Тарих

Чингиз афандига мактублар (60-қисм)

248

Бокуда турк коммунистларининг Марказқўмига бориб Мустафо Субҳийни учратдим. У мени озарбайжонлик Амин Афандизода билан Вали Иброҳимовга таништиради. Вали Иброҳимов кейинчалик Қирим мухтор жумҳуриятининг раиси бўлади.

– Ҳеч хавотирланманг, улар ўзимизнинг одамлар, – дейди Мустафо.

Амин Афандизода 1917 йилда Мусовот фирқасидан вакил бўлиб Туркистонга борган эди. Биз у билан Туркистонда танишган эдик. У кейинчалик Туркияга чиқиб кетади. Чекистлар мени Афандизода билан ҳамхона эканимни хаёлига ҳам келтирмасди. Мен ҳар куни Иброҳим Жонузоқов билан учрашиб турардим. Иброҳим асли қирғиз эди.

Қурултойда Москвадан келган Анвар пошо, Бакир Сами, Юсуф Камол бейлар ҳам иштирок этади. Улар мен бор жойга келмасди, мен ҳам уларнинг олдига бормасдим. Қаерда турганимни ишончли одамлар биларди, холос. Анвар пошо воситачи орқали мен билан алоқа қилиб туради. Анвар пошо ҳам худди Жамол пошо каби советлардан яшириниб юришимни ортиқча иш деб ҳисобларди.

Қурултойда Бухоро масаласида қарор қабул қилинади” (307-310 бетлар).

Тўғон афандимиз Бокудан Бухорога жўнаб кетади.

“Тўғри Мирзо Абдулвоҳид исмли танишимникига кетдим. 1920 йилнинг 31 декабр, шанба куни эди. Бухоролик Абдулвоҳид ўзбекча, тожикча шеърлар ёзарди. Садриддин Айний “Тожик адабиёти намуналари” китобида Мирзо Абдулвоҳиднинг қисқача таржимаи ҳолини илова қилган. Абдулвоҳид жуда қўрқоқ одам эди. Уч йилдан сўнг у Бухоро ҳукумати ўқишга жўнатган талабаларга бош бўлиб Олмонияга боради.

Абдулвоҳидга жиним суймаганини билдирмасдан бошқа жойга кўчиб ўтдим. Янги кўчиб ўтган уйимга Бухоро жумҳуриятининг Ҳарбия нозири Абдулҳамид Ориф, бир оз кейин ҳукумат бошлиғи Файзулла Хўжа келдилар. Улар Муҳиддин махдум деган дўстларининг боғчасига мени жойлаштиради. Боғча эгаси асли Шаҳрисабзнинг кенагас уруғи бекларидан эди.

Бухоро ҳукумати бир неча ойдан сўнг муайян бир шаклга киради. “Инқилобий қўмита” раиси Қори Абдулқодир, “Ижроия қўмита” раиси эса Файзулла Хўжа эди. Маориф нозири Қори Йўлдош, Молия нозири Усмон Хўжа, Хорижия нозири Ҳошим Шойиқ (Бухоро яҳудийларидан), Дохилия нозири Муинжон, Адлия нозири Мирзо Абдураҳим эди. Бир оздан кейин Усмон Хўжа Марказқўм раиси бўлади. Шариф Хўжа Афғонистонга элчи этиб тайинланади. Абдурасулхон эса Афғонистондан Бухорога элчи бўлиб келади.

Бугун Истанбулда истиқомат қилаётган Усмон Хўжа Фарғонанинг Ўш шаҳридан, Отахўжа хўжалари наслидан бир тужжорнинг ўғли эди. Бухоро мадрасаларида таҳсил олгандан сўнг 1910 йилда Истанбулга бориб, у ерда Бухоролик ёшлар учун “таълим-тарбия уйи” ташкил этади. Бухорога қайтгач, қиримлик Гаспирали мактаби усулида жадид мактаблари ташкил этади. Газета ҳам чоп этади. Мен Бухорога келган пайтларда у Шарқий Бухорода ҳукумат вакили бўлиб, жойлардаги аҳволни кўздан кечириб юрган экан.

Усмон Хўжа ҳам Файзулла Хўжа каби Бухоро инқилобининг марказий шахсиятларидан ҳисобланарди.

Бухоро амири пойтахтдан қувиб юборилгач, биринчи масала – молия ишлари бўлса, иккинчи масала – амирни таъқиб этиб, Афғонистонга ҳайдаб чиқариб юборишдан иборат эди.

Бухоро амири хазинасининг бир қисми советлар томонидан мусодара этилган, Москвага жўнатилган бўлса, бир қисми эса Бухоро миллий ҳукумати томонидан эҳтиёжи учун Туркистон Бирлиги жамияти ихтиёрига берилади.

Ўшанда молия ишлари Усмон Хўжа билан унинг муовини Носир махдум тасарруфида эди.

Тахтдан ағдарилган амир Олим Бойсунда жон сақлаб турарди. Усмон Хўжа эса уни таъқиб этаётган қўмита раиси ҳисобланарди.

Файзулла Хўжа Бухоронинг “Қосим шайх” деган хожалари наслидан бўлиб, бой-бадавлат, миллионер оилага мансуб эди. Рус тилини яхши биларди. Икки хотинидан биттаси рус эди. Ўз вақтида тижорат ишлари билан Олмонияга борган, немис тилини ҳам маълум даражада ўрганиб олган эди.

Мирзо Абдулқодир Муҳиддинов “мирзо” лақабли маъмурлар оиласига мансуб эди. Бадавлат бўлган. У ҳам бемалол русча ўқиб, ёзарди, суҳбатлашарди. Эҳтимол, ораларида энг мунаввар зот ҳам шу инсон эди.

Усмон Хўжа ҳам, Файзулла Хўжа ҳам, Абдулқодир ҳам Москва билан савдо алоқаси ўрнатган эди. Шу йўсин руслар билан ҳамкорлик қиларди.

Абдулҳамид Ориф Бухоронинг Коҳистувон қишлоғидан бир ўзбек фарзанди эди. Мадрасада тўлиқ таҳсил кўрмаган, татарлар орасида кўп юрган, русча саводи бор. Оренбургда Бошқирдистон ҳукумати таркибида менинг ёрдамчим бўлган, котиблик қиларди. Татарлар билан бошқирдларга яқин йигит эди.

Хорижия нозири Ҳошим Шойиқ Бухоро яҳудийларидан эди. Истанбул дорилмуаллимида таҳсил кўрган. Форсча шеърлар ёзарди. Бухоронинг замонавий шоирлари тазкирасини тузади. Кейинчалик Афғонистон элчилигига тайинланади. Турк муҳиби эди. Рус ёки бошқа ажнабий тилни билмасди.

Маориф нозири Қори Йўлдош Карки шаҳридан, “кийикчи” туркманларидан эди. Бу туркман ҳам барча нозирлар билан ўзаро форсча гаплашарди. Фақат Абдулҳамид Ориф форсча яхши гапира олмасди.

Бухороликларнинг татарлар, бошқирдлар, қозоқлар билан суҳбати туркча бўларди. Лекин сиёсий тушунчалари фақат туркчилик асосида эди.

Бир оқшом Мирзо Абдулқодир 1917 йилда Фарғонада, Қўқонда Ашурали Зоҳирий билан нашр этганимиз “Юрт” мажмуасида турк маънавий маданиятининг бойлиги мавзусида, хусусан, достонларга оид нашр этган мақоламда Алишер Навоийнинг “Турк бошиға миғфар (дубулға) кийса, гулисафсар олти қиррали гурзисини кўтарур ва лола япроқлари бағри қорадек ҳавога учиб кетар” маъносидаги шеърини нақл этмоқ билан мунаввар туркистонликларни жўштириб юборганимни айтди. Бу мажлис менга Бухоро жадид ёшларидан асли тожик бўлганларнинг ҳам Туркистон турк руҳини яхши кўришларини кўрсатган эди.

Ораларида келишмовчилик бор эди. Айниқса, Файзулла билан Абдулқодирнинг ораси икки рақиб миллионер оиласидан мерос – адоват иқтидор билан қоришиб аралашгач, авжига чиқди. Бундан руслар фойдаланарди.

Бу жадид ёш бухороликларнинг ҳаммаси Бухоро амирини йўқотмоқ йўлида руслар билан тўла ҳамкорлик қилдилар. Яна истисносиз ҳаммаси рус босқинчилигига, тажовузкорлигига мухолиф эди. Бу хусусда бирдамликлари, елкадошликлари таҳсинга лойиқ эди.

Оқшом уйларига меҳмонга чақириб, ўзаро ички келишмовчиликлари туфайли мен ҳақимда русларга бирор нарса айтишлари мумкин деган ўй ҳатто хаёлимга ҳам келмасди. Зиёфатларда асло ичкилик ичилмасди, бундай ҳолатлар ҳушёрликни талаб этишини ва менинг истагимни ҳаммаси ҳис этишини акс эттириб турарди” (331-333 бетлар).

“Жамол пошо билан Халил пошо Туркистон масаласи бўйича жиддий шуғуллана бошлайди. Бир йил аввал Жамол пошо Тошкент, Бухоро орқали Кобулга ўтиб кетади. Халил пошо билан Ҳожи Сами бей эса Тошкентга келадилар. Улар Кошғар томонга ўтиб кетмоқчи бўлишади. Туркия манфаати нуқтаи назаридан Ўрта

Осиёга қизиқар эдилар. Биринчи жаҳон урушида Туркия енгилади. Энди Жамол пошо Афғонистонга суяниб Ҳиндистондан инглизларни қувиб чиқаришни истарди. Туркистонда турклар кўтарилса, советлар уларни қурол-яроқ билан таъминлаб турса, Ҳиндистонни озод қилиш мумкин. Жамол пошонинг вакиллари Фарғонага бориб қўрбошилар билан учрашади, лекин Тошкентда дарҳол қамоққа олинади. Сўнг Афғонистонга чиқиб кетишларига рухсат берилади. Босмачилар орасида Жамол пошо тўғрисида салбий фикр пайдо бўлади: ахир Туркистонни руслар ихтиёрида қолдириб, Ҳиндистонни инглизлардан озод қилиш учун ватанни ташлаб чиқиб кетишга қандай қилиб рози бўлиш мумкин? Жамол пошо негадир русларга ишонар эди. Биз унга русларга ишонавермасликни маслаҳат бердик...” (345 ‒ 346-бетлар).

“Туркиялик зобит Али Ризо бей октябр ойида Анвар пошодан мактублар келтиради. Анвар пошо Москвада экан. Туркиянинг Иттифоқчи давлатларга душманлик позицияси ўз-ўзидан тушунарли эди, лекин уни Туркистонда советларга қарши давом этаётган муросасиз муҳорабага асло тенглаштириб бўлмасди. Анвар пошонинг вақтли матбуотдаги тарғиботлари бизни ноқулай аҳволга солиб қўяди. Биз яширин фаолият олиб бораётган эдик. Агар Анвар пошо советлар томонида бўлган ҳолда бизнинг сафимизга қўшилса, советлар дарҳол Иттифоқчи давлатлардан ёрдам олади. Украина ва эсерлар эса Иттифоқчи давлатлардан ёрдам олиш имкониятидан маҳрум бўлади. Натижада Туркистондаги қўзғолон ички ва ташқи ёрдамларсиз қолади.

Менга маълум бўлган хабарларга кўра, Анвар пошо Туркистонга келаётган эди. “Бизга унинг бу ерга келмасдан четда туриб ёрдам бергани маъқул”, деган маънода қўмитамиз номидан мактуб йўлладик. Бу пайтда русларнинг Бухородаги сиёсати мўътадил эди. Ҳамон Мирзо Абдулқодир билан Файзулла Хўжа ўртасида муросасиз кураш давом этаётган эди. Шу пайтгача бетараф бўлиб турган руслар 27 сентябр куни Файзулла Хўжа томонида эканини расман эълон қилади. Чунки Файзулла Хўжа руслар билан яқин муносабатда эди. Бухоронинг турли шаҳарларида Абдулҳамид Ориф раҳбарлигида нима мақсадда ҳарбий қисмлар ташкил этилганини Файзулла Хўжа жуда яхши биларди. Ҳатто Ҳарбий нозир билан суҳбатида: “Гарнизонлар қўмондони Заки Валиди ҳисобланади”, деган эди. Мирзо Абдулқодирни қўллаб-қувватлаётган милиция бошлиғи Мирзо Муҳиддин Файзулла Хўжанинг ҳақиқий душмани бўлгани боис дарҳол босмачилар билан алоқа ўрнатиб, улар сафига қўшилиб кетади. Воқеаларнинг тез ривожланиши бизни шошириб қўяди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Чингиз афандига мактублар (72-қисм)

215 20:00 10.03.2020

Чингиз афандига мактублар (71-қисм)

226 20:00 09.03.2020

Чингиз афандига мактублар (70-қисм)

327 20:00 07.03.2020

Чингиз афандига мактублар (69-қисм)

259 20:00 06.03.2020

Чингиз афандига мактублар (68-қисм)

246 20:00 05.03.2020

Чингиз афандига мактублар (67-қисм)

329 20:00 04.03.2020
« Орқага