Чиндан ҳам рўмолга рухсат берилдими?

16:18 16.04.2019 15408

Ижтимоий тармоқлар орқали талабаларга таълим муассасалари ҳудудида бош кийим (рўмол, дўппи) билан юришга рухсат берилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бунда асосан талаба-қизларнинг рўмол ўраши масаласи олий ўқув юрти раҳбарияти томонидан алоҳида мажлисларда кўриб чиқилгани ҳақида ахборот берилган.

Лекин бу ҳақда расмий хабарлар чиқмади. Шу муносабат билан Azon.uz таҳлилий портали Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида боғланди. Суҳбатдошимиз ОЎМТВнинг Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоровнинг маълум қилишича, талабаларнинг таълим муассасасида кийиниш маданияти масаласи олий ўқув юрти томонидан тасдиқланган ички тартиб-қоидаларига асосан белгиланади. Шунингдек, бошқарма бошлиғи таълим муассасаларининг низомлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган нормалардан четга чиқмаслигини таъкидлаб ўтди.

Ушбу масала юзасидан Azon.uz – ахборот-таҳилий портали олий ўқув юртларига бевосита мурожаат қилишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, вазирлик ходими Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги тизимидаги бирор бир олий таълим муассасасида кийиниш маданияти билан боғлиқ йиғилиш ёки учрашув бўлмаганлиги, бу ҳақдаги хабарлар ёлғон ахборот эканлигини айтмоқда.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!