Тарих

Чингиз афандига мактублар (31-қисм)

394

ЎН БИРИНЧИ МАКТУБ

Афандим, биз Анвар пошонинг Шарқий Бухородаги фаолиятини юқори табақага мансуб ижтимоий қатламлар доирасида ўрганяпмиз. Ҳар қандай ижтимоий тўфон, инқилоб пайтида бўлгани каби Бухоро инқилоби даврида ҳам ижтимоий табақаланиш авж олган эди. Албатта, ҳар бир табақа, гуруҳ халқнинг маълум бир қатламининг, синфининг манфаатини ифода этарди. Яъни, сиёсий табақаларнинг ижтимоий илдизи бор эди. Зеро, ижтимоий асосга эга бўлмаган ҳар қандай сиёсий гуруҳ ёки фирқа (ҳатто у ўзининг сиёсий қиёфасига эга бўлса ҳам) ўлимга маҳкумдир: фирқалар ижтимоий ҳаётдан озиқланиб туриши керак. Бухоро дохилинда, шартли равишда, қуйидаги фирқалар мавжуд эди:

Русия болшевикларининг ишғол қувватлари.

Ҳокимиятпараст ёш бухороликлар (раҳбари - Файзулла Хўжа).

Миллатпарвар жадидлар (раҳбари - Усмонхўжа).

Қонуний ҳокимиятга (шартли равишда, амир ҳокимиятининг тарафдорлари дейиш мумкин) тарафдор мужоҳидлар.

Турк олами манфаати учун курашаётган жадидлар (раҳнамоси - Анвар пошо).

Уларнинг ижтимоий озуқа манбалари қуйидагича:

Рус ишғол қувватлари марказий Русия ҳукуматига суянади.

Ҳокимиятпараст ёш бухороликлар русларнинг ишғол қувватига суянади.

Миллатпарвар жадидлар усмонли турк зобитлари қўмондонлик қилаётган маҳаллий милиция қувватларига суянади.

Мужоҳидлар маҳаллий халққа суянади.

Анвар пошо миллатпарвар жадидлар билан мужоҳидлар қувватига суянади.

Миллатпарвар жадидлар қулай фурсат бой берилгач, кечикиб мужоҳидлар билан ҳамкорлик қилишга киришади. Мужоҳидлар эса миллатпарвар жадидлар билан ҳамкорлик қилишни мутлақо истамайди. Чунки улар жадидларга ишонмайди.

Анвар пошо миллий мужодала жабҳасини ягона мақсадга — рус ишғол қувватларига қарши курашга сафарбар этмоқчи бўлади. Фақат шундагина Шарқий Бухоро дохилиндаги халқларни жисмонан ва маънан маҳв этилишдан сақлаб қолиш мумкин эди.

Рус ишғол қувватларига фақат мужоҳидлар ростакамига қаршилик кўрсатишга қодир эди. Негаки, уларнинг ижтимоий асоси — халқ эди. Бироқ, тарқоқ ҳолда ҳаракат қилаётган мужоҳидлар онгсизлиги туфайли ўзининг илдизига болта урмоқдан ҳам қайтмасди (Қободиён оқсоқолларининг нажот сўраб Иброҳимбекка мурожаат этганини мисол тариқасида келтирган эдим).

Хўш, халқ мужоҳидларни қўллаб-қувватлармиди?

Албатта, халқ мужоҳидларни қизғин қўллаб-қувватлайди: одамлар мужоҳидларга қўлдан келганича мадад беради. Масалан, 1924 йили қўрбошилар томонидан тузилган рўйхат ҳам шундан далолат беради.

“Зиё домулло гувоҳлигида Қори Ражаб Саид билан Отахон ҳожи тарафидан тўпланиб, лашкарбошига тақдим этилган буюмлар рўйхати:
1 дона ёстиқ жилди, 3 дона камзул, 6 дона ойнахалта, 1 дона катта кўзгу, 3 дона кичкина кўзгу, 4 дона чойнак, 10 дона пиёла, 1 дона болдоқли пиёла, 3 дона дастурхон, 1 дона коса, 5 дона сопол чархи, 4 дона оштовоқ, 1 дона оқ кигиз, 1 дона чақмоқ тош, 2 дона жул, 1 дона хуржун, 4 дона мис лаган, 6 дона аёлларнинг шойи кўйлаги, 3 дона чит кўйлак, 3 дона янги ички иштон, 5 дона катта рўмол, 3 дона дуррача, 0,5 бўлак газлама, 16 газ бўз газлама, 11 газ чит газлама, 3 кийимлик олача, 11 дона тақя (лақайи дўппи), 3 дона пичоқ, 3 дона кичкина пичоқ, 1 дона кичкина тўппонча,

176 дона бухорий танга, 6 дона милтиқ, 2 калава ип, 3 сават нок, 1 дона ойнахалта, 1 дона зулфин, 2 дона маржон, 3 ўрам ип, 2 дона тилло узук, 2 дона кумуш уқа, 1 дона ангишвона, 4 дона катта чопон, 1 дона чит чопон, 1 дона янги паранжи, 1 кийимлик адрас, 1 кийимлик атлас, 1 дона арава, 5 дона китоб, 1 дона Қуръони Карим, 1 жуфт калиш, 2 дона жойнамоз, 2 дона тилло балдоқ, 3 дона чопон, 3 қадоқ шакар, 3 қоп бодом, 1 дона узук, 225000 сўм пул, 600000 сўм эски қоғоз пул, 1 қути бўёқ, 1 қоп қанд, 2 дона дастурхон, 1 парча дока, 10 қадоқ чой, 1 дона мис товоқ, 1 дона мис чойнак, 3 дона бузуқ соат, 2 дона ёстиқ жилди, 1 жуфт дастурхон, 2 дона чойқошиқ, 3 дона самовар, 3 дона пичоқча, 4 дона чойнакча, 1 дона обдаста, 3 дона чойхалта, 1 газ парча, 1 дона дўппи, 1 дона пўстак, 2 дона шойи пашшахона, 3 дона қайчи, 4 дона қулф, 3 дона сопол идиш, 2 дона паншаха... ”

Чингиз афандига мактублар (30-қисм)

Чингиз афандига мактублар (29-қисм)

Архив ҳужжатларида кимлар нималар ҳадя этгани тўғрисида ўн саҳифадан ортиқ давом этган рўйхат бор. Рўзғор буюмлари Кўктош, Болжувон, Саройкамар, Қўрғонтепа, Жилликўл туманларининг аҳолисидан тўпланган. Бу туманларда лақайлар, тожиклар, қорлуқлар, туркманлар, қозоқлар, қирғизлар, қўнғиротлар, дўрмонлар ва бошқа турк қавмлари истиқомат қиларди. Улар рўзғор буюмларини мужоҳидларга ўз ихтиёрлари билан ҳадя қилганини оддий “ангишвона”дан ҳам билиш мумкин! Агар ўз ихтиёри билан ҳадя қилишни истамасалар жимитдек ангишвонани яшириб қўйиши ҳеч гап эмасди. Лекин, юпун ҳаёт кечирадиган оилалар рўзғоридаги пулга чақса бўладиган ҳамма нарсани мужоҳидларга тортиқ қилади.

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Чингиз афандига мактублар (43-қисм)

114 20:00 29.01.2020

Чингиз афандига мактублар (42-қисм)

202 20:01 28.01.2020

Чингиз афандига мактублар (41-қисм)

260 20:00 27.01.2020

Чингиз афандига мактублар (40-қисм)

294 19:43 26.01.2020

Чингиз афандига мактублар (39-қисм)

337 20:00 24.01.2020

Чингиз афандига мактублар (38-қисм)

294 20:00 23.01.2020
« Орқага