Тарих

Чингиз афандига мактублар (47-қисм)

292

1922 йилнинг 15 апрел куни янги қароргоҳда – Кофирунда Бухоро республикасининг Ҳарбия нозири Абдулҳамид Ориф ўғли, қаршилик Бўри батош ва Шароф қўрбошилар, душанбелик Раҳмон мингбоши ва Муллониёз туғсаболар, Боботоғдан Ҳайит қўрбоши, кўлоблик Абдулқодир ва Ашур қўрбошилар, Болжувондан Пошохўжа ва Абдуқаюм парвоначи, Қоратегиндан Фузайил Махсум ва бошқа мужоҳид қувватларининг раҳнамолари иштирокида машварат бўлади. Абдулла Ражаб афанди “Туркистонда миллий мужодала” китобида негадир ўша машваратда Иброҳимбек ҳам иштирок этганини кўрсатмайди . Ваҳоланки, боя келтирганим “Қароргоҳ кундалиги”дан кўриниб турибдики, 11 апрел куни Қарлуққа етиб келган Иброҳимбекнинг “истиқболига пешвоз чиқажагини” Анвар пошо маълум қилди. 12 апрел куни эса Ҳасанбей пошо номидан Иброҳимбекка “бир Қуръони Карим, бир қилич” топширади. Иброҳимбек эса “бир кун дам олгач, Пулихокиён тарафга боражагини билдиради”. 14 апрел санаси қайд қилинган “кундалик”да айтилишича, “соат ўн бирда Пулихокиёндан чиқилиб, соат бир яримда Кофирун қишлоғига етиб” борилади. Пулихокиён билан Кофирун ўртасидаги масофа икки ярим соатлик йўл, холос. Демак, Иброҳимбек Ҳисордан келгунча икки юзу эллик чақиримдан ортиқ йўл босиб, икки ярим соатлик масофа қолганда Анвар пошога учрашмасдан қайтиб кетиши мумкин эмас. Учрашмаса, нега келади?!

15 апрел куни Кофирун қароргоҳида бўлган қўрбошиларнинг машваратида Иброҳимбек ҳам қатнашади. Машваратда ўн олти моддадан иборат қарор қабул қилинади: “барча ҳарбий, сиёсий ишларни бошқариш бир овоздан Анвар пошо зиммасига юклатилади” (16-модда); “асирларга шафқат кўрсатиш керак” (15-модда); энг ажабланарлиси шундаки, “душманларнинг жосусларига шафқатсиз бўлиш керак, агар бизнинг фойдамизга ишлашга рози бўлса, жосус айбдор бўлган тақдирда ҳам гуноҳидан кечиб, сулҳ тузиш лозим” (14-модда).

Бу машваратда ўттиздан ортиқ қўрбоши қатнашган бўлса-да, аммо Янги Бухородан йўлга чиққан рус ишғол қувватларининг мунтазам лашкарига мужоҳидлар (баъзи манбаларда “юз минг нафар” деб, бошқаларида эса “эллик минг нафар” деб кўрсатилади; афсуски, партия ҳужжатларида “Иккинчи Ҳисор экспедицияси”га доир аниқ маълумотларни учратмадим) қарши тура оладиган ҳарбий қудратга эга эмасди. Чунончи, Анвар пошо қароргоҳининг “кундалиги”да эътироф этилган маълумотларга кўра, Фузайил Махсум қувватларидан “уч минг кишилик аскарнинг беш юзтаси милтиқли” (9 апрел кундалигида) бўлса, Иброҳимбек қувватларининг “икки юзу йигирматача милтиғи” бор эди (13 апрел кундалигидан), холос. Партия архиви ҳужжатларида, май ойининг ўрталарида Анвар пошога Афғонистондан “800 дона милтиқ, саксонта туяга ортилган қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва уч юз нафар афғон аскари” жўнатилгани қайд этилади.

Борингки, Оқчурин жосусларининг назаридан четда қолган яна беш юзта милтиқ бор бўлсин. Шунда ҳам мужоҳид қуролли кучларининг миқдори уч минг нафарга етиб бормайди, бор-йўғи икки минг уч юз (афғон аскарларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда) нафар бўлади, холос. Ахир, “Биринчи Ҳисор экспедицияси” даврида (1920 йилнинг декабр ойида) руслар Шарқий Бухорога 30 дона замбарак, 81 дона пулимёт, 6023 дона милтиқ билан қуролланган ишғол қувватларини  юборган эди. У пайтлари руслар Бухоро миллий ҳукумати билан иттифоқдош эди: бу гал эса руслар томонида фақат Файзулла Хўжа қолади, холос. Ҳатто Ҳарбия нозири Абдулҳамид Орипов ҳам Анвар пошо сафига қўшилиб кетади. Боз устига, Бухорога бирин-кетин болшевикларнинг “қаймоғи” оқиб келади. Чунки, Москва ҳукумати Анвар пошонинг не ишларга қодир эканини жуда яхши биларди. Демак, бу сафар руслар Шарқий Бухорога эллик минг нафарга яқин аскарий қувватини жўнатиши турган гап эди. Ички Русияда фуқаролар муҳорабаси тамом бўлган, қонхўр қизил қўмондонлар нима қиларини билмасдан тўлғонмоқда эди – улар Шарқий Бухорога “кўнгилли” бўлиб келади.

Бундай вазиятда қўрбошилар Олий қўмондон Анвар пошонинг ҳар бир буйруғини сўзсиз бажариши, жанггоҳда қатъий кўрсатма асосида ҳаракат қилмоғи шарт эди. Афсуски, 15 апрел Кофирунда бўлиб ўтган машваратдан сўнг эртаси куниёқ Иброҳимбек ўз қувватлари билан Анвар пошо қароргоҳини тарк этади. Нега?

Абдуқаюм парвоначининг 1931 йил 7 июл куни турговда берган гувоҳлиги:

“Иброҳимбек Анвар пошо ҳузурига отланди. Уни жуда яхши кутиб олдилар. Иброҳимбекка қимматли совға-саломлар инъом этилди (Анвар пошо қароргоҳи кундалигида – 12 апрелда қайд этилган “бир Қуръони Карим ва бир қилич” назарда тутиляпти: изоҳ меники – Н.Б.). Бироқ, Иброҳимбек Анвар пошо ҳузурида бир кун яшади, холос. Чунки Иброҳимбекка яқин сирдош кишилар, Анвар бизни яхши кутиб олган бўлса-да, аммо унинг асл нияти – сизни ўлдириш экан, деб айтадилар. Шундан сўнг Иброҳимбек дарҳол ўз йигитларини қаватига оладию хайр-хўшлашмасдан Норинга қайтиб кетади. Анвар пошо Иброҳимбекни изига қайтариб келиш учун Фузайил Махсум, Дониёл афанди, Жаббор аскарбоши ва қўнғиротлардан иборат вакилларни тўхтовсиз элчиликка жўнатди. Лекин, улар Иброҳимбекни қувиб етолмасдан, орқаларига қайтиб келдилар ”.

Абдуқаюм парвоначини берган гувоҳликда чалкашлик бор. Аслида, Иброҳимбек “хайр-хўшлашмасдан Норинга қайтиб” кетмайди: Норин ниҳоятда олис – Ёвон водийсида, Кўлобга кетиладиган йўл ёқасида жойлашган Норинга кетиш учун ҳеч қандай асосга эга эмасди. Чунки рус қувватлари ҳали Шарқий Бухоро дохилини ёппасига ишғол этишга киришмаган, демак Иброҳимбек Регардами, Шаҳринавдами (яъни, Бойсун – Душанбе йўналишида) пайт пойлаб ётиши мумкин эди. Қисқаси, Абдуқаюм парвоначининг кўргазмаси умуман олганда тўғри эканини эътироф этган ҳолда унга аниқлик киритмоқчиман. 1931 йилнинг 29 июн кунги тергов пайтида Иброҳимбекнинг ўзи бу ҳақда аниқ кўргазма беради:

“Кофирунга борсам, Эшон Султон, Ҳайит парвоначи, Шаҳрисабздан Абдулла Қаҳҳорбек, Холтўра Эмин Ғузорий, Бердиёр оқсоқол Ғузорий, Фузайил Махсумлар пошо ҳузурида эканлар (менимча, машваратда айнан Иброҳимбек кўрсатаётган қўрбошилар иштирок этгани тўғри бўлса керак, негаки, ўша воқеаларни 1931 йилда қайта эслаяпти; Абдулла Ражаб афанди эса ўз китобини 1943 ёки 45 йилда, яъни 20 йилдан ортиқ вақт ўтгандан сўнг, кўп воқеалар хотирадан табиий равишда кўтарилгач эълон қилади, боз устига, “Туркистонда миллий мужодала” китобида рўйхат атайлаб жўғрофий қамровни қамровдор кўрсатиш учун тузилганга ўхшайди. Инкор этмайман, Иброҳимбек ҳам баъзи кишиларнинг номини унутган ёки атайлаб зикр этмаган бўлиши мумкин. Масалан, ўша машваратда Ҳарбия нозири А.Орипов қатнашган бўлса, Иброҳимбек унга “жадид” сифатида жирканиб қараган бўлиши ва тез орада Анвар пошодан А.Ориповни машварат даврасидан чиқариб юборишни илтимос қилган бўлиши ҳам мумкин.

Эҳтимолки, Анвар пошо жадид ва қадим масаласи қайта оловланмаслиги учун А.Ориповни умуман машваратга таклиф қилмагандир: фаразлар меники – Н.Б.) Сўнг, Анвар пошонинг қароргоҳига тўпландик-да, Анварбекни яна лашкари исломнинг Олий қўмондони этиб сайладик. Анвар пошо қайтадан Олий қўмондон этиб сайлангач, у рус қувватларига қарши курашни давом эттириш тўғрисида буйруғ берди. Мен аскарларимни қаватимга олиб, Филхонақоҳ депарасига бордим. Ўша ерда русларга қараши жанг бошладим. Орадан йигирма-йигирма беш кун вақт ўтгач, Анвар пошо мустақил ҳаракатларимдан норози бўлиб, аскарларим билан Кофирунга етиб боришим тўғрисида фармон берди. Мен унинг ёнига боришим керак эди. Бироқ, мен Анвар пошонинг ёнига боришни истамадим: аскарларимни тўплаб Кўктошга қайтдим ва Рангонтовга чиқиб кетдим ”.

Демак, Иброҳимбек май ойининг ўрталаригача Бойсун атрофида бўлган.

Нима учундир “Анвар пошо ҳузурида бир кун” (Абдуқаюм парвоначининг кўргазмаси бўйича) туриб, Филхонақоҳ депарасига кетгани ва “орадан йигирма-йигирма беш кун вақт ўтгач” (Иброҳимбекнинг кўргазмаси бўйича), Кўктошга қайтиб кетганини Абдуқаюм парвоначи: “Чунки Иброҳимбекка яқин сирдош кишилар, Анвар бизни яхши кутиб олган бўлса-да, аммо унинг асл нияти – сизни ўлдириш экан, деб айтадилар”, деб изоҳлайди. Иброҳимбекнинг ўзи эса: “Мен Анвар пошонинг ёнига боришни истамадим”, деб масалага ишонарли ойдинлик киритмайди ва шу кунги тергов чоғида айтган гапларини (яъни, ўзини асир олиш тўғрисидаги Анвар пошонинг мактубини) яна такрорлашни истамайди. Терговчи Муртазин уни қўрқоқ экан деб ўйлаши мумкин эди. Агар шу масалага бошқа кундаги тергов пайти қайтилганда, ажаб эмаски, у ҳам Абдуқаюм парвоначи таъкидлагани каби “Анвар пошо бизни яхши кутиб олган бўлса-да, аммо унинг асл нияти – мени ўлдириш экан” деган бўлармиди?!

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Чингиз афандига мактублар (72-қисм)

215 20:00 10.03.2020

Чингиз афандига мактублар (71-қисм)

223 20:00 09.03.2020

Чингиз афандига мактублар (70-қисм)

324 20:00 07.03.2020

Чингиз афандига мактублар (69-қисм)

257 20:00 06.03.2020

Чингиз афандига мактублар (68-қисм)

241 20:00 05.03.2020

Чингиз афандига мактублар (67-қисм)

326 20:00 04.03.2020
« Орқага