Наср

Чингиз афандига мактублар (4-қисм)

864

Афандим, Русия жосусларининг хабарларидан маълум бўляптики, “Иттиҳод ва тараққий” фирқаси фақат Туркия дохилиндаги усмонлиларни эмас, балки хориждаги мазлум турк халқларини ҳам ғафлатдан уйғотиш борасида жонбозлик кўрсатади. Сир эмаски, у пайтлари 27 яшар Анвар пошо ҳазратлари Македониядаги 3-турк ўрдусининг тараққийпарвар кучларига қўмондон бўлиб, Туркияда Конституция тикланишига беқиёс ҳисса қўшган ва илғор фикрли Усмонли халқининг миллий қаҳрамонига айланган эди. Русия элчиси чақувнома ҳозирлаётган кезларда эса, чамаси, Анвар пошо Туркиянинг Берлиндаги элчихонасида Ҳарбий атташеда хизмат қиларди. Аммо, пошо ҳазратлари мансуб бўлган маслакдан таралаётган қудратли ҒОЯ турк оламини уйғотиб, Русия империясини зир титратарди. Ҳатто Русия дохилиндаги жандармлар талвасага тушиб қолади. Ажаб ҳолки, насроний жандарм бошлиқлари Исо алайҳиссалом таваллуд топган муборак Янги йил оқшомини иш столларига мук тушган кўйи кутиб олади. Хусусан, Туркистон генерал губернатори негадир Уфа губернаси Жандарм бошқармасининг бошлиғи номига 3067-нўмерли махфий мактуб йўллайди. Жандарм бошқони касбдошига қуйидагиларни маълум қилади:

“3123-нўмерли мактубингиз асосида 22 декабр куни хуфя ишлар амалга оширилди. Вятскдаги Сарипул тумани дохилинда бўлган Ижбоб қишлоғида ташкил этилган мактаб муаллимлари Губайдулла ва Габдулла Бобийлар мусулмонларнинг ҳукуматга қарши қаратилган “Сулояти жадид” таълимотига қанчалик алоқадорлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, таълимотнинг номи “Сулояти жадид” эмас, балки “Усули жадид” экан. Бу арабий ибора “янги метод, янги восита” маъноларини англатади. 15 йил муқаддам Русияда Туркия фуқаролари таъсис этган мактабларда ана шундай усулда таълим берилади. Янги усулнинг асосчиси боғчасаройлик жаноб Исмоилбек Гаспрали бўлади. Мен бу тўғрида 1909 йил 28 декабр куни 1788- ва 1797-нўмерли чақувномаларимда маълумот берганман.

Сиртдан қаралса, гўё “Усули жадид” ҳукуматга ҳеч қандай зарар етказмайди. Фақат болаларнинг савод чиқаришини осонлаштиради. “Усули жадид” мактабларига берилган болалар бир йилдаёқ савод чиқаради. “Усули жадид” дастлаб Қозон шаҳри мактабларида, сўнг Оренбургда ва Русиянинг бошқа шаҳарларидаги мактабларда қабул қилинди. Янги усулда таълим мактаблари Туркистон билан Сибирда айниқса тараққий топди. У ерларда минглаб шундай мактаблар бор. Аксарият муаллимлар татарлардир.

“Усули жадид” бизга Туркистондан ўтган. Янги мактаблар, албатта, туркпарастлик ғоясини, туркча дарсликларни, тартибларни ҳам оммалаштиряпти. Айрим мактабларда ҳатто туркча кийиниш урф бўлган эди. Масаланинг ташқи кўриниши шундай. Кўпчилик мактабларда туркларни шарафлайдиган қўшиқларни жўр овоз бўлиб куйлаш одатга айланди. Кейинги 5—6 йил ичида эса соф татарча қўшиқлар ҳам пайдо бўлди. Бундай қўшиқлар воситасида мустақилликка даъват қилинади.

Агар “Усули жадид” мактабларида туркпарастлик ғояси тарғиб қилинмаса, фақат болаларнинг саводини чиқариш билан машғул бўлинса, уларга йўл бериш мумкин. Аксинча, агар бундай мактабларда болалар туркпарастлик ғояси таъсирида тарбияланадиган бўлса, шубҳасиз, келажакда зарарли натижа беради.

Сарипул туманидаги Ижбоб қишлоғида Габдулла Бобий битта янги мактаб очган. Габдулла Бобий Қозон шаҳрида таниқли Охун Галимжон қўлида таҳсил кўрган. Охун Галимжон ашаддий исломпараст эди. У 1908 йили Вологда губернасига сургун қилинган. Сўнг Истанбулга кетган.

Бобий мактаби бирталай зарарли ишларни амалга оширди. Исломпарастлик ҳаракатининг ёйилишига замин ҳозирлади. Бобий ўз атрофига маслакдошларини тўплаб олди. Жумладан, рус тили муаллимлари оға-ини Абдулсатторовлар ашаддий миллатчи-туркпарастлардир. Улардан биттаси, хусусан, Аҳмадшариф Абдулсатторов яқинда “Татарларнинг миллий истиқболига тўсқинлик қилаётган душманлар” номли китоб яратди.

Хуфя ишлар давом эттириляпти.

Ушбу мактубнинг нусхаси Полиция департаментининг махсус бўлимига тақдим этилди. Вятск губернаси Жандарм бошқармасининг бошлиғига ва Уфа губернаторига ҳам бир нусха юборилди.

Бошқарма бошлиғи, полковник (имзо ноаниқ)

Афандим, агар уйингизда Оврупо ва Осиёнинг харитаси бўлса, бир назар ташланг: Русия жандармлари бир-бирларига махфий мактублар йўллаётган губерналарнинг умумий ер майдони Туркия худудидан ҳам катта кенгликларни қамраб олганига амин бўласиз. Уйғониш насими эсаётган Туркистон билан Бухоро амирлиги эса яна битта Туркияни барпо этиши муқаррар. Демак, харита ёнидан жилмай хаёл қилинса, Оврупо ва Осиёда 1910 йилдаёқ учта буюк турк давлати пайдо бўлиши мумкинлигига иймон келтириш мумкин. Бундай ширин хаёлни рўёбга чиқариш учун, аввало, бепоён кенгликларда истиқомат қилаётган турк халқларини битта ҒОЯ атрофига — туркчилик теварагига бирлаштирмоқ лозим эди. “Иттиҳод ва тараққий” фирқасининг асосий мақсади, назаримда, биринчи галда, миллий давлатига эга бўлган Усмонли туркларни ғафлатдан уйғотишдан, яъни уларга фуқаролик эркини — эътиқод эркини, сўз эркини олиб беришдан ва фуқароси том маънода озодликка эришган Туркия мадади билан Русия дохилиндаги мазлум турк халқларининг мустақил давлат барпо этишига имкон яратишдан иборат эди. Ёш турклар Мустақилликдан Озодлик сари қадам қўяди. Русия дохилиндаги турк халқларини эса Мустамлака зулмидан халос бўлиб, Мустақиллик сари қадам ташлашга ундайдилар.

Биласиз, “Иттиҳод ва тараққий” фирқасининг раҳнамоларидан бири Анвар пошо ҳазратлари эди.

Миллат манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлган ягона восита — Давлатдир. Йўқ ердан давлат қуриб бўлмайди. Ҳартугул, давлатнинг ожизгина унсурлари бўлса, бу иш нисбатан осонроқ кечади. Бухоро амирлигида хўжакўрсинга бўлса-да, давлат шакли бор эди. Тўғри, 1868 йили имзоланган шартномага кўра, Бухоро амирлиги Русияга вассал ҳисобланарди. Лекин, бари бир муайян имтиёзга эга бўлган амир ҳокимиятида, ибтидоий даражада бўлса ҳам, қонун-қоидалар ва энг муҳими, ер майдони бор эди. Асл миллатпарвар зотларнинг долзарб вазифаси — Бухоро амирлигидаги шарти кетиб, парти қолган давлат тузумини таъмирлашдан, ислоҳ қилишдан иборат эди. Усмонли туркларнинг ватанпарвар ёшлари Туркияни султон Абдулҳамид II чангалидан қутқариб, Конституция асосида бошқариладиган замонавий мамлакатга айлантирганлари каби Бухоро амирлиги ҳам ўз мустақиллигини ҳимоя қила оладиган замонавий мамлакатга айлантирилиши лозим эди. Ислоҳот, айниқса, давлат идорасининг ислоҳ қилиниши миллат ва эътиқоднинг ягона нажоти эди. Хўш, Бухоро дохилинда бундай ислоҳотни қайси қувват амалга оширади? Албатта, Русия ҳар қандай ислоҳотга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатади. Бироқ, ислоҳот миллий кучлар воситасида амалга оширилиши шарт. Акс ҳолда, миллат ҳам, эътиқод ҳам аста-секин таназзулга юз тутади. Бухоро амирлиги вассалликни бўйнига олгандан буён ўтган қирқ йил мобайнида дунё қирқ йил олға босди: ижтимоий турмушнинг барча жабҳаларида мисли кўрилмаган ўзгаришлар, янгиликлар рўй берди. Бухоро амирлиги эса ҳамон 1868 йил даражасида депсиниб турарди. Бир жойда яна қирқ йил депсиниб турса — тамом, кейин миллатни ҳам, иймонни ҳам уйғотиб бўлмайди. Миллий фожиани идрок этадиган, тасаввур қиладиган соғлом инсон қолмайди. Ҳамма русларнинг малайига, хизматкорига айланиб кетади. Ҳаммаси абас бўлади, нобуд бўлади...

Афандим, “Иттиҳод ва тараққий” фирқасининг намояндалари, тахминан, худди шундай фикр юритади. Шу боис ҳам улар асосий диққат-эътиборини Бухорои шарифга қаратади: бухоролик ёшлар оммавий равишда Истанбулга таълим-тарбия олгани жалб этилади. Ватанпарвар, миллатпарвар бухоролик ёшлар Усмонли биродарлари ёрдамида Бухоро амирлигини ислоҳ қилишга бел боғлайди. Истанбулда биринчилар сафида таълим олиб қайтган аксарият ёшлар кейинчалик Бухоро республикасининг асосчилари бўлди; кўпчилиги эса Анвар пошо қаватида миллий мустақиллик учун жанг қилди.

Русия императорининг Янги Бухородаги Хуфяси нима бўлаётганини, албатта, зимдан кузатиб турарди. Хуфя шошилинч равишда марказдан маслаҳат сўрайди, йўл-йўриқ сўрайди. 1912 йил 24 феврал куни йўллаган 42-нўмерли махфий мактуб Хуфяга дастуруламал бўлади.

“1912 йил, 53-нўмерли сўровга жавоб:

Афсуски, Эски Бухорода яшайдиган мулло Усмон Пўлатхўжаев номли кимса исломпараст ташвиқотчи сифатида бизга маълум эмас. Сиёсий Хуфяхона назарда тутган кимса Бухородаги таниқли савдогар Убайдуллахўжанинг қариндоши Усмонхўжа Пўлатбоев бўлса керак. У бухороликлар ўртасида тараққийпарвар киши сифатида оддий Усмонхўжа номи билан машҳур. Усмонхўжа Истанбулдан Бухорога қайтиб келгач, иккинчи ёки учинчи куниёқ мен Сиёсий Хуфяхонага бу ҳақда маълумот берганман. Шунингдек, Усмонхўжа изидан пинҳона назорат ўрнатганимни ҳам айтганман.

Усмонхўжа бундан 4—5 йил муқаддам Туркияга ўқишга кетган эди. Тахминан, 30—40 кун бурун у Бухорога қайтиб келди. Унга алоқадор қуйидаги маълумотлар бор: Усмонхўжа Туркияга кетмасидан олдин ҳам Эски Бухоро ёшлари ўртасида ажралиб турарди. Унда баъзи бир жаридаларни учратиш мумкин эди. Лекин жаридаларда нималар тўғрисида ёзилгани сир сақланарди: фақат бир нечта ерли киши жарида мазмунини биларди. Усмонхўжа маҳаллий ёшлар ўртасида ақл-заковатли, тараққийпарвар, ашаддий исломпараст киши сифатида ном чиқарган эди.

Усмонхўжа Туркияга кетдию кўринмай қолди — саҳнадан тушиб қолди. Мана, энди у яна Бухорода пайдо бўлди. Унинг қайтиб келганидан бирпасда кўпчилик муллабаччалар хабар топди. Усмонхўжа қайтиб келган кунлари икки марта “гап” ташкил қилди. Истанбулдан бир нечта адабиёт олиб келган кўринади. Истанбулдан тарқатилаётган туркпарастлик ғояси билан Усмонхўжа шу қадар заҳарланганки, баъзи маҳаллий ёшлар ҳатто у билан ошкора алоқа ўрнатишга ҳам қўрқиб қолди.

Усмонхўжа Туркиядан қайтиб келган кунлари муллабаччалар ўртасида қандайдир рисолалар тўғрисида мишмиш тарқалди. Бундай мишмишлар Усмонхўжа Истанбулдан адабиёт олиб келганини англатади. Ҳозир адабиётлар борлигига шубҳа йўқ.

Бухорода икки нашриётда чоп этилган китоблар қўлма-қўл бўлиб юрибди. Тез орада уларни мусодара қиламан. Мусодара қилинган куниёқ Сиёсий Хуфяхонага тақдим этаман.

Сиёсий амалдор: Белман (имзо)”.

Афандим, сиз асло ҳайрон бўлманг: чор Русияси даврида ҳам, Совет ҳокимияти даврида ҳам бизда тузумнинг бўлажак мухолифлари устидан йилма-йил маълумот тўпланарди. Тақдир тақозоси билан ўша мухолиф (ҳар қандай шаклда бўлсин мустақил фикр юритадиган инсон “потенциал мухолиф” ҳисобланарди) бирорта мансабга ўтириб қолса ва Москванинг чизиғидан салгина четга чиқса, дарҳол маълумотлар рўкач қилинарди: қарабсизки, бугун мулло минган эшак каби ҳукумат хизматини бажариб юрган арбоб эртага “халқ душмани” сифатини олиб миқ этмасдан отилиб кетаверарди. Шу боис деярли барча маҳаллий арбоблар ниҳоятда бачкана бўлиб қоларди. Чунки улар жони “темир сандиқда” сақланаётганини яхши билишарди.

Илк қадамларидан Хуфяхона назоратида бўлган Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғлининг қандай қилиб Бухоро республикаси Президенти (Биринчи шахс) лавозимига сайланиб қолгани, албатта, Туркистон тарихи учун мўъжиза саналади. Бунақаси илгари ҳам бўлмаган, кейин ҳам бўлмади. Усмонхўжа афанди закий зот эди. Агар ул афанди 1921 йили Анвар пошо ҳазратларининг қаватига кириб, мужоҳидлар тарафига ўтиб кетмаганида, шубҳасиз, 1937 йили Файзулла Хўжа билан деворга ёнма-ён қўйилиб отиб ташланарди. Совет ҳукумати чор Хуфяхонаси томонидан тўпланган маълумотлардан албатта ўз ўрнида фойдаланарди. Боз устига, Усмонхўжа афандининг ҳар қадамини Русия императорининг Хуфяси пойлаб юрарди. Полиция бошқармасида сиёсий айғоқчилик билан шуғулланадиган бояги Белман 1912 йил 28 ноябр куни Хуфяхонага яна Усмонхўжа устидан 129-нўмерли маълумот юборади. Айғоқчи ўз маълумотида: “Усмонхўжа Бухорога қандайдир махсус топшириқни бажариш учун келган бўлса керак. Чунки Туркияга ўқишга кетган талабаларнинг бирортаси ҳам ҳозир таътилга чиққани йўқ”, деб алоҳида таъкидлайди.

Эски Бухородаги Сиёсий Хуфяхона Истанбулда таълим олиб қайтган ёшларни муттасил таъқиб этади, амирнинг кўнглига қутқу солади: “Улар сени тахтдан ағдариб ташлайди”, деб қўрқитадилар.

Афандим, ҳар ҳолда, Анвар пошо ҳазратлари Бухоро дохилинга 1910 йилдаёқ туркчилик ва исломият ҒОЯСИ шаклинда кириб келганига иқрор бўлдингизми? Тўғри, ўша пайтлари пошо ҳазратлари Туркиянинг Берлиндаги элчихонаси қошида — Ҳарбия атташеда хизмат қиларди. Лекин, унинг қалби туркистонлик ватанпарварларга мададкор эди.

Ижозатингиз билан, биринчи мактубимга шу жойда нуқта қўяман.


1-қисм 2-қисм 3-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Яхшиликнинг қудрати

1345 10:00 25.04.2020

Ҳокимнинг ҳадясини олмаган олим

1295 13:00 22.04.2020

Ибн Уқайл ва дурлар шодаси

1396 12:00 22.04.2020

Эчки

7052 15:00 21.04.2020

Фақиҳ  қароқчи ҳақида ажойиб воқеа

1572 09:58 21.04.2020

Асир (37-қисм) (сўнгги қисм)

679 21:00 04.04.2020
« Орқага