Тарих

Чингиз афандига мактублар (36-қисм)

322

Демак, парвоначи “ўзбошимча” куёвидан ранжийди — 1931 йили Тожикистон дохилинга ўтган заҳоти Совет ҳукуматига таслим бўлиш ўрнига, халқни яна-тағин қўзғолонга кўтаришга уринишидан норози бўлади. Ўша пайтлари Иброҳимбек ҳали “чилласи чиқмаган куёв” бўлса ажаб эмас. У 1931 йилнинг 28 июн куни тергов чоғида: “Мен ҳозир Абдуқаюм парвоначининг қизига уйланганман ”, дейди. Яъни, Абдуқаюм парвоначининг 20 яшар қизи Бибихадича исмли қизига яқинда уйланганига ишора қилади. Ҳар қандай ота эгнидан ҳали келинлик либосини ечмаган қизининг бева бўлиб қолишини асло истамайди. Гўё куёв жўяли маслаҳатига юрмагани учун Абдуқаюм парвоначи Иброҳимбекдан хафа бўлади. Шу боис унинг жавобларида Иброҳимбекка алоқадор ўринлар холис ёки бетараф бўлиши мумкин эмас. Учинчидан, Абдуқаюм парвоначи ўзи билмаган, истамаган ҳолда тарихий санани нотўғри кўрсатса-да, лекин баъзи тарихий воқеаларни билиб туриб, онгли равишда ўз нуқтаи назаридан талқин қилади.

Масалан, Анвар пошо Шарқий Бухорога 1920 йилда эмас, балки 1921 йилда борганини ҳақиқатан ҳам эсидан чиқарган бўлиши мумкин. Чунки орадан ўн йилдан ортиқ вақт ўтиб кетади. Бироқ, Анвар пошонинг Афғонистондан ўтиб келганини нима учун таъкидлайди? Ахир, у Иброҳимбекнинг бир қанча қўрбошилари, маслаҳатчилари сафида, 1921 йилнинг кеч кузида Анвар пошо билан Иброҳимбекнинг қароргоҳи жойлашган Қорамўнти қишлоғида илк бора учрашган эди-ку? Анвар пошо ва унинг ҳамроҳлари айнан Қорамўнтида қуролсизлантирилиб, кейин Кўктошга жўнатилган эди-ку?

Қорамўнти ҳам, Кўктош ҳам Ҳисор — Регар — Денов — Ғузор — Қарши — Бухоро йўналишида жойлашганини Абдуқаюм парвоначи билмасмиди? Агар Анвар пошо Афғонистондан  келганида уни Султонобод — Ёвон — Данғара — Кўлоб йўналишидаги бирорта қишлоқда кутиб олишган бўларди-ку! Назаримда, Абдуқаюм парвоначининг “жуғрофий хатоси” ўша пайтлари деярли шаклланган Совет идеологияси билан боғлиқ бўлиб, “чекист-тарихчилар” Анвар пошони “Англия жосуси” деб эълон қилиб улгуришган ва Абдуқаюм парвоначини ҳам ўша уйдирмага ишонтиришган эди. ГПУ идорасида махсус маъруза ўқилган бўлса-да ажаб эмас. Негаки, Абдуқаюм парвоначи Улаевнинг 2004-нўмерли анкетаси 1931 йилнинг 2 июл куни тўлдирилган бўлса-да, биринчи тергови 1931 йилнинг 7 июл куни бўлади .

Яъни, Абдуқаюм парвоначи олти кеча-кундуз ГПУ ертўласида “сиёсий ўқув машғулотлари” билан банд бўлади. Афсуски, ГПУ ертўласида бошланган “сиёсий ўқув машғулотлари” шўравий Туркистон мактабларида 70 йил давомида асосий дастуруламал бўлиб хизмат қилди. Ҳозир ҳам Тожикистон мактабларининг 5-синфлари учун қўлланма сифатида тавсия этилган “Тарихдан ҳикоялар”да: “1921 йилнинг охирларида Шарқий Бухорода босмачилар шайкалари Туркиянинг собиқ Ҳарбий министри, Англия империалистларининг гумаштаси Анвар пошо раҳбарлигида бирлаша бошлади. Бу шайкалар қуроллантирилади ”, деб ўқувчилар ишонтирилмоқда...

Хуллас, Абдуқаюм парвоначи Совет мактабининг гўё “қалдирғоч талабаси” бўлади. Унинг Иброҳимбек тўғрисидаги (“...хафа бўлган эди”) талқини ҳам унчалик тўғри эмас. Ҳар ҳолда, Иброҳимбек билан Анвар пошо ўртасидаги келишмовчилик шахсий мотивлардан эмас, балки ижтимоий сабаблардан бошланади.

Хўш, Абдуқаюм парвоначининг гувоҳлиги чалкашликларга, хатоликларга тўлиб кетган бўлса, нима учун уни эътиборингизга ҳавола қилиб, бошингизни қотиряпман?

Афандим, менинг қўлимда тарих ҳақиқатини бус-бутун кўрсатиб берадиган тап-тайёр ҳужжат йўқ. Мен тарих ҳақиқатини сарғайган саҳифалардан тирноқлаб тўплаяпман. Мабодо тарих ҳақиқатини тугал очиб беролмаган тақдиримда ҳам, лекин қутлуғ ишга қўлимдан келганча ҳисса қўшажакман. Қолаверса, болшевикларнинг 70 йиллик зулмидан эндигина жисмонан озод бўлган биз ўзбек турклари шон-шарафларга бурканган тарихимизни илк бора ўз нуқтаи назаримиз билан ўрганяпмиз, холос. Боз устига, яшириб нима қилдик, биз ҳалигача болшевикларнинг маънавий зулмидан озод бўлганимиз йўқ: онгимиз коммунистик мафкура билан етиб ортарли даражада заҳарланган.

Чингиз афандига мактублар (35-қисм)

Чингиз афандига мактублар (34-қисм)

Афандим, маъзур тутгайсиз, тарихий ҳақиқатни бор бўйича тасаввур этиш учун муқобил ва қарама-қарши манбаларни ҳам билишимиз шарт. Шу маънода Абдуқаюм парвоначининг теговдаги гаплари долғали давр воқеаларини тахир таъми билан, асл ҳолатда тотиб кўришимизга имкон яратиб беради. Зеро, биринчи галда, тарихий ҳақиқатни бутун ҳолида тасаввур этмоғимиз даркор: кейин БУТУН ТАРИХИЙ ҲАҚИҚАТнинг айрим қисмларини алоҳида-алоҳида кўздан кечиришимиз мумкин бўлади.

"Буларни Жижим ва сендан бошқа ҳеч ким ҳозирча билмаслиги керак”, деб алоҳида таъкидлайди Анвар пошо. У айнан ҳозир биз фикр юритаётган воқеалар тўғрисида шундай деган эди. Демак, баъзи воқеалар, хулосалар, баҳолар ўша пайтда душманнинг тегирмонига сув қуйиши мумкин эди. Шу боис токи ишлар бирёқлик бўлгунга қадар “расмий қайдлар” сир сақлангани маъқул кўрилади. Айтайлик, Иброҳимбек 1931 йил 28 июн куни тергов пайтида эътироф этганидек, Анвар пошо: “Бухоро дохилиндан руслар ҳайдаб чиқарилгач, амир Олимхон яна ўз тахтини эгаллаши мумкин. Ўзим уни таклиф қиламан ”, деган бўлиши мумкин.

Чунки, мужоҳидларнинг қувватини ягона мақсадга — рус ишғол кучларига қарши курашга бўйсундириш учун, яъни сиёсий-ҳарбий тактика нуқтаи назаридан, муросасозликдан бошқа йўл йўқ эди. 1921 йилнинг декабр ойи сиёсий баҳс-мунозара қилиб ўтирадиган пайт эмасди. Айни замонда Анвар пошо “кундалик дафтари”га асил нуқтаи назарини (яъни, Бухоро дохилинда миллий республика ўрнатилишига тарафдор эканини) қайд этиб қўйган бўлса-чи? Албатта, республика тузумининг моҳиятини “Қумбосдидан бошқа ерни кўрмаган” мужоҳидларга осонликча тушунтириб бўлмасди. Шунинг учун мураккаб вазиятни баттар чигаллаштирмасдан, асосий ишни қилиш — аввало, мустақилликни қўлга киритиш лозим эди.

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Чингиз афандига мактублар (62-қисм)

122 20:00 24.02.2020

Чингиз афандига мактублар (61-қисм)

211 20:00 22.02.2020

Чингиз афандига мактублар (60-қисм)

179 20:00 21.02.2020

Чингиз афандига мактублар (59-қисм)

200 20:00 20.02.2020

Чингиз афандига мактублар (58-қисм)

188 20:00 19.02.2020

Чингиз афандига мактублар (57-қисм)

210 20:00 18.02.2020
« Орқага