Наср

Чингиз афандига мактублар (2-қисм)

1581

2

“Биламан, мактублар йўллардадир”

Аввало, ёзмоққа ният қилганимиз шаҳиди шариф Анвар пошонинг ҳаётига алоқадор бўлган маълумотлар совет манбаларидан олинаётганини таъкидлаб қўймоқчимиз (фақат 1991 йили Токиода Осиё ва Африка институти нашр этган Анвар пошо ва унга йўлланган мактубларнинг аслияти бундан мустасно). Ўз-ўзидан равшанки, биз суянган манбалар баъзан нотўғри бўлиши ҳам мумкин . Лекин биз мудом ҳақиқатни изладик, ҳақиқатни топмоқчи бўлдик. Агар гоҳида тўғри йўлдан тойиб кетган бўлсак, минг бора узр, зукко ўқувчилар муаллифни кечирсинлар. Бизнинг асл мақсадимиз — мустақиллик эълон қилинган 1991 йилгача Туркистон дохилиндаги темир сандиқларда эл кўзидан пинҳон тутилган ҳужжатларга асосланиб миллий мужодала тарихиндаги ёрқин саҳифаларни ўқимоқ ва уқмоқ, холос. Афсуски, ҳозир истеъмолда бўлган кўпгина адабиётлар, тарих дарсликлари, қомуслар, маълумотномалар ёш авлодни ҳам, катталарни ҳам алдаяпти. Тўғри, “босмачилик ҳаракати” қўғирчоқ ҳукумат томонидан расмона қораланадиган даврлар ўтиб кетди.

Билмоқ керак, Анвар пошо мадфун Туркистон заминида исломият ва имон учун, турк ва Турон учун азиз жонини қурбон қилиб, Оллоҳи каримнинг олий рутбаи шаҳодатига — шаҳидликка ноил бўлган мўътабар зотдир. Зоти шариф туркистонлик миллатдошларининг тақдири ҳал бўлаётган мужодала жабҳасига кираётиб, 1921 йилнинг 29 октябрида Бухорои шарифдан Берлинга — жигарбандларига йўллаган хатида: “Тўрт ой бўляптики, сиздан хабар йўқ. Биламан, мактублар йўллардадир ”, деб умидвор бўлади. Ўша йилнинг 4 ноябрида эса, Комилбей афандига: “Султоним ва фарзандларим сенга омонатдир. Улар дунёда мен учун энг азиз эканини, вазифам нақадар муҳимлигини уларга тушунтириб бергин ”, деб гўё васият қилади. У пайтлари, янглишмасам, пошонинг тўнғич ўғли Чингиз афанди бор-йўғи беш-олти яшар жужуқ эди.

Иншооллоҳ, Чингиз афанди ҳаёт эсалар, ҳозир 80 яшар нуроний бобо бўлган. Муҳтарам афандим, биламан, долғали йилларда шавкатли отангиз сизлардан хат-хабар келишини нечоғли интизор бўлиб кутган бўлса, сиз ҳам 70 йил давомида отангизнинг Туркистондаги буюк аъмоли тўғрисидаги ҳар бир хабарни кўзингизга тўтиё қилгансиз. Надоматлар бўлғайким, биз ғофил бандалар, 70 йил мобайнида ҳақиқатни билмадик. Билсак ҳам айтолмадик. Ниҳоят, КГБ ва Компартия архивларида “махфий”, “мутлақо махфий” ҳолатда сақланаётган ҳужжатлар гувоҳлигида ислом ва турк оламининг оташин фарзанди Анвар пошо ҳазратлари ким бўлганини, нима ишлар қилганини, нима учун шаҳид бўлганини озми-кўпми англаб етяпмиз.

Бизнинг миллий ифтихоримиз бўлган Анвар пошо ҳаётининг сўнгги кунлари тўғрисидаги мактубларимизни ва уятли узримизни қабул қилгайсиз, афандим!

Эҳтиром билан, Набижон Боқий.

Тошкент шаҳри,

Ёзувчиларнинг Дўрмон боғи

1996 йил февраль ойи

 

БИРИНЧИ МАКТУБ

Афандим!

Анвар пошо ҳазратлари Туркистонга, хусусан, Бухоро амирлиги дохилинга 1910 йилдаёқ “Иттиҳод ва тараққий” фирқасининг ўлмас ғояси шаклинда кириб келади. Жадидчилик Туркияда сиёсий ҳокимият мартабасига эришгач, Русия империяси зулми остида эзилиб ётган мазлум туркий халқларнинг бирдан-бир халоскори сифатинда майдонга чиқади. Равшанки, халоскор ҒОЯ империячиларни жиддий ташвишлантира бошлайди. Руслар жадидчилик ғоясини жужуқлик пайтидаёқ бўғиб ўлдириш йўлларини қидиради. Албатта, бунинг учун улар, авваламбор, жадидчилик моҳиятини билишлари лозим эди. Империя қорақўллари ҳаракатга тушади. Шу нуқтаи назардан қаралса, 1910 йил 18 июн куни Янги Бухородаги Русия Хуфяси томонидан Туркистон генерал-губернатори идорасига (дипломатия бўлимига) юборилган 405-нўмерли махфий хат диққатга сазовордир.

Хуфянинг мактуби булдир:

“Марҳаматли жаноб Яков Яковлевич!

Шу йилнинг 4 июн куни йўллаган 98-нўмерли ва 11 июн куни йўллаган 100-нўмерли мактубларингизни олдим. Маълумингиз бўлсинки, Когондаги сиёсий хуфяхона Бухорода маърифатпарвар жамият мавжудлиги тўғрисида апрел ойидаёқ хабардор эди. Биз ўша жамиятнинг низомини қўлга киритдик. Низомда кўрсатилишича, жамият фақат Бухоро дохилинда эмас, балки бутун Туркистон ўлкасида фаолият юритишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Зоти олийлари таъкидлаганидек, бу жамиятнинг фаолияти бизнинг мақсадимизга тўғри келмайди. Агар улар муваффақият қозонса борми, бизнинг манфаатимизга зарар етказадилар. Шу боисдан ўша жамият қандай пайдо бўлгани аниқланиб, Ўрта Осиёга ташриф буюрган фаолларига нисбатан қатъий чоралар кўрилиши лозим. Мабодо жамият аъзоларидан бирортаси амирлик ҳудудидан ташқарига чиқиб кетса, бу ҳақда телеграф воситасида хабар берамиз ”.

Айни вақтда Русиянинг жосуслари Туркия дохилинда ҳам тиниб-тинчимайди. Одатдагидек, элчихона хизматчилари енг шимариб ишга киришади. Туркистон генерал-губернатори А. В. Самсоновнинг сўровига биноан Истанбулдаги Русия элчихонаси 1910 йилнинг 29 сентябр куни батафсил махфий ҳисобот жўнатади.

Афандим, ижозат берсангиз, Русия жосуси Истанбулда қўлга киритган маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламан. Бу маълумотлар ҳозир ҳам тарихий аҳамиятга моликдир. Қолаверса, Анвар пошо ҳазратларига қарши кураш ҳали у зоти шариф Туркистонга ташриф буюрмасдан анча илгари бошланганини шундан ҳам билиб олиш мумкин.

“Русиянинг Истанбулдаги элчихонасидан Туркистон генерал-губернатори А. В. Самсоновга махфий мактуб.

Ҳурматли Александр Васильевич!

Зоти олийларининг 973-нўмерли 27 июл куни Истанбулдаги элчи гофмистр Чариков номига йўллаган мактубингизни олдик. Сиз унда “Иттиҳод ва тараққий” фирқаси тўғрисида имкон қадар батафсил маълумот беришимизни сўрабсиз. Иқрор бўлибсизким, усмонли туркларнинг сўл мафкурасини ифодалайдиган газеталар Туркистон ва Бухоро дохилида (ҳудудида) тарқалаётган ғоя — бу ўлкаларнинг мусулмонларини маърифатли қилишдан иборат бўлиб, ёш турклар программасининг асосий мақсади шундай экан.

Императорнинг Истанбулдаги элчихонаси ихтиёрида бўлмиш қуйидаги маълумотлар билан сизни таништириб қўйишни ўз бурчим деб ҳисоблайман.

Туркия Конституцияси эълон қилингач, “Иттиҳод ва тараққий” фирқасининг Халқ маорифи бўлими қошида “Бухоро маориф жамияти” ташкил этилди. Бу жамият бошида таниқли исломпараст доктор Нозим турибди (маълумки, 1918 йилда Туркия Ҳарбий суди доктор Нозимни ҳам Анвар пошо қаторида сиртдан ўлим жазосига ҳукм этади: изоҳ меники — Н. Б.). Фирқа мана шу жамият воситасида Бухоро ва Кошғар билан алоқа боғлаган. Ўша ерлардан ҳарбия ва бошқа ўқув юртларида таълим олиш учун талабалар тўпланиб, Истанбулга жўнатилади. Ҳозир талабалар сони юз нафар бўлиб, улар Бухоро ва Кошғардан келган. Бу талабалар таълим олишдан ташқари ислом ғоялари билан суғориляпти.

Ёш турклар мусулмонлар яшайдиган ўлкаларга ўз фирқаларининг муҳри босилган варақалар тарқатяпти, диндошларини хайр-эҳсон қилишга даъват этяптилар. Чунончи, Ҳижоз темир йўли қурилишига 150—200 миллион франк атрофида катта маблағ тўпладилар.

“Иттиҳод ва тараққий” фирқаси “Турк флоти мададкорлари жамияти”ни қурди. Флотни таъмирлаш, ислоҳ қилиш учун маблағ тўплаяптилар. Мусулмон мамлакатларига, хусусан, Эронга, Жозоирга, Мисрга, Суданга, Ҳиндистонга, Русияга руҳоний ва зобитлардан иборат вакиллар жўнатилди. “Турк флоти мададкорлари жамияти” воситаси билан “Иттиҳод ва тараққий” фирқаси ўз программасида кўзда тутилган асосий ғоя — исломпарастликни тарқатишни йўлга қўйди. Буюк Британия ҳукумати исломий ғояларнинг мустамлака Ҳиндистонда тарқатилишига қарши Усмонли ҳукуматига расман норозилик билдирди. Ҳиндистоннинг вице қироли эса ўз тасарруфидаги ҳудудда Туркия флотига мадад беришга даъват этиладиган варақалар тарқатилишини қатъиян ман қилди.

(давоми бор)

1-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Яхшиликнинг қудрати

1345 10:00 25.04.2020

Ҳокимнинг ҳадясини олмаган олим

1295 13:00 22.04.2020

Ибн Уқайл ва дурлар шодаси

1396 12:00 22.04.2020

Эчки

7052 15:00 21.04.2020

Фақиҳ  қароқчи ҳақида ажойиб воқеа

1572 09:58 21.04.2020

Асир (37-қисм) (сўнгги қисм)

679 21:00 04.04.2020
« Орқага