Тарих

Чингиз афандига мактублар (33-қисм)

330

Иброҳимбек бу таклифномани олган пайтда Анвар пошо Кўктошда уй қамоғида сақланарди.

Тахминан, ўша пайтлари Кобулдан хушхабар келади: “Оллоҳ ва зоти олийлари олдидаги хизматларингиз беқиёсдир. Яқинда ҳисоботингизни олдик. Кўрсатган жасоратларингиз учун сиз “бий” унвони билан, “Асадуллобек эса “мирохўр” унвони билан мукофотландиларинг! Бундан буён давлатпаноҳнинг мурувватлари бошингизга ёғилаверади ”, деб ёзади амирнинг яқин маслаҳатчиси.

Худди ўша кунлари Кобулда турган йирик амалдорлар Иброҳимбекка шахсий илтимос билан мурожаат қилади.

“Орзиқиб кутганимиз Асадулло қоровулбеги, ниҳоят, Раббиуссони ойининг 24 куни сизнинг ҳисоботингизни Кобулга олиб келди. Менинг номимга йўллаган мактубни ҳаққингизга дуолар ўқиб мутолаа қилдим.

Қоровулбеги уч-тўрт марта зоти олийларининг қабулида бўлди. Мусулмон лашкаридан иборат мадад кучлари юборилишини сўраб ёзган илтимосномангиз муносабати билан зоти олийлари ўз қўллари ила Афғонистон амирига мактуб йўллади. Тақсир, Душанбеда эришган ғалабангиз таҳсинга сазовордир! Эшитишимизга қараганда, руслардан, жадидлардан жуда катта ўлжа олибсиз.

Агар мумкин бўлса, Мир Оталиқ, Мир Каттабек бий, Қўрғонтепа ҳокими, Мир Обидбек сардор, дастурхончи, Қори Раҳим, Мирзо чўлоқ, Қиличбек мирзо, Салимбек девонбеги, Мирзо Абдулкарим қоровулбеги, Мирзо Махсум туғсабо, Мирзо Асом мирохўрлар тўғрисида ёзиб юборсангиз. Уларнинг қай бирлари тирик, соғ-саломат эканини аниқлаб берсангиз.

Тақсир, яна қуйидаги зотлар тўғрисида ҳам аниқ маълумотларни ёзиб юборасиз деган умддамиз: Пўлат эшикоғабоши, Мирзо Исматулло туғсабо, Ҳожи мирохўр, Аҳмаджон мирохўр, ёвонлик Мулло Имомназар мирохўр, Уста Олим мирохўр, файзиободлик Мирзо Абдулқодир мирохўрлар.

Абдуҳаким бий, додхоҳ, (муҳри босилган).

Мир Маҳмудбек бий (муҳри босилган).

Абдуллабек бий (муҳри босилган).

Мир Фаттоҳбек бий (муҳри босилган).

Мирзо Баротбек бий, додхоҳ (муҳри босилган) ”.

Мактуб аввалида қайд этилишича, Иброҳимбекнинг муовини бўлмиш Асадулло Кобулга борган пайти “қоровулбеги” эди. Демак, бир неча кундан сўнг амир Олим уни “мирохўр” унвони билан мукофотлайди.

Демак, Иброҳимбекнинг зиммасига “бедарак йўқолганлар”ни топиш масъулияти ҳам юкланяпти.

Унвонлар тўғрисида. Амир Олим Шарқий Бухорода дохилинда ҳаракат қилаётган қўрбошиларга ҳотамтойлик билан унвон улашади. Чунки бу унвонга сазовор бўлган шўринг қурғур мужоҳидлар ёрлиқдан бошқа ҳеч нарсага эга бўлмасдилар: агар амир ҳукумати мавжуд бўлганда эди, “додхоҳ” ёки “туғсабо”га хазинадан бир йилда олти минг сўм маош ажратилиши шарт бўларди. Амир муҳожирликда бўлгач, ўз-ўзидан равшанки, унинг унвонлари ҳукумат зиммасига ҳеч қандай масъулият юкламасди...

Умуман аниқлашимча, Туркистон хонликларида фуқаровий-ҳарбий унвонлар қуйидаги тартибда қимматли ҳисобланарди:

1. Тўпчибоши — генералиссимус. 14-даража.

2. Девонбеги — маршал. 13-даража.

3. Парвоначи — тармоқ маршали. 12-даража.

4. Иноқ — армия генерали. 11-даража.

5. Мир — генерал полковник. 10-даража.

6. Бий — генерал лейтенант. 9-даража

7. Додхоҳ — генерал майор. 8-даража.

8. Туғсабо — полковник. 7-даража.

9. Мирохўр — подполковник. 6-даража.

10. Қоровулбеги — майор. 5-даража.

11. Жевачи (жибочи) — капитан. 4-даража.

12. Юзбоши — катта лейтенант. 3-даража.

13. Элликбоши — лейтенант. 2-даража.

14. Ўнбоши — кичик лейтенант. 1-даража .

Кўриниб турибдики, Иброҳимбек (қоровулбеги) 5-даражадан бирйўла 9-даражага (бий) кўтарилиб кетади! Албатта, бундай юксалиш ҳар қандай одамнинг бошини айлантириб қўйиши мумкин.

Чингиз афандига мактублар (32-қисм)

Чингиз афандига мактублар (31-қисм)

Майли, Иброҳимбекнинг шахсий фазилатларини бир четга қўя турайлик.

Юқорида келтирилган мисоллардан ҳам маълум бўляптики, Иброҳимбек нафақат ҳарбий-сиёсий муаммоларни, айни пайтда маиший турмуш масалаларини, ҳатто Шерлок Холмсга ярашадиган “изтопарлик”ка дахлдор вазифаларни ҳал этиши лозим эди. У Шарқий Бухоронинг нафас олишига қулоқ тутиб, касални аниқлаши ва даволаши керак эди. Албатта, Иброҳимбек ижтимоий муолажа усулларини бевосита “операцияхона”га кириб боргач ўрганишга мажбур бўлади. Шу боис малака етишмаслиги табиий ҳолдир.

Иброҳимбек атрофида ҳам бирталай маслаҳатчилар, шотирлар бор эди. Ўша шотирлару маслаҳатчиларнинг қариндош-уруғлари Афғонистонга муҳожирликка кетган эдилар. Шулардан бири — Иброҳимбекнинг маслаҳатчиси Бўрон бийдир. Унга акаси Афғонистондан ёзади: “Бу йил Афғонистонда қурғоқчилик бўлди. Экиб қўйган буғдойларимиз куйиб кетди. Қисқаси, биз ҳозир тирикчилигимизни қандай ўтказишимизни ҳам билмаймиз. От йўқ, мол-қўй йўқ. Битта байтолим бор эди. Уни ҳам ўғирлаб кетишди. Сиздан ўтиниб сўрайман, бирорта от топиб жўнатинг, харажатларимга оз-моз пул бериб туринг ”. Албатта, Бўрон бий “оз-моз пул” масаласида Иброҳимбекка маслаҳат солади...

Бундан ташқари, Шарқий Бухородаги турк қавмлари ўртасида уруғчилик, айирмачилик — маҳаллийчилик кучли эди. Ҳатто Иброҳимбекнинг ўзи ҳам уруғчилик касалидан холи эмасди. 1931 йилнинг 25 июл куни ОГПУ қамоқхонасида тергов қилинган 51 яшар Азим марқа Остонақул ўғли бундай гувоҳлик беради:

“Мен Иброҳимбекнинг рўзғор ишларини бажариб юрардим. Лекин ҳеч қачон Иброҳимбекнинг хазиначиси бўлмаганман. Биринчидан, саводим йўқ. Иккинчидан, ахир, мен марқа уруғиданман-ку! Иброҳимбек эса лақай қабиласининг Оқсари шохидан. Афғонистонда Иброҳимбекнинг хазиначиси Азим туғсабо Боймурод ўғли эди: у лақай қабиласининг Узден уруғидан. Ўрта бўйли, миқтидан келган, мош-гуруч соқолли, буғдойранг киши. Эллик ёшларда ”.

Демак, “ёғли жйолар”га Иброҳимбек, биринчи галда, ўз уруғдошларини тайинларди. Бир ҳисобда шундай қилгани яхши: урсанг ҳам, сўксанг ҳам — суягидан ўтмайди. Бир-икки кун аразлаб юради-ю, кейин яна апоқ-чапоқ бўлиб кетади.

Нима бўлганда ҳам, Иброҳимбек халқнинг ичидан чиққан эди: амир ҳукумати назарида гўё 5-даражали амалдор ҳисобланса-да, ҳеч қачон халқдан ажралиб яшамаган (мавриди билан Иброҳимбекнинг 1920 йилга қадар тутган мавқеи тўғрисида гаплашамиз). Ҳисор халқи 1921 йилнинг куз фаслида Иброҳимбекка суяниб қолади. Иброҳимбек халқнинг нажоткори эди, ўзи ҳам халқ дарди билан яшарди. Бошида минг битта ташвиши бор эди. 1921 йилнинг ноябр ойи охирларида Иброҳимбекнинг минг битта ташвиши ҳам бир тараф бўлади-ю, Анвар пошонинг ташрифи ҳам бир тараф бўлади. Ўша воқеаларни ўн йилдан кейин — 1931 йили тергов чоғида ҳам икир-чикирлари билан эслашига қараганда, Анвар пошо билан учрашув Иброҳимбек ҳаётида ўчмас из қолдирган эди. Устига устак, ОГПУ қамоқхонасида Анвар пошо тўғрисида зўр ҳурмат билан гувоҳлик беради: шаҳиди шарифнинг руҳи покини муқаддас деб билади.

Иброҳимбек Афғонистондан Анвар пошонинг шахсиятини тасдиқлайдиган мактублар, гувоҳлар келишини кутиб юрган кезлари Душанбеда фавқулодда ҳодиса рўй беради.

“Тахминан, 1921 йилнинг 22 декабридан 23 декабрига ўтар кечаси рус аскарлари қувватининг қўмондони Морозенкони, Комиссар Мухинни, Консул Нагорнийни Усмонхўжа, Али Ризо, Дониёлбеклар меҳмонга таклиф этади. Меҳмондорчилик пайти ароқ ичилади, паловхўрлик қилинади. Меҳмонлар ширакайф бўлишгач, чаккасига тўппонча тиралади ва рус қувватларини қуролсизлантириш тўғрисида буйруққа имзо чектириб оладилар. Дарҳол Усмонхўжа, Али Ризо, Дониёлбеклар русларнинг 3-батальонини қуролсизлантиришга киришади. Бу жараёнда Дониёл ўз қувватлари билан эмас, балки Али Ризобек қўл остидаги қувватлар сафида иштирок этади. Бу жараёнда Дониёлнинг ёрдамчиси Макаров ҳам қатнашади. 3-батальон жангчилари гарнизон қўмондонининг буйруғини кўришгач, 120 дона милтиқни, 6 дона “Максимка” пулимётини, ўқ-дориларни, аслаҳа-анжомларни Али Ризо билан Дониёл ихтиёрига топширади. 3-батальон қуролсизлантирилгач, миллий ҳукумат вакиллари 2-батальон томон йўл олади. Бу пайтда тонг ёришиб қолган эди. Афсуски, 2-батальон жангчилари кечаси айғоқчилардан ҳамма гапни билиб олишган эди — шу сабаб миллий ҳукумат вакилларига қарата ўт очадилар. Ўртада жанг бошланиб кетади ва уч кеча-кундуз давом этади. Миллий ҳукумат вакилларининг режаси охиригача тугал амалга ошмай қолади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Чингиз афандига мактублар (62-қисм)

122 20:00 24.02.2020

Даҳрий дўстим билан баҳс (иккинчи қисм)

887 22:00 22.02.2020

Чингиз афандига мактублар (61-қисм)

211 20:00 22.02.2020

Даҳрий дўстим билан баҳс(биринчи қисм)

1626 21:00 21.02.2020

Чингиз афандига мактублар (60-қисм)

179 20:00 21.02.2020

Чингиз афандига мактублар (59-қисм)

200 20:00 20.02.2020
« Орқага