Наср

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

569

ТЎРТИНЧИ МАКТУБ

Афандим, энди хаёлан Фарғонадан қайтамиз-да, Ашхободга йўл олган комиссар Ф. Колесовни ўз ҳолига қўйиб, Бухоро тарихида фожиали из қолдирган Машрутияти идора (манифест) хусусинда уч-тўрт оғиз сўзлаймиз.

Ёш бухороликлар Вақтли ҳукумат раҳбарларига юборган телеграммаларида (1917 йил 4 апрел куни Чоржўйдан Мусо Йўлдошев номидан ва 1917 йил 5 апрел куни Оренбургдан Фитрат, Усмонхўжа, Баҳромбек, З. Фатҳиддиновлар номидан Петроградга жўнатилган телеграммалар  шулар жумласидандир) тўғри таъкидлаганларидек, Хуфяхона бошлиғи Миллернинг йўл-йўриқлари асосида тайёрланган амирнинг манифести ижтимоий турмушни ҳаминқадар тартибга солиши мумкин эди, холос. Том маънода ижтимоий ислоҳот ўтказишга замин ҳозирлаш лозим эканини Миллер яхши биларди. Шунинг учун, аввало, мутаассиб уламонинг қитиғини ўлдиришга қарор қилади. Менимча, мавжуд шароитни ҳисобга олган ҳолда Миллер энг оқилона йўлни танлайди. Хусусан, баландпарвоз сўзлар билан тўлиб-тошиб кетган Машрутияти идора матнида қуйидаги масалалар устида гап боради:

1. Амалдорлар бундан кейин сайлаб қўйилади (лекин уни амирнинг ўзи сайлайдими ёки халқ сайлайдими, бу ҳақда изоҳ йўқ).

2. Барча ишлар Шариат асосида амалга оширилади.

3. Хирож, закот ва бошқа турдаги ўлпон адолатли тарзда олинади.

4. Пойтахт аҳолиси нуфузли зотлардан иборат Кенгаш сайлаб олади.

5. Давлат хазинаси таъсис этилади: амирликнинг бюджети белгилаб қўйилади. Давлатнинг сарф-харажатлари, даромад ҳисоб-китоб қилинади.

6. Пойтахтда босмахона ташкил этилади. Унда бухороликлар учун фойдали бўлган махсус ахборот нашр этилади ”.

Петроградга тасдиқ учун жўнатилган манифест лойиҳаси Вақтли ҳукумат таркибида Адлия нозири бўлиб турган жаноб Керенскийни унчалик қониқтирмайди. Русия Хорижия нозирлигидан 1917 йил 29 март куни Бухородаги Хуфяга жўнатилган 1405-нўмерли шифрали телеграммада бу ҳақда аниқ-равшан айтилади: “Адлия нозири Керенский манифест лойиҳасига қўшимчалар киритилишини сўраяпти. Унинг фикрича, Бухородаги жамоат ташкилотлари қонун чиқарувчи идораларда, мамлакат бошқарувида иштирок этиши лозим. Бошқача қилиб айтганда, парламент каби бир ташкилот тузилиши керак. Манифест лойиҳасида кўзда тутилган маҳаллий Кенгашнинг ваколатли муддати белгилаб қўйилиши ва ниҳоят, қонун ишлаб чиқарадиган Ташаббус гуруҳига қўшилиб кетиши даркор. Керенскийнинг фикрича, босмахона тўғрисидаги бандга “умуман босмахона ташкил қилиш ва сўз эркинлиги хусусида” қўшимча киритилиши керак ”. Кўриниб турибдики, ислоҳотни ҳаётга татбиқ этадиган воситалар тавсия этилади. Бироқ, Бухоро шароитини беш қўлдай биладиган Хуфя Миллер: “Бухорода маҳаллий ҳукумат парламент каби ташкилот ўрнини босиши мумкин. Бундан кейинги жиддий ўзгариш салбий оқибатларга олиб боради. Чунки парламентда кўпчилик ўринни мутаассиб-реакционерлар эгаллаб олади: бир неча ўн нафардан ортиқ бўлмайдиган ислоҳот тарафдорлари улар орасида йўқ бўлиб кетади. Жоҳил оломон эса муллолар, амалдорлар орқасидан эргашиб юради, холос. Муллолар ҳам, амалдорлар ҳам ислоҳотга мутлақо қаршидир. Фақат амирнинг буйруғи билан ислоҳот ўтказилишига уларни кўндириш мумкин. Агар парламент ташкил этилса ва маҳаллий ҳукуматга ўзини-ўзи бошқариш ҳуқуқи берилса, яна қайтараман, кўпчилик ислоҳотга қарши бўлгани сабабли бошбошдоқлик авж олиб кетади. Охир-оқибат амир тахтдан ағдариб ташланади. Амир ҳам жадидлар каби “худодан қайтган кофир” деб эълон қилинади: исломпарастлар русларга қарши ҳаракат бошлайди. Шунинг учун бу ерда парламент каби ташкилот тузилишига йўл қўйиб бўлмайди. Бухоро шароитида маҳаллий Кенгаш кифоя қилади. Бу Кенгашга қонун ишлаб чиқариш топширилади ”, деб ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради. Қизиғи шундаки, Адлия нозирининг “сўз эркинлиги” тўғрисидаги таклифига Миллер ҳеч қандай муносабат билдирмайди. Негаки, Бухорода сўз эркинлиги тўғрисида гап бўлишини ақлига сиғдиролмайди. У шифрали телеграммани ўқиётиб, мийиғида кулиб қўйган бўлса ажаб эмас: “Наинки, Машрутияти идора матнида, ҳатто Конституциянинг 29-моддасида махсус белгилаб қўйилса-да, фақат мадҳиябозлик эркинлигини таъминлаш мумкин”. Албатта, пичинг қилиш учун Миллер етарли асосга эга эди. Ва у ҳақ эди. Айни пайтда сўз эркинлиги таъминланмаган жойда ислоҳот ўтказиб бўлмаслигини ақлига сиғдиролмаган Русия Адлия вазири Керенский ҳам ҳақ эди. Хуллас, ул-да ҳақ, бул-да ҳақ! Амир-чи? “Икки йил аввал амир Бухоро инқилоб қўмитасининг тазйиқи остида расман Машрутияти идора эълон қилгани ҳолда уламонинг тазйиқларидан ҳуркиб, баённомасини бекор қилади. Натижада муваффақиятсизликка учраган қўмита болшевиклар ила Бухорога тажовуз қилади. Аммо бу курашда тажрибасизлик ва нуқсонлар туфайли ҳаракат мағлубият билан якунланади. Қулай фурсатдан фойдаланган уламо мамлакат дохилинда икки мингга яқин тараққийпарвар кишиларни қатл қилишга фатво беради. Бундай хунрезликнинг бир қисмига ўзим гувоҳ бўлганман ”, деб эътироф этади Анвар пошо.

Жоҳиллик амирдан ҳам ғолиб келади.

Адолат юзасидан эътироф этмоқ лозимки, Русия Вақтли ҳукумати ислоҳотчилар тарафини олиб, Бухоро амирлигига қарши ҳарбий қувват юборишни хаёлига ҳам келтирмайди. Лекин ёш бухороликлар қўмитасининг муросасиз қанотини бошқарган Файзулла Хўжа ҳарбий ёрдам сўраб Москвага боради ва бир тўда маслакдошлари билан Москва шаҳрида Б. Дмитровка кўчасида жойлашган 9 уйнинг 11 квартирасини ижарага олиб, фасод ишларни қўзғайди. Вақтли ҳукумат ағдарилгач, болшевиклар дарҳол Файзулланинг арзи ҳолини тинглайди. Унга керакли йўл-йўриқлар кўрсатилади.

1918 йил феврал ойида Москвадан Тошкентга Убайдулла Хўжаев имзоси билан жўнатилган телеграмма айнан 22 яшар мансабпараст кимсанинг фаолияти тўғрисида эди.

“Қўмитанинг бўлимини очдик. Форс ва ўзбек тилларида китобчалар, хитобномалар тайёрлаяпмиз. Форс ва ўзбек тилларида жарида чоп этишни мўлжаллаб турибмиз. Айтинглар-чи, Бухоро билан алоқа ўрнатилдими? Туркистонда нима ишлар қилиняпти? Москвадаги бухоролик муҳожирлар уларнинг оилалари тўғрисида хабар берилишини сўраяптилар ”.

Кейинги воқеалар тўғрисида ёзувчи Садриддин Айний бундай ҳикоя қилади:

“Ёш бухороликларнинг ўша пайтдаги раиси Файзулла Хўжа Москвадан қайтаётиб Тошкентда Ф. Колесов билан учрашади ва қўзғолонга ҳозирлик кўра бошлайди. Колесов Когонга (Янги Бухорога) келгач, қўзғолон масаласи узил-кесил ҳал этилди. Колесов ёш бухороликлар номидан амирга ултиматум топширадиган бўлди. Рус ҳарбий қувватлари жанговар ҳолатга келтирилди. Қўзғолончилар, амир ултиматумни рад қилолмайди, ислоҳот ўтказишга рози бўлади деб ўйлашади. Шу боис ёш бухороликлар Эски Бухородан оила аъзоларини чиқариб кетишни истамайдилар.

Шундай қилиб, феврал ойининг охирларида амирга ултиматум топширилди. Амир ултиматумни олгач, ёш бухороликларни тинчлантириш учун Низомиддин Урганжийни ишдан бўшатиб, унинг ўрнига Усмонбекни қушбеги лавозимига тайинлади. Ёш бухороликлар бу ўзгаришни ўзларича тантана қилаётган пайтда амир халққа мурожаат қилиб, фуқарони ғазовотга даъват этди. 1 март, жума куни Бухорода ғазавотга фатво берилди. Шанба куни шаҳар ташқарисида Бухоро сарбозлари билан Колесов қувватлари ўртасида жанг бошланди. Жанглар уч кеча-кундуз давом этади. Кейин Колесовнинг ўқ-дориси тугайди ва 5 март, сешанба куни у Когонни ташлаб қочади ”.

(давоми бор)

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Эри Россияга кетган аёлнинг ҳикояси...

3037 17:00 25.01.2020

Наҳотки мен қароқчиман!

1290 10:00 22.01.2020

Шайхни жеркиб берди, аммо...

2332 07:20 22.01.2020

“15 йил шундай хотин билан яшадим...”

4155 09:45 18.01.2020

“Маккадан қайтаётганда хароба масжидга дуч келдик...”

3395 09:03 16.01.2020

Мушукка яхшилик қилган киши...

877 18:00 15.01.2020
« Орқага