Тарих

Чингиз афандига мактублар (32-қисм)

418

Бир сўз билан айтганда, афандим, Шарқий Бухорода миллий мужодала халқ ҳаракати шаклини олган эди. Эндиги вазифа — бу ҳаракат самарасиз бўлмаслиги учун барча миллий қувватларни бирлаштирмоқ, ягона қўмондон остида курашни давом эттирмоқ лозим эди. Бироқ, миллий кучларни бирлаштирмоқ ниҳоятда мушкул эди. Бунинг ўзига хос ижтимоий сабаблари бор. Турк қавмлари тарқоқ ҳолда ҳаёт кечиради: ҳатто баъзи қавмлар тугал ўтроқлашмаган бўлиб, чорвачилик билан шуғулланарди. Қавмларнинг ўтроқлашган уруғлари ўртасида эса унумдор ер, сув, яйлов учун тинимсиз кураш кетарди. Айниқса, тоғларда яшайдиган тожиклар билан тоғолди депараларида яшайдиган лақайлар ўртасида тез-тез қонли тўқнашувлар рўй бериб турарди. Ҳаттоки, асосан тожиклар истиқомат қиладиган Қоратегин вилоятининг номи ҳам лақайлар билан тожиклар ўртасидаги тўқнашувларга боғлиқлиги тўғрисида ривоят тўқилган.

Эмишки, қувват жиҳатдан устун бўлган лақайлар ғармий тожикларни тоғ тепасига ҳайдаб чиқариб, қояда ўсган юз йиллик дўғдана (дўлана) шохига битта пишиқ арқонни ечилмайдиган “қоратугун” (“кўртугун” ҳам дейилади) қилиб боғлаб қайтишади ва тожикларни огоҳлантириб қўйишади: “Мана шу қоратугундан пастга тушмайсанлар! Пастга тушсаларинг, биздан ўпкаламайсанлар!” Кейин вақти-вақти билан лақайлардан бирорта қўриқчи юборилиб, ўша “қоратугун” арқонни текшириб келар экан: агар арқон жойида турган ва тожиклар ҳам “чегара”дан пастга ўтмаган бўлса, уруш-жанжалсиз яшайверар эканлар. Мабодо, тожиклар ўша қоратугундан пастга эниб келсалар борми, яна тўқнашув бошланиб кетаркан... Бориб-бориб, лақайлар инсофга келиб, “қоратугун”нинг пастроғига тушишга рухсат беришади ва тожиклар яшайдиган ўша депара “қоратегин” номини олади. Яъни, қора тугуннинг  таги деган маънода “Қоратегин” деб аталиб кетади. Дарҳақиқат, Қоратегин туркча сўз бўлса-да лекин ўша депарада асосан тожиклар яшайди. Демак, ривоятда жон борга ўхшайди.

Боз устига, Қоратегин тожиклари билан лақайлар ўртасидаги азалий зиддият, айниқса, миллий мужодала даврида Иброҳимбек билан Фузайил Махсум ўртасидаги муносабатларда, келишмовчиликларда яққол билинади.

Амир Олим ҳукумати ўз тасарруфида яшайдиган қавмлар ўртасидаги нифоқни бартараф этиш ўрнига, баттар авж олдиради. Масалан, 1885 йили Кўлоб вилоятида бошланган Восе бошчилигидаги деҳқонлар, косиблар қўзғолонини Бухоро амири лақайларнинг қувватлари билан бостиради ва Шарқий Бухоро қавмлари ўртасига душманлик уруғини сочиб ташлайди.

Архив ҳужжатларида маҳаллий қўрбошилар ўртасида кескин нифоқ мавжудлигини яққол кўрсатадиган маълумотлар жуда кўп. Ўшалардан айримларини эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман, афандим.

“Файзиобод мужоҳидларининг қўрбошиси Ғаюрбек зоти олийларига!

Маълумингизким, менинг одамларим ўзимизга керакли озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун Файзиобод, Нурек бозорларига бориб турадилар. Сизнинг аскарларингиз эса уларнинг йўлига ғов бўлишяпти, хафа қилишяпти, хўрлашяпти, зуғум ўтказишяпти. Яқинда Қулон депарасидаги аскарларингиз менинг хизматкорим бўлмиш Устахўжани ўлдиришди. Жасад хуржунидан битта соат, узук, 80 бухорий танга, 60 сўм қоғоз пул, 15 газ чит газлама, 1 кийимлик ҳисорий мовут, бир дона шоҳи рўмол, 1 қути инглиз чойи, 46 ўрам калава ип талон-тарож қилинган. Ушбу мактубни олишингиз билан таланган буюмларни қайтариб юборишингиз лозим. Иккинчидан, қотиллик бўйича махсус текшириш ўтказиб, айбдорларни жазолашингизни талаб қиламан. Умидим шулки, натижалар тўғрисида маълумот юборасиз.

Ҳурмат билан, Абдуллабек (муҳри босилган) ”.

Хундор қўрбошиларни муросага келтириш ҳам Иброҳимбекнинг вазифаси эди. Чунки у пайтларда адолатнинг ягона мезони — куч ҳисобланарди.

Чингиз афандига мактублар (31-қисм)

Чингиз афандига мактублар (30-қисм)

Қўрғонтепа вилоятининг овлоқ қишлоқларида истиқомат қиладиган аҳоли номидан мурожаат қилган оқсоқоллар маъмурий бошқарув масаласида ҳам бевосита Иброҳимбекнинг маслаҳатига муштоқ бўлиб туришади:

“Саройкамарнинг катта-кичик халқига, амалдорларига, оқсоқолларига маълум бўлсинким, Одам мирохўр билан Бўронбой вилоятимиз дохилинда закотчи этиб тайинланди. Улар Давлатмандбий ва Мулло Камол бийларнинг хоҳиш-иродасига биноан шу вазифага тайинланди. Иброҳим қоровулбеги ва Абдуқаюм туғсабодан ҳам шу масала юзасидан мактуб олдик — улар ҳам розилик беришди... Биз илгари Қўрғонтепа вилоятига қарардик. Ҳозир эса кимга қарашимизни ҳам билмаймиз. Ҳолатимиз аниқлаштириб берилишини сўраймиз ”.

Ҳартугул, Иброҳимбек маъмурий масалалар билан ҳам шуғулланиши лозим эди. Мактуб ёзилган пайтда у “қоровулбеги” даражасида бўлиб, ҳали қамровдор ваколатга эга эмасди. Аммо, мужодала жабҳасида нуфузли зотлар сирасидан ўрин олган эди: унинг номи амир даврида ҳам Болжувон беки бўлган Давлатмандбий билан бир қаторда тилга олинаётгани бежиз эмас.
1921 йилнинг 22 декабр куни Душанбе шаҳридаги рус қувватларининг қўмондони (имзоси ноаниқ), Шарқий Бухорони бошқариш бўйича тузилган Диктатор Комиссиясининг аъзоси (имзоси ноаниқ), Қароргоҳ бошлиғи Коротковлар музокара бошлаш масаласида бевосита Ироҳим қоровулбегига, Абдуқаюм туғсабога, мулло Муҳаммад Ёқубга мурожаат этадилар:

“Руслар сизларнинг ишларингизга аралашмайди. Сизлар ҳам бизни русларга қарши урушишга гиж-гижламанглар. Аввало, биз ўзимизнинг ўртамиздаги келишмовчиликни ўзимиз ҳал қилиб оламиз. Биз сизлар билан музокара юритишга қарор қилдик. Бундан ташқари, таклифимиз — агар мумкин бўлса, Муҳиддин ҳожи билан бирга келинглар. Биз рус консули иштирокида машварат қилиб, умумий қарор қабул қиламиз. Ҳеч нарсадан хавотирланмасдан келаверинглар! Сулҳ тузиб, ўртамизда давом этаётган беъмани урушга чек қўямиз ”.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Чингиз афандига мактублар (62-қисм)

122 20:00 24.02.2020

Даҳрий дўстим билан баҳс (иккинчи қисм)

887 22:00 22.02.2020

Чингиз афандига мактублар (61-қисм)

211 20:00 22.02.2020

Даҳрий дўстим билан баҳс(биринчи қисм)

1626 21:00 21.02.2020

Чингиз афандига мактублар (60-қисм)

179 20:00 21.02.2020

Чингиз афандига мактублар (59-қисм)

200 20:00 20.02.2020
« Орқага