. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қалбларига сахийликни, муҳаббат ва меҳрибонликни солган Аллоҳ эмасми?!

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ алайҳиссалом туриб, қозонда гўшт пиширдилар, хамирдан нон пиширар ва: “Енглар, овқатланинглар”, – дер эдилар”.

Шундан сўнг ҳам қандай қилиб мен Расулуллоҳ алайҳиссаломга ошиқ бўлмай?! Қандай қилиб Расулуллоҳ алайҳиссаломни яхши кўрмайсизлар?! Ана шу чин муҳаббат эмасми?! Наҳот шундай муҳаббат соҳиблари орасида бўлишни орзу қилмасангиз?! 

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий
суҳбатларидан “Эшонгузар” жомеъ масжиди
имом-хатиби Абдуллажон ҒУЛОМОВ таржимаси.

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!