Тарих

Чингиз афандига мактублар (39-қисм)

564

ЎН УЧИНЧИ МАКТУБ

1921 йилнинг декабр ойида Душанбе теварагида ўн минг нафарга яқин мужоҳид қувватлари бор эди. Мужоҳидлар шаҳарни ҳар томонлама қуршовга олади: ичкарида очарчилик бошланади.

20 декабр куни Иброҳимбек Душанбедаги рус қувватларининг бошлиғига: “Тўрт тарафингиз қибла! Истаган томонга кетишингиз учун йўлни очиб қўяман. Яна-тағин, отларингга ем-хашак ҳам беришим мумкин. Фақат бизнинг юртимиздан даф бўлсаларинг бас! “ деб талабнома юборади. Бухоро миллий ҳукумати қувватларидан аранг қутилиб, энди енгил нафас ола бошлаган рус қўмондонлиги икки кун бош қотиради ва 22 декабр куни Иброҳимбекка сулҳ таклиф қилади . Иброҳимбек маслаҳат олиш учун Анвар пошонинг ҳузурига боради. “Кўктошга қайтиб келганимдан сўнг Анвар пошо менга Душанбеда турган рус аскарларига қарши жанг бошлашим тўғрисида буйруқ берди. Биз жанг бошладик. Жанг икки ойлар чамаси давом этди. Кейин рус аскарлари Душанбени ташлаб чиқиб, Термиз тарафга чекинишди. Биз уларни Миршодига қадар қувлаб бордик ”, деб гувоҳлик беради Иброҳимбек.

В.Медвед ўғли “Босмачилик — маҳкум этилган лашкар” номли ҳужжатли қиссасида юқорида кўчирма келтирганим Иброҳимбекнинг талабномасини, “Ўртоқлар! Жадидлар билан жанг қилганларинг учун биз сизлардан миннатдормиз. Мен Иброҳимбек, шу муносабат билан сизларга офарин айтаман ва дўст сифатида, ўртоқ сифатида қўлларингни сиқаман ва тўрт тарафдан йўлни очиб қўяман ва ем-хашак ҳам беришим мумкин... Сизларга ҳеч қандай душманлигим йўқ: ҳокимиятимизни ағдариб ташлаган жадидларга қарши курашамиз ”, деб ёзади. Муаллиф Иброҳимбекнинг талабномасини бузиб, мазмунини ўзгартириб кўчиради. Сўнг бузилган матнни қуйидагича шарҳлайди: “Бу мактубнинг мазмуни муҳим аҳамиятга эга. Яқинда Олимхон лашкарига қарши бўлиб ўтган жанглар лақайларнинг қишлоқларига зарар етказмади.Шунинг учун лақайларнинг қизил аскарларда қасди йўқ. Бундан ташқари, аҳолига етказилган барча талофатларга қарамасдан, Қизил Армия беғараз жанг қилаётганини Иброҳимбек кўриб турарди. Қизиллар ишғол этилган ерларни босиб олмоқчи эмасди. Улар фақат жадидларнинг иттифоқчиси ёки ёлланма аскарлари, холос. Мана, энди жадидлар уларга хиёнат қилди. Армияни хиёнаткорлар билан боғлаб турадиган ҳеч нарса қолмади. Демак, улар бемалол кетишлари мумкин. У кўриб турардики, ҳамма нарсага жадидлар айбдор: улар билан музокара юритиб ҳам, ярашиб ҳам бўлмайди... Анвар пошо қишлоқ оламига жадидлардан кўра ҳам кўпроқ бегона эди ”.

Наҳотки, муаллиф ўзининг ғаразли гапларига ўқувчини ишонтириш учун тарихий ҳужжатларни сохталаштиришга, бўҳтон қилишга ҳақли бўлса?! Агар В.Медвед ўғли ўзи рус бўлиб рус тилида ёзилган мактуб мазмунини тушунмаса (бўпти, “тўрт томонингиз қибла!”, яъни “йўқол, кўзимга кўринма!” маъноларини берадиган туркона иборани у “тўрт тарафдан йўлни очиб қўяман” деган мазмунда тушунибди дейлик ва 130 йил давомида Туркистон халқларини босиб ётган “улуғ оғамиз” нафақат бизнинг тилимизни, ҳатто дилимизни ҳам тушунмаслиги кечиримли ҳол бўлсин!), ахир, унинг қўлида Иброҳимбекнинг 577051-нўмерли жиноятномаси бор-ку! 1931 йил 28 июн куни у тергов чоғида “рус ва Усмонхўжа бошчилигидаги жадид қувватлари” тўғрисида гапириб, “Душанбе атрофи тўс-тўполон бўлиб кетди, халқ ҳар тарафга сочилиб кетди!” деб алоҳида таъкидлайди. 29 июн куни бўлган тергов чоғида эса, “Анвар пошо Душанбеда турган жадид қувватларига, рус аскарларига қарши кураш бошлангиз!” деб буйруқ берганини ва жадидлар пошонинг буйруғига кўра русларга қарши жанг бошлаганини Иброҳимбек очиқ айтган эди-ку! Яъни, кўргазмаларда Анвар пошо ҳам, Иброҳимбек ҳам русларни жинидан баттар ёмон кўриши, чунки улар айнан “ишғол қилинган ерларда ҳукм суриш ниятида” экани очиқ-ойдин билинади. Шунинг учун Иброҳимбек “жадидлар русларга хиёнат қилди” деб ўйлаши мумкин эмас. Аксинча, у жадидлар энди эс-ҳушини йиғиб олишди деб ўйлайди.

“Анвар пошо қишлоқ оламига жадидлардан кўра ҳам кўпроқ бегона эди”, дейди В.Медвед ўғли ва тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатади. Ваҳоланки, “ҳужжатли қисса”сида Анвар пошонинг Бокудаги конгрессда сўзлаш учун ҳозирлаган нутқ матнига қайта-қайта мурожаат қилади. Афсуски, яна-тағин Анвар пошонинг дилини ҳам, тилини ҳам тушунмайди. “Биз ҳар вақт инқилобчи кучимизни халқдан ва халқнинг эзилган қисми қишлоқликлардан олдик. Бизнинг фабрика хизматчиларимиз ҳам қувватли бўлсалар эди, уларни ҳам айтиб ўтардим ”, дейди Анвар пошо. Демак, у қишлоқ оламига жадидлардан кўра ҳам яқинроқ эди — 1920 йилдан бошлаб (хизмат даврида) қишлоқ олами билан бирга яшайди.

В. Медвед ўғли шовқин-сурон кўтариб, арзон ном қозонишга ва буюк давлатчилик қарашларини кўз-кўзлашга устаси фаранг. Ўқувчининг диққат-эътиборини жалб этиш учун: “Иброҳимбекнинг жиноятномасини шу пайтгача фақат чекистлар, бир нечта совет олимлари ўқиб кўришган, холос. Улар бир жумла ҳам кўчирмани эълон қилишмаган. Кўчирмалар биринчи марта эълон қилиняпти ”, дейди уялмасдан. Аслида, В. Медвед ўғли Душанбе шаҳрида изғиб юрган кезлари “Тожикистон Ўзбек жамияти”нинг нашри бўлган “Ҳақ сўз” рўзномасининг 1992 йил феврал ойидаги дастлабки (4) сонидан эътиборан каминанинг “Муҳаммад Иброҳимбек” номли ҳужжатли қиссаси сонма-сон эълон қилина бошлаган ва ўша қиссада Иброҳимбекнинг 577051-нўмерли жиноятномасидан кўплаб кўчирмалар эълон қилинган эди .

Майли, В. Медвед ўғлининг қинғир ишларини қўя турайлик. Фақат инсоф юзасидан эътироф этмоқ лозимки, у миллий мужодаланинг айнан жон томирини ушлайди ва бутун аъзони ҳалокатга учратмоқчи бўлади. Айтмоқчиманки, Медвед ўғли мужоҳидлар ва жадидлар муносабатига асосий диққатини қаратиб тўғри қилган. Лекин, масалани нотўғри талқин қилади ва ўзининг ёлғон гапларига бошқаларни ҳам ишонтириш учун тарихий ҳужжатларни сохталаштиради, қават-қават ёлғонлар тўқийди. Унингча, Иброҳимбек назарида рус аскарлари гўё “фаришта” бўлиб кўринади. Аслида-чи?

1921 йил декабр ойида Душанбе теварагида ўн минг нафар қадар мужоҳид қуввати бор эди (афандим, мен битта гапни, битта воқеани кўп ўринларда атайлаб такрорлаяпман, нечунки, асил ҳақиқатни билмоқчиман ва билдирмоқчиман!). Лекин, бу қувват лақай келинчакларининг ойнахалталари, кичик кўзгулари, катта кўзгулари ва тожик кампирнинг пулга чақиш мумкин бўлган яккаю ягона ангишвонаси ва қўнғирот чўпоннинг битта пўстаги ва барлос деҳқоннинг битта панùахаси ва дўрмон момонинг бир дона намати ва қарлуқ бобонинг ички оқ иштони ва бошқа қавмларнинг уй-рўзғор буюмлари эвазига “қуроллантирилган”, таъминланган эди. Халқ бор бисотини мужоҳидларга беради. Маълум бўладики, амирлик даврида халқ бор бисотидан, буди-шудидан айрилган экан! Амир ўз фуқаросини нафақат жаҳолат ботқоғига, балки қашшоқлик гирдобига ҳам итқитиб юборган экан! Оч-яланғоч ва илмсиз халқнинг ўзи каби оч-ялонғоч ўғлонлари юрт мустақиллиги, озодлиги учун курашга кўтарилади...

Чингиз афандига мактублар (38-қисм)

Чингиз афандига мактублар (37-қисм)

КГБ архивида отув ҳукми ижро этилиши арафасида суратга туширилган кўплаб қўрбошиларнинг фотоларини кўрганман ва нима учун улар ялангоёқ ёки ковуш кийган, нима учун уст-боши битта оқ иштон ва оқ кўйлакдан иборат, нега елвагай кийилган пахтали тўнда қунишиб (қиш чилласида) турибдилар деб ҳайрон бўлганман, ҳайратдан ёқаларимни ушлаганман. Ахир, қўрбоши дегани Шермуҳаммадбек каби белига тасма, тўппончаю қилич тақиб, ҳарбий кийимда юрмасмиди? Демак, Иброҳимбек: “Кўршермат албатта ҳарбий кийимда тушган фотосуратларини қулай имконият пайдо бўлган заҳоти ҳар томонларга жўнатиш билан шуғулланяпти ”, деб гувоҳлик берганда ҳақ гапни айтган экан-да? Эҳтимол, салкам 50 йил мобайнида чор Русияси тасарруфида (1875 йилдан то 1917 йилгача) яшаган Фарғона халқи нисбатан бадавлат бўлгандир. Аммо, Шарқий Бухоро халқи бағоят юпун эди.

Моддий жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам халқ қашшоқ эди. Амирлар қорнидан бошқа дарди йўқ халқни тобеликда сақлаш осон эканини яхши билишарди. Мана шу халқнинг ягона бойлиги бор эди — у ҳам бўлса, Ватани эди! “Биз Ватандормиз!” дейишади лақайлар. “Мо Ватандорам!” дейишади тожиклар. Улар рўзғоридаги энг сўнгги ангишвонасини ҳам, ойнахалтасини ҳам Ватан озодлиги учун ҳадя этади: жонидан ширин ўғлонларини Ватан озодлиги йўлида қурбон қилади. Кекса чол-кампирлар, хотин-қизлар, болалар вақти-вақти билан руслар томонидан гаровга олиниб, тўдалаштирилган ҳолда отиб-отиб ташланади (Қўрғонтепа вилоятининг Ильич туманидаги Фақиробод қишлоғида эллик ва юз нафар аҳоли биттадан хандаққа дафн этилган мозорлар Совет ҳокимияти ҳукм сурган йилларда ҳам одамларнинг юрагидаги доғни янгилаб турарди, ҳозир ҳам ўша мозорлар турибди: энди ўша мозорлар ёнига коммунистлар томонидан 1993 йили ваҳшиёна тарзда, судсиз-сўроқсиз қатл этилган шоир дўстимиз — лақайларнинг фахри бўлган Зикруллоҳ Валийнинг қабри ҳам қўшилди).

Анвар пошо эса қишлоқ оламининг энг буюк бойлиги Ватан эканини биларди. Ватан юракда эканини биларди. Ватан жонидан ҳам азиз эканини биларди ва шунинг учун ҳам Ватан ўғлонларига қўмондонлик қилади ва улар билан бир сафда туриб Ватан учун жонини беради.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Чингиз афандига мактублар (72-қисм)

394 20:00 10.03.2020

Чингиз афандига мактублар (71-қисм)

384 20:00 09.03.2020

Чингиз афандига мактублар (70-қисм)

468 20:00 07.03.2020

Чингиз афандига мактублар (69-қисм)

390 20:00 06.03.2020

Чингиз афандига мактублар (68-қисм)

370 20:00 05.03.2020

Чингиз афандига мактублар (67-қисм)

447 20:00 04.03.2020
« Орқага