Тарих

Чингиз афандига мактублар (43-қисм)

286

Бодроҳли уруғи Лаур водийсида, қисман Рангонтов ёнбағрида ва Қаршитов этакларида, Ғози Малик тоғлари этакларига қадар текисликларда, Фақиробод адирларида, Оролтўғай воҳасида, Вахш дарёсининг жанубий соҳилларида сочилиб яшайди. Бодроҳли уруғи Эсонхўжага нисбатан кенг ҳудудни қамраб олган. Машғулотлари деҳқончилик, чорвачилик.

Бодроҳли уруғининг ичида эшонлар, муллолар, ҳожилар нисбатан камроқ. Оқсоқолларнинг нуфузи баланд.

Ҳисор водийсида лақайлар бошқа қавмларга нисбатан ўзига тўқ ҳаёт кечирган. Ўртаҳол лақайларнинг оиласида уч-тўрттадан тожик чорикор хизматчиси бўлган. Рангонтов депарасида яшайдиган кекса тожик чоллар: “Лақайлар бизларга нон берган, очарчиликдан сақлаб қолган”, деб эслаб туришади. Тожик чолларининг гапларида ҳақиқат бор. Чунки миллий мужодала бошлангунча бақувват лақай деҳқонлари бир йилда 130 ботмон уруғ сепишарди. Энг ночор лақай эса 5 ботмон уруғ сепарди. Заминдор лақайлар бир йилда 1000 пудга қадар ғалла ҳосили олишарди. Бу рақамлардан ижтимоий тенгсизлик яққол кўриниб турса-да, аммо лақайлар назарида адолатсизлик ҳисобланмасди: уларнинг “адолат” тушунчаси бўйича, бойлар бой бўлиши, камбағаллар камбағал бўлиши керак. Яъни, инқилоб учун лақайлар ичида ҳеч қандай ижтимоий замин йўқ эди.

1920 йилгача Султонобод депарасида 9086 таноб ерга лалми ғалла, 547 таноб ерга обикор ғалла экиларди.

Фақиробод туманида эса 3862 таноб ерга лаълми ғалла, 420 таноб ерга обикор ғалла экиларди.

Оролтўғайда 90000 (тўқсон минг) таноб обикор ер бор эди. Лақайистонда умуман 90967 таноб обикор, 79948 таноб лалмикор ер бор эди.

Бир таноб, тахминан, чорак гектарга баробар.

Садриддин Айний ўзининг “Эсдаликлар”ида қайд қилишича, 30 ботмон 240 пуд оғирликка баробар эди. Бир пуд оғирлик эса, Бухоро амирлиги дохилинда қабул қилинган ўлчов бўйича 16 килограммга тенгдир.

Демак, бир йилда 5 ботмон уруғ сепадиган “камбағал” лақай деҳқони 640 килограмм ғаллани қорнидан орттириб, баҳорга олиб чиқар экан. Яъни, 640 килограмм ғалла оила эҳтиёждан ортиқча бўларди.

Хуллас, 1920 йилга қадар лақайларнинг “камбағаллик даражаси” жуда юқори бўлган эди. Лақайларнинг камбағаллари ҳам Бухоро шаҳрида яшайдиган тижоратчи жадид бойларидан бойроқ бўлган. Демоқчиманки, ижтимоий инқилобга шаҳарда асос бор эди, лақай қишлоқларида эса мавжуд ижтимоий муносабатлар “қониқарли” эди.

Лақайистон гўё Шарқий Бухородаги “Швейцария” эди. Оврупо Швейцарияси қулай жуғрофий минтақага жойлашгани учун Швейцария бўлиб, муҳим бир мавқега эга бўлгани маълум. Хўш, Лақайистон қандай қилиб Шарқий Бухоронинг “Швейцарияси” мавқеига эришди?

Ёвон ва Ғози Малик атрофларида яшайдиган лақайлар азалдан тожикларни сиқиштирарди (“Қоратугун” тўғрисидаги ривоятни эсланг). Лақайлар қувватли қабила бўлгани учун унумдор ерларни, яйловларни эгаллаб олишади. Амир ҳокимияти элатлар ўртасидаги муносабатларни бир изга солиш тўғрисида мутлақо бош қотирмайди. Ҳатто Шарқий Бухоро халқи қандай ҳаёт кечираётганини Бухоро амирининг амалдорлари яхши билмасди (нақл қилишларича, Бухоро амири Олимхон Афғонистонга қочиб кетаётиб, лақайларнинг унумдор ерлари, яйловлари оралаб ўтади ва: “Ай, бача-ей, менинг тасарруфимда шунча ҳосилдор ерлар бор экан-у, лекин хазинага борадиган ўлпон омборхонамга урвоқ ҳам бўлмасди!” деган экан бош чайқаб.

“Адолат – кучдадир” шиорига амал қиладиган лақайлар аста-секин тожикларни тоғларга қувиб чиқарарди. Масалан, Ғози Малик кентидаги Мингкечар туманини ишғол қилади: тожикларни ҳайдаб чиқаришиб, ўзларининг учта қишлоғини барпо этадилар. Тарихда бундай воқеалар кўп бўлган. Натижада Шарқий Бухоро дохилиндаги бошқа қавмлар лақайларга душманлашиб бораверган. Устига устак, лақайлар қўшни турк қавмлари бўлмиш қарлуқларни, марқаларни, дўрмонларни ҳам ўз ҳолига қўйишмасди: зотдор отларини арзон нархда тортиб олишарди, мол-қўйларини турли баҳоналар билан ҳайдаб кетишарди. Ўртада пайдо бўлган душманлик сабабли ҳатто 1924 йили Шарқий Бухорода маъмурий чегараланиш бошланган кезлари қарлуқлар Лақай тумани дохилинда қолишни истамайди: “Бизга лақайдан кўра, тожик билан бирга бўлганимиз афзал!” дейишади ва Ёвон тумани таркибида қоладилар.

Хуллас, элатлар аро тенгсизлик натижасида лақайлар ўзларининг “Швейцария”сини бунёдга келтиради. Бу ҳол амир тузумининг яроқсизлиги оқибатида вужудга келади. Агар амир ҳокимияти барча мусулмон қавмларга бир хил шароит яратиб берганда ички низолардан қон томиб турмасди. Афсус, амир ҳокимияти вақти-вақти билан ички низолар аланга олиб туришидан манфаатдор эди: ўзининг ички муаммоларига ўралашиб қолган Шарқий Бухоро жадидлик ғоясидан – янгиликлару тараққиётдан мосуво ҳолда яшайверарди.

Шарқий Бухорода яшайдиган мусулмон қавмлари учта ижтимоий табақадан, яъни бойлар, камбағаллар ва диндорлардан иборат бўлса, лақайларда яна битта табақа – қатлам ҳам бор эди. Бу уруғ, шох, шохчаларнинг Оқсоқолларидир. Улар 75 нафарга яқин миқдорда бўлиб, бойлардан ҳам, руҳонийлардан ҳам нуфузлироқ эди. Ҳар бир лақай маиший турмуш масалаларида албатта Оқсоқолдан рухсат сўрарди. Оқсоқол – гўё ёзилмаган Конституциянинг кафолати ҳисобланарди. Шундай бўлса-да, лақайлар ўртасида диндор алоҳида нуфузга эга эди. Лақайларда ҳар бир уруғнинг, ҳар бир шохнинг, ҳатто шохчанинг ўз Пири – эшони бўлади ва ҳар бир уруғ, ҳар бир шох ва шохча ёппасига битта Пирнинг муридлари ҳисобланади. Ҳозир ҳам шундай. Масалан, Кўктошдаги Кунту шохининг Пири – Ҳайдархон эшон бобо Колхозободда, Кўктошдан 200 км. узоқ масофада яшайди, лекин Кунту шохидан таралган лақайлар қаерда яшашидан қатъи назар фақат ўз Пирининг муриди бўлади.

Лақайлар бошқа қавмларга нисбатан кўпроқ иримчи келади. Кўпчилиги, ҳатто “атеистлари” ҳам бўйнигами ёки қўлтиғининг остигами тумор осиб юради. Туморда оят ёзилган бўлади.

Шарқий Бухорода лақайлар ўзларига тўқ ҳаёт кечирган бўлсалар, бошқа турк қавмлари тўғрисида бундай деб бўлмайди. Масалан, қарлуқлар ниҳоятда ночор аҳволда яшаганлар: улар Ёвон ва Қоратов атрофида, Парчасой қишлоғида яшайди. Ҳисор водийсида қарлуқларнинг ўн саккизта қишлоғи бор. 395 оиладан 188 тасида битта қўй ҳам йўқ. 210 оилада 1750 бош қўй бор эди. 100 оила 1660 таноб ерда деҳқончилик қилади. Камбағал қарлуқлар асосан айрон, сут, қурт, қимиз, баъзан гўшт билан овқатланади. Улар деярли нон нима эканини билмайди. Бойроқ қарлуқлар эса ширгуруч, гўшт, кўптирилмасдан ёпилган буғдой нон билан озиқланади. Ўзларидан етишиб чиққан бир-икки нафар муллолар Ҳисор ёки Бойсундаги мадрасаларда таҳсил кўрган.

Қарлуқлар миллий мужодалада деярли қатнашмайди. Шарқий Бухоро дохилиндаги турк қавмлари орасида биринчилардан бўлиб Совет ҳокимияти тарафига ўтиб кетадилар .

13-ўқчи корпус қароргоҳи ходимларининг назари тушган яна битта нозик маълумот бор. Бу тўғрида айтсамми-айтмасамми деб кўп ўйладим. Ахийри, айтиб ўтишга қарор қилдим. Эҳтимол, Шарқий Бухородаги миллий мужодала тарихини кимдир “Фрейдчилик” нуқтаи назаридан ўрганмоқчи бўлса, асқотиб қолиши мумкин. Хуллас, гап шундаки, айрим турк қавмлари ўртасида аёллар етишмаслиги ва қалин пулининг миқдори катта бўлгани учун эшакбозлик ниҳоятда (айниқса, камбағаллар орасида) авж олиб кетган  экан. Менинг 1990–1991 йиллардаги кузатишларим бўйича Шарқий Бухородаги турк қавмлари ўртасида “эшакбозлик” деярли барҳам топган эди-ю, аммо шаҳарларга ички Русиядан оқиб келган бева рус хонимлар шарофати билан “маржабозлик” оммавий тус олган эди.

Бундан ташқари, 1921 йилнинг баҳорига қадар Шарқий Бухорога, хусусан, Ҳисор водийсига қурол кўтарган рус аскари қадам босмаган эди.

Ишғол рус қувватларининг сафида ўзбек туркчасида сўзлашадиган жадидларни учратган лақайлар, албатта, “Ўкангди сиғай, ўрис билан жадид бир гўр экан!” деб ўйлайди. Чунки уларга то ўша пайтгача жадидчилик нима эканини, жадидлар кимлигини ҳеч ким айтмаган, ҳеч ким бу тўғрида тушунча бермаган эди.

1922 йилнинг 4 июл куни Русия Ҳарбий-инқилобий шўросининг раиси Л.Д. Троцкий: “Қўлга тушган босмачилар ва уларнинг тарафдорлари шафқатсиз жазолансин! Босмачиларнинг ҳар бир ҳамласига муносиб жавоб қайтарилсин! Қизил командирларга босмачилар билан музокара юритиш ман этилсин!” деб фармон беради. Бу фармонни Русия қуролли кучларининг қўмондони С.С. Каменев ҳам тасдиқлайди.

Русия Ҳарбий-инқилобий шўросининг Шарқий Бухородаги вакили Манков эса 1922 йилнинг 25 ноябр куни: “Агар лақайлар қуролларини топширмаса, озиқ-овқат солиғини ўз вақтида тўламаса, Совет ҳокимиятини тан олмаса қизил аскарлар уларнинг қишлоқларида ялпи тинтув ўтказсин! Агар бир дона милтиқ топилса, ўша қишлоқ бутунлай йўқ қилиб юборилсин! Ҳар беш кунда мана шу тадбир такрорлансин. Агар қишлоқлардан озиқ-овқат захираси топилса, мажбуран тортиб олинсин! Мажбуран тортиб олишнинг иложи бўлмаса, озиқ-овқат захираси жойида куйдириб юборилсин! Лақай қўрбошиларини таслим бўлишга мажбур қилиш учун лақай оқсоқоллари гаровга олинсин! Агар қўрбошилар таслим бўлишни истамаса, шартни бажармаса, гаровга олинган оқсоқоллар икки-уч кундан сўнг отиб ташлансин!“ деб буйруқ беради.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Чингиз афандига мактублар (62-қисм)

121 20:00 24.02.2020

Даҳрий дўстим билан баҳс (иккинчи қисм)

887 22:00 22.02.2020

Чингиз афандига мактублар (61-қисм)

211 20:00 22.02.2020

Даҳрий дўстим билан баҳс(биринчи қисм)

1626 21:00 21.02.2020

Чингиз афандига мактублар (60-қисм)

179 20:00 21.02.2020

Чингиз афандига мактублар (59-қисм)

200 20:00 20.02.2020
« Орқага