Илм

Чингиз афандига мактублар (15-қисм)

994

ЕТТИНЧИ МАКТУБ

Боку қурултойидан сўнг Анвар пошо Берлинга қайтадими ёки Русия дохилинда қолиб, Бухорода рўй бераётган воқеаларни ишончли маълумотлар асосида таҳлил қиладими — номаълум. Ҳар ҳолда, Берлинга бориб у ерда истиқомат қилаётган оила аъзоларидан, хусусан, рафиқаси Нажия хонимдан, фарзандларидан хабар олиб, “Иттиҳод ва тараққий” фирқасининг муҳожириятдаги Марказқўмида Бухорода вужудга келган вазиятни муҳокама этган бўлиши ҳам мумкин.
Афандим, эҳтимол, сиз отангизни энг охирги марта кўрганингизни эсларсиз? У пайтлари, чамамда, беш-олти яшар эдингиз...


Агар Бухоро вакиллари Анвар пошо билан алоқа боғлашга мувофиқ бўлган эсалар-чи? Тасаввур қилинг: у пайтлари, айниқса, 1920 йил сентябр ойида амир Олимхон тахтдан ағдариб ташлангач, Бухоро дохилиндаги миллий қувватлар бир неча гуруҳга бўлиниб кетган эди. Яъни, Анвар пошо Бухоро аҳволи тўғрисида, нуқсонсиз алоқа ўрнатилган тақдирда, бир-бирини инкор этадиган маълумот олади: Усмонхўжа раҳнамолигидаги миллатпарвар кучлар Русия аскарларининг қонхўрлиги ва амир тарафдорларининг жоҳиллигидан шикоят қилади. Файзулла Хўжа раҳбарлигидаги бухоролик коммунистлар Усмонхўжа тарафдорларини “оғмачилик”да айблайди — улар мужоҳидлар билан ҳамкорлик қиляпти деб нолийдилар. Ўз қишлоқларини рус аскарлари тажовузидан ҳимоя қилаётган ва шунинг учун амирпараст жоҳиллар сифатида бадном қилинаётган маҳаллий мужоҳидлар эса бухоролик жадидларни сотқинликда айблайди. Русия қувватларининг қўмондонлари бўлса, Бухоро халқидан тортиб олаётган ғалла ҳисобидан “озиқ-овқат программаси бажариляпти” деб рапўрт беради... Агар битта ҳодисага олти нуқтадан (тўрт тарафдан — тўрт хил, устидан ва остидан) бир-бирига қарама-қарши бўлган олти хил баҳо бериш ва шу баҳога бетараф тингловчини ишонтириш, ҳеч бўлмаса, назарий жиҳатдан мумкинлиги эътиборга олинса, Анвар пошо нақадар мушкул масалани ҳал қилаётгани маълум бўлади. Аввал-бошданоқ, русларнинг позицияси рад этилади. Шундай бўлса-да, Анвар пошо олдида учта буюк масала кўндаланг бўлади:


1. Бухорода “коммунистик жамият” қуриш керакми?
2. Бухорода халқ бошқарувига асосланган дунёвий давлат қуриш керакми?
3. Бухорода амирликни тиклаш керакми?

Албатта, биринчи галда Бухоронинг мустақиллигини тиклаш лозим эди. Бошқа ижтимоий масалаларни фақат мустақил мамлакат доирасида ҳал этиш мумкин. Мустақиллик қўлга киритилмаса, фуқаронинг ҳуқуқ ва эрки тўғрисида сафсата сотиб ўтиришдан ҳеч қандай наф йўқ.
Аслида, ёш бухороликлар фуқаро озодлиги учун кураш бошлайди: улар шахс озод бўлмаса, Ватан озод бўлмаслигини биларди. Бироқ, озодлик йўлидаги кураш, охир-оқибат, мустақиллик бой берилишига олиб боради, холос. Энди лоақал ярим мустақилликни қўлга киритиш, амир давридаги ҳолатга қайтиш зарур эди. Афсуски, амир даврида қалам (маърифат тимсоли) билан рўёбга чиқарилиши мумкин бўлган озодлик энди қилич (жисмоний қудрат тимсоли) билан қайтариб олиниши шарт. Қилич тутишга эмас, қалам ушлашга ўрганган жадидларнинг қўллари миллий мужодала жабҳасида ожизлик қиларди.
Бундай шароитда, дастлаб, ўртадан нифоқни кўтариш шарт эди. Йўқса, ҳеч нарсага эришиб бўлмасди.

Русия аскарлари пошнаси остида инграётган Бухорои шариф барча миллий мужодала кучларини бирлаштира оладиган битта Раҳнамога муҳтож бўлиб қолади. Гуруҳларга бўлиниб, тарқоқлашган миллий мужодала қувватлари Бухоро дохилиндан чиқадиган Раҳнамога бўйсунмайди. Чунки ўртага нифоқ тушган эди. Гуруҳлар миллий манфаатни ўзлари билганича, ўзлари тушунганича ва ўзлари мансуб гуруҳнинг манфаатига мос равишда ҳимоя қилади. Зинҳор-базинҳор, миллий манфаат учун гуруҳ манфаатидан воз кечмайдилар. Воз кечиши ҳам мумкин эмасди. Чунки ўртага қонли интиқом рахна солган эди: ёш бухороликлар Ф. Колесов қаватига кириб Бухоро амирига қарши тиғ кўтаради; амир эса Бухоро дохилиндаги икки минг нафарга қадар тараққийпарвар жадидларни (Беҳбудий ҳазрат ҳам ўшалардан биттаси) қатл эттиради. Энг даҳшатлиси — амир ҳукумати ва мухолифат (ёш бухороликлар) ўртасидаги нифоқ найзаси 1918 йилдан эътиборан, икки йил давомида авом халқ юрагига санчилади ҳамда амир 1920 йилнинг сентябр ойида Аркдан ҳайдаб чиқарилгач, то 1921 йилнинг март ойида Бухоро амирлиги дохилини тарк этгунга қадар Шарқий Бухородаги қавмларни болшевиклар билан жадидларга қарши оёққа турғазишга улгуради. Боз устига, ёш бухороликлар ўртасида ҳам иттифоқ йўқ эди.

Бухорода кечаётган мураккаб жараённи Анвар пошо теран идроки билан таҳлил қилади ва бу жараёнга ғайрат билан аралашмаса, Бухоро халқи бир-бирини қириб битириши мумкинлигини аниқ-равшан ҳис этади. Агар миллий қувватлар ўртасидаги мужодалага чек қўйилмаса, уларга ҳақиқий душман — болшевиклар ўрдуси эканлиги англатилмаса ва болшевикларга қарши барча миллий қувватлар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат этмаса миллат йўқ бўлиб кетади, қирилиб битади. Фақат тўда-тўда оломон қолади, холос. Қандай қилиб бўлса-да, миллий фожианинг олдини олиш ва туркларнинг бобомерос юртини асраб қолиш фарз эди. Томирида турк қони оқаётган, юрагида исломий эътиқоди бўлган ўғлон Бухоро фожиасига бефарқ қараши мумкин эмасди.

“Бухоро инқилоби бошланар-бошланмас маънавий ва моддий жиҳатдан бу ерга боғлиқ бўлган уламо Туркистонни тарк этиб, тинч мамлакатларга қочиб кетди. Шу тарзда Туркистондаги мавжуд низо ўртадан кўтарилди.
Бугун Туркистон халқи мамлакатни мустақил идора этишга қодир эмас.
Туркистон халқи жуда меҳмондўст ва мунис кимсалардир ”.

УЛАШИНГ:

« Орқага