Наср

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

591

БЕШИНЧИ МАКТУБ

Агар менинг қўлимдаги маълумотлар тўғри бўлса, 1918 йил 8 октябр куни Талъат пошо раҳбарлигидаги ёш турклар ҳукумати истеъфо беради. Ўйлайманки, уларнинг ягона мақсади ҳокимиятни эгаллаб ўтиришдангина иборат бўлганида, албатта, референдум ўтказибми ёки бошқа бир ҳийла-найранг (айтайлик, ҳарбий тўнтариш) йўли биланми ваколатларини сақлаб қолиши мумкин эди. Чунки ҳарбий қувватлар бевосита Анвар пошога бўйсунарди. Боз устига, Анвар пошо “мусулмон олами ҳалифасининг куёви” эди ва у Усмонли туркларнинг энг суюмли миллий қаҳрамони ҳисобланарди. Замонавий ибора билан айтганда, ўша пайтда Туркияда мавжуд бўлган сиёсий ва давлат арбоблари ўртасида Анвар пошо энг юқори “рейтинг”га эга эди. Бироқ, Триумвират (Талъат пошо, Жамол пошо, Анвар пошо) ўзининг шахсий манфаатидан воз кечиб, Туркияда энди куртак чиқараётган ҳақиқий демократия учун намуна мактабини яратади. Истеъфодан сўнг бир ой ўтар-ўтмас Антанта иттифоқчиларининг ҳарбий кемалари Босфор бўғозида пайдо бўлади: “Иттиҳод ва тараққий” фирқасининг Марказий қўмитаси Туркия учун енгилроқ бўлган шартлар асосида сулҳ тузиш мақсадида ёш туркларнинг раҳнамоларига мамлакат дохилиндан чиқиб кетишни таклиф этади. Раҳнамолар азбаройи мамлакат фойдасини кўзлаб Олмониянинг ҳарбий кемасида Туркия соҳилларини тарк этади. Антантанинг тазйиқи остида Истанбулда Триумвират устидан суд бошланади...

Янглишмасам, ўша пайтлари Туркияда Анвар пошо номини бадном қилиш кампанияси бошлаб юборилади. Ўз хоҳиши билан ҳокимиятни топширган ва муҳожирлик азоб-уқубатларини бўйнига олган кечаги мухолифат кучларга нисбатан “ёв қочса, ботир кўпаяр” тарзида бошланган кампания, албатта, Камол пошо ҳукумати учун уятли бир ҳолдир. Аслида, истеъфо ва муҳожирлик даври Анвар пошо ҳаётининг энг ёрқин саҳифаларини ташкил этади.

Анвар пошо Берлинга етиб келган пайтда Олмонияда инқилоб авж олган, император тахтдан ағдарилиб, Веймар республикаси эълон қилинган эди. Анвар пошо Берлинда қўл қовуштириб ўтирмайди. У Туркистонда вужудга келган аҳволни синчиклаб кузатади ва тегишли хулосалар чиқаради. Ўтган галги мактубимда қайд этганимдек, “рус ҳукумати марказияси бу инқилобга (Бухоро инқилоби назарда тутиляпти: изоҳ меники — Н.Б.) бутун қуввати ила тарафдор бўлгани ҳолда ишнинг ташқарисида қолмаслик учун ниҳоятда айёрона ҳаракат қилаётир”, деган тўхтамга келади. Ҳақиқатан ҳам, болшевиклар Осиёда “айёрона” ҳаракат қилади. Лекин, аста-секинлик билан, пинҳоний тарзда кураш жабҳасини Осиёга — мусулмон оламига кўчирадилар. Ўша йиллари болшевиклар ҳукуматининг Ҳарбия нозири бўлган Л. Д. Троцкийнинг Марказқўмга кетма-кет тавсия этган махфий мактублари мана шу жиҳатдан диққатга сазовордир:

“Шак-шубҳа йўқки, Қизил Ўрду энди Оврупо дохилиндан кўра, Осиё дохилинда сиёсатга кўпроқ самарали таъсир кўрсатади. Агар Осиёга ўрнашиб олсак, то қулай имконият пайдо бўлгунга қадар Оврупода рўй бераётган воқеаларни бемалол кузатиб туришимиз мумкин. Айни замонда Осиёда фаолроқ ҳаракат қилишимиз ҳам мумкин. Чунончи, Можористонда Шўро ҳокимияти ўрнатишдан кўра, Ҳиндистонда шундай ҳукумат ўрнатишимиз осонроқ... Афсуски, шу пайтгача биз Осиё масаласига етарли аҳамият бермадик. Ваҳоланки, Париж ва Лондонга олиб борадиган йўл Афғонистон, Панжоб, Бенгалия орқали ўтажак... Биз яқин-яқингача асосий диққат эътиборимизни Ғарбга қаратдик ва тўғри қилдик. Ҳозир эса вазият кескин ўзгарди. Бу ҳолни аниқ-равшан идрок этмоқ лозим. Болтиқбўйи қўлдан кетди... Бизнинг галдаги вазифамиз — халқаро ҳаракатлар марказини Осиё йўналишига кўчиришдан иборатдир... Афғонистон билан Англия ўртасида тузилган сулҳ бизнинг манфаатимизга зарар келтиради. Туркистондан келаётган хабарларда айтишилича, Англия зўр бериб Эрон, Бухоро, Хева, Афғонистонни Шўро Туркистонига қарши бўлган блокка бирлаштиряпти... Шарқда қатъий ва шиддатли ҳаракат қиладиган фурсат келди.

1919 йил 5 август, Лубна ”.

Албатта, фурсатни бой бермасдан ҳаракат қилиш тақозо этиларди. Аммо, ҳарбий умумияда бир-бирига рақиб бўлган жабҳада қўмондонлик қилган саркарда Москвада кутилаётган меҳмон саналмасди. Боз устига, Русия фуқаролар уруши исканжасида қовурилиб, болшевикларнинг ҳокимият тепасида қолиш-қолмаслик масаласи ҳал бўлаётган қалтис бир давр бошланган эди. Ҳатто болшевиклар мамлакатдан жуфтакни ростлаш учун ҳозирлик кўришар, давлат хазинасидан ва насроний ибодатхоналардан ўмарган олтинларини Свердловнинг уйида сақлаб туришар, айни пайтда, чиқмаган жондан — умид дейишиб, “Ишчи-деҳқон-аскар ҳукумати”ни асраб қолиш ниятида халқаро III Интернационал ташкилотини тузишга киришган эди. Шу мақсадда болшевикларнинг гумашталари дунёнинг турли мамлакатларида изғиб юришарди. Хусусан, Олмонияда гапга чечан Карл Радек исмли зот (уни Сталин 1937 йилгача эшакдай ишлатиб, охири оттириб ташлайди) III Интернационалга тарафдорлар қидириб юрарди. Табиийки, у Туркиянинг собиқ Ҳарбия нозири Берлинда муҳожирликда яшаётганини эшитади ва тўхтовсиз равишда Москвадан суюнчи олади. “Сафимизга жалб этилсин!” мазмунида Радекка кўрсатма берилади. Биринчидан, болшевиклар Анвар пошонинг обрў-эътиборидан фойдаланиб, мазлум мусулмонларни III Интернационал қаватига тортмоқчи бўлади. Иккинчидан, ҳар томонлама мустаҳкамланаётган Туркиядаги Камол пошо ҳукумати болшевиклар билан ҳамкорлик қилишга кўндирилади. Акс ҳолда, потенциал мухолиф — Анвар пошо биз тарафда: уни сенга қарши гиж-гижлаб юборамиз, дейишади болшевиклар. Хуллас, Карл Радек ажойиб кунларнинг бирида Анвар пошо билан Берлинда алоқа ўрнатади. 1919 йил 2—6 март кунлари Москвада III Интернационалнинг таъсис қурултойи бўлиб ўтади. Бу анжуманда Анвар пошонинг иштирок этгани номаълум. Лекин, 1919—20 йиллари у гўё Ленин билан учрашади ва Русия Хорижия вазири Чечериннинг истаги билан “Ислом инқилобчилари жамияти”ни тузади . Дастлабки пайтлари Анвар пошо болшевикларнинг мазлум миллатлар тўғрисидаги гапларига ишонган бўлиши мумкин. Эҳтимол, шу боис 1920 йил Август-сентябр ойларида Боку шаҳрида III Интернационал шиори остида ўтган Шарқ халқларининг қурултойида иштирок этгандир? Ҳар ҳолда, Анвар пошонинг Боку анжуманида иштирок этиши Туркистондан борган вакиллар учун ҳам фойдали бўлади: улар анжуман мажлисларидан бўш пайтларида болшевикларнинг кўзидан хуфя гўшаларда учрашади, фикр алмашади. Анвар пошо қурултой минбарида сўзлаган нутқининг матнини шундай бошлайди:

“Бугун бизни асрлардан бери эзган ва чирқиратиб сўйиш билан чекланмасдан, қонимизни ичган, ўлдирган дунё империалист ва капиталистларига қарши мужодаламизда қўлини тутажак ва Оврупо политикачиларининг ёлғончилиги нисбатида тўғри ва сўзига ишонса бўладиган, миллатларнинг ҳуқуқ ва ҳурриятини танимли программасига ёзмиш Учинчи Интернационал каби бир уюшманинг ёнида мавқега эга бўлганимиз билан бир-биримизни табриклаймиз! ”.

Афандим, ёдингизда бўлса, мен илгари ҳам Анвар пошонинг Учинчи Интернационал анжуманида сўзлаш учун ёзган нутқ матнидан баъзи ўринларига эътиборингизни қаратган эдим. Қуйида Анвар пошо болшевиклар билан ҳамкорликка рози бўлган пайтлари ҳам мазлум Туркистон халқи тўғрисида мудом қайғурганини кўрсатадиган айрим ўринларни, такрор бўлса-да, келтириб ўтмоқчиман:

“Биз халқнинг орзу-истакларини биламиз. У ўз хоҳишини эркин амалга оширишига тарафдормиз. Бизни севадиганлар билан биргамиз ва улар билан бирга ўламиз! Бизни севмайдиган халқнинг ҳам ўз ишини ўзи ҳал қилишига тарафдормиз!

Биз инсонлар бир-бирини аёвсиз бўғизлашига қаршимиз ва шунинг учун абадий бир сулҳ тузиш ниятида Учинчи Интернационал билан биргамиз. Биз меҳнаткаш халқнинг осойишталиги тарафдоримиз. Овруполик бўлсин, маҳаллий бўлсин, чайқовчию судхўрларга қаршимиз. Биз мамлакатимизнинг зироат ва саноат жиҳатидан ривожланишини истаймиз! Солиқлар фуқаро манфаатини муҳофаза қилиши керак.

Халқ қачонки ўзлигини англасагина ҳуррият ва осойишталикка эришади. Халқнинг миллий қадриятларини ҳурмат қилган ҳолда мамлакатни чинакам маърифатли этиш тарафдоримиз. Бу йўлда биз учун эркак ва хотиннинг фарқи йўқдир ”.

Келтирилган кўчирмадаги сўнгги жумлага изоҳ бериб ўтиш жоиз, шекилли. Анвар пошо “эркак ва хотиннинг фарқи йўқдир” деганда, албатта, болшевикларнинг “ахлоқ кодекси”да баён қилинган “тенглик”ни назарда тутмайди. Маълумки, болшевиклар “ишчи кучи” сифатида (ижтимоий турмушнинг энг оғир жабҳасида) хотин-қизларнинг эркаклар билан “тенглиги”ни таъминлайди. Анвар пошо эса ўз нутқида бандма-банд санаб кўрсатган ижтимоий турмушнинг фақат маориф соҳасида “эркак ва хотиннинг фарқи йўқдир” деб таъкидлайди. Яъни, Қуръони каримда, Ҳадиси шарифда буюрилмиш “ҳатто Чинга бориб бўлса ҳам илм ўрганингиз!” деган исломий даструламал эркак ва хотинга (муслим ва муслимага) баробар тааллуқли эканини айтади.

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Яхшиликнинг қудрати

1440 10:00 25.04.2020

Ҳокимнинг ҳадясини олмаган олим

1377 13:00 22.04.2020

Ибн Уқайл ва дурлар шодаси

1487 12:00 22.04.2020

Эчки

7207 15:00 21.04.2020

Фақиҳ  қароқчи ҳақида ажойиб воқеа

1684 09:58 21.04.2020

Асир (37-қисм) (сўнгги қисм)

734 21:00 04.04.2020
« Орқага