Наср

Чингиз афандига мактублар (5-қисм)

463

1917 йил 20 март куни Хуфя Резидент Петроградга яна махфий (шифрали) телеграмма йўллайди ва амир билан келишилган ислоҳот йўналишларини баён қилади. Сўнг: “Бухоро ҳукуматининг таклифлари мамлакат олдида турган вазифаларга мос эканини эътироф этган ҳолда жаноб нозирдан шошилинч кўрсатмалар берилишини сўрайман. Бу таклифлар Вақтли ҳукуматга маъқулми? ”, деб аниқ йўриқ берилишини илтимос қилади. Петроградда Бухоро дохилинда ўтказиладиган ислоҳот қизғин муҳокама этилади. Ҳатто ислоҳот тарафдорлари бўлган ёш бухороликлар тўғрисида маълумотлар сўралади. Хуфяхона бошлиғи Миллер 1917 йил 26 март куни Петроградга юборган шифрали телеграммасида: “Абдурауф Фитрат — муаллим ва ёзувчи. Мусо Йўлдошев эса Бухородаги “Баракат” ширкатининг кассири. Иккови ҳам либерал кайфиятдаги кишидир. Мен уларнинг маслакдошлари билан ислоҳот тўғрисида гаплашдим. Улар менинг кўрсатмаларимга амал қилишга рози. Акс ҳолда, ўзларини жоҳил қадимчилар томонидан худосизликда айблашларидан қўрқишяпти. Ислоҳот Шариатга мос равишда амалга оширилмаса, ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини яхши биладилар ”, деб тўғри маълумот беради. Петроградда Вақтли ҳукумат Манифест лойиҳасини муҳокама қилади. Русия Хорижия нозири Бухородаги Хуфясига: “Керенскийнинг таклифлари тўғрисида нима дейсиз? Манифест лойиҳасига, “Ислоҳот бундан кейин заруратга мос равишда ривожлантирилади”, деган жумла қўшилса чакки бўлмасди ”, деб маслаҳат солади. Ниҳоят, 1917 йил 7 апрел куни Русия Хорижия нозири: “Манифест ўзингиз таклиф этган лойиҳа кўринишида эълон қилиниши мумкин. Фақат “ушбу тарихий воқеани тантанали равишда нишонлаш учун” деган жумла билан бошланадиган гапдан олдин “Ислоҳот бундан кейин заруратга мос равишда ривожлантирилади” деган гапни илова қилинг ”, деб розилик беради. Шу куниёқ Бухоро амири ўз қароргоҳида Манифестини эълон қилади. Ушбу тарихий воқеани Хуфяхона бошлиғи Миллер қуйидагича таърифлайди:
1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм

“Бугун Аркда Русия Хуфяхонасининг ходимлари, қозилар, муфтийлар, муллолар, амалдорлар, савдогарлар, ёш бухороликлар, бухорий яҳудийлар, шиалар, Самарқанд Ижроқўмининг бешта аъзоси иштирокида Бухоро амири ислоҳот тўғрисидаги Манифестни тантанали равишда эълон қилди. Манифест матнини Қози калон ўқиб эшиттирди. Ислоҳот тўғрисидаги хабар халқ тарафидан қувонч билан кутиб олинди. Жума намозини ўқиш учун мачитга отланган амирни кўчаларни тўлдириб юрган оломон олқишлади ”.

Бироқ, халқнинг “қувончи” узоққа чўзилмади. Эртаси куниёқ Бухоро кўчаларида Манифестга қарши норозилик намойиши бошланади. Бу намойишни “уламо номини кўтариб юрадиган бир тўда жоҳил ва мутаассиб каслар” (Анвар пошо ибораси) уюштирган эди. Ёш бухороликлар халқ ўртасида “диндан қайтган кофирлар!” деб эълон қилинади: жадидлар оломон нафратига дучор қилинади. Ислоҳот тарафдорлари бўлган Раис билан Қози калонни оломон калтаклайди... Амир ишнинг бунчалик чаппасига кетишини асло кутмаган эди — у эсанкираб қолади. Ҳатто Хуфяхона бошлиғи ҳам эс-ҳушини йўқотиб қўяди. Беихтиёр Анвар пошонинг сўзлари ёдга тушади: “Бир тўда жоҳил ва мутаассиб каслар ўз мавқеи ва манфаати йўлида дин номи билан ҳар турли хиёнату ваҳшатни амалга оширмоқдалар”. Ҳа, халқ ўртасида нуфузи юқори бўлган диндорлар ўзларининг шахсий ғаразлари йўлида миллат манфаатига хиёнат қилади. Жаҳолат шу қадар томир отган эди! Залолат шу қадар газаклаган эди! Маҳаллий уламоларга нисбатан Хуфяхона бошлиғи Миллер тараққийпарвар бўлиб қолади. Унинг талаби билан Аркда барча сиёсий кучлар иштирокида музокара бошланади. Музокарани шахсан амир Олимхон бошқаради. Унда ўн икки нафар ёш бухоролик, уламо вакиллари, Русия Хуфяхонасининг ходимлари иштирок этади.

“Амир ислоҳот тўғрисида сўзлай бошлайди... Бир пайт мударрис Ибодулла ҳожи амирнинг сўзини шарт кесади-да, Шариат ва ислом ҳақида жазавага тушиб вайсай бошлайди. Машварат аҳли саросимага тушиб, ғала-ғовур кўтарилади. Амир бирдан йиғлаб юборадию музокара кетаётган хонани тарк этади... Муллолардан бири ёш бухороликларни: “Худодан қайтган лаънатилар!” деб ҳақорат қилади. Акобирлардан бирови: “Бухорога ҳеч қандай ислоҳот керак эмас! Ҳаммаси эскича қолиши керак!” деб бақиради. Кўп ўтмай Аркда мударрисларнинг шогирдлари пайдо бўлади ва улар ёш бухороликларни Худодан қайтгани учун қатл қилинишини талаб қилди. Уларга: “Тарқалинглар!” деб буйруқ берилди. “Тарқалмаймиз! Шариат учун жонимизни фидо қилишга тайёрмиз! Жадидлар, ёш бухороликлар қатл қилинсин!” деб жавоб қайтаради шогирд баччалар... Бу воқеалар Бухоро ҳукумати саросимага тушиб қолганини яққол кўрсатади. Нусратулла қушбеги эса очиқдан-очиқ жоҳил уламога ён босяпти ”, деб таъкидлайди Миллер. Афсуски, ёш бухороликлар билан эски уламони яраштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар зое кетади. Петроград ҳукумати Бухородаги Хуфяхона бошлиғини — Миллерни ишдан бўшатиб юборади.

Амир чорасизликдан йиғлаб юборади.

Уламо баттар жазавага тушади.

Ёш бухороликлар эса ичидан иккига бўлиниб кетади: жадидлар сафидан Файзулла Хўжа раҳбарлигида муросасиз гуруҳ ажраб чиқади ва улар Бухоро ҳукуматини қурол кучи билан ағдариб ташлашга ҳозирлик кўра бошлайди . Ўша пайтлари Усмонхўжа, Фитрат каби бир гуруҳ ёш бухороликлар назарида гўё ислоҳот ўтказилишига Русия Хуфяхонасининг бошлиғи Миллер тўсқинлик қилаётгандек туюлади. Шу боис улар Петрограддаги Вақтли ҳукуматдан “Миллерни ўз ходимлари билан чақириб олишни итоаткорона илтимос қилади ”. Афсуски, улар ислоҳотга жоҳиллик ғов бўлаётганини тўла-тўкис англамайди. Ислоҳотнинг асосий душмани Русия Хуфяхонасининг бошлиғи деб ўйлайдилар. Негаки, чор ҳукумати даврида, ҳақиқатан ҳам, резидент Миллер ёш бухороликлар ҳаракатига қарши тинимсиз курашган эди: амирга ва уламога жадидларни олабўжи қилиб кўрсатишга улгурган эди. Жадидларнинг Миллерда ўчи бор эди. Улар Миллер билан расмона самимий ҳамкорлик қилиш мумкинлигига асло ишонмайди. Анвар пошо эса “мужодалада таянч нуқта топиш” учун коммунистик III Интернационал билан ҳамкорлик қилиш мумкин деб ҳисоблайди: у муайян босқичда (болшевиклар мунофиқлик қилаётганини билмаган ҳолда, албатта) мусбат ва манфий қутбларни манфаатлар муштараклиги бирлаштириши табиий ҳол эканини яхши биларди. Яъни, Анвар пошо тажрибали сиёсатчи сифатида узоқни кўзлайди. Агар ёш бухороликлар амалий тажрибага эга бўлганларида борми, Вақтли ҳукумат даврида пайдо бўлган қулай фурсатдан оқилона фойдаланиб, чор ҳукумати пайтида душман бўлган Миллер билан самарали ҳамкорлик қиларди. Лекин, улар ёмғирдан қочиб қорга тутилишини, албатта, билмасди.

Вақтли ҳукумат даврида ёш бухороликларга Анвар пошо каби битта заковат соҳиби жуда-жуда асқатарди.

Русияда 1917 йилнинг 1 март кунидан то 7 ноябригача ҳукмронлик қилган Вақтли ҳукумат даври — ёш бухороликлар учун бой берилган имконият даври бўлди. Бундай имкониятни тарих уларга бошқа раво кўрмади. Болшевиклар давридаги имконият эса миллий муаммони қурол кучи — инқилоб йўли билан эмас, балки миллий ҳамжиҳатликка асосланган ислоҳот йўли билан ҳал этмоқ афзал эканини яққол кўрсатади.

Афандим, кўрдингизми, Анвар пошо ҳазратлари мана шундай чигал ижтимоий муносабатлар вужудга келган ўлкага ташриф буюриши лозим эди.

(давоми бор)

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

752 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1509 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

321 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

538 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2816 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

431 21:00 06.12.2019
« Орқага